Главная / Маданият / «Сирли душман кимнинг ичига яширинганини билмаймиз»: Италиядаги ҳаёт ҳақида ҳикоя
Место рекламы

«Сирли душман кимнинг ичига яширинганини билмаймиз»: Италиядаги ҳаёт ҳақида ҳикоя

Сицилиядаги пляжда жойлашган бар эгаси Катя Афонина қатъий карантин шароитида Италиянинг энг йирик оролидаги ҳаёт ҳақида ҳикоя қилди.

Фото: REUTERS/Remo Casilli

Италия ҳукумати эпидемиядан энг кўп жабр кўрган ҳудудларни ёпиб, оломон Ломбардиядан уйига, жанубга қайтиш учун поездларни ишғол қила бошлаганида мени биринчи марта корона-ваҳима босганди. Кимдир чипта билан, кимдир чиптасиз, кимдир коронавирус билан, яна кимдир соғ-саломат. Агар билмасангиз, айтиб ўтаман: Италия жанубида яшовчилар кейинги бир ярим аср давомида нафақат Америка билан Германияга, балки мамлакат шимолига ҳам оммавий равишда ишлаш учун кетишади. У ерда пул ва заводлар, яйлов ва боғлар ҳам ўша ерда.

Кимдир бой Италиядан камбағал Италияга олиб келган вирусли зотилжам боис қишлоқ касалхонасига тушиб қолишдан аввалига қўрқмадим. Мен банкрот бўлишдан қўрқардим. Февраль ойи бошларида менга риэлтор қўнғироқ қилиб, лидони (Адриатикани Венеция лагунасидан ажратиб турувчи қумли ороллар занжири) 45 000 еврога таклиф қилди. Афтидан, бу қутулиш учун охирги имкон эди, бироқ мен буни билмагандим.

10 март куни охирги марта қишлоқда жойлашган учта бардан бирига охирги марта кирдим. Чой билан чизкейк сотиб олдим ва ўзимни ҳаммаси жойидадек кўрсатишга уриндим. Унчалик ўхшамади. Чунки барда бир ўзим эдим. Мен бар эгаларининг миннатдорона нигоҳлари остида мардларча торт еб, чой ҳўплаётганимда Италия ҳукумати янги декрет чиқарди. Эртасига Италиядаги барча бар ва ресторанлар ёпилди.

Эндиликда уйдан фақатгина супермаркетга ва ишга – агар ўша иш қолган бўлса – чиқамиз. Кеча газ сотувчи Антонио менга учта баллон келтириб берди. Унинг асосий бизнеси мебель дўкони, унинг айтишича, ҳозирда аҳолининг мебелга бўлган эҳтиёжи нолга тенг. Сўнгги икки ҳафта давомида уйимга яқинлашган иккинчи одам – қўшним Кармело. У ҳар куни чўчқа боқиш учун келади. У шунингдек, алюминий ромлар ишлаб чиқаради ва сотади… Узр, сотарди. Яқин келажакда одамларга ромлар мебелдан ҳам камроқ керак бўлади.

Савдо ҳали уни тўхтатиш тўғрисида фармон чиқмасдан туриб тўхтаганди. Фақат дорихона ва озиқ-овқат дўконларигина тирик қолди. Энди Кармелонинг бор умиди мана шу чўчқасидан. Бу офат тугаганида на у ва на бошқаси барда кун бўйи ўтиради. Шунчаки ҳеч нарсага пул қолмайди.

Уйда ўн кун ҳаво-томчи таҳдидидан яшириниб ўтирдим. Ниҳоят, супермаркетга боришни чўзмаслик кераклигини тушундим. Ҳозирда учта қишлоқда атиги иккита ижобий тест чиққан, аммо доим шундайлигича қолмайди. Ўзимга ниқоб тикдим, интернет маслаҳат берганидек ичига мато жойладим, юзимга тақдим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтидан рухсат қоғозини принтерда чиқариб олдим (бу қоғозсиз 206 евро жарима тўлашга тўғри келади) ва озиқ-овқат сотиб олишга чиқдим.

Дўкон олдидаги навбат машиналар турадиган улкан тураргоҳни айланиб ўтганди. Одам кўплиги учун эмас, балки сицилияликлар энди ғуж бўлиб тўпланмай қўйганликлари учун. Деярли ҳамма ниқобда, гарчи эшикка ниқобни фақат беморлар ва улар билан мулоқотда бўлганлар тақиши кераклиги тўғрисида эслатма ёпиштирилган бўлса ҳам. Ичкарига кирар экансан, бу ерда ана шу бемор ўзинг эканлигингни тушунасан, чунки сен билан мулоқот қилаётган сотувчилар космонавтларга ўхшаб қолишган. Ниқоб, қўлқоп ва қандайдир шубҳали янги кийимдан ташқари, уларнинг ҳар бири бежирим пластик тўсиқ ичида. Бир-биримиз билан бақириб гаплашишимизга тўғри келади.

Радиодаги эълон эса вазиятни янада кескинлаштиради: «Тез-тез харид қилинг, тайёр рўйхат билан келинг, кўчада турганларни куттирманг». Кўчадаги аравачалар худди уйга янги кўчиб келганларнинг юк машинасини эслатса-да, нимагадир пештахталарда ҳамма нарса бор. Мен ҳам ана шундай аравача билан чиқарканман, чекдаги рақамга ҳайрат билан боқдим: 168,24 евро. Шунақа бўладими? Ҳа, майли. Бўтқа билан ёнғоқларим ҳеч қачон тугаб қолмайди.

Касаллик юқтиришдан қўрқиш — ниқоблар ортидаги юзларда қолган ягона нарса. Бу – ҳали ўрганилмаган, кўринмас ва инсон кучи билан бошқарилмайдиган нимадандир қўрқиш. Биз ҳаммамиз даҳшат исканжасида қолдик. Бизга ҳамла қиладиган сирли душман кимнинг ичига яширинганини билмаймиз. Бизга яқин келганлардан қочамиз: балки удир? «Синьора, хавфсиз масофани сақланг!.. Оҳ, у бизга қулоқ солмаяпти! Қочдик!» Содир бўлаётган воқеалардан гоҳ кулгинг келади, гоҳ ғазабинг. Аммо ғаройиб тарзда ҳаммани бирлаштиради.

Миллатни бирлаштирадиган яна бир нарса — бу, албатта, итальян телевизори. Мен телевизор кўришни бу йил бошладим, ўтган беш йилим эса ўзимни Россия телевидениесидан тозалашга кетди. Ростини айтсам, эпидемиядан олдин телевизор асабимни бузарди. Чунки бизнинг давримизда ҳар қандай телевизор асабни бузади. Аммо бутун Италияда карантин эълон қилингач, кутилмаганда RAI-1 давлат телеканалини ҳурмат қила бошладим. Мен ҳар куни кўрадиган иккита эрталабки шоу эндиликда фақат вирус ҳақида. Унинг табиати ва кўриниши, мамлакатда ва дунёда тарқалиши, вирус тўғрисидаги фейк хабарларни фош этиш, вирус тўғрисидаги ҳазиллар, беморлар ва тузалиб кетганлар билан интервьюлар. Ҳаттоки итальян тилининг мураккаблигини тушунтирадиган профессор ҳам эндиликда эпидемияни ёритиш билан боғлиқ хатоларни тўғриламоқда.

Агарда карантин ишлаётган бўлса, у ҳам телевизор туфайли. У тўлиб кетган касалхоналарни, одамлардан уйда ўтиришни сўраб йиғлаётган шифокорларни кўрсатади. Карантиннинг биринчи кунлари студиялардан барча томошабин ва меҳмонлар ғойиб бўлди, улар энди скайп орқали мулоқот қилишяпти. Кимдир йўталади, кимдир қўшиқ айтади, яна кимдир уйидан туриб қандай ўқиётгани ёки ишлаётгани ҳақида ҳикоя қилади. Кеча YouTube’да кўрган нарсангни эрталаб марказий телеканал орқали кўрсатишади. Бари шаҳри мэри паркларда уйида ўтирмаётган ўсмирларни излаб юради: «Болалар, уйга боринглар, бундай ўтириш мумкинмас! Биз бошқа жойларда кўраётган нарса тез орада бизда ҳам бўлиши мумкин! Ҳамма уйига!» Айтганча, кўплаб мэрлар (ва албатта, шифокорлар) бу вирус билан оғримоқда, Яратган уларга шифо берсин.

Уй қамоғи шароитида бу хабарлар билан танишар экансан, банкрот бўлиш ҳақидаги қўрқув қайгадир ғойиб бўлади. Сицилиядан Альпгача бутун бошли мамлакат таназзулга қандай юз тутаётганини кўриб турганинг учундир, балки.

Аммо гарчи янги ҳаётда бар ва ресторанларга фақатгина дорихоначилар, суперкат ходимлари ва шифокорларгина бора оладиган бўлиб қолса ҳам – бу ноёб мижозларни кўришни истардим. Ҳеч қандай тўсиқларсиз, скафандр ва ниқобларсиз.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

gi0kfgnli0b2_hh6ovx2swri4k0bl98d

Нуриддин Холиқназаров: Бугун яқин инсонларга силаи раҳм қилиш – уларнинг олдига бормаслик

«Илгари байрамларда силаи раҳм қилардик, беморларнинг ҳолидан хабар олишни тарғиб қилар эдик. Бироқ ҳозир вазият …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари