Главные новости
Главная / Иқтисодиёт / Ҳасана Қарзи – бу чиройли қарз нима?
Место рекламы

Ҳасана Қарзи – бу чиройли қарз нима?

Қарзи ҳасана – чиройли қарз нима?

Фото: Shutterstock

Инсоният жамияти борки, унда одамлар ўзаро мулоқотда бўлади, турли муносабатлар ўрнатади ва албатта ҳар хил кўринишда олди-берди ҳам бўлади. Хусусан, қўни-қўшнилар ва таниш-билишлар ўртасида бирор буюмларни фойдаланиш учун бериб туриш, ижарага тақдим этиш ҳолатларидан ташқари, қарз олди-бердиси ҳам бўлиши шубҳасиз. Қарз умуман олмайман, ёки умуман қарз бермайман, деган инсон дунё ҳаётида топилмаса керак, яъни ҳар қандай инсон умрида бир марта бўлсин, кимдандир қарз олади ёки кимгадир қарз беради.

Шу билан бирга, қарз олди-бердиси билан боғлиқ муносабатларда қарз олганнинг ўз вақтида қайтармаслиги ёки қарзни қайтаришга шошилмаслиги, қарз берганнинг ҳақини талаб қилишида ҳаддидан ошиши, зулм қилиши каби ҳолатлар тез-тез қулоққа чалинади.

Айни чоғда, Исломда қарз беришнинг яна бир тушунчаси ҳам борки, бу ҳам бўлса, Аллоҳнинг Ўзига чиройли қарз – қарзи ҳасана беришга бўлган чақириғидир.

Хўш, Исломда бу ижтимоий муомала қандай тартибга солинади? Ислом молияси сайтида эълон қилинган мақолада шу саволга жавоб олишингиз мумкин.

«Қарз» сўзининг луғавий маъноси «кесиш» дегани. Қарз берувчи ўз молидан бир қисмини кесиб (узиб) бергани боис шундай дейилган. Қарз, «кимдир фойдаланиши ва қайтариб бериши учун берилган маблағ», – дея таърифланган. Қарз берувчи берган қарзидан ортиғини талаб қилиши, рибо (судхўрлик)дир. «Қарзи ҳасан» – яхши қарз дегани. Демак, қарз беришнинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам бўлади.

Қарз, қайтариш шарти билан Аллоҳ таоло розилигини истаб муайян муддатга берилади. Аммо қарзни кечиб юборган яхшироқдир, зеро Аллоҳ таоло Бақара сураси, 280-оятида шундай марҳамат қилади:

«Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз (берган қарзингизни қарздорга) cадақа қилмоғингиз, ўзингиз учун яхшидир».

Қуръони каримда «қарзи ҳасан» ибораси бир неча бор зикр этилган, жумладан Ҳадид сурасининг 11-оятида Аллоҳ таоло:

«Аллоҳга яхши қарз берадиган киши борми?! Бас, У зот унга бир неча марта кўпайтириб қайтаради ва унга карамли ажр бор», – дея хитоб қилади.

Муфассирлар қарзи ҳасананинг мукофоти жаннат, дейишган.

Қарздор ноқулай ҳолатда бўлади. Ана шу ҳолатни эътиборга олиб, қарздорга осонлик яратган бойга қиёмат куни Аллоҳ таоло томонидан осонлик яратилар экан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким камбағалга муҳлат берса ёки ундан баъзисини ўтиб юборса, уни Аллоҳ қиёмат кунида, Ўзининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Аршининг соясига олади», – дедилар». Имом Термизий ривоят қилган ва саҳиҳ деган.

Албатта қарздор қарзини ваъда қилинган кунда ёки иложи бўлса ундан олдинроқ қайтариши керак. Олган қарзини мол-мулкини сотиб бўлса ҳам узиши шарт. Қарзни узиш зарурлиги исломда шу қадар кучли таъкидланганки, қарздан қутилиш учун садақа ёки закот сўрашга ҳам изн берилган. Чунки бу масала нафақат молиявий, балки маънавий мажбуриятдир.

Қарзни тўлашга қодир бўла туриб уни ўз вақтида тўламаслик ҳаром

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қарз юки, айниқса қайтарилмаган қарзнинг хунук оқибатлари ҳақида огоҳлантириб, ундан эҳтиёт бўлишга чақирганлар.

«Набий саллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдодни ўқиб бўлиб, уч марта: «Бу ерда Бану Фулондан ким бор?», – дедилар. Бир киши: «Мен», – деди. «Соҳибингиз қарзи туфайли жаннатдан тўсилиб турибди», – дедилар». (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Ислом банкчилигида қарзи-ҳасан тушунчаси

Ислом молияси бўйича таниқли олим Мунаввар Иқбол қарзи-ҳасанни қуйидагича таърифлаган:

«Фоизсиз қарз. Банк бундай қарз шартномаси тузган ҳолатда мижозга маълум бир пул миқдорини беради, мижоз эса айтилган муддатда қарзни қайтариш мажбуриятини олади. Банк, қарзни қайтариш кафолати сифатида гаров талаб қилиш ҳуқуқига эга. Қарзни қайтараётган мижоз маъмурий харажатларни (яъни банкнинг шу қарзни бериш билан боғлиқ турли харажатлари) қоплаш учун ихтиёрий мукофот – ҳиба кўринишида банкка маълум бир миқдорда пул бериши мумкин».

Бугунги кунда баъзи уламолар қарз фақат фоизсиз бўлиши мумкин, қарзи ҳасан эса Аллоҳ таоло розилиги йўлида қилинган эҳсондир. Мўмин киши қилган эҳсонининг ажрини Аллоҳдан умид қилади, деган маънода ислом молия тизимида «қарзи ҳасан» иборасини «фоизсиз қарз» маъносида қўллашдан қайтаришади (маълумки фоиз асосидаги қарз айни рибо бўлиб, буни Ислом қаттиқ қайтарган). Шунга асосан исломий банклар қарзи-ҳасан иборасини қўллашмайди, балки оддий «қарз» сўзини ишлатишади.

Аллоҳ бандалари орасида, шу жумладан Ўзбекистон мўмин-мусулмонлари ичида Ўзига қарзи ҳасана берадиган бандаларини кўпайтирсин!

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

5d3vlohywi4_7rcd0vaydloiavi_ja4p

Швейцариядаги иш берувчиларга масофадан ишлаётган ходимларнинг ижара ҳақини тўлаш мажбурияти юкланди

Фото: Pexels Швейцариядаги иш берувчи корхоналарга масофадан туриб ишлаётган ходимларининг тураржойи ижара ҳақининг бир қисмини …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари