Главная / Иқтисодиёт / Хитой нимани истаяпти? «Бир макон, бир йўл» лойиҳасидан умидлар ва хавотирлар (иккинчи мақола)

Хитой нимани истаяпти? «Бир макон, бир йўл» лойиҳасидан умидлар ва хавотирлар (иккинчи мақола)

Нагоя иқтисодиёт университети (Япония), Бизнес ҳуқуқи факультети профессори, «Буюк келажак» экспертлар кенгаши аъзоси Алишер Умирдинов икки қисмдан иборат мақоласининг биринчи қисмида хитойлик ҳамкорларнинг режаларини таҳлил қилган бўлса, мазкур иккинчи мақоласида «Бир макон, бир йўл» лойиҳаси билан боғлиқ умид-истаклар ҳақида фикр юритган.    

04

«Бир макон, бир йўл» нимаси билан бизни ўзига тортди?

Аслини олганда, бундан аввал ҳам «Ипак йўли» лойиҳалари доирасида Марказий Осиё минтақаси турли катта давлатларнинг эътибори остида бўлиб келди. АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Европа Иттифоқи, Туркия ҳудудий ҳамкорлик лойиҳаларини ўртага ташлаб келяпти. Бироқ бу лойиҳалар катта инфраструктура лойиҳаларини кўзда тутмаган. Кўплари қоғозда қолиб кетган десак, муболага қилмаган бўламиз.

Хўш, Хитой ҳукумати томонидан ўртага ташланган бу сафарги «Ипак йўли» лойиҳасини биз нега биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватладик? Мазкур лойиҳа қуруқликнинг қоқ ўртасида жойлашган Ўзбекистон учун нимаси билан жозибали?

Аввало шуни айтиш кераккки, 2013 йилда мазкур ташаббус эълон қилинганидан кейин Хитой ўзининг ташқи инвестиция ва савдо алоқаларининг ҳаммасини «Бир макон, бир йўл» байроғи остида жамлади. БМБЙ Хитойнинг расмий ташқи иқтисодий сиёсати мақомига кўтарилди ва ҳатто яқинда ўзгартирилган ХХР конституциясида ҳам ўз аксини топди. Энди Ўзбекистон-Хитой иқтисодий алоқаларини БМБЙ ташаббуси доирасида таҳлил қилса ҳам бўлаверади.

Ўзбекистон 1991 йилдан бошлаб ХХР билан иқтисодий алоқаларни юритиб келяпти. Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик тижорий ҳамкорларидан бири ва мана бир неча йилдирки, Хитой Ўзбекистон учун энг йирик хорижий инвестор. 2017 йилнинг ўзида савдо айланмаси ҳажми 5 миллиард АҚШ долларига тенг келган бўлса, томонлар бу ҳажмни 2020 йилга етиб икки баравар оширишни кўзлаяпти.

Хитой ширкатлари юртимизда катта инвестиция битимлари тузишга эришишган. Масалан газ ва уран қазиб олиш бўйича жами 15 миллиард АҚШ долларлик шартномалар имзоланган. Қўшма корхоналар сони 700дан кўп бўлиб, бунда Хитой инвестицияси жами 8 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Ўзбекистон ҳукумати БМБЙ лойиҳаси эълон қилинган илк кунлариданоқ уни қўллаб-қувватлашини билдирган. Натижада «Ипак йўли» Иқтисодий макони қурилишидаги ҳамкорлик Ўзбек-Хитой халқаро алоқаларининг асосий йўналишига айланди. Шу сабабли, Хитой ташкил этган илк глобал молия институти – Осиё инфраструктура банки ва Инвестиция банкида Ўзбекистон ташкил этувчи сифатида қатнашди ва уни фаол қўллаб-қувватлади.

Президентимиз 2017 йил май ойида БМБЙнинг 1-Форуми учун Пекинга давлат ташрифи билан борди ва ХХРнинг энг йирик давлат ширкатлари ва банклари билан музокаралар олиб борди. Натижада жами қиймати 22 милииард АҚШ долларлик 100дан зиёд битимларга эришилганди. Ташриф доирасида тарафлар қўшма декларация эълон қилишган ва унда қуйидаги муҳим масалалар жой олган:

  • Ўзбекистон ва Хитой ўртасида 2009 йил 14 октябрда имзоланган узоқ муддатли савдо битими доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, табиий ресурсларини ва энергия маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилишга тайёр;
  • томонлар Хитой тараққиёт банки ва Хитой Эксимбанки Ўзбекистондаги турли инфратузилма лойиҳаларини молиялаштиришни қўллаб-қувватлайди;
  • томонлар юқори технологияли қўшма корхоналарни рағбатлантириш ва табиий ресурслар билан боғлиқ бўлмаган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга йўналтирилган сармоявий ҳамкорлик тўғрисида келишиб олдилар;
  • томонлар халқаро автомобил транспорти битими тузилганини алоҳида эътироф этиш билан бирга, ўртадаги савдо муносабатларини мустаҳкамлаш учун битим аҳамиятини алоҳида таъкидладилар;
  • томонлар «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўл лойиҳаси бўйича музокараларни тезлаштириш муҳимлигини таъкидладилар.

Ҳамкорликнинг амалий натижаси ўлароқ, БМБЙ ташаббусининг 1-Форумидан уч ой ўтиб, 2017 йилнинг август ойида президент Шавкат Мирзиёев Осиё инфраструктура ва инвестиция банки раҳбари Жин Лиқунни Тошкентда қабул қилди. Томонлар Ўзбекистондаги бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни муҳокама қилдилар. 2,7 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги ушбу лойиҳаларга сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш, энергетика инфратузилмасини ривожлантириш, замонавий автомобил йўлларини қуриш, темир йўлларни электрлаштириш, пойтахт метро тармоғини кенгайтириш киради.

Ўзбекистоннинг мақсади нима?

Имтиёзли кредитлардан фойдаланиш, Хитой ишбилармонлик мажмуаларини ишга тушириш, маҳаллий фирмаларнинг ишлаб чиқариш салоҳиятини ошириш, ўзбек маҳсулотлари учун муқобил бозорларни топиш – Ўзбекистон ҳукуматининг асосий мақсадлари. Бундан ташқари, ташқи савдони ривожлантириш, қўшимча қийматли ўзбек маҳсулотларини БМБЙ лойиҳаси ёқасида жойлашган мамлакатларга етказишда лойиҳа ресурсларидан фойдаланиш ҳам мақсад қилинган.

Транспорт инфратузилмаси бўлмаган, дунё портларига чиқиш учун камида иккита давлатни кесиб ўтиши лозим бўлган Ўзбекистон учун мазкур лойиҳада иштирок этиш Европа Иттифоқи, Яқин Шарқ ва Хитой каби йирик глобал бозорларга муваффақиятли интеграциялашувга ёрдам беради.

БМБЙга қўшилиш орқали Ўзбекистон ҳукумати савдо йўлларини диверсификация қилиш имкониятини қўлга киритиши мумкин. Айниқса, «Ипак йўли» Иқтисодий маконининг учта транс Евроосиё иқтисодий йўлаклари орасида Хитойдан Марказий Осиёга, кейин Россия орқали Европага (Болтиқ денгизига қадар) олиб борадиган иқтисодий йўлаги ва Хитойдан Марказий Осиё ва Ғарбий Осиё орқали Форс кўрфази ва Ўрта Ер денгизга қадар чўзилган йўллар аҳамиятлидир.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасида қурилган Қамчиқ туннели:

Бошқа муҳим нуқталар:

1. Инфратузилма. Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўл лойиҳаси

Ўзбекистон 2016 йилда Хитой Эксимбанкидан 455 миллион АҚШ доллари миқдорида инфратузилма кредитини жалб қилган ҳолда шарқий Ўзбекистоннинг тоғли қисмида 19,2 км узунликдаги Камчиқ туннелини қуришга муваффақ бўлганди. 2016 йил июнида Ўзбекистон ва ХХР раҳбарлари иштирокида Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ва Қамчиқ туннелининг очилиш маросими ўтказилди. Уни ХХРнинг China Railway Group компанияси амалга оширган. Иш бу билан тўхтамаган, Ўзбекистон қўшни Қирғизистон билан бирга ХХРга «Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» темир йўл лойиҳасини БМБЙ доирасида қуриш таклифи билан чиқди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа Хитой томонидан эмас, балки Ўрта Осиё давлатлари томонидан, БМБЙ эълон қилинишидан олдин таклиф қилинган. Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги қўшма баёнотга ушбу лойиҳанинг қўшилиши Президент Мирзиёевнинг дипломатик ютуғи сифатида кўрилиши мумкин. Бироқ Хитой ва собиқ совет иттифоқи республикалари темир йўллари рельслари энининг турлилиги ушбу темир йўли линияси қурилиши 20 йилга кечиктирилишига сабаб бўлмоқда.

Юқоридаги лойиҳалардан ташқари, давлатимиз Осиё Инфратузилма ва инвестиция банкига ўтган йили бошида Бухоро-Урганч-Хива темир йўли электрлаштирилиши бўйича лойиҳани молиялаштириш учун ариза топширган. Лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, Бухоро-Мискан, Мискан-Урганч ва Урганч-Хива йўналишлари учун жами 340 миллион АҚШ доллари сўралган. Агар у амалга ошса, ушбу шаҳарлар орасидаги қатнов тезлашади, туристлар ҳаракати енгиллашади ва юк ташиш ишлари осонлашади. Ҳозирча ушбу лойиҳани банк кенгаши қачон тасдиқланиши номаълумлигича қолмоқда. Бундан ташқари, Хитой томонидан ўртага ташланган ва Ўрта Осиё давлатлари ҳам қўллаб-қувватлаган Хитой-Ўрта Осиё газ қувурининг 4-линияси бўлган Д-линиясини қуриш сўнгги йилларда ортга сурилмоқда. Тожикистонлик дўстларимиз бу линияга катта умид билан қарашаётган бўлса-да, баъзи бир ноаниқ сабабларга кўра ушбу катта лойиҳа амалга ошмай турибди.

Нима бўлганида ҳам, таклиф этилаётган лойиҳаларимиз иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши, узоқни кўзлаши, лойиҳа амалга ошириладиган ҳудудлардаги аҳоли турмуш шаротини яхшилаши, барқарор ривожланишни (sustainable development) юзага келтирадиган бўлиши шарт. Йўқса лойиҳалар Африка ўлкаларидаги каби кўпчилик томонидан ишлатилмайдиган ёки атрофдаги аҳоли учун фойдаси тегмайдиган инфратузилмадан иборат бўлиб қолади. Бундай бўлмаслиги учун халқимиз, айниқса ҳудудлардаги манфаатдор фуқароларимиз ва эксперт-мутахассисларимиз БМБЙ лойиҳалари ҳақида етарлича маълумотга эга бўлишлари лозим. Хитой билан тузилаётган барча шартномалар иложи борича ошкор этилиши, изоҳланиши, экспертизадан ўтказилиб, оммага тақдим этилиши даркор. Шундагина Хитой билан бўладиган халқаро алоқаларимиз ўзини оқлаши, ҳар икки томон учун манфаатли бўлиши мумкин.

2. Хитой банклари бизга бераётган қарзлар

Охирги икки йилда Хитойнинг оммавий банкларидан юртимиз банклари олган кредитлар ҳажми сезиларли даражада ошди, бу эса баъзи академик доираларда ташвиш уйғотди. 2018 йил апрель ва июнь ойлари орасида Ўзбекистоннинг бир қатор банклари Хитой банклари билан «рамочний» битим тузиб, 1 млрд. АҚШ долларидан ортиқ кредит шартномалар имзоланди ва молиялаштиришнинг катта қисмини SINOSURE (Хитойнинг экспорт кредитларини суғурталаш корпорацияси) суғуртаси билан қопланди. Ўзбекистон банклари ушбу ҳамкорлик доирасида бундан кейин 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга кредит маблағлари олишлари мумкин. Ҳар бир лойиҳа учун якуний шартлар алоҳида белгиланадиган бўлди. Ушбу кредит линиялари Хитой пудратчилари томонидан технологик ускуналар ва хизматларни молиялаштиришга йўналтирилади. Бундан ташқари, «Ипак йўли» Фонди Ўзбекистоннинг қадимий шаҳарларида қурилишга оид бир қатор лойиҳаларни фаол рағбатлантиришни мақсад қилган.

Кўряпмизки, давлатимизнинг ХХР ва унинг оммавий банкларидан ташқи қарзлари хавотирланадиган даражада катта эмас. Шундай бўлсада, қарз миқдори йил сайин ортиб боряпти. Бундай вазиятда, авваламбор, қўшни Қирғизистон ва Тожикистон республикаларидаги ҳолат бизга ўрнак бўлиши, ташқи қарзларимиз диверсификация қилиниши лозим, токи ХХРга ҳаддан ортиқ боғланиб қолмайлик.

Нафақат Хитойдан, балки ҳар қандай молиявий институтлардан катта қарзларни олишда эҳтиёткорона ёндашиш лозим. Мен таниш бўлган маълумотларга кўра, давлатимиз Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Европа тараққиёт ва тикланиш банкларидан қарз олишда мульти-вектор сиёсат юритаётгани учун ҳозирча катта хавотирга ўрин йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев вақтинчалик президент вазифасини бажаришга киришиш пайтидаги Олий Мажлис қўшма палаталари мажлисидаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, «четдан қарз олиш бўйича консерватив ёндашув сиёсатини давом эттириш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўймаслик муҳим аҳамият касб этади». Ташқи қарзимиз, айниқса давлат ҳимояси остида олинадиган суверен қарзлар ялпи миллий маҳсулотимизнинг 30 фоизидан ошмаслигига жиддий аҳамият берсак, фойдадан холи бўлмайди. Бу ўринда сўз навбати – Молия вазирлиги ва иқтисодчиларимизга.

3. Ўзбекистон ва Хитой манфаатларининг баъзида мос келмаслиги

Очиқ тан олиш керак – томонларнинг устувор йўналишларда манфаатлари ўзаро мос келмаслиги ҳолатлари ҳам кузатилади. Хитой Ўрта Осиёдаги қўшниларига инфратузилма лойиҳаларини экспорт қилишга йўналган, маҳсулотларни ишлаб-чиқаришни эса ўзида қолдиришни афзал билади. Хусусан, саноат маркази сифатида Шинжон вилоятини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ўрта Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон ўз ҳудудларида ишлаб чиқариш комплексларини қуришни истайди.

Ўзбекистоннинг БМБЙ бўйича ҳолати қўшни мамлакатлардагидан фарқ қилади. Агар Туркманистон ва Қозоғистон учун Хитойдан келган тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг катта қисми углеводородлар билан боғлиқ бўлса, ишсизлик даражаси юқори бўлган, 33 миллионлик давлатимиз эса:

  • саноат ҳудудларини фаоллаштиришга интилмоқда;
  • Хитой компанияларининг маҳаллийлашишини қўллаб-қувватлаш орқали хитойлик тадбиркорларни Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантиришга ва маҳаллий аҳолини иш билан таъминлашга ундаяпти;
  • хитойлик сайёҳларни жалб қилишни ўйлаяпти; президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг (ШҲТ) 17-йиғилишида ушбу ташкилотнинг Туризм университетини Ўзбекистонда ташкил этишни таклиф этгани ва бунинг амалга ошгани бунга далил.

Юқорида айтилганларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукумати Хитой билан савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларини эркинлаштиргандан кўра, тўғридан-тўғри Хитой инвестициясини олишни афзал кўраётгани ва назаримда, шу боис Хитой билан яқин орада чуқурлаштирилган эркин савдо битимини имзоламаслигини билдиради.

Хулоса

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси ҳақида қанча мунозара қилинмасин, унинг фойда тарафларини ҳеч ким инкор эта олмайди. Давлатимизнинг ушбу ташаббусдаги фаол иштироки мантиқан тўғри. Бироқ БМБЙ доирасидаги ҳар бир лойиҳанинг қандай амалга оширилишига қараб манфий натижалар юзага чиқиши эҳтимоли ҳам етарлича.

Хулоса ўрнида БМБЙ ташаббусининг юртимизда муваффақиятли амалга ошиши омилларини санаб ўтсам.

Биринчидан, Хитойдан қарз ва технология олаётган давлатлардан «кўзга қараб» иш қилиш тавсия этилади. Ўзбекистон учун БМБЙ лойиҳаси манфатли бўлиши учун олинаётган қарз ва инфраструктура лойиҳалари қай даражада фойдали эканини баҳолай билишимиз лозим.

Иккинчидан, маъмурчилигимизни ислоҳ этмасдан, СССРдан қолган мерос – коррупциялашган эски тизимни ислоҳ этмасдан туриб олинган қарз маблағлари суиистеъмол этилиб, бир қисми талон-торож бўлиб, бошқа қисми самарасиз сарфланиб кетиши аниқ. Зеро, давлат мулкига бўлган бундай муносабат аввалги тузумда «яхши» шаклланган бўлиб, ундан қутулмасак олдинга силжий олмаймиз. Бошимизга юзлаб миллиард долларлик қарз устида ўтириб қолган баъзи мамлакатлар ҳоли тушиши мумкин.

Учинчидан, «Ипак йўли» туризми ва темир йўл лойиҳалари каби ташаббуслар билан Ўзбекистон томони Хитой билан муваффақиятли дипломатик алоқани давом эттириши, ҳолат Хитойнинг биз билан бир томонлама монологи эмас, балки диалог шаклида олиб борилиши лозим. Лойиҳалар фақатгина йўл-кўприкларни барпо этишни эмас, балки ишлаб чиқарувчи фабрика ва заводлар каби саноат комплексларини ривожлантиришга қаратилиши муҳим. Бунда эътибордан қочириб бўлмайдиган нуқта – кўчириб келтириладиган завод ёки фабрика табиатимизни ифлослантирмаслиги, инсонлар саломатлигига хавф солмаслиги зарур.

Адлия вазирлиги қошидаги Ҳуқуқий сиёсат институтида ишлаб чиқилган, БМБЙга оид лойиҳалар соҳа мутахассислари томонидан яхши ўрганилиши ва муҳокамадан ўтказилишини йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун юртимиз университетларида Хитойни ўрганадиган эркин шаклдаги тадқиқот институтлари фаолият олиб бориши лозим. Бу ерда Хитой ва бошқа дунё тилларини яхши биладиган ва турли соҳаларда мутахассисликка эга бўлган ёшларимиз ишлаши ва доимий равишда ҳисоботларни эълон қилган ҳолда, бўлаётган янгиликларни илмий таҳлил этиб боришлари лозим. Шу билан бирга, хитойшунос олимлар (синолог) ва экспертларни етиштириш керак.

Ҳозирда Хитойда Марказий Осиё давлатларини ўрганувчи 20тадан ортиқ тадқиқот институтлари, университет факультетлари ва кафедралар ўз фаолиятини юритмоқда. Қисқа қилиб айтганда, Хитой бизни ўрганишни аллақачон бошлашган. Мақола ва китоблар тўхтовсиз чиқяпти. Бизда-чи?

Check Also

200sum

200 минг сўмлик банкноталар муомалага чиқарилади

Янги банкноталар 15 июлдан муомалада бўлади. Марказий банк 2022 йил 15 июлидан бошлаб янги кўринишдаги …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари