Главные новости
Главная / Сиёсат / Ҳасад – кўплаб гуноҳлар манбаи. Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбат
Место рекламы

Ҳасад – кўплаб гуноҳлар манбаи. Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбат

Инсоният ер юзида истиқомат қилишни бошлагач содир этилган илк гуноҳ ҳасаддан бўлди. Қобил укаси Ҳобилни ўлдирди. Бугунги кунда ҳам ҳасаддан азоб чекаётганлар ёки ҳасад иллати билан касалланганлар орамизда кам эмас. Хўжа Аламбардор масжиди имом хатиби Раҳимберди домла Раҳмонов билан суҳбатимиз шу мавзуда кечди.

Ҳасад нима? У қандай пайдо бўлади?

Ҳасад – маънавий иллат. Инсоният тарихида илк қотилликка ҳасад сабаб бўлган. Лекин ундан ҳам олдин Одам алайҳиссаломга жаннатда ҳасад бўлди. Шайтон Одамга ҳасад қилди. Аллоҳ таоло Одамни мукаррам яратганлигини эълон қилиб, бутун фаришталарни унга сажда қилишликка тарғиб қилди. Лекин ёлғиз шайтон ўзини яратилишдаги унсурда улуғ эканлиги, яъни «мен оловдан яратилган бўлсам, Одам тупроқдан яратилган бўлса», деб ҳасад қилиб унга сажда қилмади. Бу ҳасад натижасида шайтон малъун бўлди. Аллоҳнинг лаънатига гирифтор бўлди.

Одам алайҳиссалом ер юзига тушгач, ака укасига ҳасад қилди ва укасининг қотили бўлди. Башарият тарихида илк қотиллик содир бўлди. Кейинги даврларга қарайдиган бўлсак, инсоният энг кўп ҳасаддан озор кўрган ва кўриб келмоқда.


Тошкент шаҳар «Хўжа Aламбардор» жоме масжиди имом хатиби
Раҳимберди Раҳмонов

Ҳасад – ҳамма гуноҳларнинг онаси

Ҳасадгўй одам ўзи ҳасад қилган одамнинг ғийбатини қилади, ёлғон гувоҳлик беради, чақимчилик қилади, одамни лаънатлайди. Ҳасад одамни жанжал қилишга, қўл кўтаришга, ҳаттоки у қотил даражасига элтади.

Мана шу гуноҳлар: ёлғон, чақимчилик, бўҳтон – ҳаммасини ўргансак, замирида ҳасад ётибди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳасадни шунчалар катта гуноҳ эканини таъкидлаб, ундан сақланиш лозимлигини эслатган. Аллоҳ таоло ҳасадгўйнинг ҳасадидан паноҳ сўрашга буюрган. Одатда биз туҳмат, ёлғон, ер-осмон балоларидан қутқаргин, деб дуо қиламиз. Лекин Аллоҳ Қуръонда, Фалақ сурасининг охирги оятида ўргатяптики, ҳасадчининг ҳасадидан ҳам паноҳ сўраш керак экан. Ҳасадгўй шунчалик ёмон инсон эканки, ундан паноҳ сўраладиган одам экан.

Гоҳида фарзанд, шогирдимизда бошқаларга нисбатан ҳасад пайдо бўлганини пайқаймиз. Шунинг учун ота-оналар фарзандларини болалигидан бошлаб бошқалардан қизғанишга эмас, аксинча илинишга ўргатиши керак.

Ҳасаднинг шаклланишига атроф-муҳит ҳам сабабчи бўлиб қолади. Теварак-атрофда унга нисбатан таъсири кучлироқ бўлганларнинг феъл-атвори ҳасадга сабаб бўлиб қолади. Ҳасадгўй ота-онанинг фарзанди ҳам шундай бўлади.

Ҳасад тарбиясизликдир

Ҳасад сўзининг маъноси шилишдир. Инсонни бутун неъматлар, яхшиликлардан йўқ қилиб, шилиб ташлаш тушунилади. Ҳасадгўйнинг фикр-у нияти шу. Бир одамга берилган ортиқча фазилатни кўролмаслик, неъматни ўша инсондан йўқ бўлишини умид қилиш, хоҳлаш – бу ҳасад.

Бунинг зидди ҳавас бўлади. Бир одамда ўзидан ортиқ неъматни кўрдими, ўшанга ҳавас қилиб ўшандай инсон бўлишга интилиш ҳавасдир. Фарзандларимизни бир йигитга ўхшатиб ният қиляпмиз: қани энди ўғлим шундай олим, тадбиркор бўлса, деган ҳавасни қилсак, бу улуғ фазилатдир. Лекин бу йигит нега ундай бўлди-ю, менинг фарзандим ундаймас, дейилса бу иллат бўлади.

Ҳасад қандай даволанади?

Ҳасадни даволаш чоралари бор. Бу, албатта, яхшилар билан кўп суҳбатда бўлиш. Ҳасаднинг оғир иллат экани ва натижада қилган савобларидан маҳрум бўлишини англаши керак. Ҳасаднинг улкан гуноҳ эканлигини билиши лозим.

Қўлига китоб олиб ўша иш хатарли эканини, Қуръони каримда ҳасад ҳақида айтилганларни ўқиб, яхшилар суҳбати билан ҳасаддан қутулиш имкониятлари бор.

Иймонли қалбда икки нарса жам бўлмайди

Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтадиларки, мўминнинг қалбида икки нарса жам бўлмайди. Бири иймон, иккинчиси ҳасад. Ёки у бўлади, ёки буниси.

Иймонли одам ҳасад қилмайди ёки ҳасадгўй одам иймонли бўлмайди.

Қандай қилиб Аллоҳга иймон келтирган, яхшилик-ёмонлик Аллоҳдан эканига, банданинг тақдири Аллоҳдан битилганига иймон келтириб, яна шу одамнинг фазилатини кўролмаслик мумкин? У одамга Аллоҳ берди-ку. Бу Аллоҳнинг қаҳрини келтириш эмасми?

Масалан, иккала фарзандимизга икки нарса бердик. Энди бир боламиз иккинчисига берганимиздан норозилигини айтса, ота-она қандай муносабатда бўлади? Фарзанд ўзига ёки ака-укасига берилганидан норозилигини изҳор қилса, ота-онани ранжитмайдими?

Ҳасадгўйлик иймонга зид иш

Банда бир фазилатга эга бўлди, иккинчиси ундан-да зиёда фазилатга эга бўлди. Аллоҳ унинг тақдирига шу фазилатни ёзди, илм, мартаба, бойликни берди. Ҳаммасини Аллоҳ берди. Шундай экан, ҳасадгўйлик тақдирга қарши чиқиш эмасми? Аллоҳга қарши исён, қўзғолон эмасми?

Агар ақлан ўйлаб кўрадиган бўлсак, ҳасадгўйлик иймонга зид ишдир. Бу – тақдирга иймон келтирмасликдир. Ахир биз иймон келтирганмиз-ку. Банданинг ҳаракати, интилиши бир сабаб, холос. Лекин банда минг ҳаракат қилмасин тақдирига илм битилмаган бўлса, олим бўлмайди. Кеча-кундуз меҳнат қилсин, тақдирига мол-у давлат битилмаган бўлса, бой бўлмайди. Кимга қандай даража, фазилат берган бўлса, бу Аллоҳнинг марҳамати. Энди бандадаги ўша фазилат учун кўнгилда ҳасад бўлиши Аллоҳнинг тақдирига исён қилиш бўлади.

Икки тоифа инсонга ҳавас қилса бўлади

Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳасад фақат 2 нарсада бўлади, деганлар. Бу маънавий маънода, яъни ўша инсондек бўлишга интилиш маъносида. Биринчиси – Аллоҳ бир инсонга бойлик берди, бу бойликни саховат, яхшилик, эзгулик йўлига сарф этяпти. Топган бойлигини ёмонлик, фаҳшга эмас, яхшиликка сарф этяпти.

Иккинчиси, Аллоҳ таоло бир инсонга илм берди. У илм-маърифати билан одамларга хизмат қиляпти. Бир олимнинг ортидан қанча одам эргашади, суҳбатидан қанча одам наф кўради? Мана шу икки тоифа одамга эргашиш, уларга ўхшашга ҳаракат қилиш фазилат бўлади.

Аллоҳдан сўрайлик: фарзандларимиз ҳам олим, маърифатли, бой бўлсин, тараққий топсин, юртига фақат яхшилик қилсин.

Парвардигор, борлигинг, буюклигинг ҳаққи кўтарган қўлларимизни қуруқ қайтармагин. Бу ойлар фазилатли дамлар. Кўтарган қўлларимизни дуоларимиз, илтижоларимизни ижобат айлагин. Аввало, юртимизга тинчлик, меҳнаткашларимизга фаровонлик бергин. Ота-оналаримиз, азизларимиз дуоларини ижобат айлагин, саҳарлик, ифторликда қилаётган дуоларимизни қабул айлагин! Омин.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

sdgaeb

АҚШ Сирдарёда тошқиндан зарар кўрган оилалар учун зарур воситаларни етказиб берди

Инсонпарварлик ёрдами озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа зарур нарсалардан (гигиена воситалари, кўрпа-тўшаклар, чойшаблар, сув тозалаш учун …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари