Главная / Жамият / Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар олтин изловчилар усулида қазиб олинади
Место рекламы

Ўзбекистонда қимматбаҳо металлар олтин изловчилар усулида қазиб олинади

Қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар берди Адлия вазирлигининг Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.

Фото: Google Images
Фото: Google Images

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 1 мартдан бошлаб:

  • тадбиркорлик таваккалчилиги асосида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти жорий этилади;
  • қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти ер қаъридан фойдаланишнинг алоҳида тури ҳисобланади ва у ер қаъри участкаларида амалга оширилади;
  • мазкур фаолиятни амалга ошириш учун ер қаъри участкалари, шу жумладан ўлчамлари 1 гектардан ортиқ бўлмаган сочма олтин конлари тақдим этилади;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия берилади, бунда қимматбаҳо ва нодир металлар, қимматбаҳо тошларни қазиб олиш ҳуқуқига алоҳида лицензия олиш талаб қилинмайди;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензияларга жисмоний ва юридик шахслар талабгор бўлишлари мумкин;
  • лицензия Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан «E-ijro auksion» электрон савдо майдончасидаги электрон аукцион якунлари бўйича 3 йил муддатга берилади;
  • электрон аукционни ўтказиш ва мазкур қарорга мувофиқ лицензияни беришнинг умумий муддати «E-ijro auksion» электрон савдо майдончасида амалга ошириладиган барча жараёнларни ўз ичига олган ҳолда, истисно тариқасида, 10 кундан ошмайди;
  • ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини савдога қўйишнинг бошланғич нархи 7,5 млн сўмни ташкил қилади;
  • қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олишга рухсат бериладиган ер қаъри участкалари рўйхати ҳар йили Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси таклифи асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади;
  • лицензия ёки ер қаъри участкасидан (тўлиқ ёки қисман) фойдаланиш ҳуқуқини учинчи шахсларга бериш (топшириш), шунингдек, битта ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқига лицензияни бир неча шахсга беришга йўл қўйилмайди;
  • мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахсларнинг реестрини юритиш ва уларга ажратилган ер қаъри участкаларининг давлат назорати Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан амалга оширилади;
  • олтин изловчилар усулида қазиб олинган қимматбаҳо металларни реализация қилиш «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ ва «Навоий кон-металлургия комбинати» ДКга, шунингдек заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ва якка тадбиркорларга келишилган нархларда амалга оширилади;
  • қимматбаҳо металларни яшириш, шу жумладан уни 6 ой ичида реализация қилмаслик, шунингдек, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш чоғида ишларни бехатар олиб бориш талабларининг бузилиши оқибатида инсонларнинг оғир тан жароҳати олиши ёки ўлимига олиб келиши лицензияни бекор қилиш ва мазкур фаолият билан шуғулланишни бир йил давомида чеклаш учун асос бўлади;
  • қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолиятини амалга ошириш учун берилган ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи тугатилгандан сўнг, ер қаъридан фойдаланувчилар зиммасига ер қаъри участкаларини рекултивация қилиш ва уларни кейинчалик фойдаланиш учун яроқли ҳолатга келтириш мажбурияти юкланади.

Мазкур фаолиятни ушбу қарорда белгиланган шартларга риоя қилган ҳолда амалга оширадиган шахслар қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш қисми бўйича барча турдаги солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод этилади.

 

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Taxmin miss

Check Also

muxbir

Фермерларни калтаклаган туман ИИБ раҳбарининг озодлиги икки йилга чекланди

23 ноябрь куни жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти Ургут туман судида судья Акмал Аҳмадовнинг раислигида …