2018 йилнинг октябрь ойида Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жиноий гуруҳ тузишда гумонланаётган шахслар қўлга олинган ва терговгача суриштирув ишлари бошланганди.
Жорий йилнинг 29 апрель куни жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қизириқ туман судида Мадаминов Б. раислигида ушбу жиноят иши бўйича судланувчиларга қонуний ҳукм чиқарилди.
Судда аниқлик киритилишича, судланувчилар Н.И., Н.Т. ва Х.А. моддий наф кўриш мақсадида 2018 йил 1 сентябрь куни жиноий тил бириктириб, жиноий режа тузиб, жиноий режага кўра, Н.И. А.Э.ни чақиртириб, Н.Т. билан учраштириш, Н.Т. ва Х.А. эса А.Э.га турли важларни баҳона қилиб, ундан товламачилик йўли билан пул олишни мақсад қилиб олган, маълум қўрқитишлар билан ҳақ талаб қилмоқчи бўлган. Н.Т. Х.А.ни уриб, Х.А.ни ҳам жабрланган шахс сифатида кўрсатиб, Жарқўрғон тумани, «Узумзор» маҳалласи ҳудудидаги адирликка олиб бориб, Н.Т. А.Э. ва Х.А.ни автомашинадан тушириб олиб, иккаласини уриб, уларни қўрқитиб, А.Э.нинг руҳий ҳолатига таъсир ўтказиш учун Х.А.нинг қўлини боғлаб қўйиб, А.Э.нинг қўлига эса белкуракни бериб, ерни қабр шаклида ковлашни буюрган. 50 миллион сўм берса, унга тегинмаслиги ва қўйиб юборишини, агарда талаб қилинган пулни бермаса, ўлдириб шу қазилган чуқурликка кўмиб кетишини, оила-аъзоларини ҳам ўлдириб юборишларини айтишган.
Н.И., Н.Т. ва Х.А. ўз айбига қисман иқрорлик билдириб, дастлабки терговда тазйиқлар бўлгани, тан жароҳатлари етказилгани, адвокат иштирокида сўроқ қилинишмаганини айтиб ўтишган. Бироқ суд бу важларга танқидий баҳо бериб, судни чалғитиш мақсадида келтирилган деб баҳолаган. Чунки, уларнинг содир этган қилмишлари учун айблари мақбул ва ишончли деб топилган далиллар мавжуд бўлган.
Kun.uz мухбири хабар қилишича, судланувчи Н.И.га Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «в» банди («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса») билан айбдор деб топилди ва 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи Т. Н. Жиноят кодексининг 165-моддаси («товламачилик») 2-қисми «в» банди («бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса»), 112-моддаси («Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш»), 138-моддаси («Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш») билан айбдор деб топилди ва 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи А. Х.га ҳам Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди, 112-моддаси, 138-моддалари билан айбли деб топилди ва 3 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Судланувчи А. С.га ҳам Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «в» банди билан 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинланди.
Ҳукмдан норози тарафлар тегишли муддат ичида ўз шикоятларини бериш тартиби тушунтирилди.