Главные новости
Главная / Маданият / Солиқ ислоҳотида лоббистлар ва жамият кураши: ким кимни енгади?
Место рекламы

Солиқ ислоҳотида лоббистлар ва жамият кураши: ким кимни енгади?

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари Юлий Юсупов Ўзбекистон Республикасида солиқ ислоҳотини амалга ошириш йўлидаги муаммо ва камчиликлар ҳақида Kun.uz сайти учун навбатдаги мақолани тайёрлади. Унда ўз манфаатларини ҳимоя қилаётган лоббистлар ва жамият манфаатлари қарама-қаршилиги таҳлил қилинади.

«Менимча, Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишнинг асосий муаммоларидан бири — ҳали тўлиқ сайқалланмаган, шахсий ва идоравий манфаатларни лобби қилиш учун кўплаб тешикларга эга бўлган давлатнинг муҳим қарорларини қабул қилиш тизимидир.

kg8bqn383ckerywl46_ect15iadxdt-o

Сўнгги икки йилда бу тизимни такомиллаштириш учун кўплаб ишлар қилинди, хусусан, норматив актлар лойиҳаларини оммавий муҳокама қилиш амалиёти жорий қилинди.

Афсуски, бу тизим ҳали мукаммалликдан анча йироқдир. Унинг тўлиқ шаффоф эмаслиги, тийиб турувчи ва қарама-қаршилик қилувчи тўлақонли механизмларга эга эмаслиги баъзан ижтимоий эмас, балки хусусий, гуруҳий манфаатларни ҳимоя қилувчи қарорларнинг қабул қилинишига замин яратмоқда.

Бунга яққол мисол — 2018 йил декабрь ойининг охирида қабул қилинган солиқ ва божхона қонунчилигидаги ўзгаришлар.

Улардан баъзилари, хусусан жуда муҳимлари оммавий муҳокама қилинмасдан ва ҳатто олдин қабул қилинган ва эълон қилинган қарорларга зид равишда қабул қилинди. Хусусан, президентнинг июнь ойида имзолаган «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги қарори ва шу вақтдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига зид равишда.

Муаммо қарорларнинг ўзгариб қолганида эмас (бу табиий ҳол), балки саҳна ортида ўзгариб қолганидадир. Мана шундай ўзгаришларнинг орқасида кўпинча турли лоббистлар турган бўлишади.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида repost.uz нашрида мен электротехника саноатини ривожлантириш ҳақидаги норматив акт лойиҳаси таҳлил қилинган мақолани тақдим қилиб, унга кўплаб хусусий ва идоравий манфаатларнинг киритилганини кўрсатган эдим.

Ҳужжат олтин балиқчага тақдим қилинган истаклар рўйхатига ўхшаб кетарди: «уни истайман, буни хоҳлайман, яна нимани сўрасам экан?». Ўшанда ҳужжатни бундай кўринишда зинҳор қабул қилмаслик ҳақида ёзган эдим. Бу ҳужжатнинг тақдири ўтмишга қайтишимиз ёки ислоҳотларни давом эттиришимизни аниқлаб берувчи ўзига хос лакмус қоғоз эди.

2019 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, яқинда қабул қилинган «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги президент қарорини ҳам назардан қочирмаслигимиз керак, унда божхона тўловларини пасайтириш ҳақидаги июнь ойидаги қарорга ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Мана шу иккита ҳужжатга таянган ҳолда, электротехника саноати лоббистларининг омади қанчалик юришганини кўриб чиқамиз.

Божхона тўловлари — лоббистлар 1:0 ҳисобида олдинда

Лоббистларнинг асосий ютуғи — божхона тўловларининг оширилиши бўлди (аслида уларни 2019 йил 1 январдан пасайтириш кўзда тутилганди).

Улар кўплаб электротехника маҳсулотларининг (ва нафақат уларнинг) импортига юқори божхона тўловлари ва акцизларни сақлаб қолишга (баъзи жойларда эса оширишга) муваффақ бўлишди. Натижада, протекцион ҳимоя бўйича бу соҳа автомобилсозликдан кейин 2-ўринга чиқиб олди.

Маҳаллий автосаноатни «ҳимоя қилиш»нинг қайғули тажрибаси кўрсатиб турганидек, бундай «базм»нинг юки аввало:

а) маҳаллий истеъмолчи гарданига тушади, энди улар ҳар доим ҳам сифатли ва замонавий бўлмаган маҳсулот учун ортиқча сарф-харажат қилишади;

б) жамиятнинг гарданига тушади, яъни иқтисодий ислоҳотлар суръати пасаяди.

Демак, бу масалада лоббистлар соғлом ақл ва ижтимоий манфаатлар устидан яққол ғалабага эришишди. Аммо бу хурсанд бўладиган даражадаги ютуқ эмас, бунинг аччиқ меваларини тез орада татиб кўрамиз.

Нега юқори божхона тўловлари автосаноатни рақобатдан ҳимоя қилиб, уни (истеъмолчилар ва жамият учун салбий оқибатлар келиб чиқаётган бўлса-да) Ўзбекистон бозоридаги деярли мутлақ монополиячига айлантирмоқда?

Чунки, техник сабабларга кўра, автомобилларни контрабанда орқали мамлакатга олиб кириш жуда қийин, деярли имконсиз — уларнинг ҳаммаси рақамланган ва йўлларда ҳаракатланишини осонликча кузатиб бориш мумкин.

Маиший техника ва электротехника маҳсулотлари бундай эмас. Юқори божхона тўловлари шароитида бу ерда ноқонуний импорт гуллаб-яшнайди. Ҳа, чегарадан ўтаётган одамларни ёппасига қаттиқ текшириб, буни чекласа бўлади. Аммо, жаноб лоббистлар ишонаверинг, контрабанда оқими барибир мамлакат ҳудудига кириш йўлларини топиб олади. Универсал бўлган иқтисодий қонун бор: божхона тўловлари қанчалик юқори бўлса, бюджетга тушум шунчалик камаяди, божхона мулозимларига пора эса шунчалик кўпаяди. Яъни, сиз нафақат ўзингизни, балки бюджетни ҳам зарба остига қўйиб, коррупциянинг ривожланишига замин яратмоқдасиз.

Соҳа идораларининг вазифалари ва ваколатлари, солиқ имтиёзлари — жамият ҳисобни тенглаштирмоқда – 1:1

Дастлабки режаларда кўзда тутилган нарсалар амалга оширилдими?

1. Қарорнинг дастлабки лойиҳасида соҳанинг «хўжалик бошқаруви» идораси деб номланаётган «Ўзэлтехсаноат» АТни «Ўзэлтехсаноат» акционерлик жамиятига айлантириб, унинг учта, бир-бирига зид функцияларини сақлаб қолиш кўзда тутилган эди:

·       давлат назорати идораси, яъни давлат манфаатларини ҳимоя қилиш;

·       соҳа уюшмалари, яъни тижорат гуруҳларининг манфаатини ҳимоя қилиш;

·       тижорат фаолиятини юритиш, яъни ўз тижорат манфаатларини ҳимоя қилиш.

Нега бу функциялар бир-бирига зид? Чунки, умуммиллий, гуруҳий ва хусусий манфаатлар бир-бирига зид бўлади, яъни бу ерда манфаатлар тўқнашуви юзага келади. Шу туфайли, тараққий этган жамиятларда бу функцияларни бир-биридан мустақил бўлган турли идоралар бажаради.

Қабул қилинган қарорда кўрсатилишича, «Ўзэлтехсаноат» АТ негизида Ўзбекистон электротехника саноати корхоналари уюшмаси ташкил этилади. Унинг раиси ва ўринбосарларини тайинлаш эса Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан эмас, балки таъсисчиларининг умумий йиғилиши қарори билан амалга оширилади. Ҳужжатнинг дастлабки вариантида уларнинг мақомини «вазир ва вазир ўринбосари мақомига тенглаштириш» кўзда тутилган эди. Аммо якуний вариантда бундан воз кечилди. Ёмон эмас.

Уюшма олдига қўйилган вазифалар асосан бундай идоралар бажариши керак бўлган вазифаларга мос келади. Аммо, муаммо шундаки, бундай уюшмалар президент қарори билан эмас, балки соҳа корхоналарининг ташаббуси билан ташкил қилиниши керак. Ҳозирча эса аҳвол шундай…

2. Дастлабки вариантда Уюшма (дастлабки лойиҳада «Ўзэлтехсаноат» АЖ) ўзига ва ўз таркибига кирувчи корхоналарга (эътибор беринг — ҳамма корхона учун эмас, балки фақат Уюшма аъзолари учун!) жуда кўп имтиёзлар ва даромаднинг қўшимча манбаларини сўраган эди. Хусусан:

·       «тайёр электротехника маҳсулотларини импорти бўйича тўланган божхона тўловлари ва акцизларининг 60 фоиз қийматини Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасига йўналтириш». Яъни, «Ўзэлтехсаноат» АЖ бошқарадиган жамғармага бериш. Унинг даромадларини эса: «акционерлик жамияти аъзоларининг халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплашга сарфлаш»; «акционерлик жамиятининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ижро аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш, акционерлик жамиятининг хорижий ваколатхоналарини маблағ билан таъминлаш ва хорижий маслаҳатчиларнинг харажатларини қоплаш»га йўналтириш;

·       2024 йил 1 январгача бўлган муддатга «Ўзэлтехсаноат» АЖ ва унинг аъзоси бўлган корхоналарга солиқ ва божхона имтиёзларини бериш, «фойда солиғи, мулк ва ер солиғи, кичик корхоналарни ягона солиқ тўловидан, шунингдек, давлатнинг мақсадли жамғармаларига ажратмалардан озод қилиш»; «Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун импорт қилинаётган хомашё ва материаллар, бутловчи жиҳозлар, ускуналарни божхона тўловларидан озод қилиш (божхона расмийлаштируви учун олинадиган йиғимдан ташқари);

·       «Ўзэлтехсаноат» АЖ аъзоси бўлган корхоналарга (истисно тариқасида!) биржа товарларини Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасидаги савдолар орқали эмас, балки тўғридан-тўғри харид қилиш ҳуқуқини бериш;

·       «Ўзстандарт» агентлигига «Ўзэлтехсаноат» АЖ билан ҳамкорликда «Республика бозорига сифатсиз товарларнинг кириб келишини олдини олиш мақсадида», импорт қилинаётган товарларнинг техник регламентини ишлаб чиқишни топшириш, (бу «импорт йўлидаги нотариф тўсиқлар» дейилади — «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш»нинг яна бир йўли).

Яхшиямки, қабул қилинган қарорга бундай бандлар киритилмади — бу эса жамиятнинг лоббизм устидан яққол ғалабасидир. Бироқ, лобби қилинган баъзи нарсалар барибир бор:

·       «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси таркибига кирадиган электротехника ва электр-маиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналарга 2022 йилнинг 1 январига қадар ўзининг асосий ва ёрдамчи ишлаб чиқариши учун бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар, шунингдек, улар томонидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари доирасида олиб келинадиган қурилиш материаллари импортида божхона декларацияси қабул қилинган кундан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашни 120 кунга кечиктириш имконияти берилсин.

Яна имтиёзлар… Яқиндагина президент уларга қарши курашишга чақирган эди. Ва бу имтиёзлар негадир фақат Уюшма аъзоларига берилмоқда. Савол: биз соҳани ривожлантирмоқчимизми ёки фақат Уюшмага кирувчи корхоналарними?

·       «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси мол-мулк солиғи ва юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тўлашдан озод этилади. Шартномалар бўйича ташкилотларнинг «Ўзэлтехсаноат» уюшмасига ажратмалари юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базадан чиқарилади.

Майли, бу фақат Уюшма, унинг аъзолари эмас. Умид қиламизки, Уюшма тижорат билан шуғулланмайди, нотижорат фаолияти эса фойда олишни кўзламайди.

·       «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ой муддатда товарлар (ишлар, хизматлар)нинг давлат харидлари доирасида ўтказиладиган тендерлар, танловларда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун 20 фоизгача бўлган нарх преференцияси механизмини жорий этишни назарда тутувчи давлат харидларини амалга ошириш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифлар киритсин».

Ҳа… Маҳаллий маҳсулотнинг юқори қийматини бюджет ҳисобидан қоплаш таклиф қилинмоқда, яъни солиқ тўловчиларнинг чўнтагидан. Солиқ тўловчилардан эса бундай «сахийлик»ка тайёрми-йўқми, буни сўраш яна унутилган…

Ҳозирча дурангми?

Натижада, бошқа пунктлар бўйича (божхона тўловлари масалаларидан ташқари) лоббистларнинг ютуқлари унчалик кўп эмас, аммо уларни омадсиз деб ҳам бўлмайди. Бу ерда жамият ўзини оз-моз бўлса-да ҳимоя қила олди, хусусан, соҳа раҳбарлари ва кураторларининг дастлабки режаларини оммавий муҳокама қилиш орқали.

Менимча, бу катта ютуқ. Айниқса, яқин ўтмишда бундай қарорлар қандай қабул қилинганини эслайдиган бўлсак. Биз шунчаки телевизорни қўйиб, компьютерни ёқиб, газеталарни очиб бугундан бошлаб қандай янги мамлакатда яшаётганимизни билиб олардик, холос. Биздан умуман ҳеч нарса сўралмас эди.

Ҳозир эса унчалик мукаммал ва самарали бўлмаса-да, тескари алоқа механизмлари ишга туширилди. Фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, экспертлар ҳамжамияти қарорларнинг қабул қилинишига таъсир қилувчи ҳақиқий кучга айланмоқда. Бу жараёнда ҳокимиятнинг ижрочи (хусусан, маҳаллий депутатларнинг ҳам) ва суд вакилларини ҳам иштирок этишини истардик. Ҳозирча улар ўз функцияларини юзаки бажаришмоқда.

Ижро ҳокимияти давлат қарорларини қабул қилишнинг тасдиқланган жараёнларини сўзсиз бажаришини истардик. Хусусан, норматив актларнинг оммавий муҳокама қилинган ҳолда қабул қилинишини. Шунингдек, ўзининг қонунчилик ваколатларини қонун қабул қилувчиларга босқичма-босқич ўтказишини хоҳлардик. Масалан, солиқ ва божхона ставкаларининг белгиланиши, имтиёзлар тақдим қилиниши билан боғлиқ масалаларни. Булар ҳокимият ёки президент даражасида эмас, балки парламент даражасида тартибга солиниши лозим. Шундагина лоббистларга осон бўлмайди…

Бизга парламент, суд, маъмурий ислоҳотлар жуда керак, хусусан, соҳа бошқаруви ислоҳотлари, ҳудудлар бошқаруви, давлат хизмати билан боғлиқ ислоҳотлар. Уларсиз бошқа ўзгаришларни амалга ошириш жуда мураккаблашади, баъзан иложсиз бўлади. Умид қиламанки, 2019 йил энг асосий ислоҳот — давлат бошқаруви тизими ислоҳоти йилига айланади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

abdulla-aripov

Абдулла Арипов Ўзбекистонда раҳбар аёллар сонини оширишга йўналтирилган стратегияни ишлаб чиқиш вазифасини берди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 22 декабрь куни бўлиб ўтган Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот конференцияси доирасида барча …