Главные новости
Главная / Жамият / Олис ҳудудларга бориб ишлайдиган ходимларга қўшимча тўловлар қай тартибда тўланади?
Место рекламы

Олис ҳудудларга бориб ишлайдиган ходимларга қўшимча тўловлар қай тартибда тўланади?

Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди, дея хабар қилмоқда Kun.uz мухбири.

Янги тартиб президент қарори асосида 1 январдан кучга кирди. Унга кўра, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан ишлаш учун келган олий маълумотли мутахассисларга:

  • 50 БҲМ (1 февралдан – 12 250 000 сўм) бир марталик бошланғич ёрдам пули;
  • уй-жойларни ижарага олганлик учун 2 БҲМ (1 февралдан – 490 000 сўм) ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

«Бундан мақсад – олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларида аҳолига кўрсатиладиган хизматларнинг сифатини ошириш», – деди Молия вазирлиги департамент директори Адҳам Эшжонов 15 январь кунги матбуот анжуманида.

Адҳам Эшжонов

Тиббиёт ходимларига ёрдам пули кўпроқ

Эндиликда тиббий ОТМни охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи тиббиёт ходими олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларга ишга қабул қилинганда, уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан:

  • 30 миллион сўм бир марталик бошланғич ёрдам пули;
  • уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари ёки 2 БҲМ (1 февралдан – 490 000 сўм) ҳар ойлик пул компенсацияси берилади.

«Олис ҳудудлардаги аҳоли малакали тиббий хизматдан фойдаланишда қатор муаммоларга дуч келади. Қарор билан шу муаммоларни ҳал қилиш, чекка ҳудудларга малакали тиббий хизмат етиб боришини таъминлаш режалаштириляпти», – деди Молия вазирлиги департамент директори Отабек Фозилкаримов.

Отабек Фозилкаримов

Олис ҳудудларда яшаб, ишлаётганларга тааллуқли эмас

Бу қарор олис ҳудудларда яшаб, ишлаётганлар маошига устама белгилаш учун чиқарилмаган, дейди Халқ таълими вазирлиги молия департаменти директори Илҳом Сирожов.

«Бу қарор таълим сифати паст ва бирор ўқувчиси ОТМга киролмаган ўқитувчиларнинг маошини кўтариш учун эмас. Халқ таълими вазирлиги масъул вакили сифатида айтишим мумкинки, мақсад Ўзбекистондаги мактабларда таълим сифатини ошириш. Бу кимнидир иш билан таъминлаш учун ҳам қилинмаяпти.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан олис ҳудуд сифатида белгилаб берилган жойлар бор. Қайд этилган қарор иловасидаги ҳудудлар олис ва чекка ҳудудлар деб ҳисобланади. Иловада 242 та қишлоқ, маҳалла ва овуллар санаб ўтилган. Қарордаги имкониятлардан ўша ҳудудга борган бюджет ходимигина фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, қарорга биноан, қайд этилган ҳудудларда ишга қабул қилинган малакали мутахассисларга бериладиган бир марталик бошланғич ёрдам пули ҳамда ҳар ойлик компенсация солиқ тўловчининг жами даромадига киритилмайди ва бу пулдан даромад солиғи олинмайди», – деди Илҳом Сирожов.

Илҳом Сирожов

Педагогларга қандай талаблар қўйилади?

Адҳам Эшжоновга кўра, тўловлар айнан қандай тоифадаги педагогларга тўланиши бўйича учта асосий кўрсаткич бор:

  • олий ёки биринчи тоифали бўлиши;
  • бошқа ҳудуддан келиб ишлаши (тумандан бошқа туманга, вилоятдан бошқа вилоятга);
  • охирги мактабида бир йил давомида ишлаган бўлиши керак. Яъни «қизил» ҳудудга жалб қилинаётган ўқитувчи «яшил» ҳудуддаги мактабда охирги бир йилда ишлаган бўлиши талаб қилинади.

Қолган талабларни Халқ таълим вазирлиги ишлаб чиқади.

Педагоглар учун устамалар ҳам бор

2021 йил 1 мартдан бошлаб, «қизил» мактабларда дарс бериш учун бошқа ҳудудлардан жалб қилинган педагогларга қуйидаги миқдорда махсус устамалар тўланади:

  • бир маъмурий-ҳудудий бирлик доирасида бошқа туман ва шаҳардан келиб ишлаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 50 фоиз;
  • бошқа маъмурий-ҳудудий бирликдан келиб фаолият юритаётган ўқитувчи-педагогларнинг базавий тариф ставкаларига 100 фоиз.

Таълим даражаси юқори бўлмаган («қизил») мактаблар рўйхатини ХТВ ва Таълим инспекцияси тузади. Рўйхат вазирлик сайтида эълон қилинади.

Бошқа ҳудудлардан жалб қилинган педагогларга махсус устамалар улар борган мактаб «қизил» тоифадан чиққан йилдан кейинги йил учун ҳам тўланади.

Шифокорларга қандай талаб бор?

Ўқитувчилардан фарқли равишда, тиббиёт ходимлари учун тоифаси бўйича шартлар қўйилмаган. Тиббиёт йўналишидаги ОТМни битирган кадрлар олис ҳудудларга бориб ишлаганда, ўқиш шаклидан қатъи назар (кундузги, сиртқи, кечки) компенсация тўлаб берилади.

«Аммо улар ОТМни охирги уч йил ичида битирган бўлиши керак», – деди Отабек Фозилкаримов.

Шароит яратиш – ҳокимликлар зиммасида

«Қарорда ҳокимиятларга ҳам топшириқ кетган. Олис ҳудудга бошқа ҳудуддан келиб ишлайдиган барча бюджет ташкилотлари ходимларига уй-жой бўйича шароитлар яратиши зарур», – деди Илҳом Сирожов.

Олис ва чекка ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида кадрларга бўлган эҳтиёж бўйича бўш иш ўринлари юзасидан маълумотлар ҳар ой якуни бўйича кейинги ойнинг 5-кунига қадар расмий сайтларга жойлаштириб борилади.

Олис ва чекка ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига бошқа ҳудудлардан келиб ишловчи мутахассисларга тегишли ҳудудлардаги захира ерларларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уй-жой қурилиши учун ер участкалари ажратилади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

prepsho9m9cohrwkqy9hpk5h-nisoglh

«Биздагилар совға беришни яхши кўришади» – Русланбек Давлетов воз кечилиши керак бўлган миллий анъаналар ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат ташкилотларидаги коррупцион ҳолатлар ва бунинг миллий менталитетга алоқадорлиги борасида фикр …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари