Туғиб ташлаш билан бўлмас бола, бало бўлғай сизга,
Вужуди тарбият топса, бўлур раҳнамо сизга.
Темирчининг боласи тарбия топса, бўлур олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса, бўлғуси золим. (Абдулла Авлоний)
Яқинда ижтимоий тармоқларда Қўқондаги таълим тизими «ботқоққа ботаётгани» ҳақида хабар тарқалганди. Баъзи мактабларда тарбиявий ишлар тўлиқ йўлга қўйилмагани сабаб сўнгги вақтларда мактаб ўқувчилари ҳомиладор бўлиб қолгани ва ўқувчилар ўртасида пичоқбозлик ҳолатлари кўпайиб кетганлиги айтилганди.
KUN.UZ мазкур воқеа юзасидан Қўқон шаҳрида ўз журналистлик суриштирувини ўтказди. Бош прокуратура матбуот хизмати кўмаги билан ҳомиладорлик ва пичоқбозлик ҳолатлари юзасидан маълумотлар тўпланди.
Youtube’да кўриш
Mover’да кўриш (tas-ix)
Аниқланишича, шаҳардаги 19-мактаб ўқувчиси М.А. жорий йилнинг 31 май куни таниши Х.Қ. билан жанжаллашган. Жанжал вақти унга пичоқ уриб тан жароҳати етказган. 1 июнь куни М.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси (қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Иш судга оширилиб, айбдорга нисбатан тегишли жазо тайинланган.
Яна шундай ҳолатлардан бири жорий йилнинг 20 май куни 2-мактаб ўқувчиси Л.Ж. ва 29-мактаб ўқувчиси Ж.О. ўртасида бўлиб ўтган. Икки шахс ўртасида низо келиб чиққан ва Л.Ж. таниши Ж.О.га пичоқ уриб, тан жароҳати етказган. Прокуратура томонидан жиноят иши қўзғатилиб, 2018 йилнинг 6 август куни айбдорга суд ҳукми билан жазо тайинланган.
Шаҳардаги 23-мактабнинг вояга етмаган ўқувчиси, М.Т. 1-мактаб ўқувчиси Х. билан жинсий алоқада бўлиши натижасида қиз фарзандни дунёга келтирган. 2017 йилнинг 31 декабрь куни ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, суд ҳукми билан айбдор шахсларга нисбатан тегишли жазо чоралари қўлланилган. Ёш она фарзандидан воз кечган ва чақалоқ болалар уйига топширилган.
Айнан шу мактаб ўқувчиси М.А ҳам таниши билан жинсий алоқада бўлиб, у ҳам ҳомиладор бўлиб қолган. 2017 йилнинг 30 декабрь куни Жиноят кодексининг 128-моддаси билан иш қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилган. М.А.нинг камқонлиги ҳисобга олинган, фарзанд кўриши унинг ҳаёти учун хавф солиши мумкинлиги айтилган ва тегишли тиббиёт муассасасининг кўрсатмаси асосида унинг ҳомиласи аборт қилинган.
Бу маълумотларни эшитганимиздан сўнг, зудлик билан Тошкентга шошилдик. Қайтибоқ Халқ таълими вазири Шерзодбек Шерматов билан боғландик. Вазир бу ҳолатга ўз муносабатини билдирди. Ўринбосари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, Қўқон шаҳрига хизмат сафарига жўнатилди. Шошилинч мажлис ўтказилди. Биринчи қадам ташланиб, шаҳар халқ таълими мудири ишдан олинди. Тўлиқ текширув учун кўп вақт талаб қилинади. Яна мактаб директорлари иши ҳам тегишлича биттадан кўриб чиқилиши белгилаб олинди. Вазирлик KUN.UZ’га ўз миннатдорчилигини изҳор этиб, келгусида ҳам шундай оператив тарзда ҳамкорликда ишлашни давом эттиришини билдирди.
Бироқ кимнидур ишдан олиниши, унинг ўрнига янги раҳбар тайинланиши ва унга катта ишонч билдирилиши ёки айбдор шахсларнинг жазосини олиши билан муаммо ҳал этилди, деб ҳисоблаб бўлмайди.
Жамиятда бундай ҳолатлар кўпайиб боришида жуда кўпчилигимиз иқтисодни сабаб қилиб кўрсатамиз. Ота-оналар биргаликда пул топишга киришиб кетган. Фарзанд тарбиясига вақт топа олмаяпти дейишимиз мумкин. Ёки бўлмаса мактабларда тарбия фанларига етарлича эътибор берилмаяпти деймиз. Албатта, булар ҳам сабаблардан бири бўлиши мумкин. Лекин энг асосий сабаб сифатида ота-оналарнинг бефарқлиги деб биламан. Фикримча, фарзанд тарбияламоқчи бўлган инсонга доим вақт топилади. Шунчаки, дилдан киришиб фарзандларга ёшлигидан нима ёмон-у нима яхши эканини тушунтириб боришимиз керак. Улардан вақтимизни аямаслигимиз зарур.
Кейинги сабаб сифатида жамиятимизда кучли социолог олимлар, психологлар ва педагоглар етишмаслигида деб биламан. Мисол учун Европа давлатларидан Германия ва Францияда дарсликлар рўйхатида социология энг муҳим фан сифатида қаралади. Айниқса, иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Германия ҳукумати жамиятшуносларга эътиборини оширди. Улар фаолиятини рағбатлантирди. Ривожланишига барча шароитлар яратиб берила бошлади. Соҳага доир бир нечта тадқиқот институтлари ташкил этилди. Улар жамиятда юзага келган муаммоларнинг сабабларини ўрганади ва кўп ҳолларда ечим ҳам беради. Энг муҳими уларнинг ечими кўп ҳолларда тўлиқ реализация қилинарди. Аксар жамиятшунослар одатда бундай ҳолатлар кўпайишининг сабаби сифатида диншуносликнинг жамиятда ўрни йўқолиши, деб кўрсатишади. Инсонлар теологик (диний) назарияларга ишонмай қўяди, охир-оқибатда инсон ҳаётига тажовуз ва бошқа оғир қилмишларга ҳам оддий кўз билан қарашни бошлайди.
Бу борада Ислом институти мударриси Мубашшир Аҳмад билан суҳбатлашдик. Улар бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдириб, ечимлар бўйича таклифлари билан ўртоқлашди.
«Халқимизда нақл бор. Касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади. Ўтган вақт оралиғида бундай ҳолатларга бефарқ қараб келдик. Шунчаки етарли чора кўрмай, жазо бериш ва қўрқитиш билан кифояландик. Ҳозир эса яширишнинг иложи йўқ. Барчаси секин-аста ошкора бўлмоқда.
Бундай ишларни динимиз доим қоралайди. Қуръони Каримнинг Ал-Исро сураси 32-оятида Аллоҳ Таоло ўз сўзлари билан «Зинога яқинлашманг…», – деб айтган. Яқинлашиш тугул у ҳақида хаёл қилишни ҳам тақиқлайди. Зино натижасида эркак қадди букилади, миллат бузилади. Жамият тизгини издан чиқади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. ҳам зинони қаттиқ қоралаганлар. «Зино вақтида инсон диндан чиқади ва тавба қилмагунча мусулмон бўлмайди», – деб айтганлар. Яна бир ҳадис-у шарифда «Зино қилган инсонларни Аллоҳ ота-оналари ҳам кўрмаган касалликларга дучор қилади», – деб қайта ва қайта таъкидланган. Ҳозирда инсонлар чалинаётган бедаво ОИТС ва бошқа хавфли касалликларни мисол тариқасида айтишимиз мумкин.
Авваллари зино қилган инсонга дарра урилган ёки тошбўрон қилдирилган. Ҳозирги кунда қонунларимизга қарайдиган бўлсак, бундай қилмишларга жазолар оғир эмас. Бу масалада алоҳида мушоҳада қилиб кўришимиз керак. Ислом дини бундай зино ишларига салбий оқибатлари билан қўрқитиш, жазо ва ечим билан курашади. Бундай ҳаром ишлар охиратда дўзахда ёниш билан жазоланади.
Ечим масаласига тўхталадиган бўлсак, инсонлар ўз вақтида никоҳга киришиши керак. Ҳозирда бунга қаршилик қилувчи энг асосий омил бу тўйларнинг кўп харажатлилиги. Мебель, артист, кортеж ва бошқалар. Инсонлар энди булардан узоқлашиши керак. Ҳашаматли тўйларни бас қилишимиз зарур.
Иккинчидан оилада эркаклар эрлик вазифасини қилмай қўймоқда. Оила масаласига сусткашлик билан бефарқ қараш авж олган. Оилани боқиш, фарзандларни тарбиялаш фақат аёл елкасига тушмоқда. Шундай қўштирноқ ичида эркаклар борки, уялмай виждонсизларча аёли топиб келган пулни сарфлайди. Уялмайди. Яна оиласини боқа олмай улардан воз кечиб чет элга кетворган эркакларни ҳам учратиш мумкин.
Учинчидан аёлларимиз орасида ҳам ҳаё-ибо тобора йўқолиб бормоқда. Очиқ-сочиқ кийиниш урф бўлган. Бу кўз зиносига шароит яратади ва, ўз навбатида, инсон ҳиссиётларини жиловлай олмай қолади. Зинога қўл уради. Европадан кириб келган бундай кийинишларга барҳам бериш керак. Яратган бизга нима маъқуллигини билади. Уни тавсиясига амал қилишимиз лозим.
Яна ҳар қандай шароитда номаҳрам бегона аёл ва эркак бир хонада алоҳида қолмаслигини таъминлаш зарур. Ўзлари ҳам тушуниши керак. Чунки у ерда учинчиси шайтон бўлади. У уларни заҳарлайди ва зинога чорлайди. Оқибатини инсон ҳеч қачон ҳиссиётлар вақти ўйламайди.
Инсонларнинг ислом динига бўлган фобиясини йўқотиш керак. Уларга доим ислом дини ҳақ дин эканини тушунтиришимиз зарур. Исломда аёллар ҳуқуқлари чегараланмаган. Чексиз ва ҳатто эркакларга нисбатан бир неча баробарга кенг. Калта кийинишга қарши чиқиш билан уларнинг ҳуқуқлари чегараланиб қолмайди. Буни барчамиз билишимиз керак. Буни ҳатто дунёвий илмлар ҳам исботлаган. Калта кийган аёллар узун киядиган аёлларга нисбатан шамоллаш эҳтимоли кучли. Натижада бепуштлик ва бошқа касалликларга чалинади. Демак соғлиққа зарарли ишлардан сақланишимиз зарур ва лобуд.
Порнографик маҳсулотлар тарқалишига ҳам қаттиқ жазолар белгилашимиз керак. «Овертон туйнуги» деган назария бор. Назарияга кўра, манфаатдор разил инсонлар бойлик ёки ҳокимият илинжида жамиятга шундай иллатларни татбиқ этади. Бундай сиёсат орқали жамият бузилади. Улар бой бўлади ёки ҳокимиятни эгаллайди. Паст эса ботқоққа ботади. Албатта, булардан Аллоҳ Таоло ўзи асрасин», – деб ўз билимлари билан улашди Мубашшир домла.
Шундан сўнг, психолог-психотерапевт Зебинисо Аҳмедова билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, ота-оналар томонидан бериладиган тарбия нотўғри йўлга қўйилган.
«Ёшлигидан бериладиган тарбия бериш принциплари бузилган. Тизимли эмас. Айблари учун жазо бериш билан кифояланилган. Оқибатлари деярли тушунтирилмайди. Қўрқитилса ва тарбия бермасдан охиригача тушунтирилмаса қизиқиш барибир яшайверади. Уни яна бир бор қилгиси келади. Ёшликда иштиёқ доим кучли бўлади. Барибир ўша қилмиш ёмонлигини билса ҳам яна амалга оширгиси келиб қолади. Бунинг учун юқоридаги тавсияларга амал қилишимиз керак.
Шу билан бирга мактабларда психологлар фаолиятини йўлга қўйишимиз лозим. У ҳар бир ўқувчи билан шахсан шуғуллансин. Суҳбатлашсин, эшитсин ва маслаҳатлари орқали ёрдам берсин. Чунки шундай гаплар бўладики, сизга фақат психолог ёрдами зарур бўлади. Ота-оналарга айтишни андиша қиладиган ёшлар бор. Уларга тўғри йўлни кўрсатиб бермасак онг заҳарланиши ва разил мақсадли инсонлар булардан фойдаланиши мумкин», – деб ўз тавсияларини билдириб ўтди З.Аҳмедова.
Энди бир зум фикр қилайлик. Барчамиз яхши ва тинч яшашни хоҳлаймиз. Буни инкор қилиб бўлмайди. Юқорида долзарб муаммолар саналди. Соҳа мутахассисларидан ечимлар таклиф ўрнида берилди. Улар ҳам дунё тарихи тажрибасидан келиб чиқиб гапирди. Очиқ айтиш керак Мубашшир домла айтганидек «Овертон туйнуги» кенгайиб бормоқда. Бундай воқеаларга оддий қарайдиган бўлиб қолдик. Ўрганиб қолдик. Ҳис қила олмаяпмиз. Лекин ҳамма нарсанинг охири бўлганидек бунинг ҳам интиҳоси бор. Бошланган ишларимиз яхшилик билан тугаши учун барчамиз бирлашишимиз керак. Бундай воқеаларга нафрат билан қарашни ўрганишимиз зарур. Фарзандларимизга тушунтиришдан эринмайлик. Ахир доим жар солганимиздек улар келажагимиз. Эртамизга эса бефарқ бўлмайлик. Муаммо борми, ечимлари берилганда қўрқмай ҳал этайлик. Уриниб кўрайлик.
Зафарбек Солижонов, махсус мухбир
Шерзод Эгамбердиев, оператор