Главные новости
Главная / Жамият / Урганчда янги савдо комплекси қурилиши тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлмоқда
Место рекламы

Урганчда янги савдо комплекси қурилиши тадбиркорлар норозилигига сабаб бўлмоқда

Урганч шаҳар марказий деҳқон бозори ҳудудига чегарадош бўлган автомобиллар турар жойида йирик савдо комплекси қурилиши бошланди. Бу ҳолат шу жой яқинида фаолият юритувчи тадбиркорларнинг норозилиги ва шикоятларига сабаб бўлди.

«Марказий деҳқон бозори» Урганч шаҳрининг қоқ ўртасида жойлашган. Бу ерда очиқ ва ёпиқ турдаги савдо павильонлари, кўплаб расталар ва дўконлар, умумий овқатланиш объектлари, автобекат ва катта ҳудудни эгаллаган автомобиллар турар жойи бор.

2020 йил 20 март куни Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан «URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖга «Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ ҳудудига чегарадош жойдан (автомобиллар турар жойидан) савдо ва ишлаб чиқариш комплекси қуриш учун 1 гектар ер майдони 405қ-сонли қарор билан ажратиб берилди. Шундан сўнг, майдон ўраб олинди ва қурилиш ишлари бошлаб юборилди. «URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖ эса «Urgench Karvon Shopping Center» деб номланган савдо комплексидан расталар ва дўконларни сотувга қўйди.

Бу ҳолат ҳудудга яқин жойлашган «8-блок»да савдо фаолияти билан шуғулланувчи кўплаб тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ишбилармонлар ўз савдо дўконларининг бузиб ташланишидан, фаолиятига салбий таъсир қилишидан хавотирга тушиб, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори, Хоразм вилояти ҳокими ва Урганч шаҳар ҳокимига шикоят хатини йўлладилар. Уни 150га яқин тадбиркор имзолаган.

Тезкорлик билан ажратилган ер майдони

Воқеалар ривожига эътибор қаратилса, шаҳар марказидаги 1 гектар ерни давлат захирасига қайтариб олиш, тегишли ташкилотларнинг рухсатномаларини расмийлаштириш, бошқа тадбиркорга ажратиш жараёнлари тезкорлик билан амалга оширилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Жумладан, 2020 йил 18 март куни «Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ кузатув кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Унда жамиятга тегишли 1 гектар ер майдонини Урганч шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтариш ҳақида қарор қабул қилинган. Йиғилиш баённомасида 1 гектар ерда «Гўшт ва сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш» объектлари ташкил қилиниши ёзилган.

2020 йил 19 март куни «URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖ ер ажратилишини сўраб Урганч шаҳар ҳокимлигига хат билан мурожаат қилган.

2020 йил 20 март куни Урганч шаҳар ҳокимлиги шу хат ва «URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖ билан «Урганч марказий деҳқон бозори» АЖ ўртасидаги келишув шартномаси, Хоразм вилоят қурилиш бош бошқармаси хулосаси, Урганч шаҳар СЭОМ, Урганч шаҳар ФВБ ва Хоразм вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг хулосаларини асос қилиб олган ҳолда, 1 гектар ер ажратиш ҳақидаги 405қ-сонли қарорни чиқаради.

Яъни 3 кун ичида ер майдони давлат захирасига қайтарилиб, «тегишли ташкилотларнинг хулосалари олиниб», бошқа ташкилотга ажратиб берилмоқда.

Тегишли ташкилотларнинг хулоса ва рухсатномалари олинганми?

Урганч шаҳар ҳокимлигининг 20 март куни чиқарилган 405қ-сонли қарорида тегишли ташкилотларнинг хулосаси олингани қайд қилинган.

Аммо мавжуд ҳужжатлар ўрганилганда Урганч шаҳар СЭОМнинг «таклиф қилинаётган ер майдони гигиеник талабларга жавоб бериши» ҳақидаги хулосаси 26 март (!) куни берилгани, Хоразм вилояти экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш бошқармаси эса 24 март (!) куни рухсатнома эмас, балки «қурилиш объектини экспертизадан ўтказиш шартлиги» тўғрисида хат бергани, Урганч шаҳар ФВБ эса ҳеч қандай хулоса бермагани маълум бўлди.

Хоразм вилоятининг қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси ҳам 1 гектар ер майдонида қурилишни бошлаш мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай рухсатнома бермаган. 31 март куни берган хатида эса «қурилиш объектининг тасдиқланган бош режаси бузилгани, Шаҳарсозлик Кодексининг 5-моддаси талабларига зид ҳолда, қурилиш ишларини бошлаш учун ҳудуд ўзбошимчалик билан ўраб олингани» қайд этилган. Бундан ташқари, ишчи лойиҳаси, экспертиза хулосалари, қурилиш ишларини амалга ошириш учун зарур бўлган оммавий оферта ҳужжатлари бўлмагани кўрсатилган. Инспекция томонидан қурилишни тўхтатиш ва автомобиллар турар жойини ўз ҳолига қайтариш бўйича бозор маъмурияти ва қурувчига огоҳлантириш берилган.

Прокуратура тақдимномаси ва қарорнинг бекор қилиниши

Урганч шаҳар прокуратураси ҳолатни ўрганиб, 1 гектар ерни ажратиш жараёнида қонунбузарликка йўл қўйилганини аниқлаган.

Прокуратура «Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорига асосан юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга ошириш белгилангани сабабли, Урганч шаҳар ҳокимлигининг 405қ-сонли қарори қонунга зид қабул қилинганини аниқлаб, уни бекор қилиш ҳақида хулоса бериб, тақдимнома киритган.

2020 йил 28 май куни Урганч шаҳар ҳокимлиги томонидан «URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖга савдо ва ишлаб чиқариш комплекси қуриш учун 1 гектар ер майдони ажратиш ҳақидаги 405қ-сонли қарор бекор қилинди.

Шундай бўлса-да, савдо комплексининг қурилиш ишлари бу мақола эълон қилинган вақтда ҳам давом этмоқда.

Янги савдо комплекси нимани таклиф қилмоқда?

«Urgench Karvon Shopping Center» савдо комплекси лойиҳага кўра, 5 қаватли, шундан 1-қавати ертўлада бўлиши режалаштирилган.

Савдо комплексининг ертўла қисмида озиқ-овқат, деҳқончилик маҳсулотлари учун мўлжалланган расталар жойлашади. Уларнинг ҳудуди 3 кв.м.дан бошланади ва ҳар 1 кв.м. камида 10,2 млн сўмдан таклиф қилиняпти. Яъни озиқ- овқат маҳсулотлари билан савдо қилишни истаган тадбиркор 3 кв.м. раста учун камида 30,6 млн сўм тўлашига тўғри келади.

Савдо комплексининг юқори қаватларида дўконлар, умумий овқатланиш шохобчалари жойлашади. Уларнинг ҳудуди 11,2 кв.м.дан бошланади ва ҳар 1 кв.м. камида 11,9 млн сўмдан таклиф қилинмоқда. Яъни тадбиркорлар дўкон учун камида 133 млн сўм тўлашига тўғри келади.

Савдо комплекси ҳудудида автомобилларнинг турар жойи бўлиши кўзда тутилмаган.

Тадбиркорлар нимадан норози?

Қурилиш ишлари давом этаётган ҳудудга яқин масофада жойлашган «8-блок» савдо мажмуасида фаолият юритаётган кўплаб тадбиркорлар бундан норози бўлиб туришибди.

Ишбилармонлар ўз савдо дўконларининг бузиб ташланишидан, қурилиш ишлари олиб борилиши натижасида савдо фаолиятига зарар етишидан хавотирга тушишмоқда. Бундан ташқари, автомобиллар турар жойи нима учун бузиб ташлангани, бозорга савдо қилиш учун келган мижозлар автомобилларини қаерда қўйиши, нима учун бундай қулайликдан маҳрум қилинганини билишни истамоқдалар.

Қайд қилиш жоизки, кўп йиллардан бери бозор ҳудудида фаолият юритиб келган тадбиркорларнинг дўкони бир неча марта бузилган. Ҳар сафар улар жуда катта маблағ эвазига янги дўкон олиб, фаолиятини тиклашган. Янги савдо комплексининг ишга туширилиши, ундаги расталар ва дўконларнинг нархи жуда қимматлиги уларнинг мулки ва фаолиятига қаттиқ зарар етказиши мумкинлигидан хавотирга тушишмоқда.

Расмийлар изоҳи

«URGANCH ECO SHOPPING CENTER» МЧЖ раҳбарияти билан боғланиб, қурилиш ишларини олиб бориш учун зарур бўлган тегишли ташкилотларнинг қарорлари, хулосалари ва рухсатномаларини сўрадик. Аммо жавоб бўлмади.

Урганч шаҳар ҳокимлиги қурилиш ишларини бошлаш учун зарур бўлган қарор ва тегишли ташкилотларнинг хулосалари ва рухсатномаларидан фақат Урганч шаҳар СЭОМнинг «таклиф қилинаётган ер майдони гигиеник талабларга жавоб бериши» ҳақидаги рухсатномаси, шунингдек, Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасининг рухсатномаси эмас, балки «қурилиш объектини экспертизадан ўтказиш шартлиги» тўғрисидаги хатини тақдим қилди. Шунингдек, ер аукционга қўйилишини, янги савдо комплекси қурилишининг давом этишини, бу борада зарур ҳужжатлар тайёрланиш жараёнида эканини маълум қилди.

Урганч шаҳар бош архитектори Баҳодир Атажанов янги савдо комплекси қурилганидан сўнг, «8-блок» савдо дўконлари бузилмаслигини ва тадбиркорларнинг хавотири ўринсиз» эканини айтди. Гапининг исботи сифатида шаҳар бош режасидан кўчирмани кўрсатди. Унда янги савдо комплекси билан бир қаторда «8-блок» дўконлари ҳам бор. Бироқ, шаҳар бош архитектори бузиб ташланган автомобилларнинг турар жойи ўрнига янгиси барпо қилиниши шартлигини алоҳида таъкидлади.

Ҳокимлик ва тадбиркорлар ўртасидаги зиддиятнинг олдини олиш мумкинмиди?

Ҳа, албатта. Ўзбекистонда аҳоли яшаш жойларида қурилиш ишларини олиб бориш Шаҳарсозлик Кодекси билан тартибга солинади. Унинг 4-моддаси 7-қисмида «Агар шаҳарсозлик фаолияти жамият, давлат, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларига зид бўлса, бундай фаолият тугатилиши керак» деб белгиланган. Бу моддага кенгроқ шарҳ берадиган бўлсак, ҳар қандай қурилиш ишлари лойиҳалаштирилиши ва бошланишидан олдин, шу ҳудуддаги фуқаролар, корхона ва ташкилотларнинг манфаатларига зид эмаслиги текширилиши, уларнинг розилиги олиниши шартдир. Келиб чиққан зиддиятдан бундай розилик олинмагани ва кодекс талаблари бажарилмагани ҳақида хулоса қилиш мумкин.

Нима учун урганчликлар қулай бўлган автомобиллар турар жойидан маҳрум қилинмоқда?

Шаҳарсозлик Кодексининг 5-моддасида «Ҳар бир фуқаро қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқига эга экани, шаҳарсозлик фаолиятининг амалга оширилишида фуқароларнинг қулай яшаш ва фаолият кўрсатиш муҳити билан таъминланиш ҳуқуқи борлиги, фуқароларнинг шаҳарсозлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этиши мумкинлиги» кўрсатилган. Бозордаги автомобиллар турар жойи эса шундай қулайликлардан бири эди. Унинг бир қисми бузиб ташланиши натижасида, ён ҳудудларда, атрофдаги йўлларда жуда катта тирбандликлар, аҳоли учун ноқулайликлар юзага келган. Бу эса бозор фаолиятига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.

Нима учун йирик савдо комплексига шаҳар марказидаги бозор ҳудудидан ер ажратилди?

Шаҳар марказидаги бозор ҳудудида янги савдо комплексининг қурилиши иқтисодий жиҳатдан қанчалик асосланган? Бу ҳолат шу яқин атрофда фаолият юритаётган кўплаб дўконлар, шунингдек, йирик савдо комплекси ҳисобланадиган гипермаркет фаолиятига қандай таъсир қилади? Янги савдо комплекси шаҳарнинг бошқа ҳудудида барпо қилиниши мақсадга мувофиқ эмасмиди? Афсуски, бу саволлар ҳам жавобсиз қолди. Тадбиркорлар янги савдо комплекси ишга туширилса, ўз дўконларининг бузиб ташланмаслигига ишонишмаяпти. Чунки амалда бундай ваъдалар шу пайтгача бажарилмай келган.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

nf7zckqnei2fhbr3zxyqjtqlbyibxopq

Киевда банкни портлатиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди. У ўзбекистонлик экани айтилмоқда

Банк биноси махсус топшириқли бўлинма томонидан қамал қилинди. 3 август кунининг иккинчи ярмида Украинадаги нашрлар …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари