Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Қишлоқда корхона очма, электр ва газсиз «синасан!», дейишганди. Рост экан
Место рекламы

Қишлоқда корхона очма, электр ва газсиз «синасан!», дейишганди. Рост экан

Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми қишлоқ жойларда яшайди. Турли соҳаларда муаммолар энг кўп учрайдиган ҳудуд ҳам қишлоқлардир.

Мавзуга қайтиб

Қишлоқ аҳолиси яхши шароитларда яшаши учун энг мақбул йўл, жойларда ишлаб чиқариш корхоналарини кўпайтиришдир.

Шунинг учун бу борада ҳукуматнинг жуда кўп қарорлари қабул қилинаётгани ҳам бежиз эмас. Қишлоққа саноатни олиб кириш жамиятимиздаги энг оғир камчиликлардан бўлган – ишсизликка барҳам беради. Шу билан биргаликда, аҳоли фаровонлиги ошади, бозорларимизга чет элдан кириб келаётган товарлар ўрнини ўзимизнинг маҳсулотлар эгаллайди. Иқтисодиёт ривожланади.

Аммо, бироқ, лекин… Қишлоқда ишбилармонлик қилишдан оғирроқ иш йўқ. Сабаби эса кўпчиликка аён. Электр ва газсиз корхона юритиб бўладими?

2018 йил 1 декабрь куни Kun.uz сайтида «Фарғоналик тадбиркорнинг меҳнатлари электр танқислиги оқибатида пучга чиқмоқда(ми?)» сарлавҳали мақола эълон қилинган эди.

Мақолада Фарғона тумани, Хонқиз қишлоғи, Сойбўйи маҳалласи гузарида тадбиркор Тимурбек Абдумажидов бўш турган бинода қишлоқ аҳли учун энг зарур бўлган – нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тикувчилик цехи, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сақлаш учун совуткичли камера ва турли маиший хизмат шохобчаларини юритишга бел боғлаб, маҳаллада истиқомат қилувчи 17 кишини доимий иш билан таъминлагани ҳақида ёзилганди. Шунингдек, тадбиркорнинг энг катта муамммоси электр таъминотидаги узилишлар экани танқид остига олинганди. Ахир, электрсиз корхона юрадими?

Мақоладан сўнг Тимурбек Абдумажидов таҳририят билан боғланиб, вилоят ва туман ҳудудий электр тармоқлари мутасаддилари келиб, тадбиркор билан электр таъминотини жадвал асосида барқарор таъминлаш бўйича далолатнома тузилганини айтганди.

Лекин тадбиркор ва қишлоқ аҳлининг қувончи узоққа чўзилмаган.

«Мухбир ака, умидлар пучга чиқди. Корхонани ёпяпмиз»

Эътиборингизни бор маблағини қишлоқда ишлаб чиқаришни юргизиб, маҳалладошларини иш билан таъминлашга бел боғлаган тадбиркордан келган мактубга қаратамиз.

«Ассалому алайкум, Kun.uz ижодкорлари. Бир ой олдин сайтингизда корхонамиздаги аҳвол бўйича мақола чиққанди. Шундан сўнг, туман ҳамда вилоят электр тармоқлари вакиллари билан ўзаро келишилган графикка асосан ўчириш бўйича далолатнома тузилди. Уч ҳафта электр таъминотидан муаммосиз яшадик. Табиий газ неъматидан маҳрум қишлоқ аҳолисини узлуксиз электр таъминоти жудаям бахтиёр қилганди. Бироқ, айни кунларда электр таъминоти яна эски ҳолига қайтди. Кундузи 3-4 соат электр бериляпти. Қишлоқда тадбиркорлик қилиш учун бор бисотимни инвестиция қилаётганимда, тажрибали кишилар қишлоққа пул тикмасликни, тадбиркорлик билан шаҳарда шуғулланиш лозимлигини маслаҳат беришганди. Мен эса қишлоғим фаровонлигига ўз ҳиссамни қўшиш, ўз ҳамқишлоқларимни иш билан таъминлашни ният қилгандим.

Афсуски, ҳамма нарса мен орзу қилгандек бўлмас экан.

Муҳтарам президентимиз, қишлоқ ҳаётини яхшилаш, қишлоқ жойларда ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини ривожлантириш, қишлоқ аҳолисининг иш билан бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб турган бир вақтда мутасадди раҳбарлар қишлоқ жойларда коммунал соҳани ривожлантириш, тадбиркорларга қулай шароитлар яратиш ҳақида бош қотиришни истамаётгандек, гўё.

Қишлоқда бир неча тадбиркор бор. Ҳамманинг хаёлида битта савол: «Муаммолар қачон ечим топади?». На газ бор, на электр энергияси. Аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам ақалли биттасини етказиб бериш керакку?!

«Ўзтрансгаз» ҳамда «Ўзбекэнерго» мутасаддилари мурожаатлар изидан жойларга чиқиб, ҳақиқий ҳолат билан яқиндан танишишларини, қоронғу ва совуқ уйда яшаётган одамларнинг ҳолатини ўз кўзлари билан кўришларини, аҳоли дардини ўзларида ҳис қилишларини истардик.

Ахир биз электр ва газни текинга беришни сўрамаяпмизку? «Бизга ҳам электр энергияси ва газ сотинглар», деб ёлворяпмиз холос. Ҳис-ҳаяжон билан «Ўзтрансгаз» ҳамда «Ўзбекэнерго» фаолиятдан шикоят қилар эканмиз, бу ресурсларни кимга қанчага сотиш кераклигини белгилаб берадиган бошқа вазирликлар можарони четдан томоша қилишади.

Айрим вазирликлар «Ўзтрансгаз»нинг бюджетга тўлаётган солиғига маҳлиё бўлмасдан лимит белгилашда ички истеъмолчилар талабини ҳам ҳисобга олишини сўрардик. Модомики, ички электр энергияси билан ўз эҳтиёжларимизни қондиролмаётган эканмиз, импорт қилиш чораларини кўриш керак эмасми?

Ахир, бу каби салбий ҳолатлар миллионлаб кишиларнинг қийинчиликда кун кўришига, минглаб тадбиркорларнинг фаолиятига ва бу орқали неча юз минглаб аҳоли бандлигини таъминлашга тўсиқ бўляптику?

Президентимиз ўз вазифасига киришган кундан бошлаб қанча-қанча ислоҳотларга қўл урди ва бу ҳаракатларнинг барчаси халқни рози қилишга қаратилганини бот-бот такрорлади.

Ҳурматли мутасаддилар, сизлардан оддий Ўзбекистон фуқароси сифатида ўз вазифангизга сидқидилдан ёндашиб, халқ манфаатларини ўйлаб ҳаракат қилишингизни сўрайман. Ўзбекистон халқининг тақдирига бевосита дахлдорлигингизни, уларнинг бахтиёр яшаши ҳам ёки бунинг акси бўлиши ҳам сизнинг қўлингиздалигини ҳис қилиб туришингизни хоҳлаймиз.

Мана бугун шароит йўқлиги учун фаолиятимни тўхтатишга мажбур бўляпман. Ахир, ўзим ҳовлимдан газ қазиб ололмайман ёки электр ишлаб чиқаролмайман.

Балки, қачондир бу ишга масъул ташкилотларнинг ҳам бизнинг қишлоққа қадами етиб, муаммоларимиз ўз ечимини топса, яна қайта уриниб кўраман. Унгача, эса барчадан 17 фуқарони ишсиз қолдираётганим учун узр сўрайман».

«Қўлни ювиб, қўлтиққа артдим. Ишчиларга жавоб бериб юбордик»

6 январь куни тадбиркор билан яна гаплашдик.

«Ака, мактубимни чиқармасангиз ҳам майли. Тадбиркорликдан кўнглим совиб кетди. Янги йил байрами кунлари ток уч-тўрт кун ёнди. 2 январдан яна ўша эски ҳолат. Кундуз кунлари уч-тўрт соат электр бериляпти. Корхона ишини тўхтатдик. Ишчиларга жавоб бериб, хайрлашдим. Бор-будимни сарфлаб, югуриб йўлга қўйган ишлаб чиқаришим зиёнлар билан якунига етди. Мижозларим ҳам кўпайиб қолганди», дейди Тимурбек.

Шу тариқа, Фарғона вилоят ва туман электр тармоқлари ва газ идоралари мутасаддилари ўз ишига масъулиятсизлик билан қарагани оқибатида бир тадбиркорнинг иши «синди». 17 киши ишсиз қолди. 17 оила қора қозонини қайнатаётган корхона фаолияти тўхтади.

Тадбиркорнинг мактуби орқали бугунги кунда президентимиз томонидан қўйилаётган талабларга маҳаллий ҳокимият вакиллари қай даражада масъулият билан ёндашаётганидан бохабар бўлдик.

Аҳвол шундай давом этаверса – «Фарғона қишлоқларида қачон тонг отади?».

Элмурод Эрматов,

Kun.uz мухбири

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

tozhikistonlik_tadbirkor_surkhondaryeda_20ta_ish_rni_yaratdi-640x427

Тожикистонлик тадбиркор Сурхондарёда 20 та иш ўрни яратди

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги «Самон Турон» масъулияти чекланган жамияти инвестиция лойиҳаси асосида тожикистонлик тадбиркор Суҳроб …