Главные новости
Главная / Жамият / Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича илк марта кенг миқёсли таҳлил ўтказади
Место рекламы

Ўзбекистон Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича илк марта кенг миқёсли таҳлил ўтказади

Ўзбекистон БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари дастурини амалга ошириш бўйича ўз фаолиятини илк бор таҳлил қилади.

Ўзбекистон делегацияси Грузияда

Ўзбекистон ҳукумати вакилларидан иборат ишчи гуруҳ БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) рўёбга чиқариш юзасидан ҳозирга қадар давлат томонидан қилинган ишлар ва уларнинг самарадорлиги юзасидан кенг миқёсдаги таҳлил ─ Ихтиёрий миллий таҳлил (ИМТ)ни ўтказади.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, мазкур таҳлил натижалари БРМни татбиқ этиш масалаларига бағишлаб ҳар йили ўтказиладиган юқори даражадаги сиёсий форумнинг 2020 йил июль ойидаги йиғилишида тақдим этилади.

Ихтиёрий миллий таҳлил (Voluntary National Reviews) БРМни амалга ошириш йўлида давлатнинг саъй-ҳаракатларини баҳолаш ва кейинги қадамларини белгилаш мақсадида ўтказилади. Ҳар бир давлат томонидан тақдим этилган ИМТ юқори даражадаги сиёсий форумда тингланади.

Мазкур таҳлилни илк маротаба ўтказаётган Ўзбекистон бу борада Грузия моделига асосланади. Грузия ўз ИМТини 2019 йилда муваффақиятли тақдим этган.

Шу мақсадда Ўзбекистон ҳукумати, мамлакатдаги фуқаролик жамияти ва ОАВ вакилларидан иборат делегация жорий йилнинг 4-8 ноябрь кунлари Грузияга ташриф буюрди. Унда Грузиянинг молия, статистика, ижтимоий ҳимоя, адлия, парламент йўналишларида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш жараёни ва уларнинг самарадорлигини баҳолаш тизими бўйича батафсил маълумот олинди.


Ўзбекистон делегацияси Грузияда

Шунингдек, коррупцияга қарши кураш, аҳолига юридик хизмат кўрсатиш борасида ҳам Грузия тажрибаси ўрганилди.

Грузия Савдо-саноат палатаси вакили Диана Хомерикининг қайд этишича, Грузия ва Ўзбекистон ҳозирга қадар БРМ масаласида етарлича ташаббус кўрсатмаган.


Диана Хомерики

«Грузия ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик дастури ҳар икки томон учун ҳам катта тажриба мактаби бўлди. Грузия иккинчи маротаба юқори даражадаги сиёсий форумда ихтиёрий миллий таҳлилни тақдим этади. Бу борада ўз тажрибамиз ҳамда дуч келган муаммоларимиз бўйича хулосаларни Ўзбекистон билан бўлишмоқдамиз.

Ҳозирга қадар Грузия ҳам, Ўзбекистон ҳам БРМни жорий этишда суст иш олиб борган. Аммо эндиликда БРМни татбиқ этишда фаоллашиш ва ўзаро узвий ҳамкорлик олиб боришга келишиб олинди. Шунингдек, ҳар икки давлат Савдо-саноат палаталари томонидан бу жараёнга фақатгина давлат ташкилотларини эмас, хусусий сектор вакилларини ҳам фаол жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди», – дейди Диана Хомерики.

Делегация ташрифи давомида берилган маълумотларга қараганда, Ўзбекистондан фарқли ўлароқ, Грузияда нодавлат-нотижорат ташкилотлари ҳам БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш жараёнида фаол иштирок этади. Хусусан, экология муҳофазаси билан шуғулланувчи CENN нодавлат-нотижорат ташкилоти вакиллари БРМни миллийлаштириш ишчи гуруҳи таркибига киритилган ҳамда улар ўз фаолиятини БРМ татбиғи билан уйғунлаштирган ҳолда олиб боради.


Ўзбекистон делегацияси Грузияда

«Бизнинг ташкилотимиз БРМни миллийлаштириш бўйича ишчи гуруҳнинг таркибига киритилган. Биз БРМ бўйича аниқ таклиф ва ғояларга эгамиз. Масалан, ўзимизнинг барча лойиҳаларимизни БРМ билан боғлашга ҳаракат қиламиз. Грузиядаги мактаблар учун ўтказиладиган танловимиз бор. Бу танловда иштирок этувчилар ўз лойиҳалари, ғояларини БРМ билан боғлиқ ҳолда тақдим этишлари керак. Бу жараёнда улар БРМ ҳақида тасаввурга эга бўлиб боришади.

Аҳоли БРМ ҳақида нафақат шунчаки билимга эга бўлиши, балки уни амалга оширишда реал ғояларни ҳам яратиши керак. БРМ ўта умумий нарсадек кўринса-да, ҳар бир энг кичик ва локал муаммолар ҳам у билан боғлиқ бўлиши мумкин. Биз ўз лойиҳаларимизда шу боғлиқликни кўрсатишга, БРМни оммалаштиришга ҳаракат қиламиз», – дея таъкидлайди CENN мутахассиси Тамар Иакобидзе.


Тамар Иакобидзе

Маълумот учун, Барқарор ривожланиш мақсадлари – 2012 йилда БМТ томонидан ишлаб чиқилган дастур бўлиб, у ҳар бир инсон учун фаровон турмуш тарзини яратишга хизмат қилувчи иқтисодий, ижтимоий, экологик кўрсаткичларни ўз ичига олади. Мазкур мақсадлар БМТга аъзо барча давлатлар томонидан 2015-2030 йилларда амалга оширилиши кун тартибига киритилган.

БРМ дастури 17та глобал мақсадни ҳамда улар билан боғлиқ 169та вазифани ўз ичига олади: 1) қашшоқликни йўқотиш; 2) очликни тугатиш; 3) соғлик ва фаровонлик; 4) сифатли таълим; 5) гендер тенглиги; 6) тоза сув ва санитария; 7) арзон ва тоза энергия; 8) муносиб иш ўринлари яратиш ва иқтисодий ўсиш; 9) саноатлаштириш, инновациялар, инфратузилма; 10) тенгсизликни камайтириш; 11) барқарор шаҳарлар ва қулай яшаш жойларини яратиш; 12) масъулиятли истеъмол ва ишлаб чиқариш; 13) иқлим ўзгаришига қарши курашиш; 14) денгиз экотизимларини асраш; 15) қуруқликдаги экотизимларни асраш; 16) тинчлик, адолат ва самарали бошқарув; 17) барқарор ривожланиш йўлида ҳамкорлик.

Ўзбекистон мазкур мақсадлардан 16тасини миллийлаштириш ва амалга ошириш вазифасини ўз олдига қўйган. Республика ҳудудида денгиз ҳавзалари мавжуд бўлмагани боис, 14-мақсад (денгиз экотизимларини асраш) Ўзбекистон томонидан миллийлаштирилмаган.

БРМ дастурининг БМТга аъзо давлатлар томонидан маъқулланиши ва амалга оширилиши инсониятни қашшоқликдан халос қилиш, Ер сайёрасини яхшилашни назарда тутади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

wvbjoufpm20xlcrdjxr8voash1foqiti-1

Максим Орешкин Ўзбекистон 2020 йилда ЕОИИга қўшилишини айтди

Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Орешкин 30 ноябрь куни Россия Олий иқтисодиёт мактаби (Высшая школа …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари