Главная / Спорт / Шуҳрат Мирхолдиршоев – Бабаян таклифини рад этгани, синган оёғи билан футбол ўйнагани ва келишилган ўйинлар хақида
Место рекламы

Шуҳрат Мирхолдиршоев – Бабаян таклифини рад этгани, синган оёғи билан футбол ўйнагани ва келишилган ўйинлар хақида

Ўзбекистон чемпионатида 2 бор тўпурар бўлган, яқин ўтмишнинг моҳир ҳужумчиларидан бири Шуҳрат Мирхолдиршоев билан Kun.uz va Tribuna.uz ўқувчилари учун суҳбат уюштирдик.

Интервьюнинг биринчи қисмида Мирхолдиршоевнинг «Навбаҳор»даги фаолияти, хотиралари, ўзбек футболидаги муаммолар, жумладан, ҳужумчилар етишмовчилиги хақида сўз борганди.

Иккинчи қисмда эса ҳужумчининг «Насаф» ва «Андижон»даги фаолияти, ОФК Кубогидаги ғалаба, водий дербилари, Суперлига савияси ва ўзбек футболидаги келишув қўнғироқлари тўғрисида ўқишингиз мумкин.

– Фидойи футбол раҳбарлари сифатида кимларни айта оласиз?

– Ҳам мухлис, ҳам раҳбар сифатида Ҳакимжон Ҳошимовни тан оламан. Раҳматли Нуриддин Зайниев Қашқадарё футболи учун катта ишлар қилиб кетдилар. Бу ҳозиргача мевасини бермоқда. Ҳозирги кунда эса Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бизга чексиз имкониятлар яратиб бермоқдалар.

– «Андижон»даги фаолиятингиз ҳақида айтиб берсангиз.

– «Андижонда» бошқачароқ эди. Ўша пайтларда шароитлар, ўқув-машғулот базалари, майдонлар Наманган ва Қарши билан солиштирганда яхши эмасди. Лекин мухлислар Нодир ака бошчилигида юқори даражада ишқибозлик қилишарди. Мухлислик маданияти яхши йўлга қўйилганди.

– «Андижон»даги футболчилар ичида яқин шерикларингиз кимлар эди?

– Бахтиёр Ҳамидуллаев, Раҳим Қодиров, Расул Раҳмонов. Ундан ташқари легионерлар билан муносабатларим аъло даражада эди.

– «Насаф»га ким таклиф этган?

– Рўзиқул Бердиев таклиф этган. Сўнг Анатолий Демьяненко, Нуриддин Зайниев ва клуб раҳбарлари билан гаплашгач, шартномага имзо чекканман.

«Насаф»га мослашишда 1-2 ой қийналганман. Лекин кейинчалик ҳаммаси изига тушиб кетган. Жамоада кучли футболчилар ва мураббийлар йиғилганди. Ташкилотчилик ҳам хавас қиларли бўлган. Бу жамоада ўйнаганимдан фахрланаман. «Насаф» мен учун янги чақирув бўлган.

– 2011 йили «Насаф» билан ОФК Кубогида ғолиб чиқдингиз. Бундан қандай таассуротлари қолган?

– ОФК Кубоги финалидан бироз олдин «Нефтчи»га қарши чемпионат ўйинида жиддий жароҳат олганман. Буни эслаш оғир. 70-дақиқада захирадан майдонга тушиб, 6-7 дақиқа ўтгач оёғим синган. Синган оёқ билан 17-18 дақиқа футбол ўйнаганман. Чунки 3та захира имконияти тугаганди.

ОФК Кубоги финалидан 1 кун олдин оёғимдаги гипсни ечишган. Финалда ўйнамаганман. 70% ўйинларда майдонга тушганман. «Насаф»да яққол ҳужумчи бўлиб эмас, плеймейкер сифатида ёки хужумчи ортида ҳаракат қилганман.

Ғалабани эслаш ёқимли. Стадионда суператмосфера ҳукм сурганди. Айримлар Европа Лигасига ўхшаган иккинчи даражали кубокни қўлга киритди, дейишади. Лекин осон бўлмаган.

– «Насаф»дан кетишинингизга нима сабаб бўлган?

– Мураббийлар, жамоа таркиби ўзгариб кетди. Машғулотларда белимдан жароҳат олдим. Бормаган жойим қолмади. Россияда ҳам даволандим. Бир шифокор неча йилдан бери футбол ўйнаётганимни сўраб, «ўзингни қийнамай қўявер» деди.

Азамат Абдураимов «Андижон»га таклиф этди. Бордим, ўйновчи мураббий бўлдим. Лекин барибир жароҳат безовта қилаверди ва 2014 йили фаолиятимни якунладим.

Қашқадарёлик, андижонлик мухлислар қўнғироқ қилиб туришади. Наманганда эса ҳар қадамда ишқибозларни учратаман. Ҳамон футбол билан яшаб келяпман.

– Фаолиятингизда энг юқори чўққига чиққан мавсумларингиздан кейин «Пахтакор»дан таклиф бўлганми? Ўша йилларда «Пахтакор» миллий жамоа базаси сифатида тузилганди.

– Бабаян кетма-кет 2 йил чақирган. Лекин ўзим «Пахтакор»га ўтишни истамаганман. Юрий Саркисян «Нефтчи»га таклиф этган, Кипрдан чақирув бўлган, «Қайрат»да қолмаганман.

– Энг юқори маошни қайси жамоада олгансиз?

– Яширмайман, «Насаф»да.

– Нега айнан 11-рақам? Футболчиликда ҳам асосан шу рақамда ўйнагансиз? Телефон рақамингиз охири ҳам «11» экан.

– Раҳматли отам бир ўғлим 10-рақамда, бири 11-рақамда ўйнайди, деб ният қилардилар. Қайси клубга ўтсам, шу рақамни танланга ҳаракат қилардим. Машинам рақами ҳам «11» эди. Лекин бунда қандайдир ирим йўқ.

– Ўша йилларда Ўзбекистон чемпионатида келишилган ўйинлар бормиди ёки эшитармидингиз?

– Эшитардик. Аммо мен бундай нарсаларга аҳамият бермасдим. Майдонга тушиб, ўз ишимни қилардим.

– Ўйинлар олдидан сизга бирор раҳбар ёки мураббий томонидан босим бўлганми?

– Кўп марта бўлган. Рақиб жамоа раҳбарлари, мураббийлари телефон қилиб, гол урмаслигимни сўрашарди. «Ўйнамасанг, бўлди», дейишарди. Ҳатто топ даражадаги мураббийлар ҳам қўнғироқ қилишган.

– Водий дербилари ҳақида нима деган бўлардингиз? Дербига тайёргарлик қандай бўларди?

– 4-5 кун аввал базага тўпланардик, телефон ишлатмасдик, ҳамма нарсани эсдан чиқарардик. Ўйин бошланишидан 2 соат аввал стадион мухлисларга тўларди, ажиотаж бўларди. Футболмас, жанг бўларди. Бундай баҳсларда ҳакамларга қийин эди.

Ҳозир? Кечирасиз-у, сўнгги йилларда дерби кўрмаяпман. Нафақат водий дербисини, воҳа дербиси ва Тошкент дербисини ҳам.

– Ўзингиз ўйнаган эсда қоларли дерби қайси?

– «Навбаҳор» билан Фарғонада «Нефтчи»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этганмиз (Шуҳрат Мирхолдиршоев дубль қайд этган, яна бир гол Патрик Агбо ҳисобига ёзилган – Kun.uz изоҳи). Эсда қоларли ўйин бўлган, чунки у пайтларда Фарғонада «Нефтчи» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониш кутилмаган натижа эди. Дарвоқе, баҳснинг бошида Сергей Лебедев пенальтидан фойдалана олмаган, бу эса рақиб руҳиятига таъсир кўрсатган.

– Ҳозирги лавозимингиз ва ишингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз.

– Наманган вилояти футбол ассоциацияси вице-президентиман. Ишим асосан болалар футболига эътибор қаратиш, 2-лигани ривожлантиришдан иборат.

– Армонларингиз?

– Ўзбекистон миллий жамоасини жахон чемпионатида ёки Олимпия жамоасини Олимпиадада кўрсам бўлди. Ўзим ўйнагандек хурсанд бўламан.

Бу кўп жиҳатдан мураббийларга боғлиқ. Мураббийлар яхши ишлашмаяпти. Масалан, Наманганда мураббийлар малакасини ошириш учун жиззахлик конструктор Зоир Ҳасановни таклиф этдик, ўқув-курслари ташкил этилди. Хайрон қоламан, мураббийлар шу курсларга келиб ўқишмайди. 20та мураббийни чақирган бўлсак, ҳозир 11таси ўқияпти. Бунда қандай қилиб мақсадга эришиш мумкин.

Ишламайдиган мураббийлар билан хайрлашамиз. Ё улар ишласин, ё ме00н лавозимимдан кетаман. Уларга футболимизда ўрин йўқ. «Ойлик олсам бўлди» дейдиган аввалги даврлар ўтди.

– Фаолиятинингиздаги энг аламли мағлубият?

– «Машъал» билан Осиё Чемпионлар Лигасида Саудия Арабистонида «Ал-Ҳилол»га 0:5 ҳисобида ютқазганмиз. Шармандали мағлубият бўлганди.

– 2000 йиллардаги Олий Лига билан ҳозирги Суперлига ўртасидаги фарқ нимада?

– Ижобий томонлари – майдонлар сифати яхшиланди, трансляциялар кўпайди. Аввал фақат битта ўйинни олиб беришарди. Салбий томонлари – мухлислар ташрифи камайган. Яна аввалги даврдаги футбол томошабопроқ эди. Қўпол ўйин бўлса ҳам, мухлисларга ёқарди.

– Ўзбекистон чемпионати тарихидаги энг яхши ҳужумчи ким?

– Олег Шацких.

– Ҳозирда-чи?

– Легионер Шомуродовни инобатга олмаса, чемпионатимизда ҳужумчи кўрмаяпман.

– Суперлигадан кучлироқ чемпионатларга тезроқ кетиши, легионерга айланиши керак бўлган 3та футболчи кимлар?

– Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Жасур Жалолиддинов («Бунёдкор») ва Санжар Қодирқулов («Бунёдкор»).

– Эсда қоларли 3та голингиз?

– «Навбаҳор» сафида «Насаф»га бурчак тўпидан гол ургандим. «Нефтчи»га қарши сафарда дербида урилган гол ва «Насаф» таркибида ОФК Кубогида жаримадан киритилган тўп.

– 2016 йили «Навбаҳор»га мураббий бўлиб қайтдингиз. Яъни бош мураббий Рашид Ғофуровга ёрдамчилик қилдингиз. Лекин муваффақиятсиз натижалардан сўнг мураббийлар штаби тезда истеъфога чиқарилди. Ўшанда жамоага нима етишмаган?

– Омад ва тажриба етишмаган. Бироз имкон ҳам бериш керак эди.

– АПЛда ҳатто танзаниялик футболчи ўйнаяпти. Ўзбек футболчиларига кучли бешлик лигаларида ўйнаш учун нима етишмайди, деб ўйлайсиз?

– Агентлар камлиги. Футболчиларимиз яхши реклама қилинмайди. Лекин бизда ҳам кучли футболчилар кўп.

– Суперлигадаги мухлислик маданияти ва маркетинг борасида нима дея оласиз?

– Маркетинг ҳамма жамоада ҳам йўқ. Буларни профессионал даражага олиб чиқиш керак. Кўпроқ мухлисларни сафар ўйинига юбориш керак. Чунки жамоаларга меҳмондаги ўйинларда қийин бўлади.

– 2020 йилда Наманган футболида қандай мақсадлар қўйилган?

– Болалар футболини ривожлантириб, «Навбаҳор» жамоасига ўйинчилар етиштириб бериш ва клубнинг Осиё Чемпионлар Лигасига йўл олишида ўз ҳиссамизни қўшишни мақсад қилганмиз.

– Хориж жамоаларидан қай бирига мухлислик қиласиз?

– «Реал» жамоасига.

Суҳбатимиз якунида Мирхолдиршоевга танлов учун турли жуфтликлар айтилди. Ҳужумчи жуфтликлардан фақат бир кишини танлаши керак эди.

– Виктор Жалилов ёки Анатолий Демьяненко?

– Жалилов.

– Бахтиёр Ашурматов ёки Хайрулло Каримов?

– Каримов.

– Димитрий Башкевич ёки Олег Бельяков?

– Башкевич.

– Зафар Холмуродов ёки Бахтиёр Ҳамидуллаев?

– (ўйлайди ва кулади) Иккаласи ҳам.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

_idygy3rvdlyajgz_7ipiy-tsg8rmja6

«Ҳумо» плей-офф ўйинларини Тошкентда ўтказа олмайди

Фото: hchumo.uz Коронавирус хавфи туфайли 2020 йил 5 март куни Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари