Главные новости
Главная / Сиёсат / Янги сайловлар ва эски камчиликлар. Шаффофликка эришиш учун нималар қилиш керак?
Место рекламы

Янги сайловлар ва эски камчиликлар. Шаффофликка эришиш учун нималар қилиш керак?

Бу йилги парламент сайловлари қарийб ўтиб бўлди. Бир неча кундан сўнг яна 25та округда сайловларнинг иккинчи тури ўтказилади ва янги парламент шакллантирилади.

Шахсан мен, ўзим қатнашган Самарқанд шаҳрида сайловлар аввалги йилларга қараганда бирмунча ҳалол ўтди, деб ҳисоблайман. Бунга сабаб — шаҳардаги икки округда ҳам ғолибни аниқлаш иккинчи турга қолди. Сайлов участкаларидан бирида ўзим кузатган саноқ жараёнида ҳам номзодлар қарийб тенг овоз олишганига гувоҳ бўлдим.

Албатта, бунда шаҳарга кўп сонли хорижий кузатувчилар ташриф буюргани, сайловлар маҳаллий нашрлар ва блогерларнинг диққат марказида тургани ҳам рол ўйнади.

Бироқ ҳеч ким чекка туманларда ҳам шундай бўлди, деб айта олмаса керак. Келинг, қишлоқ туманларидаги энг кўп эътирозлар қай жиҳатга бўлганига эътибор қаратайлик. Сайловларнинг энг катта камчилиги нимада бўлди?

1. Тошкентда туғилиб ўсган, аввалги чақирувда депутат бўлиб сайланган айрим номзодлар туманларда биринчи турдаёқ ғолиб бўлгани катта эътирозларга сабаб бўлди. Чунки, одамлар ўша ғолиб номзодлар туманга бориб аҳоли билан бирор марта ҳам учрашмаганини ёзишмоқда.

2. Ёки ўша туманга алоқаси бўлмаган номзоднинг ўша тумандаги 4 номзоддан яққол устун келишини ҳам изоҳлаб бўлмайди. Бунга Чироқчи, Бешариқ, Тойлоқ ёки Оқдарёда кузатилган ҳолатларни мисол қилиш мумкин.

Бу ҳол — маҳаллий ҳокимликларнинг сайловга маъмурий-буйруқбозлик усули билан аралашгани ҳақидаги гумонларни дастаклайди. Энг қизиғи, ҳокимлар муайян партияга ён босишаётгани йўқ — ўзлари қўллаётган номзоднинг қайси партияга мансублиги уларга муҳим эмас.

3. Яна бир (энг катта!) муаммо участка сайлов комиссиясида ишлаганлар томонидан маълум қилинди. Уларга баённомаларга ҳақиқий ҳолатни ёзиш тақиқланган. Баённомаларни тўлдириш учун округ сайлов комиссиясига таклиф этилгани ва унда раҳбарлар истаган рақамлар ёзилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди. Бундай ҳолатлар айрим жойларда ўз исботини топди.

Шунингдек, жойларда кузатувчиларга сайлов жараёни ва саноқ жараёнини видеосъёмка қилишга монелик кўрсатиш ҳоллари кўплаб учрагани ҳам таассуфли. Бундай ишларга фақатгина демократиянинг душмани бўлган инсонлар қодир бўлишади.

Сайловда энг катта муаммо сайловчиларни сайловга жалб қилиш экани намоён бўлди. Аввалги сайловларда 90-95 фоизлик давоматларга гувоҳ бўлардик. Бу сафа давомат 71 фоиз атрофида (Ўзбекистон ичида) бўлгани эълон қилинди.

Узоқ туманлардаги айрим сайлов участкаларида чиндан ҳам шу рақам қайд этилгандир, лекин 71 фоиз ҳам ҳақиқатдан йироқ рақам. Ўзим саноғида иштирок этган Самарқанддаги 123-сайлов участкасида давомат 36,6 фоиз бўлганига гувоҳ бўлдим.

Албатта, бир кишига ҳужжат билан бир дона бюллетен берилганда ана шундай ҳаққоний рақам ҳосил бўлади. 71 фоизлик натижага эришиш учун бир киши оиласи, қўни-қўшнилари учун ҳам овоз бериши керак бўлади ёки далолатномаларга рақамлар «осмондан» олиниб, тўлдириб қўйилади.

Тан олиш керак, бу йилги сайловларда айрим жиҳатларда ижобий томонга ўзгариш бор. Бироқ, сайловлар чинакамига демократик ўтиши учун ҳали кўп иш қилиш керак.

Гарчи жойлардаги раҳбарларга мутлақо ёқмаса-да, бу борадаги айрим таклифларим билан ўртоқлашишни лозим деб топдим.

Биринчи навбатда 33 фоизлик «давомат остонаси»дан (порог явки) воз кечиш керак. Одамларнинг сайловда қатнашмаслик ҳуқуқи ҳам бор. Сайловдаги давомат учун ўша туман раҳбарларини тергашни эса бас қилмоқ керак. Чунки жойларда креслосидан ажралиб қолишдан ҳадиксирайдиган ҳокимлар «явка»даги сон кетидан қувиб, сайловларни ёппасига қалбакилаштириш учун замин яратишмоқда.

Сайлов жараёнларида рўйхатга олиш, саноқ ва далолатномаларни тўлдиришни аллақачон онлайнлаштириш керак.

Барча сайлов участкалари компьютер ёки ноутбук билан таъминланган бўлиши, ҳар бир сайлов участкаси учун шахсий кабинет очилиб, шахсий кабинетга кириш учун логин/паролни фақатгина участка сайлов комиссия раиси билиши керак.

Шу йўсинда сайловчиларнинг қайддан ўтиши электрон тарзда амалга оширилиши керак. Шунчаки паспорт рақами киритилса — бас. Сайловчи овоз бериш учун бюллетен олади. Сўнгра шу куни у қайта овоз бера олмайди.

Бундай дастурни яратиш дастурчиларимиз учун писта чақишдек гап — узоғи бир кун вақт олса керак.

Шундай дастур сайловда қатнашаётган сайловчилар сонини онлайн кузатиб туриш имконини беради (Интернет бормаган узоқ қишлоқлар? Кейинги беш йил ичида буни ҳам тўғриласа бўлади).

Сайловда «карусель» усулидан (бир киши ёки гуруҳ бир неча сайлов участкасида ёки ўша сайлов участкасида қайта-қайта овоз бериши) фойдаланиб овоз беришга қарши курашиш учун, сайловчилар рўйхатида қайд этилмаган, сайловга таклифнома олмаган сайловчилар МСКнинг ягона базасида рўйхатдан ўтказилиши керак. Токи, у иккинчи сайлов участкасига бориб овоз бера олмасин.

Соат 20:00да сайлов тугагач, ишлатилмаган бюллетенлар саноқ хонасига олиб кирилмасидан аввал қирқилиб ёки сиёҳга ботирилиб, яроқсиз ҳолатга келтирилиши шарт. Бу жараёнлар албатта съёмка қилиниб расмийлаштирилиши керак. Суриштирув зарурияти юзага келганида, «мана» деб кўрсатилиши учун.

Номзодларнинг кузатувчиларига, ОАВ вакилларига ҳамда блогерларга сайлов ва саноқ жараёнини тўлиқ съёмка қилишга рухсат бериш керак. Умуман, кузатувчилар, ОАВ вакиллари ва блогерларга бериладиган гувоҳномаларда катта қилиб САЙЛОВ ВА САНОҚ ЖАРАЁНИНИ ВИДЕОСЪЁМКА ҚИЛИШГА ҲАҚЛИ, деб ёзиб қўйиш керак.

Сайлов участкаларидаги бюллетен солинадиган қути, саноқ хонаси — барчаси камера билан таъминланиши керак (Онлайн ишламасаям майли, фақат чироқ ўчганда ҳам аккумулятор орқали тўлиқ ёзиб бориши керак).

Бюллетенларни санаш жараёни кузатувчилар, ОАВ вакиллари ҳамда блогерлар иштирокида ўтказилгач, баённомалар ўша гувоҳлар кўз ўнгида сайлов участкасида туриб электрон тарзда ўша шахсий кабинет орқали тўлдирилиши лозим. Юқорида айтилганидек, округ сайлов комиссиялари дўқ уриб участка сайлов комиссияси раисидан логин/паролни олган тақдирда ҳам бунга «доступи» бўлмаслиги керак. Улар фақат маълумот қабул қилиш билан чекланиши лозим.

Муайян сайлов участкаси учун ажратилган шахсий кабинетда номзодларнинг номи ва партияси аввалдан киритиб қўйилган бўлади ва уларнинг исми-фамилияси рўпарасига саноқдаги рақамлар киритилса бас. Фоизини чиқариш ва умумлаштиришни компьютернинг ўзи бажараверади. Энг қизиғи, бу иш бир дақиқа вақтни олади, холос. Эрталабгача МСК барча сайлов участкалари бўйича аниқ маълумотга ҳам эга бўлади.

Яна бир таклиф: Кейинги сайловгача сайлов кодекси ва бошқа қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳозирги мажоритар тарзда сайланаётган 150 нафар депутатлик ўрнига қўшимча пропорционал тарзда яна 150та ўрин ажратиш керак. Сиёсий партиялар учун. Ахир ҳозирги кўринишдаги сайловларда партияларнинг аҳамияти қолмаяпти.

Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар/туман кенгашларига сайловлар мажоритар тарзда ўтказилмаслиги керак. Бу сайловларга қизиқиш кам — бюджет учун ортиқча харажат. Боз устига, ҳозирги шароитда айнан маҳаллий сайловларда кўпроқ адолатсизликларга йўл қўйилгани айтилмоқда.

Халқ депутатлари вилоят ва шаҳар/туман кенгашларига сайловларни парламент сайловлари чоғидаги пропорционал сайлов билан бирлаштириш керак.

Яъни, барча партиялар Олий Мажлис, вилоят, шаҳар/туман кенгашларига ўз депутатлари рўйхатини аввалдан эълон қилади. Партиянинг сайловларда эгаллаган фоизларига қараб (юқорида айтилганидек, ҳаммаси онлайн, ҳисобини чиқариш осон), парламентга ва маҳаллий кенгашларга депутатлар тайинланади. Бунда аввалдан эълон қилинган тартиб рақамига қатъий амал қилинади. Айтайлик, ЎзЛиДеП 37та депутат ўрнига эга бўлса — рўйхатнинг 1–37-ўринидаги сиёсатчилар парламентга киради.

Партияларнинг туман ва шаҳарлардаги кўрсаткичи — шаҳар кенгашини, вилоятдаги кўрсаткичи — вилоят кенгашини, республикадаги кўрсаткичи — Олий Мажлисни шакллантириш учун етарли бўлади.

Сиёсий партиялар учун алоҳида овоз берилса — партияларнинг жамиятдаги роли ошади. Партиялар ҳам электорат меҳрини қозониш учун 5 йилда бир марта эмас, доим тинимсиз меҳнат қилишга мажбур бўлишади.

Ҳозирги ҳолатда хориждаги ватандошларимиз Олий Мажлис учун Тошкент шаҳридаги номзодларга овоз беришида ҳам бирор мантиқ йўқ. Пропорционал сайлов ташкил этилса улар фақат партиялар учун овоз берган бўлишарди.

Ҳозир сиёсий партиялар сафидаги кўпчилик сиёсатчилар Тошкентда яшашади, улар узоқ туманларга ўз номзодини қўйиб, гўёки сайловда «ютиб», сайланишмоқда. Аслида бундай эмаслигини ҳамма кўриб турибди, буни уларнинг ўзи ҳам билади. Улар партиялар учун, қонуншунослик учун фойдали шахслардир балким, бунисига эътироз йўқ. Лекин туманларда уларни ҳеч ким танимаслиги рост. Фуқаролар аввало ўзларининг ҳудудидан чиққан номзодга овоз беришади.

Мана шундай тушунмовчиликларга барҳам бериш учун, сайловни янада демократик руҳда ташкиллаштириш мақсадида ташаббускорлар гуруҳи томонидан илгари суриладиган, бирор партияга мансуб бўлмаган мустақил номзодларга ва янги сиёсий партияларга ҳам сайловда иштирок учун рухсат берилса жуда яхши бўлар эди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятида ўз обрўсига эга бўлган демократик жамият қурмоқчи экан, демократиянинг энг яхши андозаларидан нусха олавериш керак. Бундан ҳамма ютади! Албатта, маҳаллий ҳокимлардан бошқа…

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ,

Kun.uz журналисти

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

o1972qf8_xtglnfjd4ym1pmsxaufx8st

Самарқанд шаҳрида карантин вақтида ҳам тунги клублар ишлаётгани маълум бўлди

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантинга қарамай, Самарқанд шаҳридаги тунги клублар ўз фаолиятини …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари