Главные новости
Главная / Жамият / Кескин маъмурий ислоҳотлар зарурати. Адвокат, прокурор ва судьялик қилувчи ҳокимлардан воз кечайлик
Место рекламы

Кескин маъмурий ислоҳотлар зарурати. Адвокат, прокурор ва судьялик қилувчи ҳокимлардан воз кечайлик

Куни-кеча аудиоси тарқалган президент видеоселекторида давлатимиз раҳбари томонидан айтилган қуйидаги сўзлар алоҳида эътиборга молик.

«Бировни ишдан олиш бўлса, «адвокат» бўласан, бировни жиноий жавобгарликка тортиш бўлса, ҳамманг «адвокат» бўласан», — деди президент Хоразм вилоят ҳокимига қарата.

Бу ерда адвокат сўзи қўштирноққа олиниши тўғри, чунки Фарҳод Эрманов қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиёт мутахассиси, унинг ўриндошлик асосида адвокатлик қилиш ҳуқуқи йўқ.

Бу ҳолат кўпроқ, икки ой олдин Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Соғлиқни сақлаш вазири ҳақида айтган гапларини эслатади:

«Анови м***з вазирчанг, и***с, кеча менга кеволиб, кетимга пахта қўйиб, ўзи Андижондан чиққан, бош прокурорга хат киргизибди… отасига раҳмат, бош прокурор (собиқ прокурор Отабек Муродов назарда тутиляпти — муал.) менга «манави вазир билан гаплашиб олинг, бунақа хат қиляпти», деб айтди».

Бу икки ҳолат, бир нарсани, юқорида жуда кўп масалалалар «кўча тили»да ҳал бўлаётганини англатмаяптими? Ишдан олиниши мумкин бўлган, балким жиноят аломатлари билан қўлга тушган одамларга оғзаки «адвокатлик» қилинса, Бош прокурор арзномани кўриб чиқиш ўрнига, «келишиб олиш»ни маслаҳат берса, нималар бўляпти?

«Узр» етарлими?

Кечаги селекторда президентнинг айтган гаплари янги бир даврнинг бошланиши бўлиши керак, зинҳор, бугунги «узрлар челленжи» билан якун топмаслиги шарт. Ахир ростдан ҳам, Шавкат Миромонович айтганидек, ҳокимларнинг жуда кўп ишлари ўзбошимчалик, халқни норози қилиш ва сиёсатга хиёнатдан иборат бўлса, бу тўрт-беш кишининг олдида, камера қаршисида узр сўраб қўйиш билан нуқта қўйиладиган вазият эмас.

Бирор иш учун узр сўраттириш бу ахлоқий жазодир, лекин ҳуқуқий асосга эга бўлган давлатларда бундай хатолар энг камида истеъфо билан, кўпгина ҳолатларда маъмурий ва жиноий жавобгарликлар билан давом эттирилиши лозим бўларди. Акс ҳолда, бундай бошбошдоқликлар яна давом этиши, ҳатто «сенларми ҳали, мени интернетда шарманда қилиб, узр сўраттирган», деб, аҳвол баттарлашмаслигига ҳам кафолат йўқ.

Фикримизча, президентнинг узр сўраш ҳақидаги кўрсатмаси кўпроқ жамоатчилик учун, яъни бу «снослар» мамлакат сиёсати даражасида эмас, маҳаллий қарорлар билан амалга оширилганини бутун дунёга маълум қилиш учунгина берилган. Асосий жавобгарлик шу билан қолиб кетмаслиги шубҳасиз, зеро, мажлис давомида Шавкат Мирзиёев бош вазирга қайси ҳокимни бўшатиш ҳақида таклиф тайёрлаш бўйича ҳам топшириқ берганди.

Нима қилиш керак?

Бу мажлис ва балким орқасидан келадиган истеъфолар ва янги тайинловлар фақат кадрлар алмашинуви билангина чекланиб қолмаслиги лозим. Чунки жуда кўп соҳаларда амалдорларнинг ўрни алмашгани билан тизимли муаммолар ҳал қилинмаётганини кўрмоқдамиз.

Биринчидан, бу вазиятга ечимни узоқдан қидириш керак эмас. Аслида президентнинг ўзи, эсингизда бўлса, жуда аҳамиятли ғояни илгари сурганди.

«Келгусида биз маҳаллий ҳокимларни халқ томонидан сайлаш масаласини ҳам ҳар томонлама ўйлаб, муҳокама қилиб кўришимиз керак. Ҳар бир ҳудуд ўз раҳбарини ўзи сайласа, раҳбарларнинг халқ олдидаги масъулиятини кескин оширишга эришишимиз мумкин», — деган эди Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг 8 декабридаги нутқида.

Ушбу ва бошқа масалалар юзасидан ислоҳотларни амалга ошириш 2017–2021 йилларга белгиланганди.

Бу масала муҳокама ҳам бўлган, жумладан, Олий Мажлис Сенати раиси ўринбосари Светлана Ортиқова қўйидагиларни айтганди:

«Велосипед аллақачон яратилган, уни қайтадан ихтиро қилишга ҳожат йўқ. Халқаро тажриба мавжуд, халқ бу жараёнларда қандай иштирок этиши борасида қарашларимиз етарли. Шубҳасиз, бу ҳокимликка сайловлар бўлиб ўтадиган ҳудуддаги ҳаёт сифатига, халқнинг турмуш даражасига таъсир кўрсатади. Бу эса, жамият ва давлат турмуш даражасини белгилаб беради».

Бу жараён ҳозир қайси босқичда эканини билмаймиз. Ҳарҳолда ҳокимларни пахта ёки ғалла планига, катта қурбонликлар эвазига амалга оширган ободонлаштириш ишларига ёки солиқ тушуми режаси бажарилаётганига қараб баҳолаш даври аллақачон ўтиб кетган бўлиши керак.

Турмуш фаровонлиги, ижтимоий муҳит, халқнинг розилиги — мана булар ҳокимнинг ишини баҳолайдиган бош мезонлар бўлиши керак.

Аммо эски тизимда қолиш ҳокимларнинг халқ олдидаги масъулиятини унутиб қўйишларига, уларни сайлаши керак бўлган халқ эмас, уларни тайинлаётган инсонга ёқишга уринишлари қандай зарарлар келтираётганини кўриб турибмиз. Қишлоқ хўжалиги режасини бажариш ёки ободонлаштириш учун мажбурий меҳнатга таянишмоқда, катталарга ёқиш учун турли кўзбўямачиликлардан тап тортишмаяпти.

Уларни ҳам тушунса бўлади: халққа ёқиш шарт эмас, президентга ёқишса, унинг топшириқларини бажаришса, бемалол амалда қолишлари мумкин. Аммо президентнинг ўзи ҳам айтиб турибдику, «мен сизларга бундай буйруқ берганим йўқ, бу ишларинг билан ўзларингни эмас, мени шарманда қиляпсизлар», деб.

Ростдан ҳам, масалан Американинг бирор штатида губернатор хатога йўл қўйиб, аҳолининг норозилигига сабаб бўлса, ҳеч ким президент сиёсатини айбламайди, тўғрими? Чунки ўша губернатор халқ томонидан сайланган — халқ истеъфо талаб қилади, губернатор истеъфога чиқади, халқ эса, ўзига янги ҳоким танлаб олаверади. Жорий тизим бизда на халқни, на президентни қониқтираётган экан, аксинча, ҳаммага панд бераётган экан, биз ҳам ҳокимларни тайинлаш принципларини яна кўриб чиқишимиз керак.

Иккинчидан, Тилга олинган вилоят ва туманларда аҳолига нисбатан ноҳақлик қилингани расман тан олинди. Балким айбдорлар узр билан, истеъфо билан ва ҳатто жиноий жавобгарлик билан жавоб беришар, лекин бу ерда энг муҳим жиҳат йўл қўйилган ноҳақликларда адолат тикланишидир.

Яъни, ҳар бир хонадон, ҳар бир тадбиркорга нисбатан амалга оширилган мулкий ва маънавий тажовуз моддий қопланиши керак бўлади. Бу «ўзинг амалга оширдингми, энди ўзинг ҳал қил», шаклида яна «кўча тушунчалари» билан топширилса, нима бўлишини тахмин қила оламиз — яна қўйларни бўрига топшириш билан баробар. Яхшиси, республика миқёсидаги комиссия тузилиши ва вазиятлар ҳар томонлама чуқур ўрганилиб, тизимли шаклда ҳал қилиниши керак.

Учинчидан, кечаги мажлисда мажбурий меҳнат ҳолатларига камроқ эътибор берилган бўлиши мумкин. Зеро, эски хатони тузатиш учун янги хато — Фарғонада ёки Бухорода ташкилот ишчи-ходимларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига ҳам жиддий қаралиши лозим.

Тўртинчидан, бўлиб ўтган мажлиснинг асосий тезислари интернетдаги, ижтимоий тармоқлардаги шарҳлардан олингани кўриниб турибди, буни Президентнинг ўзи ҳам таъкидлаб ўтди. Яъни, бугунги кунда жамоатчилик назоратининг ўрни, аҳамияти, энг муҳими, самараси ортиб бораётганини бош раҳбарнинг ўзи ҳам айтиб ўтди.

Шу билан биргаликда, бу жараённи тизимли йўлга қўйиш мамлакатдаги асосий муаммоларга тез ва аниқ эътибор қаратиш имконини беради, уларни ечишни осонлаштиради. Зеро, биламизки, интернет тармоғида ҳар хил фикрлар борки, улар ёрдамида вазиятни турли томонга буриш ёки бошқача кўрсатиш имконияти ҳам бўлади. Шунинг учун мамлакатда ички сиёсатни таҳлил қиладиган мавжуд институтлар негизида «Ижтимоий фикр»га муқобил равишда мустақил социологик тадқиқотлар институтларни ташкил қилиш кераклиги ҳақида ҳам таклифлар бўлмоқда.

Бешинчидан, ким ишлашидан қатъи назар, ҳоким ким, унинг вазифалари нимадан иборат, қандай ишлаши керак, деган оддий тушунчаларни англаб олишимиз керак. Уларга бериладиган топшириқ ҳам, улардан кутиладиган самара ҳам, уларни баҳолаш мезонлари ҳам шу тушунчалар устига қурилиши лозим.

Ҳокимларнинг асосий вазифаси фақат ҳосил териш ва ободонлаштиришми? Фақат қабристонни, йўлни яхшилаб кўрсатсам, зўр ишлаган бўламан, деб ўйлашадими? Бунинг учун, халқ норози бўлиши, мулк ҳуқуқи бузилиб, инвестицион муҳит панд ейиши, бу эса, ўз навбатида маҳаллий бюджет тушумларига таъсир қилишини тушунишмайдими? Ҳоким дегани, қўлда қамчи билан, уни буз, буни қама, уни ҳашарга олиб чиқ, деб юрадиган Сталин давридаги «колхоз раислари»ни эслатиши керакми?

Хуллас, маҳаллий бошқарувда кескин маъмурий ислоҳотлар қилинмас экан, бир сиймода адвокат, прокурор ва судьялик кўникмаларини жамлаган ҳокимларнинг бошбошдоқликлари ва ўзбошимчаликларини на блогерлар, на журналистлар ва на президент тўхтата олади.

Аҳрорбек АБДУАЗИЗОВ

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

dzwsppmjxkt0aqfvq8tl86qvr2fnufee

Аграр университетининг Фарғона филиали ташкил этилиши мумкин

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида Тошкент давлат Аграр университетининг Фарғона филиалини ташкил этиш ҳақида петиция эълон …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари