Главные новости
Главная / Жамият / Сардобада ишлар бошланган. Аҳолига қандай уйлар қуриляпти?
Место рекламы

Сардобада ишлар бошланган. Аҳолига қандай уйлар қуриляпти?

1 май куни Сардоба сув омборидан сув чиқиши натижасида яқин атрофдаги уйларга зарар етган эди. Айни пайтда улар таъмирланиб, аҳоли истиқомати учун ҳозирланмоқда. Шунингдек, туманда янги кўп қаватли уйлар қурилиши бошланган.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Сардобага Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан қурувчи-муҳандис мутахассислар ҳашарга етиб келган. Тумандаги ишлар тақсимоти ҳар бир вилоят ўртасида тенг бўлиб олинган.

Илҳом Комилов

Қурувчи Илҳом Комиловнинг айтишича, мутахассисларнинг тошқиндан катта зиён кўрмаган уйларнинг техник ҳолатини кўздан кечириб, таъмирга киришмоқда.

– Биз биринчи бетонларнинг яроқлилигини текширдик. Кўпроқ деворга ишлов бўляпти. Кўриб турганингиздек,  фундаментга ишлов бўлди. Ичкаридаги сувларнинг бари чиқарилиб, қуруқ ҳолатга келтирилиб, сўнгра пол ётқиздик. Худо хоҳласа, режа бўйича битта бинони уч-тўрт кунда таъмирлаб, чиқиб кетяпмиз, – деди у.

Сув тошқини оқибатида жами 4351та хонадонга зарар етганлиги аниқланди. Шундан 2570та хонадон яроқсиз ҳолатга келиб қолган.

Адиз Бобоев

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ўринбосари Адиз Бобоевнинг билдиришича, юқорида қайд этилган уйларни умуман қайта тиклаб бўлмайди.

«1781та хонадонни биз кўриб чиқдик. Бу ерда ушбу уйларни қайта таъмирлаш ҳисобига яна қайта тиклаш имконияти мавжуд. Бизда  ҳисобимиз бўйича жами 34 та ижтимоий муассасага талафот етган бўлиб, буни тузатишимиз учун ҳозирги кунга 85 млрд. сўм маблағ керак бўлиши ҳисобланди. Ҳозирда Давлат архитектура назорати ходимлари томонидан зарар етган объектлар яна бир бора кўриб чиқиляпти. Сув босган ҳудудларимиз мавжуд. Мана шу сув босган ҳудудларни яхшироқ ўрганишимиз керак. Эртага бу бузилиш оқибати, ёрилиш оқибатлари ҳам келиб чиқиши мумкин.

Ўрганишларимиздан сўнг, Сардоба туманидаги “Дўстлик” маҳалласида қуриладиган массивда 37та 5 қаватли уйлар қурилиши маъқул топилди. Демак, бу ерда 1480та хонадон жойлашади. Мана шу ерда 1-сонли мактаб мавжуд бўлган, у 1961 йилда қурилган бўлиб, қурилганига 60 йил бўлган ва баъзи бир қисмлари аварияли ҳолатга келиб қолган. Шундан келиб чиқиб ва 1480та хонадонни кўчиб келишини инобатга олиб, бу ерда 660 ўринли янги, замонавий типдаги мактаб қурилишни мўлжалладик. Бундан ташқари, бу ерда қишлоқ оилавий поликлиникаси мавжуд бўлиб, бу 1965 йилда қурилган. Ушбу бино ҳам хавфли ҳолатда эканлиги аниқланди. Унинг ўрнига замонавий қишлоқ оилавий поликлиникаси қурилиш режасини киритдик. Шу билан бирга, 1480та хонадонни инобатга олиб, бу ерда яна 275 ўринли янги мактабгача таълим муассасаси қурилишини ҳам мўлжалладик. Демак, ҳам уй-жойлар, ҳам ижтимоий соҳа объектларини қуриш режага киритилди.

Жавоҳир Ҳайдаров

Туман қурилиш бўлими бошлиғи Жавоҳир Ҳайдаровнинг маълумотига кўра, сув тошқинига қадар зарар етган ҳудудда 52та кўп қаватли уйлар бўлган. Шунинг билар Ҳайдаров ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган масалага ойдинлик киритди.

«Кўп қаватли уйларни бузиб, ўрнидан 5 қаватли 37та уй қуриш режалаштирилган. Президентимиз ташаббуси билан бутун республикадан бизга ёрдам ва ҳашарга келишган. Ҳовли жойларга яшайдиганларнинг уйлари ушбу ёрдамлар асосида таъмирлаб бериляпти. Таъмирлашга яроқсиз уйлар бўлса, компенсация пули берилади. Компенсация пули берилиб, уларнинг уй-жойи ўзларида қолади ва зарар қопланади. Кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватидагиларга ҳам компенсация пули бериляпти. Чунки улар мол-мулкини йўқотишган. Иккинчи қаватдагиларга фақат уй бериляпти. Негаки, улар тошқиндан сўнг, мол-мулкини олиб кетишга имконияти бўлиб, бунга шароит қилиб берганмиз.

Жавоҳир Ҳайдаров кўп қаватли уйларда яшайдиган фуқаролар манфаатини ҳимоя қилиб, уларга чорва молларини, қўй-эчкиларини сақлаш учун чорвачилик комплекслари қурилиши режалаштирилгани ҳақида гапириб берди

«Кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган майдони яқинида саноат зонаси ташкил этилади. Бу ерда 15 гектар еримиз бор. Ушбу ер майдонларида аҳолиинг бандлигини таъминлаш учун, Президентимиз томонидан берилган топшириққа асосан, 8та лойиҳа ишлаб чиқилган ва тикувчилик, тўқувчилик фабрикалари қурилиши бўйича ер майдонлари ажратилган. Мана шу ерда аҳоли учун умумий ферма ташкил этиш ҳам режаланмоқда», –  деди у.

Айни пайтда ҳукумат уй-жойлар, ижтимоий соҳа объектлари ва инфратузилма объектлари бўйича 1,5 трлн. сўм маблағ ажратган. Ушбу маблағларнинг дастлабки ҳисоб-китоблар бўйича 85 млрд. сўм қисми ижтимоий соҳа объектларигайўналтирилади.

«Бундан ташқари, бизда инфратузилма соҳа объектлари бор. Яъни йўл, ичимлик суви, ирригация тармоқлари. Биз Автойўл қўмитаси билан келишиб олдик.  Биринчи навбатда, кўприкларни таъмирлаш масаласини қўйдик. Халқаро аҳамиятдаги “А-375” бўлган йўлнинг 22 км. га талафот етган. Мана шуни тез орада таъмирлаб, йўлни очиб бериш вазифаси зиммамизда турибди.  Чунки бу жудаям муҳим рол ўйнайди. Бундан ташқари, давлат аҳамиятига эга бўлган йўлларни, кўприкларнинг ҳаммасини биринчи навбатда қурамиз. Иккинчи навбатда, бошқа йўлларимизнинг бузилган, сув ювиб кетган жойларини тузатиб берамиз. Ушбу уй-жойлар қурилиши, ижтимоий соҳа обектларини таъмирлаш билан боғлиқ жуда кўплаб қурувчилар келган. Жуда кўп ва оғир юк транспортлари иш бажраяпти. Ҳозир биз йўлларни таъмирлайдиган бўлсак, эртага яна бузилиб кетгандан сўнг яна қайтдан қуришимизга тўғри келади. Шунинг учун икки марта харажат қилинмаслиги учун икки-уч ойдан кейин қурилишларимиз ниҳоясига етиб қолганда тўлиқ ҳаммасини асфалтлаштириш иккинчи босқичда амалда оширилади.

Ичимлик суви масаласига келадиган бўлсак, бу ерда халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан бажарилган эди. Уларга жуда кўп талафот етган. Биз ҳозирда биринчи бўлиб мавжуд аҳоли яшайдиган, талафот етмаган оилаларни ичимлик суви билан таъминлаш масаласини йўлга қўяпмиз. Бу биринчи навбатда бажариладиган иш. Иккинчи навбатда, қурилаётган массивларга ичимлик сувини олиб келиш ва уларда янги канализация ўрнатиш масаласини йўлга қўйишимиз керак.  Ҳисоб-китобларга кўра, канализация учун 58 млрд.  сўм маблағ талаб қилинади. Умуман, жами ичимлик суви ва канализация учун 163 млрд. сўм керак бўлади», – дея қўшимча қилди вазир ўринбосари Бобоев.

Адиз Бобоевнинг таъкидлашича, Сардобадаги бу жараёнлар, бундан олдин Бухородаги Олот ва Қоракўл туманларида юз берган талафотлардан бир нарса англашилади: Ўзбекистонда суғурта бозорини ривожлантириш керак.

«Негаки, ушбу суғурта бозори фақатгина жабр кўрганларга суғурта тўловини тўлаб бериш мақсадида эмас, балки мана шундай қурилиш ишларини амалга ошириш жараёнида суғурта агентликлари томонидан назорат ташкил этишда муҳим. Яъни агар унга бирор талафот етса, суғурта компаниялари тўлаб бериши керак. Шунинг учун унда иккиламчи назорат ҳам пайдо бўлади. Фақатгина Давлат архитектура назорати эмас, суғурта агентлиги ҳам бунга ўз навбатида келиб, назорат қилиши талаб этилади», – дея фикрини билдирди у.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

ap9w-ixd1ohgnqg-2iwooahezqft4r0x

30 кишилик тўйга кимларни таклиф қилиш мумкин?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги матбуот котиби Саодат Боймирзаева рухсат берилган 30 кишилик тўйларни ўтказишда …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари