Главные новости
Главная / Жамият / Чилонзорда тадбиркор ва фуқаролар келиша олмаяпти. Ҳокимлик қурилиш учун ер ажратишда аҳоли фикрини инобатга олмайдими?
Место рекламы

Чилонзорда тадбиркор ва фуқаролар келиша олмаяпти. Ҳокимлик қурилиш учун ер ажратишда аҳоли фикрини инобатга олмайдими?

Чилонзор тумани Муқимий кўчасида жойлашган 144-148 уйлар оралиғидаги 6 сотих ер майдонига офис ва омборхона қуриш режалаштирилган. Шу ерда яшовчи фуқаролар эса бу қурилишдан норози бўлишмоқда.

Таҳририятга келиб тушган мурожаатни ўрганиш, томонларни эшитиш ва ҳужжатлар билан танишиш мақсадида уйлар жойлашган манзилда бўлдик.

«Кўп қаватли уйлар орасида қурилиш бўлишига қаршимиз»

Маълум бўлишича, «Балиқ савдо» МЧЖнинг Чилонзор тумани 10-мавзе ТХAЙ кўчасида жойлашган омборхона биносининг бузилиши эвазига компенсация тариқасида Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан «2-Чархи Комолон» маҳалласи Муқимий кўчасида жойлашган 144-148 уйлар оралиғидаги 6 сотихли ер майдони ажратиб берилган.

МЧЖ ўзига ажратилган ерга офис ва омборхона қуришни режалаштириб, ўз ерини ўраб олиш ишларини бошлаган. Бироқ ушбу ердаги кўп қаватли уйлар аҳли бундан норози бўлишмоқда.

«Биз 144-148 уйларда яшовчи фуқаролар бу ерга қурилиш бўлишига қаршимиз. Фарзандларимиз ўйнайдиган жойда қурилиш қилиши, дарахтларни кесиб ташлаши мумкин эмас-ку! Тадбиркор аҳолининг розилигини олгани йўқ. Биз қаршимиз. Ҳеч қандай қурилиш бўлмасин. Чунки бизнинг уйларга жуда яқин масофада қурилмоқда.

Қуришни бошлаш учун ҳужжатларни кўрсатинглар, десак, Тошкент шаҳар ҳокимининг қароридан бошқа нарсани кўрсатишгани йўқ. Тасдиқланмаган бош планни олиб кўрсатишди. У ҳам нотўғри. Бу ерга омборхона ва офис қуриладиган бўлса, фарзандларимиз қаерда ўйнашади, ўзимиз қаерда тоза ҳаводан нафас оламиз? Ўзимизнинг тадбиркор болалар майдончаси, автотураргоҳ қуриб бермоқчи. Қурилиш учун аввал аҳолининг розилиги олиниши керак эмасми?!» – дейди норози бўлиб йиғилган фуқаролардан бири.

«Дарахтларни сақлаш, автотураргоҳ ташкил этиш ва аҳоли розилигини олиш шарт» — Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси

Фуқаролар Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига ҳам ушбу масала бўйича мурожаат қилишган. Лойиҳа-смета ҳужжатларини келишиш бўйича Aрхитектура ва шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг 2020 йил августдаги хулосасига кўра, офис ва омборхона биноларини қуриш лойиҳаси турар жой бинолари билан оралиқ масофаларни ва мавжуд кўп йиллик дарахтларни сақлаш ҳамда автотураргоҳ ташкил этиш, аҳоли розилигини олиш шарти билан лойиҳа ишларини давом эттиришга келишилган. Лекин агарда қурилиш бошланадиган бўлса, кўп йиллик дарахтлар кесилишига тўғри келади.

Мазкур хулоса эса қурилиш бошлаш учун асос бўлмаслиги таъкидланган.

«Тадбиркор фуқаролар билан келишиб, уларни рози қилиш керак» — туман ҳокимлиги

Чилонзор тумани ҳокимлигининг вазиятдан хабардор ва шу ерда бўлиб турган вакили келишмовчилик юзасидан изоҳ берди.

«Бўлаётган ҳолатдан хабаримиз бор. Тадбиркорга Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан ушбу ер ажратиб берилган. Ҳозирда ҳужжатларни тайёрлашмоқда. Лекин аҳоли билан келишиб, уларни рози қилишлари керак. Биз бу масалаларни тадбиркорга айтганмиз», – дейди Чилонзор тумани ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари котибият бош мутахассиси Мирсаид Мирсобиров.

«Кўплаб таклифлар берилган, аммо фуқаролар кўнишмаяпти» — МЧЖ вакили

Ҳолат юзасидан МЧЖ вакилини суҳбатга тортдик. Унинг сўзларига кўра, бир неча бор фуқаролар билан муроса қилишга ҳаракат қилинган, лекин улар рози бўлишмаяпти.

«Уйларнинг подьездларини таъмирлаб бериш, автотураргоҳ қуриш ва бошқа таклифлар бердик. Лекин фуқаролар барибир қурилишга қарши бўлишмоқда. Бу бизга берилган ер. Уни ўрашга ҳаққимиз бор. Лекин нима қилиш керак? Фуқаролар қурилишга рози бўлишмаяпти», – дейди МЧЖ вакили Исломбек Гафуров.

Яна ўша муаммо: Ҳокимлик ер ажратади, тадбиркор ва фуқаролар келиша олишмайди

Сўнгги йилларда таҳририятимизга айниқса Тошкент шаҳридан келиб тушаётган кўплаб мурожаатлар мазмуни бир хил: тадбиркор «қураман» дейди, фуқаролар «қурмайсан» дейди.

Ҳокимлик тадбиркорга қарор чиқариб бериб, ерни ажратиб беради ва гўёки ўйиндан чиқади. Шундан сўнг фуқаролар ва тадбиркор ўртасида низо бошланади.

Вазият айнан кўп қаватли аҳоли уйлари орасида қурилиш қилиш, ер ажратиш бўйича тизимли муаммолар борлиги, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Акс ҳолда, бу каби ҳолатлар гоҳ Юнусобод, гоҳ Миробод, гоҳ пойтахтнинг бошқа бир туманида қайта ва қайта кун тартибига чиқаверади.

Раҳматилло Исроилов тайёрлади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

motdrqdmieqm3vdrzpdodldcpj1zvk-r

Ҳарорат кўтарилмоқда. Иқлим исиши сабаб инсонлар нималар йўқотиши мумкин?

Сўнгги 20 йилда об-ҳавонинг кескин исиши оғир гуманитар ва иқтисодий зарарларга олиб келмоқда. БМТ бу …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари