Главная / Жамият / Эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бериладиган ёрдам пули учун ҳужжатлар талаб қилинаётгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилди
Место рекламы

Эҳтиёжманд оилалар фарзандларига бериладиган ёрдам пули учун ҳужжатлар талаб қилинаётгани тўғрисидаги хабарга изоҳ берилди

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги давлат томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшгача бўлган болаларига бериладиган бир марталик моддий ёрдам пули учун бир қанча ҳужжатлар талаб қилинаётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарга муносабат билдирди.

Куни кеча ижтимоий тармоқлар орқали давлат томонидан эҳтиёжманд оилаларнинг 16 ёшгача бўлган болаларига жорий йилнинг сентябрь ойида бериладиган бир марталик моддий ёрдам пули учун бир қанча ҳужжатлар талаб қилинаётганлиги тўғрисида хабар тарқалди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги мазкур хабарни атрофлича ўрганиб чиққанини хабар берди. Вазирликнинг маълум қилишича, президентнинг 2020 йил 26 августдаги “Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4815-сонли қарорига мувофиқ, жорий йилнинг сентябрь ойида қуйидаги тоифага кирувчи  болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан пул тарқатилиши белгиланган.

Булар: 

  • боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари;
  • ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болалар;
  • «темир дафтар»га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болалари.

Шунингдек, қарорда 810 мингдан ортиқ мазкур тоифага кирувчи болаларга давлат бюджетидан 400 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши белгиланган.

Моддий пул маблағлари қуйидаги тартибда тарқатилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси орқали.

Бунда Жамғармада мавжуд боқувчисини йўқотганлик пенсияси ва нафақасини олувчи оилаларнинг болалари ҳамда ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларнинг рўйхатлари асосида уларнинг ойлик пенсия ва нафақа миқдорига қўшиб тўлаб берилади.

Қайд этилишича, бунинг учун мазкур оилалардан ҳеч қандай ҳужжат талаб қилинмайди.

2. Ҳудудий секторлар ва фуқаролар йиғинлари томонидан шакллантириладиган “темир дафтар” тизими орқали.

Бунда дастлаб сектор ва фуқаролар йиғини вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ аъзолари уйма-уй юрган ҳолда “темир дафтар”га киритилган оилаларнинг аъзоларини, шу жумладан, уларда яшовчи 16 ёшга тўлмаган болаларни қайта рўйхатдан ўтказади. Мазкур жараёнда оиланинг “темир дафтар”га кириш учун мавжуд ижтимоий ҳолати ҳамда турмуш шароити ўрнатилган тартибда ўрганилади.

Қайд этилишича, бир марталик моддий ёрдамни олувчи оилалар ва улардаги 16 ёшга тўлмаган болаларни рўйхатга олишда оиладаги 16 ёшга тўлмаган болаларнинг фақатгина туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси ва ота оналар (ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар)нинг паспорт нусхалари олинади.

Шунингдек, фуқароларга янада қулайлик яратиш мақсадида, агар мазкур ҳужжатлардан нусха тақдим этишнинг имкони бўлмаса, телефон ёки фотоаппарат қурилмалари орқали ҳужжатларнинг фотонусхалари олинади.

Билдирилишича, “темир дафтар” тизими орқали бир марталик моддий ёрдам олувчи оилалар ва улардаги 16 ёшга тўлмаган болалар ҳақидаги маълумотларни шакллантириш мақсадида фуқароларнинг ортиқча овора бўлишига ҳамда улардан юқорида келтириб ўтилган ҳужжатлардан бошқа ҳужжатлар талаб қилинишига йўл қўйилмайди.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

bgb_9oneg7tpcdbgufi2aoz1-64xrg9s

ДТМ: Тест синовлари натижалари бўйича ишлар якунланди

Давлат тест маркази абитуриентларнинг имтиҳон натижалари бўйича ишлар тугатилгани, лекин ижодий имтиҳон натижалари энди ягона …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари