Главная / Жаҳон / Тожикистонга сафар таассуротлари
Место рекламы

Тожикистонга сафар таассуротлари

Душанбе шаҳри ўз номи билан ҳафта кунларидан бирини англатади – «душанба». Қачонлардир, кичик қишлоқ атрофида яшаган барча кишилар шу ердаги йирик бозорга душанба куни келиб, савдо қилишга ўрганган. Ҳанузгача, Душанбе шаҳридаги Баракат бозори сайёҳлар учун эътиборга молик жойлардан бири саналади. Шаҳарда кўҳна бозорларнинг кўчирилиши, диққатга сазовор биноларнинг бузилиши тез-тез учраб турса-да, Душанбе қиёфаси ёрқин, у бир қарашда кўчаси баланд бинолар билан тўлган Дубай, узоқдан Арарат тоғи кўриниб турган Ереван, эски маҳаллаларда қайнаб турган одамлари билан Тошкентни эслатади.

Шаҳарнинг марказий кўчасида кўплаб ҳайкал ва музейларни учратиш мумкин. Шунингдек, опера театри ва сайёҳларнинг кўнглини хуш этувчи бир қанча кафе, емакхоналар бор. Эътиборлиси шундаки, Тожикистон мен учун олисдаги юрт бўлиб туюлмади. Негаки, аэропортдан чиқишим билан соатларни созлашга ҳожат йўқ, Ўзбекистон Тожикистон билан бир вақт пояси остида яшайди. Бу табиий мантиқдир, аммо дастурхонимиз ҳам бир хил. Мазали шўрва, палов, шакароб, тандирда пиширилган нон сизни уйдан узоқда бўлганингизни ҳис этишга имкон бермайди.

Айтганча, халқларимиз ўхшаш деганда бир жиҳатни эслаб ўтай: маросим, тўй ва байрамларни нишонлаш, унда ёзиладиган дастурхон билан боғлиқ машмаша тожикларни ҳам қийнаб келган. Шунинг учун маросимларни ўтказиш тартиби қонун билан белгиланган. Тавсияга амал қилмаган кишилар жавобгарликка тортилади. Овқатланиб ўтириб, ана шу тартиб битилган китобча барча емакхонада мавжудлигига ишонч ҳосил қилдим. Асосий овқатлар сўзсиз гўштдан тайёрланади. Чўчқа гўшти умуман ишлатилмайди.

Деярли барча қизиқарли биноларни шаҳарнинг Рудакий кўчасидан топасиз. Меъморий обидалар бўйича иккита фикрни айтиш мумкин: биринчидан, у Санкт-Петербург архитектурасидан илҳомланган, иккинчидан, шаҳар Сталин даври меъморчилиги ва шарқона шакллар уйғунлигини ўзида мужассам этган. Бежиз шаҳарни 1929 йили Сталинобод деб номлашмаган, ахир.

Шаҳарнинг яна бир эътиборли жойи – барча олий маъмурий бинолар жамланган майдон ва унинг марказидаги улкан флагшток. Байроқ дунёдаги энг баланд флагштокка илинган эди. Айни пайтда у дунёдаги иккинчи мақомини сақлаб турибди. Умуман олиб айтганда, майдонда маҳоратли қурувчилар бино этган миллий кутубхона ҳам бор. Бу ҳақда алоҳида мақолада айтамиз.

Кези келса, Тожикистон йўлсозларини олқишлаб қўйиш лозим. Бунақа равон йўлни фақат Германияда кўргандим. Лекин сайёҳлар Тожикистонга асори-атиқаларни томоша қилишга, меъморий обидалардан ҳайратланиш учун келмайди. Улар деярли йўқ. Бу мамлакатнинг кўзни ҳайратдан донг қотирувчи тоғлари, табиати, узоқ суҳбатларда ҳам сизни зериктирмайдиган халқи бор. Мана нима учун Тожикистон жозибадор. Помир тоғлари, Ҳисор этаклари, Бадахшон ва Ҳатлон, Сўғд… Буларнинг барчаси ўзгача субмаданият намунаси саналади. Ҳар бир ҳудуднинг ўз урф-одати борки, уни томоша қилиш учун узоқ юртлардан ҳам ажнабийлар келади. Мен вақт тиғизлиги туфайли, афсуски, бу ҳақда фақат одамлардан эшитдим. Масалан, Марказий Осиёда энг катта анъанавий бозорлардан бири – Пайшанбага (Хўжанд шаҳрида) бориб, унинг ғала-ғовурида одамларни кузатиш қанчалар мароқли. Мен эса Ҳисор қалъасида бўлдим. Бу ернинг тарихини суриштирганимда, маҳаллий аҳолидан Искандар Буюкнинг Роксана билан никоҳи мана шу қалъада бўлганини билиб, мозийга узоқ боқиб турдим.

Қишки паллада Душанбе атрофидаги тоғлар қор зийнати билан янада гўзаллашиб қолади. Сафед-Дара тоғ чанғи комплексидаги ҳордиқ, шаксиз, ҳеч ёдимдан чиқмайдиган бир хотира бўлиб қолади. Тоғда оила билан дам олиш учун келган жаҳонгашта саёҳатчи Фарҳод Калонов билан танишиб қолдим.

У тожикистонлик машҳур сайёҳ бўлиб, деярли бутун дунёни айланиб чиққан. Рафиқасининг ота-онаси сўлим Фарғона томонлардан… Хуллас, Тожикистонда ҳар ким билан суҳбат қилганингизда, суҳбатдош очиқ ва самимий бўлади. Қизиқарлиси, уларнинг аксарияти, Ўзбекистонга алоқадор, кимнингдир бобоси, бошқасининг онаси Ўзбекистонда туғилиб ўсган, кейинчалик Тожикистонга келган. Ана шундай қариндош тутиниб кетган тожик дўстларимиз бироз ўзбекча ҳам гапириб хушомад қилиб қўйишди.

Тожиклар учун меҳмон, Ўзбекистонда бўлганидек, азиз ва мўътабар саналади. У – муқаддас киши. Егулик билан меҳмоннинг қорнини тўқлаш, уни тинглаш ва қизиқ ҳикоялар айтиб бериш, албатта, бажариладиган ритуалдир. Халқ вакилларнинг ганчкорлик ишлари таҳсинга сазовор. Умуман ҳунармандчилик бўйича узоқ ва хўп гапириш мумкин. Ўзбек ва тожикларни икки тилда гаплашуви бир халқ дея бежиз эътироф этишмаган. Ўзбекистонликлар, айниқса Тожикистонда ўзлигини топаверади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

stfdi_jryxdz9637wsrcgosj9gahhn0d

Ўзбекистонлик қиз билан никоҳ қуриш кореялик эркакларга қимматга тушмоқда

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик келин билан турмуш қуриш маҳаллий эркаклар учун нисбатан қимматга тушиши маълум бўлди. …