Главные новости
Главная / Маданият / Гўзал хотиралар
Место рекламы

Гўзал хотиралар

khotiraПайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак вужудлари тупроққа қўйилгани ҳамон қабрлари зиёрат этила бошланди.

Қабр зиёратига келган биринчи одамлар ҳазрат Али ва ҳазрат Фотима эди. Қабрга яқинлаша олмай тўхтаб қолган ҳазрат Фотима бирдан ҳазрат Алининг ёқасига ёпишди:
– Аллоҳнинг Расули устига бу тупроқни тортишга қандай қўлингиз борди?
– Бу – Аллоҳ таолонинг тақдири, Фотима.
– Пайғамбар отамнинг устига қандай тупроқ отдингиз, қандай қилиб-а?
– Бу – Пайғамбар отангнинг суннати, Фотима.
– Шунча тупроқни отамнинг устига қандай йиғдингиз, кўнглингиз қандай рози бўлди?
– !..

Ҳазрат Али ғамзада аёлига нима дейишини билмай қолди.
Ҳазрат Фотима Пайғамбар отасининг қабрига қараб шундай дард билан айтиб йиғладики, ҳазрат Али ҳам ўзини тута олмади…
«Устимга шундай мусибат ёғилдики, улар кундузлар бошимга ёғилса, нурли кунлар қоп-қора кечаларга айланган бўларди!»

Усиз қолишганди…
Энди қандай яшашади? Усиз яшай олишадими ўзи?
Саҳобалар Усиз яшай олмасликларини сезиб турган бир вазиятда онасини, опаларини, энди эса отасини йўқотган ҳазрат Фотима қандай яшарди?

Гулнинг гулларидан ёлғиз ҳазрат Фотимагина қолганди…
Ҳазрат Али уни бир дақиқа ҳам ёлғиз қолдирмасликка интиларди. Аммо, барибир, йўқотган яқинлари ўрнини тўлдира олмасди. Ҳатто беш фарзанди ҳам аёлга таскин бермас, йўқотиш аламларини енгиллатмасди. Уч қиз, икки ўғил атрофида қанчалар парвона бўлишмасин, ҳазрати Фотима ўзини кимсасиз ҳис қиларди…

Бир муддат уйида таъзия қабул қилди. Сўнг уйида илм мажлислари қурадиган бўлди. Тунларини тонгларга улаб, Пайғамбар отасининг ишини давом эттиришга уринар, муборак сўзларининг мағзини чақиб берарди.

Шу билан бирга эри ва болалари олдидаги вазифаларини ҳам адо этарди. Ёлғиз қолган гул атрофга мушку анбар сочарди.

Бир куни…
Ифторга оз вақт қолганди. Эшик тақиллади. Ҳазрат Али бориб эшикни очди. Остонада эзгин ва паришон бир киши оёқда аранг турарди. «Аллоҳ таоло розилиги учун…» дея олди, холос. Ҳазрат Фотима бутун ифторликни олиб ҳазрат Алига берди. Аёлига миннатдор боққан ҳазрат Али бояги кишига узатди.

Уйда егулик ҳеч нарса қолмади. Ифтор вақти бўлганда эшик тақиллади. Эр-хотин бир-бирига чорасиз қарашди. Ҳазрат Али яна эшикни очди. Очар-очмас ҳайқирди:
– Марҳамат, Аллоҳнинг Расули!
Ҳазрат Фотима ҳам югуриб пешвоз чиқди.
– Менга бироз егулик беринг. Ифтор қилишга етадиган егулик.

Ҳазрат Али ва ҳазрат Фотиманинг юзлари бўздай оқариб кетди. Энди нима қилишади? Нима қилишса экан?.. Бир оғиз сўз ҳам айтолмайдиган, бир қадам ҳам ташлай олмайдиган бир вазиятда эди эр-хотин. Бўйинлар букик, кўнгиллар ғамли ва чорасиз…

Уларнинг бу ҳолатини кўрган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини одатда емак турадиган жойга узатиб, табассум билан дедилар:
– Ўша ердан олиб беринглар!

Жаннат ҳури бўлган ҳазрат Фотима одоб юзасидангина ўрнидан жилиб, кўрсатилган томонга бордилар. Буюк Аллоҳим, бу не? Жавон тўла емак эди! Аллоҳ Расулининг мўъжизаси эди бу! Коинот сарвари шундай дедилар:
– Беринглар, фақирларга улашинглар. Аммо меъёрига риоя қилинг. Ўлчовдан ошманг.
Буни хотирлаш ҳазрат Фотимага ҳузур бағишларди.

Яна бир куни…
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Фотиманинг уйига келганди. Қизи чордоқда қўл тегирмонини айлантирар, бир қўлида боласини эмизарди. Пешонаси терлаган.

Бу манзара Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўнглини эмрантирди, муборак кўзларига ёш келди. Овоз чиқардилар, ҳазрат Фотима дарҳол ўрнидан турди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ўтир» ишорасини қилдилар:
– Севимли қизим! Охират роҳати учун дунё азобига чида! Зеро, Азиз ва Жалил Аллоҳ: «Яқинда Парвардигорингиз сизга (шундай неъматлар) ато этурки, сиз (у илоҳий марҳаматлардан) рози бўлурсиз» (Ваз-зуҳа сураси, 5-оят) оятини туширди. Илоҳий армуғон, сўнгсиз неъматлари билан бизни рози қилади.

Бу муждани эшитган Пайғамдар қизининг қалбини буюк қувонч эгаллади. Бутун вужуди нур сочарди гўё. Тегирмон айлантираётган султон эди у… Гулнинг гули эди… Ва бу гул энди Усиз эди…

* * *

Яна бир ибратли хотира…
Пайғамбар алайҳиссалом ҳазрат Фотимани кўргани бордилар. Қизи уй ишлари билан машғул, эшикка ҳашамдор, безакли парда осилганди. Пардани кўрган Пайғамбар алайҳиссалом эшиккача келганлари ҳолда ичкарига кирмай қайтдилар. Ортларидан югуриб чиққан ҳазрат Фотимага ҳам қарамадилар.

Уйга паришон қайтган ҳазрат Фотима ўтириб қолдилар. Бироздан сўнг кўчадан келган ҳазрат Али уни бу ҳолда кўриб сўради:
– Фотима, нима бўлди, нега бундай хафасан?
– Сўраманг, Аллоҳнинг Расули бизникига келгандилар, аммо негадир ичкарига кирмай, қайтиб кетдилар.

– Ҳозир бориб гаплашиб келаман.
Ҳазрат Али Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борди, тин олмай сўради:
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, Расулуллоҳ! Қизингиз уйгача келиб, кирмай кетганингиздан жуда хафа. Сабабини билмоқчи эдим.
– Ё Али! Мен қаердаман-у, дунё ва унинг моллари қаерда! Мен Фотиманинг эшигида шундай парда кўрдимки, у нақш ва безакларга бой эди. Уни ёқтирмай, қайтиб кетдим.

– Нима қилайлик, Аллоҳнинг Расули?
– Фотимага айт, бу пардани эҳтиёжманд фалон оилага берсин!
– Ҳозироқ, эй Аллоҳнинг Расули!
Ҳазрат Али келиб, ҳазрат Фотимага воқеани тушунтирди. У ҳам дарҳол отасининг амрини бажо келтирди. Бундан жуда мамнун бўлган Пайғамбар алайҳиссалом шундай марҳамат қилдилар:
– Қизим! Ўзингни жаҳаннам оловидан қутқазишга интил! Зеро, мен сизларни олов ва азобдан қутқаришга қодир эмасман. Яна мен ақраболик – яқинликни тарк этмайман. Уларга иззат ва икромда, эҳсонда бўламан. Сизларга нисбатан мен болалари ва оиласига хавф солаётган душманни кўргани ҳамон талваса билан «Қочинглар!» дея бақириб-чақирган одам кабиман. Қочиб қутулиш эса сизнинг қўлингизда!

Шу воқеадан бир ёки икки ҳафта ўтгач, Пайғамбар алайҳиссалом амакиси Абу Толибнинг невараси Ҳинднинг қўлида қиммат узук кўриб қолдилар. Буни ёқтирмаганларини билдириш учун қизнинг қўлига енгилгина урдилар. Ҳеч нарсага тушунмаган қиз бориб ҳазрат Фотимадан сўради. Ўшанда ҳазрат Фотима бўйнида маржони бор эди. Дарҳол ечиб қўйди. Шу он Пайғамбар алайҳиссалом келиб қолдилар. Қизининг қўлида маржонни кўриб жуда хафа бўлдилар ва дедилар:
– Фотима! Одамлар «Пайғамбарнинг қизи қўлида оловдан ясалган занжир бор», дейишса, мамнун бўласанми?

Ва Аллоҳнинг Расули ўтирмай, ортга қайтдилар. Ҳазрат Фотима эса маржон ва Ҳинднинг қўлидаги узукни олиб бозорга жўнади. Уларни сотиб, пулига қул олди ва уни озод этди.
Буни эшитган Пайғамбар алайҳиссалом кўзлари севинчдан порлаб дедилар:
– Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳга ҳамд бўлсинки, қизим Фотимани оловдан қутқарди!
Улар «Бу нимани ҳал қиларди?» дейишмади, дунёга кўнгил қўйишмади. Солиҳ амал, гўзал иш, зуҳд ва тақво эди уларнинг ҳаёти.

* * *

Яна бир куни ҳазрат Билол кеч қолди. Аллоҳнинг Расули ундан нега намозга кечикканини сўрадилар.
– Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Расулуллоҳ! Йўлда Фотимани кўриб қолдим, Алини иш билан жўнатган экансиз. Қизингизга ёрдам керакдир, деб ўйладим. Борсам, у тегирмонда ун чиқараётган экан. Мен ун чиқариб бердим ва шу боис кечикдим.
Пайғамбар алайҳиссалом мамнун дуо қилдилар…

* * *

Ҳазрат Али уйдан олти дирҳам олиб бозорга борди. Энди савдо қилаётган пайтда икки кишининг келишмай турганини кўрди. Бири қарзини қистар, иккинчиси бироз муҳлат беришини сўраб ялинарди. Олти дирҳамини уларга бериб тинчитган ҳазрат Али уйга бўш қайтишга мажбур бўлди:
– Ота, мева олиб келдингизми?
– Ейдиган ҳеч нарса олмадингизми, ота?
– Ота, очман!

Ҳазрат Алининг юраги парча-парча бўлди. Кўзлари ёшга тўлди. «Ҳозир олиб келаман», деб уйдан чиқди. Нима қилишни, қаерга боришни билмасди. Шу пайт олдидан туя етаклаган киши чиқди.
– Али, туя оласанми?
– Ҳозир пулим йўқ.
– Кейин берарсан, сенга ишонаман.
– Ундай бўлса, оламан. Қанча?
– Юз дирҳам.
– Майли, олдим.

Туяни етаклаб тўғри бозорга борди. У ерда туяга дарҳол харидор чиқди.
– Туя сотасанми, Али?
– Ҳа, сотаман.
– Уч юз дирҳамга сотасанми?
– Ҳа, олинг.
Пулга дарҳол бозор-ўчар қилди, болаларига егулик, мевалар харид қилди. Ўша куни уйларида байрам бўлди. Бир томондан юз берган воқеа муҳокама қилинар, иккинчи ёндан таом ҳозирланарди.

Шу куни Пайғамбар алайҳиссалом уларникига келдилар.
– Сенга туя сотган одам кимлигини биласанми, Али?
– Йўқ, Аллоҳнинг Расули.
– Ҳазрат Жаброил эди. Туянгни ким олганини биласанми?
– Йўқ, Аллоҳнинг Расули.
– У зот ҳазрат Исрофил эди. Туя эса жаннат туяларидандир. Бир мусулмонни эҳтиёждан қутқарганинг учун буюк Аллоҳ сени мукофотлади.

Коинот сарваридан шундай муждани олган оила жуда хурсанд бўлди, илоҳий нурга чулғонди. Пайғамбар алайҳиссалом мўъжизаси уларни бир хурсанд қилган бўлса, ҳазрат Алининг кароматидан икки қувонишарди…
У Зот билан ҳаётлари шундай гўзал кечарди. Усиз ҳаёт хотиралардан иборат эди…

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Anvar

Check Also

getimage

Намоз ўқиш тартиби аёллар учун

Бир кунда беш вақт (бомдод, пешин, аср, шом ва хуфтон) намоз ўқиш ҳар бир мусулмонга …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари