Главные новости
Главная / Маданият / Телевизорда кўрсатилаётган уйлар билан бу уйнинг фарқи ер билан осмонча». Чирчиқлик ҳарбийлар нимадан норози?
Место рекламы

Телевизорда кўрсатилаётган уйлар билан бу уйнинг фарқи ер билан осмонча». Чирчиқлик ҳарбийлар нимадан норози?

Бир кишининг ишончига кириш учун йиллар кетади, ишончдан чиқиш учун бир лаҳзанинг ўзи кифоя. Ўнлаб, юзлаб кишилар норози кайфиятда бўлса бу қандай баҳоланади? Шундай кишиларнинг норозиликларига сабаб бўлаётган мавзулардан бири уй-жой қурилишларидир.

Kun.uz мухбирлари бу масала бўйича шу кунгача ҳам кўплаб материаллар тайёрлашган. Бу сафарги мурожаат эса аввалгиларидан бироз фарқ қилади. Бу галги мурожаат муаллифлари Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи бир гуруҳ ҳарбийлар.

Mover’да кўриш

Youtube’да кўриш

Чирчиқда бизни мурожаатчилар вакили Шавкат ака кутиб олди ва уй-жойлар томон бошлаб борди.

«Ҳарбий хизматчиларга ушбу кўп қаватли турар жойлар 2017 йил 24 январда президентнинг 2738-сонли қарори билан кредит асосида берилган эди. Биз томондан ҳамма мажбуриятлар бажарилган. Тўловларни ўз вақтида қиляпмиз. Аммо уйлар биз ўйлаган ҳолатда топширилмади.

Телевизорда кўрамиз ҳали у ерда, ҳали бу ерда ҳарбийларга уйлар топширилади. Зўр қурилган уйлар. Бизнинг уйларни эса ҳеч ким кўрсатай демайди. Газ ва электр ҳолати ачинарли ҳолда. Хавфсизлик техникаси қоидалари умуман йўқ. Пойдеворлар ҳам талаб даражасида қурилмаган. Ёмғир ёғса уйларимиз остига сув кетади. Қўрқиб ўтиради одам. Томлари ҳам талабга жавоб бермайди. Зинанинг устидан сув оқиб ўтади. Баъзи уйларнинг иситиш батареялари йўқ», дейди шикоят эгаси.

Бир қарашда ташқаридан ҳаммаси бинойидек кўринди. Аммо, бинога кириб борганимизда асл ҳолат кўрина бошлади. Аввал мурожаатчи бинонинг таянчи ва асосий қисми ҳисобланган пойдеворни кўрсатишдан бошлади. Сўнгра, уй-жойларнинг ички қисмини кўрсатишдан бошлашди.

Шундан сўнг, бизни ҳали уй эгаси кўчиб чиқишга улгирмаган бир квартирага таклиф этишди. Уйнинг ҳолати ва топширилаётган жиҳозларни кўрдик.

«Қурилиш тугалланиши арафасида келиб уйни кўргандим. Кўрганларимдан ҳайрон бўлиб қолдим. «Ундан кўра, қимматроқ бўлса ҳам яхши уй қуриб беринглар. Телевизорда ҳамма телеканаллар мақтаб кўрсатяпти доим. Бизга ҳам шундай уйлардан бермайсизларми?», дедим.

Бу уйни эпақага келтиргунча яхшигина маблағ сарфладим. Уйнинг кириш, подъезд қисмлари эса ҳали ҳам тўғриланмаган. Кафеллари чиқиб, тўкилиб ётибди. Мен бундай бўлишини тасаввуримга ҳам келтирмаган эдим. Телевизорда кўрсатиладиган уйлар билан бу уйларнинг фарқи ер билан осмонча экан. Агар билганимда олмас эдим», дея эътироз билдирди шахсини ошкор қилишни истамаган яна бир хонадон эгаси.

Шундан сўнг, бизни телевидение вакиллари деб ўйлаган бир гуруҳ кишилар ҳам ўз арзларини айта кетишди.

«Ромларининг четлари бетондан қилинган эмиш. Бетон шундай уваланиб кетадими ахир? Канализация қувури ёрилиб кетди. Келиб биз фақат бир марта қиламиз деди. Хўп, лекин унга қопқоқ қўйилмаган. Қўйилмагандан кейин ёриладида. Оқим даражаси тўғри ҳисобга олинмагани, шу сабабли ёрилиб кетганини айтишди. Лойиҳада буни ҳисобга олиш керакмасмиди? Биз кредит тўлаймизми ёки фарзандларимизни боқамизми? Биз шунча пулни хароба уй учун тўлаймизми?», дейди улардан бири.

Уй-жой қурилиши юзасидан мурожаатчилар ва «Қишлоқ қурилиш Инвест» МЧЖ ИК ўртасида шартнома имзоланган. Шартнома бўйича ҳарбий хизматчилар томонидан амалга оширилиши лозим бўлган мажбуриятлар бажарилиб келинган. Яъни, дастлабки тўловлар ва ҳар ойлик тўловлар тўлаб келинган. Хўш, унда уйлар нега бу ҳолатга келиб қолган? Бу саволга жавоб топиш мақсадида қурилишга масъул бўлган «Қишлоқ қурилиш Инвест» МЧЖ ИК вакили билан учрашиш учун йўл олдик.

Аммо, ташкилот биносида масъул мутасаддиларидан ҳеч ким йўқ эди. Раҳбар лавозимдаги ходимлар иш жойида бўлмаслиги, ташриф буюрувчилар билан суҳбат қуришга вақти йўқлиги, иш ҳажми катталигини тушунамиз. Бироқ, фуқаро мурожаатлари билан ишлаш бўлими ва қабулхона ходимлари ҳам иш вақтида иш жойида эмаслиги таажжубланарли эди.

Яна бир эшикни тақиллатдик. «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК бошлиғи биринчи ўринбосари билан учрашдик. У мурожаатчининг шикоятларини тинглаб, муаммони жойига бориб ўрганишни таклиф этди ва ҳамма Чирчиқ шаҳрига қайтдик.

Турар жойлар ҳудудига «Қишлоқ қурилиш инвест» МЧЖ ИК мутасаддиларидан ташқари қурилиш пудратчиларини ҳам таклиф этдик. Мутахассислар навбати билан хонадонларни айланишни бошлашди.

«Бизнинг турар жойнинг сувоқ қисмлари яхши қилинмаган. Уйнинг ичидаги ҳолатни тўғрилаш учун анча куч кетди. Прокуратура, ҳокимиятларга мурожаат қилганимдан кейин кўчага сув ариғи қилинди. Бўлмаса сув тўғри бино пойдеворига оқиб кираётган эди. Кимдир ҳаммага ёмон кўриниб елиб-югурмаса, уй қачон қулаб тушишини кутамизми?», дея комиссияга эътироз билдирди уйлардан бирининг эгаси Шавкат Тошбоев.

Қурувчи Маликмурод Солиҳов эса бу эътирозга шундай жавоб қайтарди: «Бу жойни ўзи бошқа қурувчи қилаётган эди. У қамалиб кетди. Кейин мендан сўрашганди, қўлимдан келганича қилиб бердим. Ўзи сиз чўлда яшаб юрардингиз. Намунча шикоят қилавериб бизни ишдан қўяверасиз».

Мурожаатчилар қурилиш сифатига эътироз билдиришди.

«Биз яна ҳам аҳолига ёрдам бўлсин деб чўнтагимиздан кўп нарсаларни қиляпмиз. Битта уйга 240 м2 сувоқ кетади, бизга эса 110 м2 учун маблағ берилмоқда. Бу дегани уйнинг ярми сувоқ қилинмаслиги керакми? Қураётган уйларимиз эмульсия қилиниши керак. Мен унинг ўрнига травертин қилиб, деворнинг пастки қисмларига мармар териб беряпмиз. Лекин фақат киритилмаган қисмлар пулини қўшиб беринг десам беришмаяпти. 2 ойдан бери дарак йўқ», дейди қурилиш пудратчиси.

Томонларнинг учрашуви давомида турар жой бўйича ишлар ҳали 72 фоизга бажарилгани ва бу жойга кўчиб чиқишга ҳали эрталиги маълум бўлди.

Қолган мурожаатчиларнинг шикоятларини ҳам эшитиш мақсадида буюртмачи компания «Қишлоқ қурилиш Инвест» МЧЖ ИК ходимларини таклиф этган эдик. Қизиқ жавобни қайтарилди.

«Бизга фақат битта одам мурожаат қилган. Қолганларнинг шикоятлари бўйича текширолмайман», дейишди компанияда.

Ахир, Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги Қонуннинг 5-моддасида мурожаатлар ёзма ва оғзаки бўлиши белгиланган. Яъни, икки хил турдаги мурожаатларнинг кучи қонун олдида тенг.

Қурувчилар тез орада муаммоларни ҳал қилишга ваъдалар бериш билан чекланди.

Биз эса бу ваъдалар бажарилиши, ватан ҳимоячилари бўлган ҳарбийлар учун қурилган турар жойларнинг камчиликлари бартараф этилишини умид қилиб қоламиз.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

4087408701

АНДИЖОНДАГИ МАСЖИД АУКЦИОНДА СОТИЛАДИМИ ЁКИ ЙЎҚ?

Сўнгги бир ой давомида Андижон шаҳри «Тахтакўприк» маҳалласидаги мадраса биноси ҳақидаги хабарлар интернетда шов-шувларга сабаб …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари