Главные новости
Главная / Маданият / БОБОЛАРДАН ТИНГЛАБ ҲИКОЯ КУНТУҒМИШ
Место рекламы

БОБОЛАРДАН ТИНГЛАБ ҲИКОЯ КУНТУҒМИШ

Ўзбек халқ достони

Дўрман вилоятининг Кунтуғмиш деган полвони бор эди, полвоннинг Оппоқой деган синглиси бор эди. Кунтуғмиш ўн тўртга кирганча илм-ҳунар, касб-камолот ҳосил қилиб, ўн тўртдан ўтгандан кейин сипоҳилик ишларига юз келтириб, қилич чопмоқ, милтиқ отмоқ. чиришбозлик’, кўпкаритозлик[1] [2], найзадастлик, гаровбастлик[3] ишларига кўшиш қилиб[4], қирқта йигитни ёнига олиб, машқ қилиб, гоҳ тоққа, гоҳ овга чиқиб юрар эди.

боби файз

Шаҳри Зангар деган шаҳар подшосининг отини Буврахон дер эди. Буврахоннинг икки вазири бор эди. Бировини Шоир вазир дер эди, бировини Тоир вазир дер эди, иккови ака-ука эди. Булар ният қилиб эди: „Бизлар фарзанд кўрсак, ўғил бўлса, қўлқанот[5] бўлсин, қиз бўлса, дўст бўлсин“.

Кунлардан бир кун Шоир вазирнинг хотини қиз туғди, Тоир вазирнинг хотини ўғил туғди. Қизнинг отини Холбека қўйди, ўғилнинг отини Холмўмин қўйди. Лекин Холмўминнинг онаси ўлди, бола этак остида қолди, Холбеканинг онаси эмизиб катта қилди. Булар ширхўра[6] бўлиб, никоҳ юрмайдиган бўлиб қолди. Икки вазирнинг аввалги ваъдаларини Зангар шаҳарининг одамлари эшитган эди: „Холбека Холмўминнинг бахшандаси“ дер эди, сут эмганини билмас эди. Аммо Холбека ўн тўртдан ўтгандан сўнг, овозаси оламга кетди, донғи Доғистондан ўтди. Холбеканинг тавсифини, ҳусни зеболигини эшитган подшолар ва хонзодалар ҳар мамлакатдан, ҳар юртдан, ҳар диёрдан совчи қўяберди. Совчиларга Холбека: „Ҳар ким мени оламан деб келса, нард ўйинни қўяман. ўйнайман, утса[7] тегаман“, деб овоза қилди. Ҳар бир тўралар. хонзодалар Холбека билан нард ўйнаб уттирди, бирор киши Холбекани утолмади.

Кундан-кунга Холбеканинг ҳусни зиёда бўлиб, шуҳрату овозаси ортар эди.

Кунлардан бир кун Буврахон Холбеканинг жамолини кўриб, ошиқи беқарор бўлиб, „Тегса ҳам оламан, тегмаса ҳам оламан, бошқанинг келганини кўраман“, деб одам юборибди. Холбека жавоб айтди: „Подшо номардлик қилмасин, ўзидай подшоларга таъна-маломат бўлмасин. Менинг шартимни эшитмаган, билмаган одам йўқ. Қавлимдан’ қайтмайман, шоҳингдан қўрқмайман! Бизга ошиқ бўлган бўлса, келсин, нард ўйнасин, утса тегаман, уттирса, подшо деб сийламайман, жонидан кечса, бизга келсин!“ – деб совчисини қайтарди. Совчи бу воқеаларни подшосига баён қилди. Подшо эшитиб ҳайрон-лол бўлиб, аркони давлатга қараб, улардан маслаҳат сўраб: „Эй умароларим, вазири доноларим, бу ишнинг охири қандай бўлади? Бориб нардини ўйнасак, уттирсак. бизни шоҳ деб сийламаса, қўяйлик десак, ишқибозлик ёмон бўлса. Бор деб қўйсак, бир кун биров утиб олиб кетса. қандай бўлади?“ – деди. Аркони давлат шу маслаҳатни айтди: „Тақсир подшойим, бунинг иложи шуки. бахтини боғланг, ҳеч ким Холбека деб отини айтолмасин, балки бу шаҳарга кела олмасин“, – деб маъқул қилдилар: „Ўзи ҳам тўрт-беш йил ўтгандан кейин, эрталаб бўлиб, сизга тегмай кимга тегади“.

Подшо кўча, гузарларга жарчи қўйиб: „Ҳар ким Холбека деб айтса, олти ой зиндонда боқдираман, суягини тошга чақдираман, тириклай терисини шилдира- ман. ичига сомон тиқдираман, икки кўзини ўяман, тепасига мойни қуяман“, – деб қичқирта берди. Ҳеч кимнинг заҳраси[8] [9] йўқки, Холбека деб айтса.

Шу ўртада тўрт-беш йил ўтиб кетди. Холбека ҳам подшога бўйинсинмади, қирқин қизи билан, неча турли нози билан даврини суриб ўтира берди.

Кунлардан бир кун Холбека ноз уйқуда ётиб эди, бир туш кўрди: Кунтуғмиш билан иккови бир тўшакда ётиб, бир-бировига сўз қотиб, Холбека сўради: „Сен кимсан, жой-манзилинг қайда, отинг ким?“ Полвон айтди: „Отим Кунтуғмиш, Дўрман элининг полвони бўламан. Сен кимсан, отинг ким, юртинг қаерда?“ Холбека айтди: „Отим Холбека, отамнинг оти Шоир вазир, юртим шаҳри Зангар4’. Иккови тушида бир-бирови билан топишиб, йигитнинг узугини Холбека, Холбеканинг узугини Кунтуғмиш олиб, қўлига солди. Туш шу ерга етганда Холбека уйғонди.

Холбеканинг Баҳрагул деган канизи бор эди, аксари сирларини Баҳрагулга айтар эди. Баҳрагул Холбеканинг безовталигини англаб: „Ой бибим, сени илгаригилардай кўрмайман, дардингни менга билдирсанг, танда жоиим бор, иложин қилсам керак“, – деди.

Холбека айтди: „Э Баҳрагул, менга бир дард теккан, иложи сира йўқ“, – деб кўрган тушини Баҳрагулга бир-бир баён қилиб, яна айтди: „Бир сураткашни келтирсанг!“

Баҳрагул сураткашни олиб келди. Холбека ойим ўзининг суратини қоғозга солдириб, бир сандиқ тайёр қилиб, ичини мумлаб, сиртини тилла билан қоплаб, ўзининг сочидан бир тола соч олиб, ўзининг суратига ўраб, неча арзи-ҳолларини ҳам арз қилиб, сандиқни қулфлаб, калитини сандиққа боғлаб, бир катта дарё

шаҳарнинг ичидан ўтар экан, сандиқни дарёга солиб, „Ошиқ-маъшуқлик аввалдан пок бўлса, шу сандиғим Кунтуғмишдан бошқага тегмасин“, деб дарёга равона қилди. Сандиқ неча кун, неча вақтлар оқиб, ҳеч кимнинг қўлига тушмай, Дўрман юртига дохил бўлди.

Кунтуғмиш қирқ йигити билан дарёнинг ёқасида ов қилиб юриб эди, кўзига бир сандиқ кўринди. Йигитларига айтди: „От солиб, олиб чиқинглар!“

Йигитлар Кунтуғмишга арз қилдики: „Бу молни бир шарт билан олиб чиқамиз, шу сандиқни бўламиз, ичини оласизми, ё тишини?“ Кунтуғмиш айтди: „Сизлар сайлаб олинглар“.

Йигитлар бир-бирига қараб, иттифоқ қилиб: „Тиши тилла экан, бизлар тишини оламиз“,— дедилар.

Кунтуғмиш айтди: „Биз ичини оламиз“.

Бир йигит от солиб олиб чиқди. Калити ўзида экан, очиб кўрдилар: ичидан бир қоғоз чиқди, қоғозни ёзиб кўрса, Холбека ойимнинг тўлган камоли, ойдай жамоли мунаввар бўлиб турибди. Кунтуғмишнинг бир ишқи юз бўлиб, тоқат келтиролмай, беҳуш бўлиб йиқилди. Қирқ йигит шошиб, бариси чувуллашиб, уни ўртага олиб, ҳой-ҳойни солиб, Оппоқойга одам жўнатди. Оппоқой буни эшитди, сочини ёйиб, бетини юлиб, „Оғам!“ деб акасининг устига ўзини ташлаб:

Заъфарондай сарғайтирма юзингни, Уйқудан очгайсан икки кўзингни! Хабарингни берди ёру дўстларинг, Не сабабдан кетди сенинг эсларинг? –

деган эди, полвон кўзини очди. Кунтуғмиш ишқ дардини пинҳон тутолмай, йигитларига қараб бир сўз айтиб турибди:

Боғ ичида олма-анор истайди, Бўйи маҳбуб нозик дилдор истайди. Қадрдонлар, бирга юрган дўстларим, Дўстлар-ай, кўнгил бир ёр истайди.

Қаторда юк тортган норча лўкларим1, Душманга кетмагай ору кекларим. Сирдошларим, валламатим, бекларим, Дўстларай, кўнгил бир ёр истайди.

Дўстларим, қилманглар бағримни кабоб, Ғарибнинг кўнглини овламоқ савоб. Эртароқ синглимдан олинглар жавоб, Дўстлар-ай, кўнгил бир ёр истайди.

Қулоқ солинг Кунтуғмишнинг тилига Булбул ошна бўлар боғнинг гулига, Борар бўлдим энди Зангар элига Дўстлар-ай, кўнгил бир ёр истайди.

Кунтуғмиш йигитларга буюрди: – Қоғоздаги суратни синглимга кўрсатинг- лар!

Йигитлар суратни кўрсатди. Оппоқой қараса, қоғозда бир қиз: қошини кериб, лабини буриб, ширин қилиб кулиб, чикка бел бўлиб, суқсурдай тўлиб, товусдай тараниб, беллари буралиб турибди. Инсоф қилиб қараса, Оппоқой билдики, акасининг иложини қилолмас, Холбекадан бошқани хоҳламас. Но- илож, ночор: „Бор ака, соғ боргайсан, саломат келгайсан“, – деб жавоб берди.

Синглиси Оппоқойининг розилигини олган Кунтуғмиш Холбекани излаб Зангар сари йўл олади. Узоқ йўл босиб, машаққатлар чекиб, ниҳоят суюкли- сининг юртига кириб келади. Лекин у Зангардаги тартибу одатларни билмас эди…

…Зангарга келган Кунтуғмиш қаерга борарини билмай, паст кўча, рост кўча, мохов кўча, пес кўча, ўзи кўрмаган кўп кўча – бир кўчага солиб кетди. Шу юргандан юра берди, тушга довур юрди, чорсунинг устидан чиқиб қолди. Шаҳарнинг бозори экан, одамлар қумурсқадай қимирлаб ётибди. Кунтуғмиш кимдан сўрарини билмай, бозордаги одамларга бақириб: „Бизнинг ёрни кўрганлар борми?“ – деб турибди. Бозордаги одамлар: „Баччағар касофат қаёқдан келди?“ – деб савдо-сотиғига қарамай қоча берди.

Бир кампир калавафурушлар билан жанжал қилиб ўтириб эди. Қараса, бир ёш йигит йўлбарсдай бўлиб: „Холбекани кўрган борми?“ – деб келади. Кампир кўриб: „Ҳай аттанг, бу йигит бу элнинг расмини билмас экан, узоқдан келган экан, мабодо подшонинг мулозим одамларига маълум бўлиб нобуд бўлмасин”, – деб жойидан ирғиб туриб, Кунтуғмишга қараб тез юриб, оёғининг бетини оёғи билан босиб, кифти билан бир уриб ўта берди. Кунтуғмиш кетига қараса, бир кампир кўчага қараб, қоши билан ишорат қилиб кетиб боради. Кунтуғмиш: „Шу кампир бир шумликни билади“, – деб ортидан юра берди. Кампир кўп йўлга бориб, у ёқ-бу ёққа қараб: „Сен қандай одам бўласан?“ – деб сўраб, бир сўз деб турибди:

Зулфи зарафшоним, қайдан бўласан? Тўти ғазалхоним, қайдан бўласан? Сенинг тарзинг бу ерларга келмайди, Тарафсиз полвоним, қайдан бўласан?

Қарайман, кўнглингда қайғу ҳам доғинг, Кўзларинг қамбардир, бодом қовоғинг, Билагинг темирдан, пўлат тирноғинг Баҳодир нишоним, қайдан бўласан?

Кунтуғмиш айтди: – Эй мома, Холбекани биласанми? Мен Дўрман мамлакатидан уч ой йўл юриб, шу бугун шаҳрингга келиб турибман, шаҳринг- нинг паст-баландини билмайман. Отим Кунтуғмиш, Дўрман элимни, халқ, қариндошимни ташлаб, шаҳрингга Холбекани излаб келдим.

Кампир айтди: – Э жоним болам, ошиқлиги қурсин, бошга тушгандан кейин кишини девона қилиб, элидан. юртидан айириб, ғариб қилган бу савдо кимларнинг бошига тушмаган, момонгнинг ҳам бошига кўп тушган… Сен Холбека деб кеган бўлсанг, Холбека менинг қўлимда.

Бу кампир подшонинг қудаси эди, подшонинг ўғлига катта қизини берган эди. Кампир Кунтуғмишнинг олдига дастурхон ёзиб қўйиб айтди: „Ўғлим, сен чой ичиб бўлгунча мен Холбекани топиб келаман“, – деб чиқиб кетди. Кунтуғмиш уйнинг у ёқ-бу ёғига қараб: „Бу ерларга Холбеканинг ўзи келмак тугул, изи ҳам топилмас“, – деб ўйлаб ўтирди.

Энди кампир уйнинг сиртига чиқиб ваҳм босиб, лол бўлиб ўтирган эди, кўнглига бир ran келиб қолди: „Топдим, топдим“, деб жойидан ирғиб турди. Кампир нимани топди? Яна бир қизи бор эди, отини Замонгул дер эди, уч ойча бўлиб эди, Холбека каниз қилмоққа олиб кетиб эди. Шундан бир кун илгари кампир қизини „Менинг уст-бошимни ювиб берсин“, – деб арз қилиб олиб келган эди…

Кампир қизи Замонгул (Гулзамон)ни Кунтуғмишга Холбека шудеб, рўпара қилади. Аммо севгилисининг суратини кўрган йигит сохта Холбекани қабул этмайди. Замонгул Кунтуғмишни асл Холбека яшайдиган жойга бошлаб боришга мажбур бўлади. Аммо шоҳнинг буйруғига мувофиқ қиз кўшки олдига бегона эркакнинг яқинлашуви мумкин эмасди. Шу боис Гулзамон Кунтуғмишни савдогар қиёфасига киритади.

…Кунтуғмиш тимга кириб, икки бўғча мато сотиб олиб, баззозвачча[10] бўлиб, Холбеканинг кўшки устида матоларини кўшкнинг деворларига суяб, молларини ёйиб ўтириб эди. Бир вақт қараса, Холбека қирқин қизи билан, неча сарвинози билан, қанча жоду кўзи билан кўшкига чиқиб бораётибди. Бу ёғида тўқсон беш, бу ёғида тўқсон беш – ўни кам икки юз кокили бор, бир ёғини тилла сувига ботирган, тонг шамолига қотирган. юзининг жилваси зулфига уриб, яшин тушгандай бўлиб бораётибди. Кунтуғмиш Холбеканинг жамолини кўриб, биқинини ушлаб, лабини тишлаб, ияги қалтираб, кўзи ялтираб, қулоғи битиб, ҳисоби йитиб, ақлидан кетиб, „Юз офарин ҳусни жамолингга” деб, товушининг борича бақириб-чақириб бир сўз деб турибди:

Бандаман юзда холингга,

Сенинг қилган хаёлингга, Шунча вақтлар интиқ бўлиб, Бугун етдим жамолингга!..

Қирқин қизи гулдай жайнаб2, Ҳаммаси суқсурдай бўйлаб.

Ўз зулфиман ўзи ўйнаб, Холбека чиқди кўшкига.

Холбека ойим пастга қараса, бир йигит Холбека қизлари билан кўшкига чиқиб кетди, деб шовқин солиб турибди.

Холбека ойим… Баҳрагул вазирига фармон қилди: – Гулзамон билан бирга бориб, ҳар тусли матосидан бир олчин-бир олчин олиб кел!

Баҳрагул Кунтуғмишнинг ҳайбатига яқин келолмай, қуруқ қайтиб кетди. Холбека айтди: – Баҳрагул, олиб келган матоларинг қани? Баҳрагул Холбекага қараб бир сўз деб турибди:

Бувишим, ул одам баззоз эмасди(р), Жондан кечмай бу манзилга кемасди(р). Билганимни бир-бир баён айласам. Баззозларнинг шакли ундай эмасди(р). Бир ўғлондир, мисли дарёдай тошган, Юзлари қизариб олмадай пишган, Олмоққа ҳар кимнинг ақли шошган, Қошида донолар сўздан адашган, Душмани шер бўлса, қайтмай савашган. Жамолига қараган кўзлар қамашган. Нур юзига ою офтоб талашган. Сени излаб Дўрмандан ёринг келмасми? Гумоним – шу Кунтуғмиш бўлмасми? Шонаман[11] зулфларни тоблаб ўрайлик. Кўшкдан ҳовлига қайтиб борайлик, Шу баззозни олиб бориб олдингга Аҳволини ўзидан, бувишим, сўрайлик.

Холбека ойим яхши маслаҳат бердинг, деб сирни ичида беркитди. Холбека ойим қизларини ясаб, ўзларига оро бериб, хос меҳмонхонасида йигирма қизни бу ёғига ўтқизиб, йигирмасини у ёғига ўтқизиб, зич бўлиб ўтирди. Қизларга тайин қилди:

Шу одам эшикдан келса, биттанг жой берсанг, ё ўрнингдан турсанг, ўлдираман! – деди. Шу вақтда Кунтуғмиш:

  • Ассалому алайкум! – деб эшикдан кириб борди. Буни кўрганда, Холбека ойим жойидан ирғиб туриб:
  • Ваалайкум ассалом, тўрга ўтинг! – деб ўзи пойгага югуриб ўтганини билмай қолди. Холбека туриши билан қирқин қиз гуруллаб бари жойидан турди. Холбека Кунтуғмишга жой бериб, қўлига бир пиёла қанд чой бериб. қизларига айтган аввалги сўзи учун изза бўлиб, „Йўл бўлсин!“ деб бир сўз деди:

Ол-ол бўлсин, ол-ол бўлсин, ол бўлсин! Кўнгли суйса, ёрнинг лаби бол бўлсин.

Қандай қўрқмай келдинг ажалхонага

Жондан қўрқмай юрган жоним, йўл бўлсин?

Бу ерларга не гўзаллар йиғилган,

Олтин пиёлага майлар қуйилган, Кўрган кетолмаган, бари сўйилган Жондан қўрқмай юрган ёрим, йўл бўлсин?

Кунтуғмиш Холбеканинг жамолини кўриб, юз шавқу завқ билан кўнгил бериб, нозига қойил бўлиб, ҳуснига мойил бўлиб: „Одам ўлдирадиган жаллод қаерда?“ – деб баҳодирлик томирлари ҳаракатга келиб, Холбекага қараб бир сўз деди:

Ушбу дунё барча қўлдан ўтарми, Куйсин ўлим, барчани йиғлатарми. Уч ойчалик йўлдан ёр излаб келиб Ўламан деб, ёрин кўрмай кетарми? Омонат, санамжон, одамнинг жони, Қиличдан сесканмас ботирнинг тани, Жондан кечмай бу ерларга келмайди, Улимдан қўрқади деб айтмагин мени!..

Холбека қирқин қизларига қараб бир сўз деди:

Оғзига ran солсам, гапим олмайди, Ужар экан, билганидан қолмайди. Олиб келинг, қирқин қизлар. нардимни, Тилак билан келган экан, бўлмайди! Кўлларнинг учирган турна, ғозидан, Янглишмайди энди айтган сўзидан, Ҳарна бўлса энди кўрсин ўзидан, Домангир бўлмасин Зангар қизидан.

…Икки толиб[12] бир-бирига дуч бўлди, Жамолига Кунтуғмиш вақти хуш бўлди, Чошгада қурилди ойимнинг нарди, Уйнай-ўйнай билинг роса туш бўлди. Кеч бўлибди, булар жудо бўлмайди, Ўйини буларнинг адо бўлмайди. Икки барно кишт дейишиб ўтирди, Қайсисин утарин киши билмайди. Кунтуғмиш утсам деб жонини сотар Ва лекин утгунча кўп эрур хатар, Кишт деди-ю, ўйнай берди иккови,

Шу вақтда кун бўлди, билинглар ётар[13].

Утишолмай ўтирибди иккови,

Шу вақтда тун ярим оқшомдан ўтди, Балки ўтиб, билинг, саҳарга етди.

Холбека ойимнинг кўзини мудроқ босди, уйқунинг мастлигидан ҳушини йўқотиб, бир киштни бежой босиб юборди. Шу вақтда тонг ёриб, Кунтуғмиш бир киштни босиб, Холбека ойимни мот қилди.

Холбека ҳушига келиб қараса, Кунтуғмиш мот қилиб ўтирибди. Жойидан туриб, иззат қилиб: – Менинг шартимни бажо келтирдинг, мен сеники бўлдим, – деди. Базм суҳбатини қуриб, зиёфат қила берди. Энди икки калима сўзни шу шаҳарнинг подшоси Буврахондан эшитинг.

Холбекага ошиқ бўлгандан сўнг қирқ зинали ноғорахона қилдириб эди. Холбекага киши юбориб айтган эдики: „Ҳар кун тонг вақтидан кичик чошкага довур кўшкига чиқсин, юзидан ниқобини олеин, оламни томоша қилсин“. Шу сабабдан Холбека ҳар куни бир марта кўшкига чиқар эди. Подшо ҳам ноғорахонага чиқар эди, шу жойдан Холбеканинг жамолини кўрар эди. Шаҳрига чопар қўйиб қичқиртирган эди: „Ҳар ким подшонинг ноғорасини эшитмай, подшо ноғорахонадан тушмай уйидан чиқмасин!“ Ҳар вақт подшо пастга қайтар бўлса, ноғорани уриб қайтар эди. Шаҳар аҳолиси аниқ эшитар эди. Ундан илгари ҳеч ким уйидан чиқолмас эди. Амри подшо шу эдики: „Ҳар ким томга чиқса, эшикдан қараса, тешикдан қараса, боши ўлимда, моли талонда!“

Подшо уч кун ноғорахонага чиқди, Холбека ойим кўшкига чиқмади. Подшо икки юз жаллод, тўрт юз мирғазабни буюрди:

– Бориб кўринглар, Холбека касал бўлдими, ё иш ўсал бўлдими?

Подшонинг ҳукми билан жаллод, мирғазаб босиб кела берди.

Канизлар Холбеканинг тоби йўқ деб айтолмай, жаллодлардан қўрқиб, „Ол келди“ деб қочаверди. Мирғазаблар бир шумлик бўлган экан, деб ҳужраларнинг эшигини бузиб кела берди. Қирқ кўшк ичкима-ички, бир-бирининг устидан бўлган эди, бир тарафи Холбеканинг кўшки эди. Баҳрагул чиқиб қараса, жаллодлар қарийб ўттиз ҳужрани бузибди, канизлар йиғлаб, чувуллаб қочиб келаётибди. Шунда Холбекани уйғотиб, жаллодлардан хабар бериб бир сўз дед и:

Ойимлар шонаман зулфин таради, Шона ташлаб қора зулфин ўради, Ғафлатдан кўтаргин, бувим, бошингни, Сени деб бир йўлбарс ўлиб боради. Қулоқ солгин канизингнинг тилига, Булбул ошна бўлар боғнинг гулига,

Уйқудан кўтаргин, бувим, бошингни Тушар бўлдинг золимларнинг қўлига!

Кунтуғмиш ҳам уйғониб қараса, тўрт юз мирғазаб, икки юз жаллод ҳайбат болтаси қўлида, кескир ханжари белида келиб қолибди. Кунтуғмиш айтди: – Э Холбекажон, сени олмай ўлиб кетганимда, юрагимда от бошидай армон кетар эди; алҳол бир кун ҳам бўлса, бир йил ҳам бўлса, минг йил ҳам бўлса олдим, мақсудимга етдим. армоним йўқ. Энди шу ёмонларнинг қўлида ўлганча, кўшкдан ташлаб ўлсам бўлмайдими?

Холбека айтди: – Мен ҳам қабул қилдим.

Иккови бир-бировини қўлма-қўл ушлаб, қучоқлашиб кўшкдан ташлаб юборди. Икковининг ҳам кўйлагига шамол кириб, мисли қанотдай бўлиб, беозор ерга тушди.

Холбека қаёққа борарини билмай: – Э полвон, ошнахонданг[14] бормиди? – деди. Кунтуғмиш ёрининг қўлидан ушлаб, таниш кампирникига олиб келди. Кампирнинг бир гўсалахонаси2 бор эди, иккови шу ерга яширинди.

Подшонинг жаллод, мирғазаблари Холбекани тополмай, ҳамма манзилларни бузиб. Холбека қочибди деб қайтиб борди.

Подшо бу гапни эшитиб, уйқуда эди, уйғониб, маст эди, ҳушёр бўлди. Дарвоза-дарвозага одам қўйиб беркиттирди. Ҳеч кимни шаҳардан ташқари чиққали қўймади, ҳаммага йўл банд бўлди. Жарчилар: „Ҳар ким Холбекадан хабар берса. балки қошидаги жўраси билан олиб келса, бўйи баробарли зар бераман“, деб кўчама-кўча, гузарма-гузар, маҳаллама-маҳалла қичқириб юрибди. Шаҳарнинг ичи остин-устин, талотўп бўлиб қолди.

Уч кун шаҳарга чақирув бўлди. Уч кундан кейин яна қичқиртди: „Ҳар кимнинг ҳовлисини, уйини подшолик одамлари бориб қарайди, кимникидан топса. ўзини ўлдириб, молини талайди!“ Кампир бу сўзни эшитиб қўрқди. Кунтуғмиш билан Холбекага:

– Э болаларим, менинг уйимни қараб ўтиб кетганча, подшонинг бир кўҳна3 сомонхонаси бор. шунга олиб бориб қўяйин, уйимни кўргандан кейин сизларни тағин қайтариб олиб келарман, – деб икковини оқшом ҳеч кимга кўрсатмай, подшонинг сомонхонасига олиб бориб беркитиб келди…

Савол ва топшириқлар:

  1. Кунтуғмишнинг болалик чоғи ва кўрган тарбияси ҳақида сўзлаб беринг.
  2. Кунтуғмишнинг қизиқиш доираси кенглиги ва бунинг сабаблари ҳақида фикрингиз?
  3. Буврахон зуғумига Холбеканинг берган жавоби қиз табиатидаги қандай сифатларни намоён этади, деб ўйлайсиз? Буни тушунтириб беринг.
  4. Холбекани кўндириш учун Зангар подшоси кўрган чорани қандай изоҳлайсиз?
  5. Холбека тушини изоҳланг. Сиз аввал ўқиган қайси асарда туш деталидан фойдаланилган эди?
  6. Унинг „Кунтуғмиш“ достонидагига ўхшаш ва фарқли жиҳатлари ҳақида тўхталинг.
  7. Холбеканинг: ..Ошиқ-маъшуқликаввалдан пок бўлса, шу сандиғим Кунтуғмишдан бошқага тегмасин“, деган ниятига қандай муносабат билдирасиз? Қизнинг нияти нега ижобат бўлди, деб ўйлайсиз?
  8. Холбекадан хабар топган Кунтуғмишнинг синглисидан рухсат олишни сўраб унинг ўзига эмас, балки ўзининг йигитларига мурожаат қилганлиги сабабини тушунтириб беринг.
  9. Меҳрибон ва оқила Оппоқой акасининг ўта хатарли йўлига тўсиқ бўлмаганлигини нима билан изоҳлаш мумкин? Достонда бу ҳолат ишонарли тасвирланганми?
  10. Зангардаги тартиблардан бехабар Кунтуғмишни хавфу хатардан сақлаш нотаниш кампирга не сабабдан керак бўлди, деб ўйлайсиз?
  11. Кунтуғмиш таърифида кампирнинг айтган гапларини диққат билан ўқиб чиқинг. Қаҳрамон қиёфасини кўз олдингизга келтиришга урининг. У қандай йигит эди деб ўйлайсиз?
  12. Холбеканинг жамоли тасвирланган ўринларни қайта ўқинг. Қизнинг кўринишини тавсифланг. Сизга бу қиз ёқдими?
  13. Кунтуғмишнинг қизни кўргандаги ҳолати тасвирига ишондингизми?
  14. Канизларнинг савдогар қиёфасидаги Кунтуғмишдан мато ололмаганлигини қандай изоҳлайсиз? Фикрингизни матнга таяниб асосланг.
  15. Достондаги „ХолбекаКунтуғмишга жойбериб, қўлига бир пиёла қандчой бериб… “ тарзидаги тасвирни изоҳлашга урининг.
  16. Йигитнинг: „Ўламан деб ёрин кўрмай кетарми?“, – тарзидаги диловарлигини қандай изоҳлайсиз?
  17. „Омонат, санамжон, одамнингжони, Қиличдансесканмасботирниигтани“сўзлари Кунтуғмиш табиатидаги қайси жиҳатларни намоён қилади деб ўйлайсиз?
  18. Холбеканинг нард ўйинига бу қадар моҳирлигини қандай изоҳлайсиз? Бу ҳол ўзбек аёлларининг баланд маърифий даражасидан далолат беради деб ҳисоблайсизми?
  19. Кунтуғмишнинг жаллодлар қўлида ўлгунча, кўшкдан сакраб ўлишга тайёрлигини қандай изоҳлайсиз?
  20. „Подшо бу гапниэшитиб, уйқуда эди уйғониб, мастэди, ҳушёр бўдди“тасвирини изоҳлашга урининг.

[1] Чиришбозлик – топқирлик, читал масалаларни ечиш.

’ Кўпкаритозлик – улоқчилик, чавандозлик.

’ Гаровбастлик – гаровлашиш, баҳслашиш.

[4] Кўшиш қилмоқ – тиришмоқ, жаҳд қилмоқ.

[5] Қўлқанот – елкадош, ажралмас оға-ини.

[6] Ширхўра – эмикдош, бир онани эмгаи болалар.

’ Утса – ютса, ютиб олса.

[8] Қавлимдан – қароримдан, тўхтамимдан.

– Заҳраси – журъати, юраги.

[10] Баззозвачча мато ва упа-элик билан савдо қиладиган сш йигитча, баззознинг ўғли. ■ Жайнаб – яшнаб.

[11] Шонаман – тароқ билан.

[12] Икки толиб – икки талабгор. Бу ерда икки ўйинчи маъносида.

[13] Мисра “Кун кеч бўлиб, ётар вақти келди” мазмунини билдиради.

[14] Ошнахонда – таниш. ошно, жўра. ■’ Гўсалахонаси – бузоқхонаси.

  • ‘ Кўҳна – эски.

Давоми >>>

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

b0b410ca81bfa3b722bc9a7af4474ac3-624x600

Насиҳат – Шеър

Аё фарзандларим, сизга насиҳат, Қилай, ҳозир тирикман бир васият. Худонинг бирлигин дил бирла иқрор, Этинг …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари