Главные новости
Главная / Жамият / ОТБ: Пандемия ва энерготашувчилар нархининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодий ўсишини секинлаштиради
Место рекламы

ОТБ: Пандемия ва энерготашувчилар нархининг пасайиши Ўзбекистон иқтисодий ўсишини секинлаштиради

Осиё тараққиёт банкининг янги ҳисоботида айтилишича, коронавирус пандемияси ҳамда табиий газ ва мисга бўлган нархларнинг пасайиши туфайли 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръати пасаяди. Шунга қарамай, кўпроқ миқдордаги инвестициялар, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларининг ривожланиши туфайли 2021 йилда тикланиш рўй бериши кутилмоқда.

Фото: Business Times Singapore

ОТБнинг Тошкентдаги офисидан Kun.uz`га маълум қилишларича, муассаса Ўзбекистонда 2020 йилда ялпи ички маҳсулот 4,7 фоизга ўсиши, яъни олдинги йилги 5,6 фоизга нисбатан пастроқ бўлишини прогноз қилган.

Шу билан бирга, прогнозга кўра, 2021 йилда ислоҳотлар натижасида қишлоқ хўжалиги, саноат ва хизматлар соҳаларида кескин ўсиш юз беради ва бу ўз навбатида ЯИМ ўсиш даражасининг яна 5,8%га кўтарилишига олиб келади.

«Биз пандемия таъсирининг тўлиқ кўламини ҳали билмаймиз, бироқ Ўзбекистон ҳукумати ўзининг ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашга ва иқтисодиётнинг тикланиши учун зарур бўлган вақтни қисқартиришга қаратилган муҳим чораларни кўрмоқда», дейди ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси директори Синди Малвичини.

Таъкидланишича, Ўзбекистонга кириб келадиган инвестициялар 2020-2021 йилларда иқтисодий ўсишнинг асосий омили бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.

«Бу эса шаҳар инфратузилмасини ва ишлаб чиқариш объектларини ривожлантиришга қаратилган давлат бошчилигидаги инвестицияларнинг такомиллашиши натижаси бўлади.

Россия Федерациясида валюта қадрсизланиши пул ўтказмаларига салбий таъсир кўрсатганига қарамай, иш ҳақининг вақти-вақти билан ошиб бориши ва инфляциянинг пасайиши хусусий истеъмолга ижобий таъсир қилиши кутилмоқда», – дейилади ОТБ ҳисоботида.

Ўзбекистон Марказий банки инфляцион таргетлаш натижасида инфляция 2020 йилда 13 фоизга ва 2021 йилда 10 фоизга пасайишини прогноз қилган. Натижада, ОТБ прогнозларига кўра, фискал сиёсат қатъийлашади ва сиёсатга асосланган кредит ислоҳотларининг олиб борилиши кредитлар ўсишини икки баробарга пасайтиради.

«Бироқ электр энергияси ва табиий газ нархларининг режа асосида кўтарилиши, шунингдек, қишлоқ хўжалигида нархларнинг тартибга солинишининг бекор қилиниши инфляцион босимларнинг ҳосил бўлишига ҳисса қўшади.

Жорий ҳисобварақ камомади бу йил 4,0 фоизгача ва 2021 йилда 3,5 фоизгача янада камайиши кутилмоқда. Табиий газ ва мис экспорти 2020 йилда пасайиши кутилар экан, буларнинг ўрни олтин экспорти билан қопланади.

Қишлоқ хўжалигида олиб бориладиган таркибий ислоҳотлар, хизматлар ва саноат учун инфратузилманинг яхшиланиши ва табиий газга бўлган ташқи талабнинг ошиши натижасида 2021 йилда экспорт кенгайиши лозим», – дейилади ҳисоботда.

ОТБ Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтиш ислоҳотларини олиб бораётгани сабабли инфляцияни пасайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни давом эттириш зарур, деб ҳисоблайди.

Банк таклифига кўра, кредит бозорини янада кучайтириш, электр энергияси ва бошқа коммунал хизматлар нархларининг ўзгариши кам таъминланганларга салбий таъсир қилмаслиги учун мақсадли компенсациялар қўллаш лозим.

Ҳисоботда, шунингдек, инфляциянинг олдини олиш учун Ҳукуматга транспорт, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида хусусий секторнинг иштирокини рағбатлантириш орқали рақобатни ривожлантириш ва импорт маҳсулотлари нархларнинг ошишига йўл қўймаслик учун божхона расмийлаштирув жараёнларини такомиллаштириш катъий тавсия этилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли бюджетни қўллаб-қувватлаш учун Осиё тараққиёт банкидан 1 млрд долларгача миқдорда маблағ ажратишни сўраган.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

3qglxmaovhz9en8b6sk4jwhbyxdeu5c

«Тун бўйи ўлим билан олишдим» – коронавирусдан тузалган самарқандлик шифокор касалхонадаги кунлари ҳақида гапириб берди

Самарқандлик шифокор Эркин Ҳакимов коронавирусдан соғайгач, бошидан ўтказганларини ҳикоя қилиб берди. У ВВС ўзбек хизмати …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари