Spot нашри бу саволга Марказий банкдан расмий жавоб, ҳуқуқшунос изоҳи ва мутахассис фикрини олди.

kriptovalyuta-680x453Фото: Spot

Марказий банк раис ўринбосари Тимур Ишметов 15 ноябрь куни криптовалюталардан фойдаланиш жиддий таҳдидларни юзага келтириши, чунки улар ҳуқуқбузарлар учун капитални ўзлаштириш, солиқлар тўловидан бўйин товлаш каби янги имкониятлар очишини маълум қилди.

«Фирибгарлик схемалари яратилиши олдини олиш учун барча тўловлар ва пул транзакциялари пухта текширувдан ўтказилиши керак», — дея таъкидлайди Ишметов.

Марказий банк позицияси 2017 йилнинг сентябридан буён ўзгармаган. Ўшанда банк фикрича, криптовалюталар пулларнинг барча функцияларини бажара олмайди ва бирор-бир захира таъминотидан маҳрум, бу эса, ўз навбатида, уларни «қиймати тез ўзгарувчи ясама восита»га айлантиришини маълум қилган эди. Марказий банк фикрича, бу криптовалюталар қиймати қисқариши ва аҳоли орасида молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкин.

Сентябрдаги хабарда ҳам, 15 ноябрь кунги баёнотда ҳам Ўзбекистонда криптовалюталардан фойдаланишга рухсат берилган-берилмаганлиги ҳақида маълум қилинмаганлиги сабабли нашр тегишли савол билан Марказий банкка мурожаат қилди.

«Биткоин товарлар ва хизматлар учун интернет тармоғи орқали аноним транзакциясини амалга ошириш учун қўлланиладиган марказлашмаган рақамли валютадир. Ўзбекистон Републикаси қонунчилигида рақамли валюталардан фойдаланиш кўзда тутилмаган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси ‘Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаъги қонуни 15-моддасига мувофиқ, пул воситалари ёки бошқа мол-мулк биан операцияларни амалга оширувчи ташкилотлар мижозни текшириш бўйича чораларни қўллаш имконияти бўлмаган тақдирда ҳисоб очиш, операцияларни амалга ошириш, иш бўйича муносабатларга киришишдан бош тортиш ва мавжуд муносабатларни тўхтатиш, шунингдек, шубҳали операция ҳақида махсус ваколатли давлат органига хабар бериши керак».

Халқаро оммавий ва инвестиция ҳуқуқи бўйича мутахассис Жаҳонгир Убайдуллаев Марказий банк жавобини шундай изоҳлайди:

«Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг мамлакат ҳудудида криптовалюталардан фойдаланишга тааллуқли жавоби асослантирилган ва кутилган жавобдир. Буни бугунги кунда қонунчиликда операциялар ўтказиш тартиби ва бошқа зарур жиҳатлар кўзда тутилмаган ва белгиланмаганлиги билан изоҳлаш мумкин. Уларсиз молиявий ҳисоб-китобнинг ушбу шакли амал қилиши имконсиз.

Марказий банк криптовалюталарни ‘Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаъги қонун билан боғлашининг асосий сабаби транзакциянинг бирор-бир ички ёки ташқи маъмурга эга эмаслиги жиҳатидир.

Бу эса маълум бир таҳдидлар, жиноий капитални ўзлаштириш имконияти, солиқлар тўлашдан қочиш, терроризмни молиялаштириш ва фирибгарлик схемаларини ёйиш кабиларни юзага келтириши мумкин.

Шунга қарамасдан, баъзи мамлакатларда криптовалюталар аллақачон тўлақонли тўлов воситаси ва инвестицион активга айланган (Хитой, Германия, Хорватия, Япония, Швейцария, Сингапур ва ЕИнинг баъзи бошқа давлатлари). Бироқ таъкидлаш жоизки, уларнинг мақоми қонунчилик билан белгиланган ва ушбу мамлакатларда криптовалюталардан фойдаланиш соҳаси қатъий белгиланган».

Блокчейн ва криптовалюталар бўйича мутахассис Руслан Йўлдошев:

«Криптовалюталар ҳақиқатан ҳам пулларни ‘ювиш’ ва солиқлар тўлашдан бош тортишнинг янги имкониятларини юзага келтиради, бироқ бу улар тақдим этадиган имкониятларнинг жуда кичик қисми. Ҳозир криптовалюталар кўпроқ яширин секторда қўлланилаётганлигининг сабаби улар ҳозирча фойдаланувчилар учун тушунарсиз ва мураккаб эканлигидадир.

Воситалар ва хизматларнинг ривожлана бориши билан анъанавий банклар улар ҳақида қандай фикрда эканлигидан қатъи назар улар одатий бозорда борган сари кўпроқ қўллана бошлайди. Банклар бозор манфаатлари учун хизмат қилади, шунинг учун агар криптовалюталар бозор учун манфаатли бўлса, улар ўзгаришга мажбур бўлади.

Криптовалюталар у ёки бу шаклда дунё замонавий молиявий муносабатларининг катта қисми ўрнини эгаллайди, шунинг учун Ўзбекистон Марказий банки криптовалюталарга эътибор қаратмасдан, уларни тақиқлашга уринса, мамлакат учун кўпроқ зарар келтиради».

Hi-Tech Bank раҳбари Илҳом Омонов банк соҳасида келажак айнан блокчейнда эканлигини таъкидлайди. Блокчейн соҳасидаги мутахассислар Шаҳруз Ашуров ва Руслан Солиҳовлар 16 ноябрь куни GЕW доирасида чиқиш қила туриб, блокчейннинг тўловлар хавфсизлиги, тезкор ўтказмалар ва бошқа кўплаб плюслари борлигини маълум қилди.

Ўша музокара доирасида эҳтимол регулятор блокчейннинг ўзига хос жиҳатлари ва истиқболини охиригача ўрганиб чиқмагани ва келажакда Ўзбекистонда нафақат бу масалага ойдинлик киритилиши, балки қонунчилик криптовалюталардан фойдаланиш ва ICO’ни амалга оширишга рухсат бериши мумкинлиги ҳақида фикр билдирилди.

Ҳозирча ёпиқ доира шаклланган — криптовалюта расман тақиқланмаган, бироқ айтайлик биткоиндан тўлов воситаси сифатида фойдаланиш ҳисоб-китобларни амалга ошириш муаммоси туфайли имконсиздир.