Главная / Жамият / Далиллар рад этилмаган «раддия»: Иштихонда ҳокимнинг қарорига изоҳ бера оладиган одам йўқми?
Место рекламы

Далиллар рад этилмаган «раддия»: Иштихонда ҳокимнинг қарорига изоҳ бера оладиган одам йўқми?

Одатда, бирор ҳудуддаги муаммо кўтарилса-ю, масъуллардан изоҳ олинмаса, эртаси куниёқ мутасаддилар бонг уришади: «Мақола муаллифлари масалага бир томонлама ёндашиб, ҳокимликка учрашмасдан…»

Иштихон туман ҳокимлиги эса иккинчи томон фикри ўрганилган тақдирда ҳам шу «қолип»дан фойдаланишни ўзига эп кўрди. Бу шошма-шошарлик билан туман ҳокимлиги ахборот хизмати ҳам ёлғон маълумот тарқатиб, ўқувчиларни чалғитяпти, ҳам мустақил ОАВга туҳмат қиляпти.

Гап шундаки, жорий йилнинг 4 декабрида Kun.uz сайтида «Иштихон бозоридаги музқаймоқ дўконда яшаётган она-бола: улар ҳокимлик учун шунчаки «бошоғриқ»ми?» сарлавҳали мақола эълон қилинганди.

Мақола мазмунига қисқача тўхталамиз. Шу туманда яшовчи Гулмира Абдухалилова бозор ичидаги 1,5×2 метрли музқаймоқ дўконида яшаб келмоқда. Бошидан кўп қийинчиликлар ўтказган бу аёл 2012 йилда «Қирқйигит» маҳалласида яшовчи Зикрилло Ўташевдан уй-жой қуриш учун ер сотиб олган. Г.Абдухалилова ана шу ерга бор топган-тутганини сарфлаб, саховатпеша инсонлар кўмагида пойдевор қуради. Аёл таҳририятга мурожаатида ҳокимлик вакиллари у ерга қурилиш қилиш мумкин эмаслигини айтиб, тикланган пойдеворни буздириб ташлашганидан норози эканини баён қилган.

Г.Абдухалилованинг қўлида унга ер сотган одам номига туман ҳокими имзолаган эгалик ҳуқуқи берилган қарор бор. Қарорда Зикрилло Ўташевга ўша ер умрбодга берилгани акс этган. Демак, З.Ўташев участкани кимгадир сотиши учун ҳеч қандай монелик йўқ. Масала шундаки, аёл олти-сотдини нотариал тартибда амалга оширмаган. Кейинчалик муаммо юзага келганида ерни сотган одам бу ҳақда тилхат ёзиб берган. Ҳолат бўйича МФЙ вакиллари иштирокида далолатнома ҳам қилинган.

Мақолада айтилганидек, Г.Абдухалиловани тезроқ музқаймоқхонадан «олиб чиқиш» алоҳида масала. Аввало, унга ўзи сотиб олган ер масаласида ҳуқуқий ёрдам керак. Чунки, у мазкур ерни сотиб олиш ва пойдевор қилиш учун бор маблағини сарфлаганини айтмоқда.

Шу сабабли биз Иштихон тумани ҳокимлигида бўлиб, қуйидаги саволлар билан мутасаддиларга мурожаат қилгандик:

1. Г.Абдухалилова сотиб олган ердаги пойдевор қайси ҳужжатга асосан бузиб ташланган?

2. Унга ерни сотган шахс тақдим этган ҳоким қарори ҳақиқатан ҳам шу ерга тегишлими? (Зикрилло Ўташев берган тилхатда айнан шу жой назарда тутилган).

3. Агар шундай бўлса, нега компенсация масаласи ҳал этилмаган?

4. Агар ростдан ҳам ноқонуний қурилган бўлса, нега ўз вақтида ҳоким қарори чиққан у ерга?

Иштихон тумани ҳокимлиги сайтида эълон қилинган раддияда Kun.uz мухбирлари мутасаддиларга учрашмагани иддао қилинган. Ваҳоланки, юқоридаги саволлар билан туман ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари Умид Исломов, хотин-қизлар масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари Нилуфар Явғочова ҳамда ахборот хизмати раҳбари Илҳом Бобоевга бевосита мурожаат қилинган.

Одамни ажаблантирадиган яна бир ҳолат шуки, Kun.uz туман мутасаддиларига учрашмаган бўлса, ҳоким ўринбосарларининг суратини қандай қилиб ва нега эълон қилади? Мантиқ қани бу ерда? Айтайлик, мазкур муаммо бўйича туманда шу икки ўринбосардан кўпроқ тасаввурга эга мутасадди ёки маълумот олишда ахборот хизматидан муҳимроқ шахс борми?

Афсуски, олдинги мақола тайёрлангунча ҳам, ундан кейин ҳам айнан ўша ерга оид ҳужжат билан боғлиқ саволларга жавоб берилмади. Ҳолбуки, худди шу нарсага ойдинлик киритилса, аёлнинг уй-жой билан боғлиқ муаммоси бир томонга ҳал этилар ёки у ерга эгалик қилиши ёки пулини қайтариб олиб, бошқа уй қуриш ҳаракатига тушиши мумкин эди. Ҳокимлик эса қарор ҳақида бир оғиз ҳам лом-мим демасдан, сайт ходимларининг ҳокимлик мутасаддиларига учрашмагани ҳақида ёлғондан иборат раддия эълон қилди.

Шундай бўлса-да, мазкур раддиядан сўнг, сайт ходимлари яна Иштихон туманида бўлди. Ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари яна худди олдинги сафарда учраштирилган мутасаддиларни суҳбатга чорлади.

Аммо бу сафар ҳам Зикрилло Ўташев номига чиққан ҳоким қарори айнан қайси ерга тегишли эканига аниқлик киритилмади. На ҳокимлик ва на бошқа ташкилот бу сафар ҳам масалага ойдинлик кирита олди! Раддияда муаммоли ернинг Г.Абдухалиловага алоқаси йўқлиги ҳақида интервью берган туман ер-мулк кадастр идораси раҳбари Ҳусниддин Остонов ҳам ҳужжатнинг айнан қайси жойга тегишли эканини билмаслигини айтди. Иккинчи томондан кадастр раҳбари бу ҳужжат ҳақда маълумотга эга эмаслиги ҳам табиий ҳолат бўлиши мумкин — агар қарор давлат рўйхатидан ўтмаган бўлса. Бу эса яна бир саволни ўртага чиқаради: ҳоким қарори рўйхатдан ўтганми?

Модомики, ҳали бу қарор ҳақида аниқ маълумотга эга эмас экан, нимага асосланиб Г.Абдухалилованинг даъвоси нотўғри эканини тармоқларда тасдиқлашяпти?!

Умуман, қаторасига барча мутахассисларнинг асоссиз равишда фуқаронинг зарарига хулоса бериши (ҳужжатга аниқлик киритмасдан) туман раҳбарияти учун тўғрими? Бунинг ўрнига ҳолатга ойдинлик киритиш энг адолатли ва қонуний йўл эмасми?

Тўғри, ҳокимлик мутасаддилари опага яшаб туриш учун уй таклиф этмоқда экан. Г.Абдухалилова ҳақиқатан ҳам ҳозирча бу уйга кўчиб ўтмоқчи эмаслигини айтган. Чунки у ўзи сотиб олган ер бўла туриб, вақтинчалик бошпанага кўчиб ўтишда мантиқ кўрмаяпти.

Г.Абдухалиловага ер сотгани айтилаётган фуқаро гарчи бу ҳақда ўзи тилхат берган бўлса-да, эндиликда ҳокимлик вакилларига ҳеч кимга ер сотмаганини айтмоқда экан. Бу ҳолатга эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ойдинлик киритишлари керак. Чунки опа бу ерни уй қуриш учун сотиб олган, қўлида тилхат ва далолатномаси бор.

Биз ер сотган Зикрилло Ўташевдан изоҳ олиш мақсадида у яшаётган хонадонга бордик. Афсуски, унинг уйда йўқлигини айтишди, қўнғироқларимизга эса жавоб бермади.

Хулоса ўрнида. Гулмира Абдухалиловани ёзувчи-ю шикоятчига чиқаришдан наф йўқ. У атиги бир нарсани сўраяпти: ҳоким қарорига асосланиб сотиб олинган ерни меники, деяпти. Ҳокимлик эса у ерда уй қуриш мумкин эмаслигини таъкидламоқда.

Демак, иккита савол ҳамон очиқ қолмоқда:

1. Иштихон тумани ҳокими Шуҳрат Негматов 2008 йил 22 декабрда Зикрилло Ўташевга умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги қарорини уй қуриш мумкин бўлмаган жой учун чиқарганми?

2. Зикрилло Ўташев ҳоким қарорини сохталаштириб, Гулмира Абдухалиловага ер сотганми?

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

ijntas_phb0pb_gevrxej-0_e1pjphkh

Олис ҳудудларга бориб ишлайдиган ходимларга қўшимча тўловлар қай тартибда тўланади?

Олис ҳудудлардаги бюджет ташкилотларига малакали мутахассисларни жалб қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди, дея хабар қилмоқда Kun.uz …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари