Главные новости
Главная / Маданият / АНДИЖОНДАГИ МАСЖИД АУКЦИОНДА СОТИЛАДИМИ ЁКИ ЙЎҚ?
Место рекламы

АНДИЖОНДАГИ МАСЖИД АУКЦИОНДА СОТИЛАДИМИ ЁКИ ЙЎҚ?

Сўнгги бир ой давомида Андижон шаҳри «Тахтакўприк» маҳалласидаги мадраса биноси ҳақидаги хабарлар интернетда шов-шувларга сабаб бўлмоқда.

Ижтимоий тармоқларда айланаётган хабарларда Дўстлик кўчасида жойлашган мадраса комплекси ётоқхонага айлантирилган бўлсада, у ерда яшаётган кишиларга шароит йўқлиги, маҳалла аҳолиси мазкур бинони масжид қилиб қайтаришларини сўраётгани ҳақида айтилади.

Куни кеча эса бино аукцион орқали савдога қўйилгани маълум бўлди.

Мана энди барчада, «Хўш, бино нега аукцион орқали сотиляпти?», деган савол пайдо бўлгани аниқ.

Kun.uz узоқ йиллардан бери «қўлма-қўл» бўлиб келаётган бино билан боғлиқ можароли ҳолатларга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Масала бўйича мутасадди ташкилотларга мурожаат қилингач, бинолар комплексидаги муаммоли ҳолат орқасидан «бир даста ҳужжатлар йиғиндиси» тўпланди. Мақолада тўпланган ҳужжатлар ҳақида батафсил тўхталмай, уларни қисқача мазмунда ҳавола қилиб ўтамиз.

Аслида масжид ёки мадраса учун ният қилиб қурилган бинони ўзлаштириш ёки сотувга қўйиш яхши оилада тарбия топган инсон учун жуда қийин масала.

Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф шайх ҳазратлари шу муаммо борасида савол сўрашганда, масжид сотилмайди, аммо шариатдан бехабарлар сотиб олиб, вақф ерни ўзлаштириши олдини олиш учун ихлосли мусулмонлардан кимдир уни сотиб олсин ва масжид учун сақлаб турсин, вақти келиб, имкон бўлиши билан яна масжид тасарруфига беради, деган эдилар.

Мадрасанинг айни пайтдаги эгаси ким?

«Тахтакўприк» маҳалласидаги мазкур иншоот мадраса ёки масжид сифатида рўйхатдан ўтмагач, Андижон шаҳар ҳокимининг 2009 йил 10 апрель кунги 169-К-сонли қарорига асосан, «Муқаддас зиёрат сафари» МЧЖ тасарруфига ўтказиб берилган. Лекин, «Муқаддас зиёрат сафари» МЧЖ ўз фаолиятини тўхтатганидан кейин шаҳар ҳокимининг 2011 йил 20 сентябрь кунги 658-К-сонли қарорига биноан, мақсадли фойдаланилмаётган мазкур бино-иншоотлар маҳаллий кенгаш ихтиёрига қайтариб олинган. Шуни айтиш жозки, бино-иншоотлар 3016,86 кв.м. ер майдонида жойлашган бўлиб, умумий қурилиш майдони 1931,86 кв.м.ни, умумий фойдаланиш майдони эса 1716,24 кв.м.ни ташкил этади.

Орадан қарийб тўрт йил ўтгач, яъни 2015 йил 25 апрель куни шаҳар ҳокимининг 222-К-сонли қарорига асосан, бино-иншоотлар шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУК балансига ўтказилиб, давлат мулки сифатида 2018 йил 2 февраль куни 2747 тартиб рақами билан рўйхатга олинди.

Ушбу жойнинг бир қисмига кам таъминланган ва турар жойга муҳтож бўлган 27та оила жойлаштирилган, биринчи қаватдаги 265,44 кв.метрли хонадан (хонақоҳ) эса вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси кийим-кечак омборхонаси сифатида фойдаланиб келган. 

2018 йил 11 февраль куни Андижон шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда тадбиркорлик масалалари бўйича мурожаатларни ҳал этиш юзасидан чора-тадбирлар режаси тайёрланган. Шу режада Андижон шаҳридаги «Eldaz Design» МЧЖ томонидан ташкил этилаётган безак материаллар (сузиш комплекси учун мозаика) ишлаб чиқариш лойиҳасига кредит ажратиш масаласида амалий ёрдам кўрсатиш белгиланади. Бунга Марказий банк вилоят бош бошқармаси, АТ «Алоқабанк» вилоят филиали ҳамда шаҳар ҳокимлиги масъул эканлиги кўрсатиб ўтилган.

«Андижон эксперт баҳолаш консалтинг» МЧЖ директори Х.Нуриддинов имзо чеккан ҳужжатда айтилишича, 2018 йил 5 март куни тузилган №08/03-сонли «Мол-мулкларни баҳолаш хизматини кўрсатиш тўғрисида»ги шартномага асосан баҳолаш ишлари амалга оширилади. Ҳисоб-китоб натижаларига кўра, бино-иншоотларнинг баҳолаш санасига аниқланган қиймати 1 651 775 108,0 (бир миллиард олти юз эллик бир миллион етти юз етмиш беш минг бир юз саккиз) сўмни ташкил этган.

«Eldaz Design» МЧЖ раҳбари Х.Улуғбабаев 2018 йил 16 март куни АТ «Алоқабанк» Андижон филиали бошлиғи Ў.Жололовга кредит олиш мақсадида ариза билан мурожаат қилган. Аризада у банк филиали бошлиғидан хом ашё сотиб олишга айланма маблағ учун 1 150 000 000 (бир миллиард бир юз эллик миллион) сўм миқдорида кредит маблағи ажратишини сўраган. Кредит таъминоти хусусида қуйидагиларни баён қилган: «Кредит таъминоти сифатида «Eldaz Design»МЧЖга тегишли шиша кошин ишлаб чиқариш ускуналари гарови ва Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУКга тегишли Ҳаж ва Умра сафарига борувчиларга хизмат кўрсатиш маркази бино ва иншоотлари гаровини тақдим этамиз. Кредит тани ва фоизларининг ўз вақтида тўланишини кафолатлаймиз».

2018 йил 16 март куни гаров объектини аукцион савдоларига чиқаришда бошланғич баҳосининг келишув далолатномаси тузилган. АТ «Алоқабанк» шаҳар филиалидан Ў.Жололов, А.Ўрунбоев, А.Сотволдиев, шунингдек, «Eldaz Design» МЧЖ раҳбари Х.Улуғбабаев, Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУК раҳбари вазифасини бажарувчи Д.Халиқов имзо чеккан мазкур далолатномада «Eldaz Design» МЧЖ томонидан АТ «Алоқабанк» Андижон филиалидан олинаётган кредит маблағига гаров сифатида қўйилаётган мулклар нархи келишилгани айтиб ўтилган.

Жумладан, унда шундай дейилади: «Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУКга тегишли, Андижон шаҳар «Дўстлик» кўчаси 7-уйда жойлашган фойдаланиш майдони 1 716,24 кв.м., қурилиш майдони 1 931,86 кв.м. бўлган Ҳаж ва Умра сафарига борувчиларга хизмат кўрсатиш маркази бино ва иншоотлари кўрикдан ўтказилди. Андижон вилояти «Ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри» давлат корхонаси шаҳар филиали томонидан 2018 йил 6 март куни берилган 04/364-сонли маълумотномага асосан бино ва иншоотларнинг инвентар қиймати 172 427 717 сўм бўлиб, «Андижон эксперт баҳолаш консалтинг» МЧЖ томонидан 2018 йил 6 март кунги №08/03-сонли баҳолаш ҳисоботига асосан кўчмас мулк 1 651 775 108 (бир миллиард олти юз эллик бир миллион етти юз етмиш беш минг бир юз саккиз) сўмга баҳоланган.

Банк ходимлари ва мулк эгаси томонидан бозор ҳолатидан келиб чиқиб, ушбу мулк 767 500 000 сўмга баҳоланди…

Банк ажратилган кредитни гаров ҳисобидан қоплаш ҳолатида гаровга қўйилган мулкларни ушбу далолатномада келишилган нархда сотиб олиш ва балансга қабул қилиш мажбуриятини олмайди».

АТ «Алоқабанк» Андижон филиали кредит комиссиясининг 2018 йил 16 март куни ўтказган йиғилишида «Eldaz Design» МЧЖга хом ашё сотиб олишга айланма маблағ тўлдириш учун 18 ой муддатга, 3 ой имтиёзли давр белгилаб, йиллик 20 фоизлик устама тўлаш шарти билан 1 150 000 000 (бир миллиард бир юз эллик миллион) миқдорида кредит маблағи ажратиш масаласи кўриб чиқилган. Кун тартибига қўйилган масала атрофлича муҳокама қилиниб, комиссия «Eldaz Design» МЧЖга кредит ажратиш ҳақида қарор қабул қилган. Кредит таъминоти сифатида «Eldaz Design» МЧЖга тегишли шиша кошин ишлаб чиқариш ускуналари ва Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУКга тегишли «Тахтакўприк»даги бино ва иншотлар гарови қабул қилинган.

Шу тариқа, АТ «Алоқабанк» филиали ва «Eldaz Design» МЧЖ ўртасида 215-сонли кредит шартномаси имзоланди. Бу шартнома нотариал идорада 3-74-реестр рақами билан қайд этилган.

Шартномага асосан, «Eldaz Design» МЧЖга 18 ой муддатга 1 150 000 000 (бир миллиард бир юз эллик миллион) сўм миқдорида кредит ажратилган.

2018 йил 14 июнь куни АТ «Алоқабанк» Андижон филиали ва «Eldaz Design» МЧЖ раҳбарлари ўртасида қўшимча келишув битими тузилиб, унга кўра, кредит шартномасининг 2-бандига (кредитни қайтариш жадвалига) ўзгартириш киритди ва кредит танини 2018 йил 20 октябрь кунидан сўндириш бошланиши белгилади.

Кўриб турганингиздек, ҳамманинг кўз ўнгида қурилган бино шаҳар ҳокимлигидан ДУКга ўтиб, мутасаддиларни ишлаб чиқариши орқали кредитни тўлай олишига ишонтирган тадбиркорга гаров сифатида қўйиб берилди.

Тадбиркор кредитни тўлай олмади…

Бироқ «Eldaz Design» МЧЖ тўлов муддатларини бузиб, кредит шартномаси бўйича мажбуриятларини бажармаган. Натижада, 2018 йил декабрь ойи ҳолатига қарздорнинг кредит шартномасига кўра кредит танидан 1 116 761 151,55 сўм, муддати ўтган фоизлардан 53 295 349,67 сўм, ҳисобланган пенясидан 2 324 473,23 сўм миқдорида қарздорлиги юзага келган. АТ «Алоқабанк» Андижон филиали маъмурияти кредит шартномаси шартлари қўпол равишда бузилгани учун 2018 йил октябрь ва ноябрь ойларида қарздорга талабнома юборган ва мажбуриятлар гаровдаги мулкка қаратилиши ҳақида огоҳлантирган. Лекин қарздор томонидан бу талабнома оқибатсиз қолдирилган. Шу боис АТ «Алоқабанк» Андижон филиали вилоят иқтисодий судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Суд бу даъво аризасини 2019 йил январь ойида кўриб чиққан ва шу кунги ҳолатга қарздорнинг муддати келмаган кредит танидан 766 666 668 сўм, муддати ўтган кредит қарзидан 95 833 333 сўм, ҳисобланган пенясидан 14 041 650,31 сўм қарзи мавжудлигини қайд этган.

Андижон туманлараро иқтисодий суди судья Р.Г.Асқаров раислигида мазкур масалани кўриб чиққач, 2018 йил 24 январь куни «Eldaz Design» МЧЖ ҳамда қўшимча жавобгар – Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУК ҳисобидан АТ «Алоқабанк» фойдасига муддати келмаган 766 666 668 сўм кредит тани, тўлов муддати ўтган 95 833 333 сўм кредит қарзи, ҳисобланган 14 041 650,31 сўм фоиз, 287 499,99 сўм пеня ҳамда 16 218 сўм почта харажати ундириш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқарди. Шунингдек, ундирув «Eldaz Design» МЧЖ томонидан гаровга қўйилган ишлаб чиқариш ускуналари ва бино-иншоотларга қаратилиши кўрсатиб ўтилди. Гаровга қўйилган ишлаб чиқариш ускуналарининг бошланғич сотув баҳоси гаров шартномасига асосан 670 000 000 сўм деб белгиланди. Андижон шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги инфратузилма мулкларини бошқариш маркази ДУКга тегишли бино-иншоотларнинг бошланғич сотув баҳоси эса гаров шартномасига биноан 767 500 000 сўм этиб белгилаб қўйилди. Суднинг ҳал қилув қарори 2019 йил 25 февралдан қонуний кучга кирди.

Шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси «Гаров тўғрисида»ги Қонунининг 26-моддасига биноан, гаровга олувчининг (кредиторнинг) талабларини қондириш учун ундирувни қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятни ўзи жавобгар бўлган вазиятларда бажармаган тақдирда ёки лозим даражада бажармаганда гаровга қўйилган мол-мулкка қаратиш мумкин. Мазкур Қонуннинг 27-моддасига кўра, гаровга олувчининг (кредиторнинг) талаблари гаровга қўйилган кўчмас мол-мулк қийматидан суднинг қарорига мувофиқ қондирилади.

Шунингдек, «Гаров тўғрисида»ги Қонуннинг 28-моддасида мазкур Қонуннинг 26-модасига мувофиқ, ундирув қаратилган гаровдаги мол-мулкни реализация қилиш (сотиш) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ким ошди савдосида сотиш орқали амалга оширилади.

Бу жараёнда банк мавжуд қонун ва қоидалар асосида иш кўргани кўриниб турибди.

Бино сотиладими?

Бундан икки ҳафта олдин Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов собиқ масжид биносида яшаб келган оилалар аъзоларини қабул қилди. 19 оилага 2 сотихли янги уй-жойлар ажратиладиган бўлди, яна 8 оилани эса Андижон шаҳридаги бўш турган квартираларга кўчириб ўтказишди.

Шунингдек, вилоят ҳокими куни-кеча «Алоқабанк»нинг Андижон филиали раҳбари Ғ.Юсупов, Андижон шаҳар ҳокими Д.Раҳматуллаев, «Eldaz Design» МЧЖ раҳбари Х.Улуғбабаевни йиғиб, аукционга қўйилган мадраса биноси масаласи бўйича кичик йиғилиш ўтказди.

Унда вилоят ҳокими аҳоли вакиллари томонидан «Тахтакўприк» маҳалласидаги иншоотларни аукцион савдодан олиш ва ундан мақсадли фойдаланиш бўйича мурожаатлар кўплаб тушганини айтиб, ўз вақтида айрим мутасаддиларнинг ўз вазифасига лоқайдлик билан қарагани оқибатида мадраса иншооти аукцион савдога чиқиб кетгани, мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси текшириш бошлаши ҳақида маълумот берди.  Йиғилганлар билан  муаммоли ҳолатни ечимини топишга уринди.

«Алоқабанк» раҳбари, «Eldaz Design» МЧЖ томонидан муддати ўтган қарздорликни тўлаб, қолган муддати ўтган қарздорликни жадвал асосида тўлаш ҳақидаги ёзма хатидан сўнг муаммо кўриб чиқилишини билдирди. «Eldaz Design» раҳбари ваъдасига кўра қарздорлик 20 май куни тўла қопланиши лозим.

Шу ҳафтада Андижондаги «мадраса воқеаси» қандай якун топиши маълум бўлади.

Ҳурматли мутасаддиларимиз ким томонидан қурилиб, бунёд этилгани эмас, балки шаҳар марказидаги маҳалла ўртасида қад кўтариб халқ мулкига айланиб бўлган бино тақдирига бефарқ бўлмай, ҳар бир қарорни минг ўлчаб чиқаришлари кераклиги бўйича хулоса чиқарсалар бўлар эди.

Имом Марғиноний роҳимаҳуллоҳ «Ҳидоя» асарида шундай ёзадилар: «Ким ўз ерини масжидга айлантирса, кейин у ушбу тасарруфидан қайтолмайди, уни сота олмайди, мерос қилиб қолдиролмайди. Чунки масжидга айлантирилган ер бандаларнинг мулкиятидан чиқади ва холис Аллоҳ таолонинг мулкига айланади.

Ўзи аслида барча мулк Аллоҳ таолоникидир. Бандаликка оид мулк ҳаққи соқит бўлса, у мулк ўз аслиятига қайтади. Энди банда ўша мулкнинг тасарруфидан кесилади. Худди қул озод қилиш масаласи каби.

Агар масжиднинг атрофи харобага айланиб, масжидга эҳтиёж қолмаса ҳам, Абу Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг наздида ўша ер масжидлигича қолаверади. Чунки у ерда бандалик мулки соқит бўлган. Энди бу мулкни банда мулкига айлантириб бўлмайди»… «Ҳидоя маъал Фатҳил Қодийр» 5/446.

Вилоят ҳокими айни пайтда мазкур бино муаммоси бўйича «Алоқабанк» АТ мутасаддилари билан музокараларни бошлаган. Насиб қилса, тез кунларда бино масжид сифатида фаолиятини давом эттиради.

Воқеалар ривожи қандай кечишини кузатиб борамиз.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

i6ngngdixexc3h5ahfyx81c5ild3ntw0

Тошкент шаҳрида Корейс маданияти ва санъати уйи очилди

Тошкент шаҳрида 20 апрель куни Корейс маданияти ва санъати уйининг тантанали очилиш маросими бўлди. Ўзбекистон Республикаси …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари