Главные новости
Главная / Жамият / «Ишчи ўрни кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда» — Марғилондаги тадбиркорлар муаммо ичида
Место рекламы

«Ишчи ўрни кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда» — Марғилондаги тадбиркорлар муаммо ичида

Иқтисодиётни барқарорлаштириш, экспорт ҳажмини ошириш мақсадида ҳудудларда кичик саноат зоналари ташкил этилмоқда. Давлат раҳбарининг шу йил 21 июнь санасида қабул қилган 4363-сонли қарорида кичик саноат зоналари фаолиятини ривожлантириш ҳақида белгилаб қўйилган.

Бироқ ушбу муҳим ҳужжат ҳудудларда ҳам етарли даражада таъминланяптими? Сайт таҳририятига айнан шу масала бўйича Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида ташкил этилган кичик саноат зонасида фаолият юритувчи бир гуруҳ тадбиркорлар томонидан мурожаат келиб тушди.

Марғилонга бориб мурожаатчилар билан учрашдик.

Бу кичик саноат зонасида ривожланган давлатлардаги жаҳон стандартларини қўйинг, бирламчи шароитлар ҳам йўқлигига гувоҳ бўлдик.

Ушбу ҳудудда фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳолатни тушунтириб беришди.

Маҳсулотлар «брак» бўлиб кетмоқда

Баҳром Мирхўжаев, «Синиорита» хусусий корхонаси раҳбари:

– Биздаги энг асосий муаммо бу – электр масаласи. Кучланиш жуда паст. Тез-тез ўчиб туради. Биз ҳозир аҳоли линиясида ўтирибмиз. Тендер вақтида бизга газ, электр ва бошқа коммунал хизматлар 100 фоиз бўлишини ваъда қилишганди. Бунга ишониб ўзимизга вазифа олганмиз. Масалан, инвестиция киритиш, ишчи ўрни яратиш, қурилишлар қилиш каби вазифалар. Биз айтилган ишларни қиляпмиз, лекин ўзига хос муаммолар бор. Биринчи навбатда электр муаммоси. Свет ўчади, иш тўхтайди. Менинг корхонамда 120 киши ишлайди. Электр ўчса, ишсиз ўтиришади. Бу ерда сув ҳам муаммо. Ўзи 25 мм. ўлчамдаги трубада келади. Бу эҳтиёжимиз учун етмайди. Бу битта хонадон учун етадиган меъёр. Бутун кичик саноат зонасига кичик трубада келади. 2018 йилда биз учун алоҳида линия тортилиши ҳақида ваъдалар беришган эди. Ўтган йили битишини айтишганди. 2019 йилнинг август ойи тугаяпти, ваъдалар бажарилишидан дарак йўқ. Буёқда маҳсулотларимиз сифатсиз бўлиб кетяпти. Масалан, биз аёллар пойабзалини ишлаб чиқарамиз. Агар 100 жуфт маҳсулотни ускунада ишлаб чиқараётган вақтимизда электр ўчса, ҳаммаси «брак»ка чиқиб кетади. Маҳсулот иссиқдан чиқиб, совуққа, музлатгичга кириши керак.

Фойда оламан деб, зиёнга кириб кетяпмиз. Салкам бир ой электр қувват паст бўлгани учун, музлатгичимиз ишламади. Тахминан 3-4 минг жуфт маҳсулотимиз «брак» бўлиб кетди.

Иброҳимжон Маматхонов, «BRIGHT SUN» хусусий корхонаси раҳбари:

– Биз учун асосан газ муаммоси бор. Газ босими тушиб кетгани учун маҳсулот чиқмайди. Каттароқ босимда газ ёқмасак, катта талафот кўрамиз. Печларимизнинг ғиштлари ёрилиб кетади. Босим бир хилда бўлиб турса, ойига 400-500 тонна силикат елим ишлаб чиқарамиз. Бу маҳсулотга Тожикистон ва Қирғизистондан ҳам талаб бўлмоқда. Бир килограмм силикат елим нархи 2 доллар бўлади. Агар мунтазам ишлаб чиқаришни йўлга қўйсам, ойига 80 минг долларлик маҳсулот экспорт қиламан. Электр ўчса, ҳаво ҳайдайдиган, сув ҳайдайдиган моторларимизнинг ҳаммаси ўчади. Электр ёнганидан сўнг уни қайта ишга туширишга 5-6 соат вақт кетади. Маҳсулот якка-якка қолипли чиқарилмайди. Тўхтамай ишлаб туриши керак. Мен ҳали бу ишни янада кенгайтириб, икки баробар кўпроқ маҳсулот ишлаб чиқармоқчи эдим. Тендерда ҳам шуни айтганман. Биздан келиб тинмай талаб қилишади. Шароит бўлмаса, қаердан қиламан. Коммуникация тизими билан овора бўлиб, қачон ривожланамиз? Олдин президент қарори бўйича шароитни яхшилаб беришсин, кейин талаб қилишса, биз ҳам ҳаракатимизни қиламиз. Мурожаат қилсак, қилиб берамиз, дейишади. Қачон бўлади, энди унисини билмаяпмиз.

Давлат Қорабоев, «M-Interyer» мебель ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари:

– Биз мебель ва MDF эшиклар ишлаб чиқарамиз. Иш давомида ток ўчиб қолмаслиги керак. Махсус ускуналаримизнинг ичида елими бўлади. Ток ўчиб ишларимиз тўхтаб қоляпти. Агар электр умуман ўчмаса, бир кунда икки комплект мебель ишлаб чиқара оламиз. Ҳозир тез-тез ўчиб тургани сабабли ишлаб чиқараётган эшикларимиз сифатсиз бўлиб кетмоқда. Уларнинг талабларини бажариш учун шароитлар етарли эмас.

Зухриддин Обиджонов, «FABIAN UNIVERSAL» хусусий корхонаси раҳбари:

– Биз чарм пойабзаллар ишлаб чиқарамиз. 60та ишчи ўрни яратгандик. Коммуникация муаммолари сабабли ишлаб чиқаришимиз яхши аҳволда эмас. 60 нафар ишчимдан 35 нафари қолди. Электр токи йўқ бўлса, иш тўхтайди. Ишчиларга кунбай берилгани сабабли иш бўлмай кетиб қолишмоқда. Кичик саноат зонасининг дирекцияси Фарғонага ўтган экан. Улар ҳам келиб 60 нафар ишчи ўрнини талаб қилишмоқда. Маҳсулотимизни эски деб айтишмоқда. Аслида ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз электр йўқлиги сабабли «брак» бўлиб кетмоқда. Уларга муаммоларимизни айтдик. Коммуникация, чиқинди қутилари масаласини ҳал қилиб беришларини сўрадик. Аҳволни кўриб турибсизлар. Ишчи ўрни кўпайиш ўрнига камайиб кетмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 100 мингдан 200 минг жуфтга, ишчилар сонини 60 нафардан 100-150 нафарга чиқаришни режалаштиргандик. Ҳозир бир ойда 10 минг жуфт маҳсулот чиқса чиқяпти ёки шуям йўқ. Биз экспорт шартномалари имзолаганмиз. Унинг муддатлари бор. Биз шунга риоя қила олмаяпмиз. Муддатидан кечиктирилгани сабаб янги шартномалар тузилмаяпти.

Мурожаатлар қилинганми?

Баҳром Мирхўжаев, «Синиорита» хусусий корхонаси раҳбари:

– Яқинда Бош прокуратурага мурожаат қилдик. Улар келиб ўзимизни югуртиришмоқда. Биз газ-свет учун югурайликми ёки тадбиркорлик билан шуғулланайликми? Бу ерда тадбиркорлик қолиб кетяпти. Кечаги куни вилоят ҳокими ишчи гуруҳи келди. «Экспорт қилинглар, экспорт қилинглар» дейишяпти. Биз қандай экспорт қиламиз? Коммуникация бўлса, кейин экспорт қиламизда. Шартнома тузиб олсак, электр токи, газ, сув бўлмаса, маҳсулотимиз сифатсиз чиқса, ишончни йўқотамизку? Қайтиб биз билан шартнома қилишмайдику?

Дирекция раҳбарияти билан қўнғироқлашиш

Ҳолатни аниқлаштириш мақсадида иккинчи тараф саналмиш Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги кичик саноат зоналари Дирекцияси раҳбари Шокиржон Аҳмедов билан қўнғироқлашдик.

«Ҳозирча уларнинг газ, свет ва сувлари бор. Аҳоли линиясида ўтиришгани рост. Бизга ўзи яқинда ўтишди. Вилоят бўйича 15та кичик саноaт зонаси бирлаштирилди. Президентимизнинг 4363-сонли қарори билан бизнинг дирекция ташкил этилди. Уларнинг ҳар биттасини балансимизга олдик. Энди уларнинг коммуникациясини қанча масофадан газ, свет, сув тортиб келишларини ҳисоблаб Иқтисодиёт ва саноат вазирлигига топширдик. Бу масалада президентимиз видеоселекторда ҳам топшириқ берган. Ҳамма кичик саноат зоналарига алоҳида линиялар тортилади. Мен уларнинг ҳам ҳар бири билан гаплашиб чиққанман. Экспортга чиқарувчи корхоналар ва электр токи бўлмаса зарар етадиган ускуналари борлиги ҳақида билмайман. Сув масаласини оладиган бўлсак, биз ташқи коммуникациясини ташкил қилганмиз. Буни яна ривожлантирамиз. Ичкарида ўзларига башня ўрнатилиши керак», дейди масъул шахс.

Дирекция вакили бу ишлар қачонга мўлжалланганини аниқ айтмади. Масала бўйича ишлар дирекция даражасида қилингани ва энди буёғи вазирликка боғлиқ эканлиги айтилди.

Шуниси аниқки, бу ишларни имкон қадар тезроқ қилиш керак. Хат-ҳужжатлаштириш ишлари мана шундай ҳолатларда оёқдан олиб тураверса, тайёр экспортдаги ҳамкорларни тушда кўрамиз.

Мухбир – Баҳодир Аҳмедов
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Nush

Check Also

gaz

Яна 10 киши ис газидан заҳарланди, икки фуқаро вафот этди

2019 йил 9 ноябрь куни соат 07:30ларда Қашқадарё вилояти Қарши тумани, Боғдод маҳалласида яшовчи аёл …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари