Главная / Жамият / Камбағаллик қандай ўлчанади? Мигрантларнинг пул жўнатиши қанчалик таъсирга эга? – мутахассис билан суҳбат
Место рекламы

Камбағаллик қандай ўлчанади? Мигрантларнинг пул жўнатиши қанчалик таъсирга эга? – мутахассис билан суҳбат

Аниқланишича, меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонга пул юбормай қолган тақдирда, мамлакатда камбағаллик даражаси ошиб, 17 фоизга яқинлашиши мумкин.

2020 йилдан бошлаб, Ўзбекистонда камбағаллик ҳақида очиқ гапирила бошланди. Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатида мамлакатдаги камбағаллик даражаси 12-15 фоиз атрофида эканини маълум қилди.

Kun.uz мухбири шу мавзуда сиёсатшунос-иқтисодчи, PhD даражасига эга ижтимоий ва давлат секторидаги инновациялар соҳаси мутахассиси Баҳром Ражабов билан суҳбатда бўлди.

– Жаҳон банки экспертлари томонидан 1990 йилда камбағалликни ўлчаш бўйича методика таклиф этилган. Методика бўйича камбағаллик кўрсаткичини аниқлашдаги мезонлар нималардан иборат?

– 2017-2018 йилларга қарайдиган бўлсак, Жаҳон банки Ўзбекистон бўйича камбағаллик кўрсаткичини келтирган. Шу рақамларга асосланиб, айтиш мумкинки, 2017 йилда Ўзбекистонда камбағаллик  11,9 фоиз бўлган. 2018 йилда бу кўрсаткич 11,4 фоизга тушган.

Шуни айтиб ўтиш керакки, айнан Жаҳон банки одатда ҳукумат тақдим қилган статистик маълумотларга асосланиб бу рақамларни беради. Демак, бу рақамлар бўйича биз 2018 йилда ана шу вазиятда эдик.

Яна шуни айтиб ўтиш керакки, камбағал ва ўрта даражадаги мамлакатларда камбағаллик 9,6 фоиз эди. Ўзбекистонда бу кўрсаткич нисбатан юқори.

Мезонларга келадиган бўлсак, шуни тушуниш керакки, ўта камбағаллик кўрсаткичи (extreme poverty) бор. Кунига 3 доллар 20 центга яшайдиган аҳоли қашшоқ эмас, камбағал дейилади. Кунига 2 доллардан камроқ пул топадиган аҳоли сони қашшоқ ёки ўта камбағаллар қаторига киради.

Камбағаллик турлари ҳар хил. Камбағаллик дейилганида ана шу турларни ҳисобга олиш керак.

– 1990 йилдан бошлаб ҳар икки йилда Жаҳон банки томонидан «Камбағаллик ва ялпи фаровонлик» ҳисоботи эълон қилиб борилади. 2018 йилда тақдим этилган сўнгги ҳисоботда Ўзбекистон бўйича қандай фикрлар билдирилган?

– 2018 йилда тақдим этилган сўнгги «Камбағаллик ва ялпи фаровонлик» маърузасига кўра, камбағаллик кўрсаткичи 2018 йилда Ўзбекистонда 0,5 фоизга тушган.

Камбағалликни енгиш ва иқтисодий ўсишни таъминлаш масаласига келсак, Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш Жаҳон банки кўрсаткичлари ва прогнозларига кўра ҳозирда 5,7 фоиз, келаси йили ва 2023 йилда 6 фоиз бўлади. Бу – юқори кўрсаткичлардан бири. Бу табиий ҳол.

Табиий ҳол дейишимга сабаб – ривожланаётган мамлакатлардаги иқтисодий ўсиш суръатлари шундай бўлиши керак. Акс ҳолда, ўша мамлакат ниманидир нотўғри қилаётган бўлади.

Саволингизга қайтадиган бўлсак, айнан иқтисодий ўсиш камбағалликка таъсир қилмай қолиши ҳам мумкин. Дунёдаги ривожланаётган мамлакатлар тажрибасида ана шундай ҳолатлар ҳам бор.

Мамлакатларнинг вазифаси шундан иборатки, улар иқтисодий ўсиш эвазига камбағаллик даражаси камайишига эришишлари керак. Бунинг учун махсус дастурлар керак.

Умуман олганда, Жаҳон банкининг ҳам, бошқа халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистондаги иқтисодий ўсиш ва камбағаллар сонини камайтириш бўйича прогнозлари ижобий.

– Жаҳон банки, БМТнинг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда Камбағалликни камайтириш дастурини ишлаб чиқиш мўлжалланган. Мана шу дастурда қайси йўналишларга кўпроқ эътибор қаратилиши керак?

– Бу дастурни ишлаб чиқишда ҳукумат ва халқаро ташкилотлар иш олиб боришади. Шунинг учун уларга олдиндан қандайдир маслаҳатлар бериш нотўғри бўлади. Лекин фурсатдан фойдаланиб, ўз фикрларимни айтиб ўтмоқчиман.

Камбағалликни енгишнинг универсал рецептлари бор, бунинг учун муайян қадамларни қўйиш керак.

Биринчиси – меҳнат бозорида иш жойларини яратиш. Бу энг аввалида амалга оширилиши керак бўлган, мураккаб иш. Биринчи навбатда қилинадиган иш шу бўлиши керак. Яратилган иш жойлари ишлаётган одамга етарли даражада даромад олиб келиши керак. Чунки номига яратилган, маош кам бериладиган иш жойлари камбағалликни енгишда ёрдам бермайди.

Иккинчиси, ижтимоий дастурлар. Соғлиқни сақлаш, касбга йўналтириш бўйича ижтимоий дастурлар бўлиши керак. Кам таъминланган ва камбағал аҳоли бу дастурларда биринчилардан бўлиб иштирок этиш имкониятига эга бўлиши керак.

Одамларни камбағалликдан олиб чиқиш учун аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳақида 2020 йилги давлат дастурида ҳам айтиб ўтилган. Бу ҳам бир инструмент бўлиши мумкин.

Учинчиси – кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш. Мамлакатда бизнес муҳитини яратиш, уни яхшилаш. Жаҳон банки рейтингларига қайтамиз. Бизнес очиш бўйича Ўзбекистон 8-ўринда. Лекин бизнесни очиш билан иш битмайди. Бизнес хоҳ кичик, хоҳ ўрта, хоҳ йирик компания бўлсин, уни юритиш керак. Бизнесда хато қилиш, қайта молиялаштириш манбаларига эга бўлиш, иш юритиш енгил бўлиши лозим. Хатонинг нархи бўлади. Хоҳлардимки, бизнес муҳитида хатонинг нархи пастроқ бўлса.

Бизнес муҳитини яхшилаш борасида ҳали Ўзбекистон олдида талай вазифалар бор. Айнан шу жиҳат ҳам яхшиланса, иш жойлари яратилади, одамларда капитал бўлади. Натижада биз камбағалликни камайтириш имкониятига эга бўламиз.

– Камбағаллик муаммосини бартараф қилган қайси хорижий мамлакатлар тажрибасини мисол сифатида келтира оласиз? Ўзбекистон ҳам ана шу тажрибадан фойдалана оладими?

– Назарияда ҳам, амалиётда ҳам турли фикрлар мавжуд: иқтисодий ривожланиш биринчи бўлиши керакми ёки ижтимоий дастурлар?

Жаҳон банки каби ташкилотлар сармояни инсон капитали ва ижтимоий дастурлар – таълим ва тиббиётга киритишни тавсия этади.

Яна бир инструментлардан бири – минимал маош даражасини ошириш. Истеъмол саватчасини бойитиш, минимал даромадни кўтариш. Буни турли йўллар билан амалга ошириш мумкин. Масалан, тиббиёт ёки таълимга тўғридан-тўғри сармоя киритиш.

Бу жуда ҳам мураккаб саволлар, бу ҳақида икир-чикиригача эътибор берган ҳолда фикр юритиш керак. Айни вақтда бизга тўғри келадиган моделни топа олиш – вазифамиз.

Масалан, саволингизга келсак, Европа мамлакатларидан бўлган Словакияда одамларни камбағалликдан олиб чиқиш бўйича самарали дастур бўлди. Қандай иқтисодий сиёсат эвазига бунга эришишди? Айнан ижтимоий дастурларни кўпайтириб, ишсизлар билан ишлаш, уларни ўзгараётган меҳнат бозорига мослаштириш бўйича давлат дастурлари.

Мактабларда ёки олий ўқув юртларида бепул таълимни таъминлаб бериш ҳам шу жумладан. Аслида ҳеч нарса текин эмас, давлат пули дегани – солиқ тўловчиларнинг пули.

– Жаҳон банкининг «Ўзбекистон фуқароларини тинглаб» маърузасида камбағаллик ва уни қисқартириш бўйича қандай маълумотлар келтирилган?

 Бу тадқиқот Жаҳон банкининг камбағаллик иқтисодиёти мутахассиси Уильям Зейтц бошчилигида ишлаб чиқилган. У хориждан пул юбориб турган меҳнат муҳожирларининг 4 мингдан кўпроқ уй хўжаликларида бўлган. Хулосаси шундайки, Ўзбекистонга меҳнат муҳожирлари томонидан пуллар юборилмай қолса, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси ошади – камбағаллик даражаси 16,8 фоиз бўлиши эҳтимоли бор.

Демак, айнан ташқи миграция – меҳнат бозоридаги муҳим омил. Чунки Ўзбекистоннинг меҳнат бозори ҳозирда иш жойларини етарли даражада таъминлаб бера олмаяпти.

Тадқиқотда меҳнат бозори заифроқ экани айтилган. Шу жиҳатдан ташқи миграция Ўзбекистон учун ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан ижобий омил бўлиб турибди.

Мавсумий миграция деган тушунча бор. Тадқиқотда меҳнат муҳожирлари мавсум тугагач уйига қайтиб келгач, ўша уй хўжаликларида даромадлар пасайиши ва камбағаллик даражасига тушиб қолиши ҳам айтилган. Бу бир-бирига таъсир қилувчи омиллар. Буни эътиборга олиш керак.

Гулзода Иброҳимова суҳбатл

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

03s0yqtlpb10c_h15r4hodaozhgmghyh

Дин Кунтц коронавирус пандемиясини башорат қилганмиди?

Америкалик ёзувчи Дин Кунтц 1981 йилда «Зулмат кўзлари»  (The Eyes of Darkness) номли асарини эълон …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари