Апрель ойининг охирида Campus Univers Cascadees каскадёрлар мактаби талабалари #CUCchallenge номли челленжни бошлаб берди. Уларнинг ҳар бири қанақа жанговар кўникмаларга эга эканлиги борасида видео олиб, барча роликларни битта клипга бирлаштирган. Шу орқали иштирокчилар коронавирусга қарши курашишга қарор қилганди.
«Кинопоиск» челленжни қўллаб-қувватлаган ҳолда кино оламидаги энг қойилмақом трюкларнинг 10 тасини жамлади.
«Уддалаб бўлмас топшириқ: ‘Фантом’ протоколи»
Фильмда Итан Хант дунёдаги энг баланд бино — «Бурж Халифа»даги серверга кириши тасвирланган саҳна мавжуд. Бироқ у ўзига керакли жойга коридорлар орқали эмас, осмонўпар бинонинг ташқи томонидан кириши керак бўлади. Суратга олишда дублёр ҳожат бўлмаган: Том Круз бино жуда баланд бўлишига қарамай, хавфли вазифани ўзи бажарган.
Дарадевил («Сорвиголова»)
Фильм каскадёрларининг бир неча вазифаси бўлган: улар нафақат қаҳрамоннинг жанг қилиш қобилиятини, балки кўзи ожизлиги сабаб қулоқлари билан «кўрадиган» инсоннинг маҳоратини намойиш этишга ҳаракат қилган. Шунингдек, машқлар координатори Филип Ж.Силвер суперқаҳрамон битмас-туганмас кучга эга эмаслигини, у ҳам зарбалар оқибатида чарчаб қолишини кўрсатиб беришга уринган.
«Рейд 2»
Гарет Эванснинг дилогиясининг ўзига хослиги — унда жанг санъати усталари иштирок этади. Улар орасида индонезиялик Ико Уайс ва Яян Рухян ҳам бор. Фильмлардаги барча ҳаракатларни улар мустақил амалга оширган. Уайс ва Рухян мунтазам хореография билан шуғуллангани сабаб, «Рейд 2» фильмининг финал қисмида жанг саҳнаси реал ҳаётдагидек таассурот уйғотади.
«Портловчи сариқ соч»
Мазкур фильмдаги жанг саҳналарини ижро этиш учун Шарлиз Терон олти ҳафта давомида машғулотларда қатнашган. Актриса биргина дублни суратга олиш учун ҳамкасбларига 20 га яқин «зарба» берган. Саҳнадаги ҳар бир ҳаракат олдиндан ўйлангани сабаб, бу жуда мураккаб ва актёр улардан биттасини унуца ҳам, дубль йўққа чиқади.
«Полиция тарихи»
Жеки Чан фильмларидаги жанг саҳналарини ўзи ижро этиши билан бутун дунёга танилган ва ўз карьераси давомида кўплаб жароҳатлар олишга улгурган — тос суягидан тортиб, бармоқлари-ю қовурғаларигача синган. «Полиция тарихи» фильмининг охирида чироқлар илинган устунга сакраб, бир неча қават пастга тушиш саҳнаси мавжуд. Ушбу дубль оқибатида Жекининг елкасига жароҳат етган ва иккинчи даражали куйиш олган.
«Жон Уик 3»
Жон Уик ўз саргузаштларининг учинчи қисмида отга миниб душманларидан қочади. Суратга олиш жараёнида Киану Ривзнинг бир неча дублёри бўлишига қарамай, актёр ушбу саҳнани ўзи бажарган — унинг хавфсизлиги трослар ёрдамида таъминланган.
«Бен-Ҳур»
«Бен-Ҳур» фильмидаги машҳур пойга саҳнасини суратга олишга оммавий саҳнани ҳосил қилиш учун 1,5 минг қўшимча одам жалб этилган. Чарлтон Хестон биргина саҳнадан бошқа қолган ҳаммасида отларни ўзи бошқарган. Унинг қаҳрамони бошқа бир аравага урилганида, актёрнинг йиқилиб тушишига бир баҳя қолганини кўриш мумкин. 45-сониядан бошланадиган ушбу эпизодда Хестон ўрнига каскадёр Жон Канатт суратга тушган.
«13-раён»
«13-раён» фильмидаги бош қаҳрамонлар турли мураккаб ҳаракатлардан бехабар эмас. Сирил Рафаэлли — «Ташувчи» ва «Такси» сиквелларида ишлаган таниқли каскадёр. Девид Белл эса — халқаро паркур-ҳаракат асосчиси ва етакчиси. Шу сабабли фильмдаги экшен-саҳналар ҳимоя трослари ва компьютер графикасисиз олинган.
«Ўлим исботи»
Зои Белл — тажрибали каскадёр. У Кейт Бланшеттни «Тор»нинг учинчи қисмида, Ума Турманни «Биллни ўлдириш» фильмида алмаштирган. «Ўлим исботи»да эса Белл машина капотига чиқиб олган қаҳрамонлардан бирининг ролини ижро этади. Актриса автомобиль соатига 140 километр тезликда ҳаракатланганига қарамай, ушбу саҳнада ўзи суратга тушган.
«Пароходдаги Билл»
Овозсиз кино даврида ҳам мураккаб машқлардан фойдаланилган. Бастер Китон хавфли саҳналарни ўзи мустақил ижро этиши билан кўпчиликнинг меҳрини қозонган. Масалан, «Пароходдаги Билл» фильмида унинг қаҳрамони устига уйнинг девори қулайди, бироқ у омад туфали омон қолади. Китон кейинчалик ҳам актёрлик соҳаси ва каскадёрликка содиқ қолган.