Главная / Жаҳон / Тиграй қирғини: Эфиопияда янги уруш олови. У ерда нималар бўлмоқда?
Место рекламы

Тиграй қирғини: Эфиопияда янги уруш олови. У ерда нималар бўлмоқда?

Эфиопияда ҳукумат ва айирмачиларнинг «Тиграй озодлик халқ фронти» кучлари ўртасида зиддият авж олмоқда. Тиграй провинциясини назорат қилувчи жангарилар қўшни провинциядаги икки аэропортга ракеталар билан ҳужум қилишган ва бундай ҳужумлар давом эттирилиши тўғрисида огоҳлантиришган. Шунингдек, Эфиопия ҳудудидан қўшни давлат Эритрея пойтахти Асмэрега ҳам ракеталар йўлланган. Қарама-қаршилик оқибатида сўнгги бир неча кун ичида бир неча юз киши ҳалок бўлган.

Tiksa Negeri/Reuters

Эфиопия ҳукумати ва тиграйлар ташкилоти ўртасидаги кескинлик сўнгги ой ичида кучайиб бориб, қуролли тўқнашувларга айланиб кетди. Amnesty International инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти маълумотларига кўра, 9 ноябрь куни Май-Кадера қишлоғида жангарилар ҳужуми оқибатида юзлаб кишилар ўлдирилган.

«Тиграй озодлик халқ фронти» ушбу қирғинга алоқадорлигини инкор этаётган бўлсада, Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад ушбу ташкилот раҳбариятини оммавий қотиллик уюштиришда айбламоқда.

Аввалроқ ҳукумат расмийлари «Тиграй озодлик халқ фронти»ни федерал ҳарбийларнинг лагерига ҳужум уюштиришда айблаб, айирмачиларга қарши кенг кўламли ҳарбий амалиёт бошлаш тўғрисида буйруқ берганди. Шундан сўнг икки томон ўртасида ҳаво зарбалари орқали тўқнашувлар бошланиб кетганди.

Тиграй – Эфиопиянинг шимолий провинцияси бўлиб, Эритрея ва Судан билан чегарадош бўлган бу ҳудуд аҳолиси ўзларини тиграйлар деб аташади. Мамлакат маркази ва жанубида яшовчи аҳоли эса амхар халқига мансуб ҳисобланади.

Аэропортларга йўлланган ракета зарбалари ҳақида нималар маълум?

Эфиопия ҳукумати маълумотига кўра, ракеталар жума куни кечқурун Амхара ҳудудидаги Баҳр-Дор ва Гондэр шаҳарларига қарата учирилган. Ракеталардан бири Гондэр аэропортига тушган ва унинг бир қисмини вайрон қилган.

Ўша вақтда учирилган иккинчи ракета Баҳр-Дор аэропорти атрофига тушган. Қурбонлар ҳақида маълумот берилмаган. Икки аэропортдан ҳам йўловчи самолётлар ва ҳарбий самолётлар парвози учун фойдаланилган.

Амхарадаги кўнгиллилар федерал ҳарбийлар томонида туриб жанг қилади / AFP

Ўз навбатида, «Тиграй озодлик халқ фронти» ракета зарбалари бош вазир Абийга бўйсунувчи ҳукумат ҳарбийлари томонидан берилган ҳаво зарбаларига жавоб эканини маълум қилган. «Тиграй халқига ҳужумлар тўхтамас экан, бизнинг ҳужумларимиз ҳам кучайиб боради», деган ташкилот вакили Гетачу Реда фейсбукдаги саҳифасида.

Кейинроқ Тиграй телеканалида чиқиш қилган Реда янги зарбалар берилиши эҳтимолидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, кейинги нишон Эритрея пойтахти Асмэра бўлиши мумкин, бу эса ушбу низо икки қўшни давлат миқёсига кўчиши мумкинлигини англатади.

Шанба куни кечқурун Асмэрага Эфиопия ҳудудидан туриб зарба берилгани маълум бўлди. Дипломатик манбасига асосланиб хабар тарқатган Reuters агентлиги маълумотига кўра, шаҳарга камида уч ракета учиб келган, улардан иккиси аэропорт ҳудудига тушган. Тиграйдаги айирмачи кучлар Эритрея Эфиопия ҳукуматига ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади деб ҳисоблайди, аммо эритреяликлар ҳукумати буни инкор этади.

Таҳлил: Эритреяга зарба берилиши нимага олиб келиши мумкин
BBC’нинг ушбу минтақадаги мухбири Уилл Росс «Тиграй озодлик халқ фронти» Эритрея пойтахтига ракета зарбалари йўлланишидан кейин вазият янада жиддийлашгани ва буни энди тўхтатиб бўлмаслиги ҳақида фикр билдирган. Бунинг оқибатида минтақадаги барқарорлик издан чиқиши мумкин.

Мухбирнинг фикрича, вазият янада кескинлашувига Эфиопия бош вазири 1993 йилдан буён Эритреяга раҳбарлик қилиб келаётган Исайяс Афеверки билан иттифоқ тузгани сабаб бўлади. Энди икки сиёсатчининг умумий душмани бор: «Тиграй озодлик халқ фронти»дан бўлган сиёсатчилар – улар кўп йиллардан буён Эфиопия сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келишарди. Шу жумладан, 1998-2000 йилларда Эритрея билан чегара туфайли бўлиб ўтган урушда ўн минглаб кишилар (айрим баҳоларга кўра икки томондан жами 300 минг қурбон) ҳалок бўлган вақтда ҳам.

Ҳарбий ҳаракатлар бошлангач тинч аҳоли орасида минглаб кишилар қўшни Суданга қочиб ўтди / AFP

Ҳозирча томонлар халқаро ҳамжамиятнинг тинчлик чақириқларини инкор этиб келишмоқда, минглаб қочқинлар қўшни Судан ҳудудига ўтган.

Эфиопия бош вазири Тиграйдаги айирмачилар бир неча кун ичида тор-мор этилишини маълум қилганди, аммо у рақибнинг кучларига тўғри баҳо бера олмаган бўлиши мумкин. Тиграйдаги ҳарбий кучлар ҳам ҳарбий ҳаракатлар олиб боришда тажрибага эга ва улар маҳаллий тоғли ҳудудни аъло даражада яхши билишади.

Шу билан биргаликда, кенг кўламли минтақавий низо Эфиопиянинг тинч аҳолиси ва бутун Африка шохи минтақаси учун оғир оқибатларга эга бўлиши мумкин.

Ким ким билан уришмоқда?
2019 йилда бош вазир Абий Аҳмад Али қўшни Эритрея билан кўп йиллик можаро ҳал қилингани учун тинчлик бўйича Нобел мукофотини олганди. Аммо энди у туфайли янги уруш авж олмоқда.

2019 йилда Абий Аҳмад Али тинчлик бўйича Нобел мукофотига сазовор бўлганди / GETTY IMAGES

Айни вақтда 44 ёшда бўлган Абий асли дастурчи бўлиб, 2018 йилда модернизация ҳақидаги шиорлари билан ҳокимиятга келганди.

Марксча-ленинча социалистик ғоялар асосига қурилган «Тиграй озодлик халқ фронти» партияси узоқ вақт давомида ҳукуматдаги коалиция таркибида бўлган ва умуммиллий даражада таъсирга эга бўлган, аммо Абий Аҳмад даврида ташкилот ва марказий ҳукумат ўртасидаги алоқаларга дарз кетди.

Тиграй етакчилари бош вазирни нотўғри сиёсат юритишда ва тиграйликларни ҳукуматдан четлатишга уринишда айблайди, бош вазир эса уларни коррупцияда ва ислоҳотларни саботаж қилишда. Аҳмаднинг сўзларига кўра, Тиграй қонун таъқибидан қочқинлар учун бошпанага айланган.

9 сентябрь куни Тиграй ҳукумати марказий ҳукуматга бўйсунишдан бош тортди ва ҳудудий парламент учун сайловлар ўтказишга қарор қилди, марказий ҳукумат эса коронавирус пандемияси туфайли сайловларни бекор қилди.

3 ноябрь куни Абий Аҳмад маҳаллий айирмачилар минтақага жойлаштирилган ҳарбий лагерга ҳужум уюштиргани ҳақида маълум қилди. Шу куни Эфиопия парламенти «Тиграй озодлик халқ фронти»ни террорчи ташкилот деб эълон қилди, прокуратура эса ташкилотнинг 64 нафар асосий етакчиларини, шу жумладан, ташкилот раҳбари Дебрецион Геберемайклни ҳибсга олишга ордер берди.

4 ноябрь куни ташқи дунё учун номаълум ҳудуд бўлган Эфиопия шимоли бутун дунё диққат марказидаги ҳудудга айланди. Бу ерда ҳарбий ҳаракатлар бошланди, ҳукумат ҳарбийлари авиациядан фойдаланмоқда. Пойтахтдагилар ҳужумлар муваффақиятли бўлгани ҳақида айтишган.

Ҳудуддаги вазият

Тинч аҳоли вакиллари ўз ерларини қўриқлашга тайёрланмоқда/GETTY IMAGES

Тиграйда телефон алоқаси ва интернет ишламагани туфайли Тиграйдаги вазият туфайли аниқ ва текширилган маълумот олишнинг имкони йўқ. Аммо BBC’нинг Аддис-Абебадаги мухбири хабар беришича, зиддият кун сайин кескинлашиб, вазият ёмонлашмоқда. Қариндошлари Тиграйда яшовчи журналист Хана Зерационнинг айтишича, минтақада ун, газ ва ҳаммасидан ҳам ёмони сув тақчиллиги юзага келган – эндиликда ичимлик суви ўлчаб тарқатилмоқда.

500 мингга яқин киши истиқомат қиладиган Мекеле шаҳрида сув қувури бир ҳафтада бир марта ишлайди. Одамлар аввалига сувни буюртма қилишаётганди, энди мобил алоқа ўчириб қўйилгани туфайли бунинг имкони йўқ.

Пайшанба куни электр токи ҳам ўчиб қолди, хабарларга кўра, маҳаллий гидростанция портлатиб юборилган.

«Мен оилам учун жуда ташвишдаман, айниқса 11 ёшли укам учун. У касал ва ҳозирда унга дори топиш жуда мушкул ишга айланган. Аввал биз видеоалоқа орқали боғланиб турардик, аммо энди бу ҳам йўқ», деган Хана.

Бешафқат қирғин

Ҳарбий ҳаракатлар 9 кун муқаддам, мамлакат ҳукумати Тиграйдаги ҳарбий базага ҳужум уюштирилганини маълум қилгач бошланганди

Мавжуд маълумотларга кўра, қирғин 9 ноябрь куни кечқурун бўлиб ўтган. Бундан бир кун олдин ҳукумат ҳарбийлари Лугди номли ҳудудда айирмачиларни қақшатқич мағлубиятга учратганди.

«Тиграй озодлик халқ фронти» бу ваҳшийликка алоқадорлигини рад этмоқда. Дебрецион Геберемайкл «Франс пресс» агентлигига берган интервьюсида бу ҳақда ҳеч нарса билмаслигини айтиб, ҳукуматни Мекеле вилояти маркази ва Адиграт шаҳрида авиазарбалар бериш орқали тинч аҳоли вакиллари ўлимига сабабчи бўлишда айблаган.

Дебрецион Геберемайкл/REUTERS/Tiksa Negeri

Аммо Amnesty International ташкилоти гувоҳларга асосланган ҳолда, оммавий қирғин айирмачи кучлар томонидан амалга оширилганини маълум қилмоқда.

«Amnesty International Тиграй вилоятининг жануби-шарқида жойлашган Май-Кадра шаҳрида 9 ноябрга ўтар кечаси ўнлаб, балки юзлаб инсонлар сўйиб ёки чопиб ташлангани тўғрисидаги маълумотларни бугун тасдиқлай олади», дейилади хабарда.

Ташкилот марҳумларнинг жасадларига оид суратлар ва видеоларни экспертизадан ўтказган Crisis Evidence Lab лабораторияси маълумотларига таянмоқда. Тасдиқланишича, суратлар яқинда Май-Кадра шаҳрида олинган. Лаборатория сурат ва видеоларнинг геопозициясини сунъий йўлдошлар ёрдамида аниқлаган.

Жасадлар шаҳар марказидаги Эфиопия тижорат банки биноси яқинида ва қўшни Хумера шаҳри йўллари четидан топилган. Уларнинг бир қисми автоматдан ўқ узиш орқали ўлдирилган, яна бир қисми тиғли қуроллар билан чопиб ташланган. Қатл олдидан уларнинг қўл ва оёқлари боғланган бўлган.

Мавжуд маълумотларга кўра, қурбонлар орасида Эфиопия армиясининг асир олинган ҳарбийлари ҳам, Тиграйдаги қишлоқ хўжалиги далаларида ишлаш учун Эфиопиянинг бошқа қисмларидан келган тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Май-Кадрада ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ҳозирча маълум эмас. Бироқ маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, 500 га яқин одам қирғин қурбонига айланган.

Бош вазир рақиб томонни «юракни ларзага солувчи шафқатсизлик»да айблади. «Бундай ёвузлик – бу олчоқ хунта учун оддий ҳол», дея ёзган у фейсбукдаги саҳифасида.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишель Бачелет объектив текширув ўтказишга чақирган, ундан ҳам яхшиси – ўт очишни тўхтатишни сўраган.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

442ib5q4vpxznwk4kxx-t8if45csjj7w

Бош прокуратура Молия вазири ўринбосарининг коррупцияга алоқадорлигини текширади

Молия вазири ўринбосари Абдумухтор Эргашевнинг коррупциявий ишга алоқадорлиги текширилади. Вазир ўринбосари укасининг компаниясига банк кредити …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари