Главная / Жаҳон / Ўзбекистон Осиё ўйинларини қабул қилишга тайёр
Место рекламы

Ўзбекистон Осиё ўйинларини қабул қилишга тайёр

24 февраль куни Осиё Олимпия Кенгаши (OCA) президенти Шайх Аҳмад Ал-Фаҳад ас-Сабоҳ Тошкент шаҳрига ташриф буюрди. Мартабали меҳмонни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида AIBA президенти Ғофур Раҳимов, МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов бошчилигидаги МОҚ мутасаддилари ҳамда ОАВ ходимлари кутиб олишди.

2v8lkakexgftnnvtsh056f2e7zgngm2v

Шайх Аҳмад Ас-Сабоҳ кувайтлик сиёсатчи ва спорт маъмури ҳам ҳисобланади. Айни пайтда у Халқаро олимпия қўмитаси аъзоси, Осиё Гандбол федерацияси президенти сифатида фаолият олиб боради. Ас-Сабоҳ 2001-2003 йилларда Кувайт Ахборот вазири, 2003-2006 йилларда Энергетика вазири, 2005 йилда ОПЕК бош котиби, 2006 йилдан эса Кувайт Давлат хавфсизлик хизмати бошлиғи лавозимида ишлаган.

Шайх Аҳмад Ас-Сабоҳ Kun.uzʼга берган эксклюзив интервьюсида Ўзбекистоннинг навбатдаги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятлари, спорт атрофидаги сиёсий келишмовчиликлар, Марказий Осиёга “қайтаётган” ҳоккей тўғрисида гапириб, шахсий мулоҳазаларини билдирди.

– Ассалому алайкум, шайх Ас-Сабоҳ, сизни Ўзбекистонда кўриб турганимиздан мамнунмиз.

– Катта раҳмат, мамлакатингизга қайта ташриф буюриб, меҳмон бўлиб турганимдан хурсандман.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

– Осиё олимпия кенгаши президенти Ўзбекистонда нима мақсад билан ташриф буюрган, олдинда қандай режалар бор?

– Ўзбекистон, хусусан Тошкент шаҳри мустақиллик йилларининг илк давриданоқ Осиёда спортни оммалаштиришда муҳим рол ўйнай бошлаган. Мамлакатнинг биринчи президенти ҳам, амалдаги президент Шавкат Мирзиёев ҳам ёшлар ва спорт масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шунинг учун, расмий Тошкент доим бу йўналишда фаоллик кўрсатган. Осиё ўйинларида мунтазам иштирок этаётган ўзбек спортчилари, жумладан боксчилар, курашчилар, футболчилар фахрли натижаларга эришиб келмоқда.

Бизнинг қитъада Марказий Осиё алоҳида эътиборли ҳудудга айланмоқда. Шу туфайли Тошкентда Осиё спортининг келажаги ҳақида бироз фикр алмашиб, янги сайланган МОҚ президенти Умид Аҳмаджонов билан ҳамкорликда ишларни давом эттирамиз. Учрашувларда Ўзбекистоннинг халқаро спорт тадбирлардаги иштирокини таъминлаш учун тайёргарлик ишлари, шунингдек, халқаро спорт тадбирларини Ўзбекистонда ташкил этиш масалалари кўриб чиқилади.

Менимча, Ўзбекистон айни пайтда йирик спорт тадбирларидан бирига мезбонлик қилишга тайёр. Марказий Осиёда фақат Қозоғистон қишки Осиё ўйинларига мезбонлик қилди. Шу туфайли, Ўзбекистон ҳам бундай тадбирларни ўтказиши мумкин. Бу масала Ўзбекистон президенти билан режалаштирилган учрашувимизда ҳам кўриб чиқилади.

– Тошкент ва Самарқанднинг Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятларини қандай баҳолайсиз?

– Мен Ўзбекистоннинг Осиё ўйинларини қабул қилишга тайёр, деб биламан. Осиё олимпия кенгаши ва Ўзбекистон МОҚ экспертлари хулосаси, Ўзбекистон президентининг саъй-ҳаракатлари ва кўмагида спортнинг ривожлантирилиши, барча сабаб ва омиллар бизни бир хулосага олиб келадики, Тошкент ва Самарқанд Осиё ўйинларини ўтказишга тайёр ва мезбонлик қила олади.

– Осиё қитъасида спортнинг шиддат билан ривожланиб бораётганини кузатяпмиз. Ана шу ривожланишга қандай омиллар туртки бўлмоқда?

– Гап шундаки, спортни халқаро даражада ривожлантириш ишлари Осиёда аввалроқ бошланганди. Барча йирик спорт мусобақалари кўтаринки руҳда, юқори талабчанлик билан ташкил этилади. Қитъадошларимизнинг бирдамлиги, барқарорлик спортни ривожлантиришга катта хизмат қилади. Охирги марта Олимпия ўйинлари ҳам Осиёда, Пёнгчангда ўтказилди (2018 йилги қишки Олимпиада – таҳр.). Бундан ташқари, Пекин катта олимпия ўйинларига мезбонлик қилган бўлса, навбатда бизни Токио кутмоқда. Буларнинг барча Осиё! 2022 йили футбол бўйича жаҳон чемпионати Доҳада бўлиб ўтиши кутилмоқда. Буларнинг барчаси бирдамлик, халқлар ўртасидаги яхши муносабатлар ва ташкилотимизнинг барқарор фаолият олиб бориши, спортнинг сиёсатдан холи бўлишига уриниш эвазига амалга ошмоқда ва спортдаги етакчи қитъага айланишга имкон беради.

– Ўзбек боксчиларнинг муваффақияти ҳақида гапираркансиз, яна бир масалага эътибор қаратиш керак, деб ўйлайман. AIBA ташкилотини Токио олимпиадасидан четлатиш хавфи пайдо бўлган. Бу ҳолатга сиз қандай муносабат билдирасиз?

– Биз ХОҚ ва AIBA муносабатлари ўртасидаги жараёнларни диққат билан кузатиб боряпмиз. Биз AIBA ва ХОҚ ушбу масалага тез орада ижобий ечим топиб, вазиятни ўнглашига ишонамиз. Бокс спорт мусобақаларининг муҳим қисми ҳисобланади ва 2020 йилги Токио олимпиада ўйинларида бокс спорт тури бўйича мусобақалар ташкил этилишига ишонаман.

– Тез орада Ўзбекистонда “Ҳумо” муз саройининг очилиши режалаштирилган. Бу билан бир муддат нофаол бўлган хоккей спорти Ўзбекистонга қайтмоқда. Сиз хоккейнинг, умуман, Осиёдаги равнақига ишонасизми?

– Албатта, Осиё хоккей бўйича етакчилик қилади. Халқаро хоккей федерациясига ҳам Ҳиндистон олимпия ассоциацияси президенти Нариндер Батра бошчилик қилади. Ҳиндистон, Покистон, Корея хоккейда етакчи давлатлар қаторида саналади. Нафақат сўнгги натижалар, балки узоқ йиллик спорт тарихида ҳам Осиё хоккей бўйича етакчи қитъа бўлиб келган. Марказий Осиёнинг Ўзбекистон мисолида хоккейга қайтишидан жуда хурсандман. Ўтган асрнинг 90-йилларида теннис ривожлангани, халқаро теннис мусобақаларига мезбонлик қилганингиз ёдимда. Хоккейни ҳам ривожлантириш учун, менинг назаримда, етарли инфраструктура ва ташкилотчилик ғайрати мавжуд.

– Қуйидаги саволим спорт атрофидаги айрим сиёсий келишмовчиликлар тўғрисида. Араб давлатлари орасида, Осиёнинг бошқа нуқталарида сиёсий келишмовчиликлар спортда ҳам акс этаётгани кузатилмоқда. Спорт сиёсатдан холи бўлиши керакмасми?

– Осиё олимпия кенгаши президенти сифатида спортнинг сиёсатдан холи бўлишига интиляпмиз. Бу муаммо нафақат араб давлатлари орасида, балки Жанубий ва Шимолий Корея муносабатлари мисолида, Ҳиндистон ва Покистон алоқалари, Эрон ва Ироқ, Камбожа ё Таиланд мисолида сиёсий келишмовчилик кўзга ташланади. Чунки бу кўҳна қитъа, барча муносабатлар чуқур илдизга эга. Шунга қарамай, Аллоҳга шукр, барча спорт ўйинларида давлатларнинг иштироки тўлиқ таъминланади, ҳеч қачон бойкот бўлмади. Бу пайтларда барча давлатлар битта олимпия қишлоғида яшайди. Менимча, спорт орқали сиёсий муаммоларга ечим топилар.

– Ўзбекистонлик мухлисларга доим қизиқ: белбоғли кураш Осиё ўйинларига киритиладими?

– Шу масалада мувофиқлаштириш қўмитаси эндигина Ҳанжоуга етиб борди. Албатта, курашнинг бу рўйхатга киритилгани ҳам катта муваффақият. Менимча, бу масала Бош ассамблея ишида ҳал этилиши керак. Белбоғли курашнинг Осиё ўйинларига киритилиши 2020 йилги Бош ассамблея ишида кўриб чиқилиши мумкин.

– Шайх ас-Сабоҳ, сиз Осиё олимпия кенгашини олға етаклашга, ривожлантиришга катта куч топиб, келажакда яхши натижаларга эришишингиздан умидвормиз. Ўзбекистон расмийлари билан учрашувда эса мазмунли суҳбатлар бўлиб, керакли натижаларга эришишингизга тилакдошмиз.

– Иншааллаҳ, мазмунли суҳбат учун раҳмат. Ўзбекистонлик спортчилар эришаётган натижалардан биз ҳам қувонамиз. Биз ҳамкорликнинг бардавом бўлишини, кўзланган натижаларга эришишни истаймиз.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

Фото: «Зарафшон»

Москвада АҚШнинг бошпана олувчилар ва муҳожирлар учун мўлжалланган хизмати ёпилмоқда

АҚШнинг фуқаролик ва иммиграция хизмати (USCIS) Москвадаги офисининг 29 март кунидан ёпилишини эълон қилди. Бу …