Главная / Жамият / Саида Мирзиёева: «Қанийди, қиз фарзанд туғилганда, «майли, кейингиси ўғил бўлар» дейишмаса…»

Саида Мирзиёева: «Қанийди, қиз фарзанд туғилганда, «майли, кейингиси ўғил бўлар» дейишмаса…»

«Илмли ўғил – ота-онасига тиргак бўлса, илмли қиз – бутун миллат таянчидир», – деди Саида Мирзиёева «Заковат»нинг Самарқанддаги кастингида сўзлаган нутқида.

«Заковат» интеллектуал ўйинларига саралаш бўйича навбатдаги кастинг 25 март куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтди.

«Ice Arena» муз саройида бўлиб ўтган кастинг очилишида Масс-медиа фонди раиси ўринбосари, Гендер тенгликни таъминлаш бўйича республика комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева сўзга чиқди.

saida-mirzoeva

Мирзиёеванинг сўзларига кўра, 15 мингдан ортиқ заковатчидан бор-йўғи 3,5 минг нафари, яъни чорак қисми – аёл-қизлар.

«Оилада ўғил туғилса, ҳамманинг боши осмонга етади, хурсандчиликнинг чеки бўлмайди! Қиз бола туғилса-чи?!

«Ҳа, майли, кейингиси ўғил бўлар» – деб, «кўнгилни кўтариб» қўйишади. Қиз бола бировнинг омонати-да, вояга етказиб, узатамиз-қутуламиз. Хўп, балки ўқитармиз ҳам. Фақат ўзи ҳаракат қилиб, бюджетга илинса!

Ўғил болани эса ўқитиш шарт! Контрактга бўлса ҳам майли. Чунки ўғил – оила вориси, ота-она қариганида суянчиқ, деймиз.

Миллатнинг қудратли бўлишида аёллар ўрни ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Юрт тараққиёти, цивилизация ривожи хотин-қизларга боғлиқ эканини-чи?

Тўғри, барча давлатларни, демакки, бутун жаҳонни асосан эркаклар бошқаради. Аммо ҳар қандай эркакни шакллантирадиган – аёл, она!

Она қандай бўлса, тарбия натижаси ҳам шундай бўлади! Илмли, маданиятли, дунёқараши кенг онанинг фарзанди ҳам ўзига ўхшайди.

Гўдак атроф-оламни аввало онасининг кўзи билан кўради. Нима яхши-ю нима ёмон, нимага интилиш керак, мақсадга қандай эришмоқ лозим – барчасини онасидан ўрганади. Агар онанинг ўзи бу борада намуна бўлолмаса-чи? У фарзандини қандай қилиб тўғри йўлга солиши мумкин?!

Эркак киши ҳар куни оилани боқишдек юкни елкасига ортиб, кўчага кетади. Унинг ортидан дуо қилиб, уйда қоладиган ҳам, фарзандлар тарбияси билан шуғулланадиган ҳам аёлдир!

Менинг бувижоним (дадамнинг оналари) эрта оламдан ўтганлар. Дадам етим қолганларида 9 ёшли гўдак эдилар. Албатта, бу мусибатни кўтариш жуда оғир бўлган. Соғинчдан юраклари эзилиб кетганида ҳам, бирор нимадан қаттиқ куюнганларида ҳам, доим оналарининг қабрини зиёрат қилганлар. Хаёлан дардлашганлар… Маслаҳат сўраганлар… Ва… яшаш учун, олға юриш учун ўзларида куч топганлар. Катта ютуқларга эришсалар, раҳматли бувижонимнинг руҳлари шод бўлишига ишонганлар. Ҳозир ҳам шундай.

Оналар нафақат тириклигида, балки дунёдан ўтганда ҳам, фарзандларига қувват бағишлайди.

Менинг фикримча, аёлнинг зиммасида бутун бир юртнинг масъулияти ётади! Ва ҳар биримиз бу жавобгарликни оламизми, йўқми – ўзимиз танлаймиз.

Опа-сингилларим! Ўзингизни бу масъулиятдан четга тортманг. Шу юрт келажаги учун, фарзандларингиз келажаги учун! Акс ҳолда, даҳолар эмас, балки шунчаки ақлли одамларни ҳам кундузи чироқ ёқиб тополмай қоламиз», – деди Саида Мирзиёева.

Унинг таъкидлашича, илмли ўғил – ота-онасига тиргак бўлса, илмли қиз – бутун миллат таянчидир.

«Афсуски, биз ўғил фарзандларга кўпроқ эътибор қаратамиз. Чунки кўпчилик аввало ўзини, ўзининг тор дунёсини ўйлайди. Биз ана шу тор ҳалқа ичида ўралашиб қолганмиз. Ва уни бошқа кимдир узиб ташлашини кутамиз. Масъулиятни бошқаларга юклаб, умримиз ўтиб кетяпти.

Бир ҳақиқатни тушунайлик. Йўқ ўша бошқалар! Биз бормиз! Миллатимиз равнақи, келажагимиз фақат ўзимизга боғлиқ! Ва уни изга солиш ҳаммамизнинг, ҳар биримизнинг бурчимиз!

Тўғри, кўпинча кундалик ташвишлар билан бўлиб, юксак мақсадларни унутамиз. Лекин ҳар тонг уйғонганимизда бугунги кун бизга берилган бетакрор инъом эканини ёдда тутайлик. Уни қандай яшаб ўтамиз – ўз қўлимизда. Ҳар лаҳза фойдали бирор иш билан банд бўлайлик. Кимгадир яхшилик қилайлик. Янги нимадир ўрганайлик. Шу бугун, қачондир – узоқ келажакда эмас, ҳозирдан бахтли бўлайлик!

Бизнинг қизларимиз ҳам интеллектуал ўйинларда қатнашишга, ўзини намоён қилишга, яқинлар кўмаги ва далдасига муносиб!

Оиланинг эркаклари билан қанчалик ғурурлансак, хотин-қизларимиз билан ҳам шунчалик фахрланса арзийди.

Дўстларим, қанийди, қиз фарзанд дунёга келган хонадонда, афсус билан: «Майли, кейингиси ўғил бўлар…», деган сўзлар тилга олинмаса…

Қизларнинг қадри ҳеч қачон ерга урилмаса…

Бугун Самарқандда миллатимиз келажагининг 114 нафар умид юлдузчалари дунёга келди. Эртага яна ўнлаб, юзлаб бундай юлдузлар порлайди. Ҳаммаси бир бўлиб, юртимизни нурли манзилларга етаклайди. Мен бунга ишонаман!» – дея нутқини якунлади Саида Мирзиёева.

Check Also

thumbnail-tw-20201105142056-6058

Шаҳар ҳаётига қарши соғлом ҳаётнинг 3 та асосий омили

Биз ҳаммамиз биламиз ва кўрамиз: шаҳар ҳаёти одамларга салбий таъсир кўрсатади, у ёки бу касалликларни …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари