Ўзбекистон ва Россия расмийлари Ўзбекистонда биринчи атом электр станциясини қуриш бўйича асосий шартнома юзасидан музокараларни давом эттирмоқда.
«ЎзАтом» агентлиги, Россиянинг Тошкентдаги элчиси Владимир Тюрденевнинг гапларига жавобан, шундай баёнот билан чиқди.
Аввалроқ элчи АЭС бўйича шартнома «деярли тайёр» экани ва масаланинг фақат техник жиҳатлари қолгани ҳақида гапирганди.
«Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан Ўзбекистон Республикасида атом электр станциясини қуриш бўйича асосий шартнома шартларини муҳокама қилиш бўйича доимий музокаралар ўтказиб келинмоқда.
Ушбу шартномани муҳокама қилишда Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда музокара позициялари ишлаб чиқилган ва ҳимоя қилиб келинмоқда.
Ҳозирда томонлар лойиҳанинг хавфсизлиги ва ишончлилиги ҳамда иқтисодий самарадорлигини ошириш, шунингдек республиканинг миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда позицияларини яқинлаштириш бўйича музокараларни давом этмоқдалар.
Бундан ташқари, АЭСни жойлаштириш майдончасига тегишли рухсатнома олиш мақсадида объектни жойлаштириш бўйича устувор майдончада кенг кўламли муҳандислик тадқиқот ишлари амалга оширилмоқда ва АЭС қурилиши ҳамда ундан фойдаланишнинг атроф муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилган бўлиб, ушбу ҳужжат бўйича ўрнатилган тартибда экспертизадан ўтказиш ҳамда жамоатчилик эшиттирувларини ташкил этиш бўйича режага асосан ишлар олиб борилмоқда.
Танланган майдончада Россия томони билан ҳамкорликда амалга оширилаётган муҳандислик тадқиқот ишлари натижалари АЭС қурилиши бўйича шартнома шартларининг асоси бўлиб хизмат қилади», – дейилади «ЎзАтом» баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда рус элчиси Владимир Тюрденев Ўзбекистон Россиянинг «Спутник V» вакцинасидан 1 млн доза буюртма бергани ҳақида ҳам хабар тарқатди. Аммо бу маълумотни ҳозирча расмий Тошкент тасдиқлагани йўқ.

Фото: Kun.uz
Элчининг гапларига қараганда, Ўзбекистон ушбу 1 млн доза вакцинадан Россияга ишлагани борадиган фуқароларини эмлаш учун фойдаланади. Қайд этиш лозим, Россия Қозоғистон ва Қирғизистон фуқароларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон фуқаролари учун ҳамон чегараларини очмаяпти.
Ўзбекистон расмийлари Россия билан қатновларни тиклашга тайёрлиги ва иккинчи томон билан музокаралар олиб бораётгани бундан уч ой олдин маълум бўлган эди.