Главная / Иқтисодиёт / Водий вилоятларини электр энергияси билан таъминловчи Тўрақўрғон ИЭС қачон ишга тушади?
Место рекламы

Водий вилоятларини электр энергияси билан таъминловчи Тўрақўрғон ИЭС қачон ишга тушади?

Ҳар йили куз-қиш мавсуми яқинлашганида аҳоли ва ижтимоий-иқтисодий тармоқларда  электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ муаммолар юзага келади.

Фарғона водийсида жойлашган Андижон, Наманган, Фарғона Ўзбекистоннинг  аҳоли энг зич истиқомат қиладиган вилоятлари бўлиб, мазкур ҳудудлардан бу масала жуда долзарбдир.

KUN.UZ таҳририятига электр таъминотидаги камчиликлар бўйича келаётган мурожаатларнинг  катта қисми ҳам уч вилоятга тегишли.

Хабарингиз бор, минтақада электр энергияси танқислигини бартараф этиш учун Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси (Тўрақўрғон ИЭС) бунёд этилмоқда. Таҳририятга, аҳоли ва ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорлардан келаётган мурожаатларда ҳам мазкур иншоотнинг қачон ишга тушиши ҳақида сўралади.

Биз Наманган вилоятида барпо этилаётган Тўрақўрғон ИЭСга сафар уюштириб, юқоридаги саволга жавоб изладик.                             

Иншоот ҳақида

2013 йилнинг 28 мартида давлатимиз томонидан қабул қилинган қарорга асосан лойиҳани амалга ошириш ишлари бошланган. Айни пайтда Тўрақўрғон туманининг кенг адирликларидаги 91 гектар майдонда маҳобатли иншоот қурилиши олиб борилмоқда.

Тўрақўрғон ИЭС рақамларда:

  • Лойиҳанинг амалга ошириш муддати – 2013-2020 йиллар
  • Лойиҳанинг умумий қиймати – 1 195,87 млн. АҚШ доллари

ИЭСдан кутилаётган техник-иқтисодий кўрсаткичлар:

  • Электр энергияси ишлаб чиқариш қуввати – йилига 6,7 млрд. кВт с
  • Шартли ёқилғини меъёрий сарфи – 226,21 г/кВт с
  • Табиий газ сарфи – йилига 1,3млрд м3
  • ФИК(фойдали иш коофиценти) – 57.4 фоиз

“2016 йил 20 апрелда лойиҳани қуриш бўйича ўтказилган халқаро тендерда Япониянинг “Mitsubihi Corporation”, ”Mitsubishi Hitachi Power Systems” компаниялар консорциуми бош пудратчи сифатида ғолиб, деб топилган. 2017 йилнинг 1 январидан бошлаб, Туркиянинг “Сalik Enerji” ёрдамчи пудратчи компанияси ҳам муҳандис-техник мутахассислари билан қурилиш ишларида иштирок этмоқда. Мазкур компаниялар энергетика соҳасидаги  лойиҳаларни амалга ошириш бўйича дунёда етакчилардан саналади.

Тўрақўрғон ИЭС раҳбари Акмалжон Файзиев ва бош муҳандис Нодирбек Насибалиевлар бизни лойиҳанинг бориши тўғрисидаги маълумотлар билан таништиришди.

Қурилиш майдонида 2500 нафар ишчи-хизматчи фаолият олиб бормоқда. Улардан 459 нафари чет эл фуқароси, 1719 нафари эса маҳаллий аҳоли вакилларидир. Қизғин кетаётган жараёнда 108та махсус техника ишламоқда.

ИЭС қачон ишга тушади?

Тўрақўрғон ИЭСнинг ҳар икки энергоблоки тўлиқ ишга тушганида қуввати 900 МВт  электр энергияси ишлаб чиқаришга эришилади.

Бу айни пайтда водийнинг уч вилояти истеъмол қилаётган электр энергиясининг тенг ярмидан кўпроқдир. ИЭСнинг ишга тушиши ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий муҳитга, аҳоли фаровонлиги ошишига ижобий таъсир ўтказиб, электр энергияси танқислигига барҳам беради.

Мутахассислар берган маълумотга кўра, иншоотнинг биринчи энергоблоки 2019 йил декабрь ойида иш бошлаб, водий вилоятларига 450 МВт электр энергияси беришни бошлайди.

ИЭСнинг иккинчи энергоблоки эса 2020 йилнинг март ойида битирилади ва иншоот 900 МВт қуввати билан тўлиқ ишга тушади. 

Элмурод Эрматов,
KUN. UZ мухбири.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

emomali-rahmon

Раҳмон Роғун ГЭС-ини ишга туширди

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон тантанали равишда Роғун гидроэлектр станциясининг биринчи агрегатини ишга туширди ва шу …