Главные новости
Главная / Жамият / Коронавирус: Иккинчи тўлқин нима, у қанчалар хавфли ва ундан қочиш мумкинми?
Место рекламы

Коронавирус: Иккинчи тўлқин нима, у қанчалар хавфли ва ундан қочиш мумкинми?

Коронавирус пандемияси тугашидан дарак йўқ. Ҳамон касалланиш ҳолатлари юқори даражада сақланиб қолаётган мамлакатлар кўп, вирус назоратга олингани айтилган давлатлар ва ҳатто вирус устидан ғалаба қозонганини эълон қилган давлатлар ҳам иккинчи тўлқиндан хавфсирамоқда.

Бир аср муқаддам «испан гриппи» пандемиясининг иккинчи босқичи биринчи босқичдагидан кўпроқ одамни ҳаётдан олиб кетганди.

Британиядаги бир қанча университетларнинг вирусологлари Covid-19 пандемиясининг иккинчи тўлқини бошланиши эҳтимоли юқорилигини айтишмоқда. У қанчалик хавфли бўлади?

Иккинчи тўлқин нима дегани?
Буни денгиз тўлқинига қиёслаш мумкин. Касалланиш ҳолатлари сони бир кўтарилади ва бир тушади: ҳар бир цикл – коронавирус «тўлқини»дир.

Ҳозирча пандемиянинг иккинчи тўлқинини ифодаловчи ягона илмий тариф йўқ. Айримлар кўтарилишлар ва пасайишларга қараб тўлқинларни ажратмоқчи бўлишади, аммо булар аслида биринчи тўлқин чизиғидаги нотекисликлардир. Бунга АҚШнинг айрим штатларида кузатилаётган ҳолатни мисол сифатида келтириш мумкин.

Бир тўлқин якунлангани ҳақида эълон қилиш учун ҳукумат вирусни назоратга олиши ва янги касалланиш ҳолатлари тўхташига эришиши керак бўлади.

Иккинчи тўлқин бошлангани ҳақида эса янги касалланиш ҳолатлари барқарор ўсиши кузатилганида айтиш мумкин. 24 кунлик танаффусдан кейин Янги Зеландияда хориждан келганларда аниқланган илк ҳолатлар ёки коронавируссиз 50 кундан кейин Пекинда яна вирусдан зарарланиш ҳолатлари қайд этилишини иккинчи тўлқин деб атаб бўлмайди.

Аммо айрим олимлар Эрондаги вазиятни иккинчи тўлқин мезонларига мос деб билишмоқда. Февраль ойида Хитойдан кейин коронавируснинг иккинчи ўчоғига айланган бу мамлакатда апрель ойи ўрталарига келиб қатъий карантин юмшатила бошланди. Аммо июнь ойи бошида янги касалланиш ҳолатлари сони яна кескин ўсиб кетди ва кунига ўртача 3 минг кишида вирус аниқлана бошлади. Расмий статистикага кўра, июннинг илк ҳафтасида касалланиш ҳолатлари сони май ойининг сўнгги ҳафтасидагидан икки баробар кўп бўлган – бу эса авж олишнинг энг юқори нуқтаси кузатилган март ойи кўрсаткичига тенг эди. Бошқача айтганда, Эронда ҳозир вазият эпидемия авж олган вақтдан ёмонроқ – март ойининг иккинчи қисмида кузатилган пикка икки ой давомида етилганди, энди эса иккинчи босқичнинг аввалидаёқ ўша натижа қайд этилмоқда.

Англиядаги Уорик университетининг инфекцион касалликларни математик моделлаштириш бўйича мутахассиси Майк Тилдесли Британияда иккинчи тўлқин кузатилишини ҳукуматнинг қарорларига боғлиқ деб ҳисобламоқда.

«Менимча, ҳозир қаршимизда улкан ноаниқлик турибди, тўғриси, бу мени қаттиқ ташвишлантирмоқда», дейди у.

Иккинчи тўлқин юз бериши эҳтимоли шубҳасиз мавжуд. Вирус ҳамон атрофда айланиб юрибди, унинг тарқалиш ва ўлдириш имкониятлари йил бошидагидан сира кам эмас.

Мавжуд маълумотларга кўра, британияликларнинг фақат 5 фоизи Covid-19 билан касалланиб чиққан ва уларнинг барчаси ҳам иммунитет ҳосил қилганига кафолат йўқ.

«Фактлар шуни кўрсатмоқдаки, аҳолининг катта қисми ҳали вирусдан зарарланиш таҳдиди остида турибди. Агар биз ҳозир барча чеклов чораларини бекор қилсак, февралдаги ҳолатимизга қайтамиз. Барчаси яна бошидан бошланади», дея қайд этган яна бир эпидемиолог олим, Лондон гигиена ва тропик тиббиёт мактаби вакили Адам Кучарски.

Иккинчи тўлқинга қандай омиллар сабаб бўлиши мумкин?
Биринчи навбатда карантин чораларини жуда эрта юмшатиш.

Локдаун режими бутун дунёда одамларнинг одатий ҳаёт тарзини тўхтатиб қўйди – иш ўринлари йўқотилди, одамларнинг соғлиги ёмонлашди ва таълим тизими ишдан чиқди. Аммо кўрилган қатъий чоралар вирус устидан назоратни қўлга олишга ёрдам берди.

«Карантин чораларини юмшатиб, одатий ҳаёт тарзига қайтиш билан бирга, вирус устидан назоратни сақлаб қолиш учун нима қилиш кераклиги – энг мураккаб ребусдир», дейди Кучарски.

Ҳозирда ҳеч ким карантинни юмшатишда давом этиш нимага элтишини аниқ билмайди.

Британияда чеклов чоралари бекор қилиниши босқичма-босқич амалга ошмоқда, ўрни келса янги чоралар ҳам жорий этилмоқда, масалан, тиббий ниқоб тақиш ва вирусдан зарарланганларнинг алоқаларини кузатиш.

«Агар карантин чоралари юмшатиш вирус тарқалишини назорат қилишга имкон бермайдиган даражагача давом эттирилса, Британияда ва қўшни давлатларда янги авж олиш жуда катта тезликда рўй бериши мумкин», дейди Кучарски.

Германияда шу каби ҳолат кузатилмоқда. Яқинда ушбу мамлакатдаги гўшт комбинатларидан бирининг 650дан ортиқ ишчисида коронавирус аниқланди.

Агар ҳукумат кенг миқёсли зарарланиш ҳолатларини тезда аниқласа ва шундай ҳудудда қатъий карантин жорий этиб, вирус ташқарига тарқалишига йўл қўймаса муаммо кучаймайди.

Лекин бундай вазиятда зудлик билан зарур чоралар кўрилмаса, иккинчи тўлқиндан қочиб қутулиб бўлмай қолади.

Коронавирус тарқалишига қарши самарали кураш учун мақталган Жанубий Корея турли ҳудудларда коронавируснинг кичик ўчоқлари пайдо бўлгач, яна айрим чеклов чораларини жорий этишга мажбур бўлди.

Иккинчи тўлқин биринчиси каби бўладими?
Фақат нимадир тўғри қилинмаса…

Эпидемия бошланган даврда бир кишининг бошқаларга касаллик юқтиришини ифодаловчи репродуктив сон — R’нинг кўрсаткичи 3 кишига тенг эди.

Бу вирус тез тарқалаётганини англатарди. Аммо одамлар ўз ҳаракатларини ўзгартиришди, ижтимоий масофа сақлашга риоя этилди ва энди R кўрсаткичи аввалги ҳолатга қайтмаслиги аниқ.

«Бирорта мамлакатда карантин бутунлай тугаб, одамлар аввалги ҳаётга қайтмаслиги аниқ. Ҳатто вирус устидан назорат ўрнатилмаган мамлакатларда, масалан, Бразилия ва Ҳиндистонда ҳам R индекси 3га етмайди», дея ишонч билдиради Кучарски.

Агар вирусдан зарарланиш ҳолатлари сони яна ўса бошласа ҳам, кўп эҳтимол билан, бу ўсиш секин кечади.

Назарий жиҳатдан, агар қанча одам вирус юқтириш хавфи остида қолиши ҳисобга олинса, иккинчи тўлқин ҳам биринчиси каби кўламда бўлиши мумкин.

«Аммо касалланиш ҳолатлари сони кескин кўпайиб кетса, биз яна қатъий локдаун жорий қилиб, иккинчи тўлқинни ҳам енгишимиз мумкин», дейди Уорик университетидан бўлган Майк Тилдесли.

Иккинчи тўлқин қачон? Қиш келиши вазиятни оғирлаштирадими?
Адам Кучарскининг фикрича, карантин юмшатилаётгани туфайли айрим ҳудудларда яқин вақтлар ичида янги авж олиш нуқталари пайдо бўлиши кутилади. Аммо бу иккинчи тўлқин бўлиши аниқ дегани эмас.

Ўз навбатида, Майк Тилдесли агар деярли барча чоралар бекор қилиб юборилса, иккинчи тўлқин август ойи охири, сентябрь ойи бошларида кузатилиши мумкин.

Коронавируслар одатда йилнинг совуқ даврида тезроқ тарқалиши ҳисобга олинса, қиш вазиятни мураккаблаштириши мумкин. Қишда ҳатто кичик ўчоқ ҳам янги тўлқинни бошлаб бериши ҳеч гап эмас.

«Шубҳасиз, баҳор бизга ёрдам берди. Аммо иккинчи тўлқиндан қочиб қутулиб бўлмайди, айниқса, олдинда совуқ ойлар келишини ҳисобга олсак», дейди Нотингем университети профессори Жонатан Болл.

«Ҳукумат учун асосий вазифа – пик даври соғлиқни сақлаш тизимига ҳаддан ташқари юклама туширмаслигини таъминлашдир», дея қўшимча қилади олим.

Вирус хавфи камаядими?
Назариялардан бирига кўра, вируслар вақт ўтган сайин ўз таъсирини камайтириб боради – бир зарарланувчини ўлдиришга улгурмасдан бошқасига ўтади.

Ҳатто ОИВ вақт ўтган сайин сустлашиши маълум.

«Аммо бунга ҳеч қандай кафолат йўқ, бу айрим вирусологларнинг «» назарияси», деб ҳисоблайди профессор Болл.

Бундан ташқари, вируснинг сусайиши учун керак бўладиган вақт тахмин қилинганидан кўра кўпроқ бўлиши мумкин. Ҳозирги пандемия бошланганига ярим йилдан ошди, ҳозирча вирус тезроқ тарқалиш учун мутацияга учраганига оид далиллар йўқ.

«Менга туюлмоқдаки, вирус ҳозирги ҳолатда ҳам ўзини «яхши ҳис этмоқда». Кўплаб одамларда симптомлар енгил ёки умуман йўқ, шу билан биргаликда, бундай беморлар вирусни тарқатишда давом этиши мумкин, бу эса вирус ўзини кучсизлантириши учун сабаб йўқлигини англатади», дейди профессор Болл.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

gdkobgfv-p2h4tdy3hzmn38bw5y2d0pd

Эронда тиббий ниқоб тақиш мажбурий этиб белгиланди

Мамлакатда охирги кунларда коронавирус юқтириш ва ўлим ҳолатлари кескин ўсди. Фото: REUTERS / Wana News …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари