Главные новости
Главная / Жамият / Азиз Абдуҳакимов халқаро автомобилсиз кунда ишга велосипедда келди. Cоғлом турмуш тарзига доир қарор чиқиши кутилмоқда
Место рекламы

Азиз Абдуҳакимов халқаро автомобилсиз кунда ишга велосипедда келди. Cоғлом турмуш тарзига доир қарор чиқиши кутилмоқда

Бугун, 22 сентябрь – жаҳон миқёсида автомобилсиз кун сифатида нишонланмоқда. Ҳар йили шу куни дунёнинг кўплаб йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда ҳаракатланишга тарғиб қилувчи акциялар ташкил этилади.

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ҳам 22 сентябрь – халқаро автомобилсиз кун муносабати билан шу куни ишга велосипедда борди. У аввалроқ барча ўзбекистонликларни ушбу акцияда фаол қатнашишга чақирган эди.

«Бугун ишга одатдагидан вақтлироқ йўлга чиқиб, велосипедда бордим. Бу киши кайфиятига катта ижобий таъсир қилади», – деди Абдуҳакимов Kun.uz мухбири суҳбатда.

Бош вазир ўринбосари суҳбат давомида Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш янги даражага чиқиши ҳақида айтиб ўтди.

Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарларида велосипед йўлаклари қурилади

«Албатта, битта камчилик яққол кўриняпти: шаҳримизнинг кўп жойларида ҳали велосипед йўлаклари йўқ. Айни пайтда махсус ишчи гуруҳ бу масалани ҳам қамраб олган қарор лойиҳасини тайёрлаяпти.

Унга асосан, нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун республикамиздаги йирик аҳоли пунктларида велосипед йўлаклари, пиёда юриш ва югуриш маршрутлари ташкил этилади. Бундан ташқари, стритболл (кўча баскетболи), street workout (машғулот майдонлари), мини футбол, бадминтон кабиларни бутун республикамиз бўйича оммалаштириш, керакли инфраструктурани яратиш чоралари кўрилади», – деди Ўзбекистон бадминтон федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов.

Оммавий спорт давлат сиёсати даражасига кўтарилади

Маълум бўлишича, ҳозирда Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов раҳбарлигида ишчи гуруҳ ташкил этилиб, Ўзбекистонда оммавий спорт ва соғлом ҳаёт тарзи тарғиботини кучайтириш, бу йўналишни давлат сиёсати даражасига олиб чиқиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

«Соғлом турмуш тарзи Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг кундалик ҳаётидан ўрин олиши бўйича дастур ишлаб чиқилмоқда. Яқин орада тегишли қарор лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинади. Бу борада кенг жамоатчиликдан таклифлар беришини сўраб қолардик.

Ҳозирги кунда ишчи гуруҳ ҳар куни иш олиб боряпти, қарор лойиҳаси қатор вазирликлар ва экспертлар иштирокида ишлаб чиқилди», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Аҳолини соғлом овқатланишга чақириш бўйича фаол тарғибот олиб борилади

Ҳукумат аъзосининг сўзларига кўра, соғлом овқатланиш масаласига оид яна бир алоҳида қарор лойиҳаси ишлаб чиқиляпти.

«Аҳолимиз орасида меъёридан ортиқ ва бетартиб овқатланиш одати кенг ёйилган. Афсуски, бу ўз урф-одатларимиз ва миллий таомларимиз билан ҳам боғлиқ», – деди Абдуҳакимов.

Миллий спорт турларига эътибор кучайтирилади

Бош вазир ўринбосарининг айтишича, қабул қилиниши кутилаётган қарорда оммавий спортни тарғиб қилиш бўйича ҳам кўплаб вазифалар белгилаб берилади.

«Жаҳон этноспорт конфедерацияси (WEC) бор. Яқинда ЮНЕСКОдаги элчимиз Умид Шодиевга ваколат бергандик, у ташкилотда маъруза билан чиқиш қилди ва унинг ташаббуслари ижобий қабул қилинди. Натижада ЮНЕСКО Халқаро этноспорт конфедерациясини ўзининг расмий ҳамкори сифатида эътироф этди.

Бу конфедерациянинг Ўзбекистондаги офисини ташкил этиш бўйича ишлар бошланган. Ўтган йили «UzReport» агентлиги бош директори WEC кенгашининг раиси этиб тайинланди.

ЮНЕСКО билан ҳам мунтазам мулоқотда бўлиб турибмиз. Улар билан ҳамкорликда вилоятларга экспедициялар ташкил қилиниб, анъанавий ва йўқолиб кетаётган маҳаллий спорт турларини ўрганиш, уларни расмийлаштириш, ўйин қоидаларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, бу ўйинлар ҳақида видеоқўлланмалар яратишни режалаштиряпмиз.

Бу билан аҳолимизни, айниқса ёшларимизни оммавий спортга, хусусан этноспортга кенг жалб этмоқчимиз.

Президентимиз мақом ва бахшичилик санъатларини тиклаб бердилар. Шунинг мантиқий давоми сифатида, кейинги босқичда этноспортга катта эътибор берилади. Бу нафақат кураш ёки тош кўтаришдангина иборат эмас, анъанавий спортнинг кўплаб турлари бор. Уларни вилоятларга чиқиб ўрганиш, тизимлаштиришимиз лозим; акс ҳолда, афсуски, улар йўқолиб кетяпти. Оддий мисол, дорбозликни ҳам этноспорт дейиш мумкин», – деди Азиз Абдуҳакимов.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

vgmj-j98zs0gpghnv6opdj1p5p7ufv78

Андижон шаҳри ҳокимининг аукционсиз ер ажратиб бериш тўғрисидаги қарори ноқонуний деб топилиб бекор қилинди

Андижон шаҳар ҳокими Баҳром Ҳайдаровнинг ноқонуний қарори бекор қилинди. Адлия вазирлиги ахборот хизмати хабар беришича, Андижон шаҳар …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари