Главные новости
Главная / Жамият / «Акс ҳолда, мендан кейингилар бу боғни расво қилади» — Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашувдан репортаж
Место рекламы

«Акс ҳолда, мендан кейингилар бу боғни расво қилади» — Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан учрашувдан репортаж

Тошкентдаги Марказий универмаг (ЦУМ) ёнида барпо этиладиган «Истиқлол» мажмуаси бино-иншоот эмас, ёдгорлик (стела) шаклида бўлади. Шаҳар ҳокими хиёбондаги бирорта дарахт кесилмаслигига кафолат берди. У нега айнан шу боғ танланганига изоҳ бераркан, шундай деди: «[Акс ҳолда], мендан кейинги ҳокимлар бу боғни расво қилади, меҳмонхона қуриш учун бериб юборади».

13 феврал, шанба куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Марказий универмаг ёнидаги хиёбонда жамоатчилик билан учрашди. Учрашувда ушбу боғ ҳудудида мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб қуриладиган «Истиқлол» мажмуаси ҳақида сўз борди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мажмуа қурилиши учун «Мовий гумбазлар» номи билан машҳур боғнинг танлангани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётганди.

Учрашув аввалида ҳоким шаҳар депутатлари ва «Тошкентда узоқ йиллар ишлаган фидойи инсонлар» билан маслаҳатлашган ҳолда шу жой танланганини қайд этди.

«Бирорта дарахт кесилмайди. Бирорта дарахт кесилмайди», – таъкидлади Ортиқхўжаев.

Маълум бўлишича, «Истиқлол» мажмуаси қурилади деганда, мустақилликнинг 30 йиллик рамзини акс эттирувчи стела (ёдгорлик) ўрнатилиши ҳақида гап кетяпти. Ҳеч қандай иморат қурилмайди.

Стела Марказий универмаг ёнидаги, боғнинг очиқ майдон қисмига ўрнатилади. Ёдгорлик атрофи ободонлаштирилади; хиёбоннинг қолган ҳудудига тегинилмайди.

«Икки йил олдин бу ерга келгандим. Шу ерда яшайдиганлар билишади, боғ ташландиқ аҳволда эди. Таъмирладик, чиройли жойга айлантирдик. Бунга 6 миллиард пул кетди. Ҳамма сўраши мумкин, бюджет пулими, деб. Йўқ, мен ўзим шахсий маблағимдан қилганман.

Одамлар юз йиллаб парк шу ҳолида сақланиб қолишини хоҳлайди, тўғрими? Унда менинг гапимга киринглар. Олдин негалигини айтай. Сизларга ўхшаб, мен ҳам шу паркни сақлаб қолишни хоҳлайман. Мен ҳам Тошкентда 46 йилдан бери яшайман.

Агар шу ерга мустақиллик сиймосини ўрнатсак, юз йиллаб бу паркка ҳеч ким тегмайди! Мен бугун ҳокимман, ўз ёнимдан харажат қилиб бу ерни таъмирлатдим, кейинги ҳоким бу жойни меҳмонхона қуришга бериб юборади! «Дом» қуришга бериб юборади! Тушунмайсизларми шуни?

Мен ҳам сизларга ўхшаб шу боғни сақлаб қолишга ҳаракат қиляпман. 2 йил ҳоким бўламанми, 1 йилми, билмайман; кейин бошқа ҳокимлар келади, бу боғни расво қилади. Бу ерда ўз-ўзидан дўконлар пайдо бўлади, ҳеч ким ҳимояга олмайди.

Қурувчиларнинг энг яхшисини топамиз. Оёқ остидаги бетонни мармардан қиламиз. Агар бирорта дарахт кесилса, мен ўша куни ариза бериб ишдан кетаман!

Стела қўйсак, бу ерга юз йиллаб ҳеч ким тегина олмайди! «Мовий гумбазлар» ресторани ўз жойида қолади, дарахтлар ўз жойида қолади. Фақат мана шу очиқ майдонга қўямиз. Атроф янада ободонлашади. Гуллар экилади, одамлар бемалол айланиб юради», – таъкидлади Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шаҳар ҳокимиятига нисбатан ишонч(сизлик) ҳақида

Учрашув давомида сўз олган Абдусамад исмли фаол ҳокимиятнинг дарахт кесилмаслиги ҳақидаги ваъдасига жамоатчилик ишонмаётгани ҳақида сўзлади. У бу фикрини 7 мингдан ортиқ турли ёшдаги фуқаролар петицияга имзо қўйгани, бугунги учрашувда айтилаётган гапларга ҳам шу ердаги қатор фуқаролар очиқ ишончсизлик кайфиятида қараётгани билан асослади.

«Бефарқ бўлмай имзо қўйганлар айтишяпти: «Улар ҳеч кимни киргизмай, ҳудудни ҳар доимгидек ўраб олишади, ишонч йўқ. Маҳаллалар ичида бўлаётган қурилишлардан одамлар шундай фикрга келиб қолишган», – деди у.

Mz-JxumxN_gW6EuxU4MGTwp6tSkeDreR.jpg (1280×853)

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бунга жавобан шаҳар аҳолисининг ҳокимликка ишончи ҳақида гапирди.

«Икки йил олдин Муҳаммадбобур исмли тадбиркоримиз Мирзо Улуғбек туманида ўзбошимчалик билан, сифатсиз уй қурганида, мен бориб ўшани буздириб ташлаганман – одамлар ҳаёти билан боғлиқ бўлгани учун. Айрим оммавий ахборот воситалари… ўшанда қўллаб-қувватлаганида эди, ҳокимликка ишончсизлик масаласи бўлмас эди.

Иккинчидан, мен айтдим, бирорта дарахт кесилмайди, ўзим назоратга оламан.

… Мени 60та депутат сайлаган. У депутатларни эса халқ сайлаган. Улар – халқ вакиллари. Мен ўз ваколатим доирасидан четга чиқаётганим йўқ. 60та депутат мени сайлаган ҳоким қилиб. Агар 60та депутат мени олиб ташласа, мен розиман. Улар ҳам миллат вакиллари. Сайламаларинг эди у депутатларни. Тўғрими?

60 депутат. Ҳар бир депутатни 20–25 минг аҳоли чиқиб сайлаган. Тушунтира олдимми? 20–25 минг аҳоли чиқиб сайлаган. Яна қанақа ишонч тўғрисида гапиришингиз мумкин? Сиз ҳам сайлагандирсиз. Сайламаганмисиз? Демак, сиз фаол эмассиз.

Яна нима дейишим мумкин. Дарахт кесилмайди. Аксинча, янги дарахтлар экилади. Бўш жойнинг ўзида стела бўлади. Агар дарахт кесилса, ўзим ариза ёзиб ишдан кетаман, деяпман», – деди шаҳар раҳбари.

Учрашувда ҳокимлик позициясини ёқламаганлар билан бирга, расмийлар таклифини қўллаб-қувватлаганлар ҳам сўз олди.

«Модомики дарахт кесилмасдан, шунчаки ҳозир майдон марказида турган металл конструкция (қуйидаги суратда) ўрнига «Истиқлол» стеласи ўрнатилар экан, бунга нега қарши бўлишимиз керак?» – таъкидлади сўз олганлардан бири.

d9gt87dfa8-29.jpg (1280×853)

Маълумот ўрнида, Telegram’даги UzArgument каналида 13 февраль куни эълон қилинган сўровномада аксарият респондентлар «Космонавтлар» боғида дарахтларни сақлаб қолган ҳолда, 30 йиллик рамзий монумент ўрнатиш қарорини маъқуллаб овоз берган.

53 мингдан ортиқ киши респондентдан 78 фоизи таклифни маъқуллашини билдирган.

«Илгари бирор санани абадийлаштириш керак бўлса, боғ қуриларди»

Йиғилганлардан бир неча нафари мустақилликнинг 30 йиллигига бағишлаб янги иншоот қуриш ўрнига, Мустақиллик майдонини реконструкция қилишни таклиф қилди.

«Тошкент шаҳрида Мустақиллик рамзи сифатида бунёд қилинган майдон бор. Тўғри, у эскирган, замонавий талабларга жавоб бермаслиги мумкин. Шунинг учун одамлар сайр қилиб, дам оладиган жойда жонсиз стела ўрнатгандан кўра, ўша майдон модернизация қилинсин. Яна алоҳида рамз ўрнатишга нима ҳожат?» – деди йиғилганлардан бир неча нафари.

«Илгари бирон сана абадийлаштирилмоқчи бўлса, боғ қуриларди, дарахт экиларди. Жонсиз стела ўрнатиб қўйиш нега керак?» – таъкидлади бошқа бир фуқаро.

Шунингдек, боғда қурилиш ўтказиш масаласини референдум орқали ҳал қилиш таклифи ҳам билдирилди.

«Ҳаммаси ҳуқуқий тартибда ҳал қилинсин. Бу боғ фақатгина Тошкент шаҳрининг шу ҳудудда яшовчи аҳолисига эмас, бутун республикага тегишли, ҳамма учун қадрли. Шунинг учун бу ерда қилинадиган ўзгариш лойиҳаси тақдим қилинсин. Уни амалга ошириш-оширмаслик эса референдум орқали ҳал қилинсин», – деди Бахтиёр исмли фуқаро.

Шаҳар ҳокими бу таклифни маъқулламади: «Референдумга кичкина пул кетмайди. Жуда катта пул кетади».

«Ўзбекистонда турибман, ўзбекча гапираман»

Жаҳонгир Ортиқхўжаев саволларга жавоб бераркан, йиғилганлар орасида: «Русча гапиринг, русча» деган хитоб эшитилди. «Ўзбекча гапираман. Ўзбекистонда яшаяпман, Ўзбекистонда туриб гапиряпман, ўзбекча гапираман. Хоҳласангиз, ёнингизга таржимон олинг», – дея жавоб қилди ҳоким.

Ҳокимлик раҳбари саволлардан бирига жавобан, янги мажмуада инсон ҳайкаллари бўлмаслигини қайд этди.

«Бу – стела. Фақат шу ернинг ўзига. Атрофи ободонлаштирилади. Пиёда ва велосипед йўлаклари бўлади.

Тушунишни хоҳлаётганлар бор, тушунишни хоҳламаётганлар бор. Кўриб турибман, бу ерда умуман ҳеч нарсага рози бўлмаётганлар бор. Ўзи умрида келганми бу паркка? Менга шу атрофда яшайдиганларнинг фикри қизиқроқ.

Бу паркни 5–10 йил эмас, 100–200 йиллаб сақлаб қолиш ниятим бор. Бу ерга ҳеч ким тега олмаслигини хоҳлайман. Ҳеч ким! Бунинг учун бу ерга имзо қўйиб кетиш керак. Келажакда «дом» ёки «гостиница» қурилиб кетмаслиги учун.

Бу парк янада обод бўлади. Кечалари чироқлар ёниб туради, скамейкалар янги бўлади. Айтяпман-ку, дарахт кесилса, аризамни бериб ишдан кетаман, яна қанақа гарантия керак сизларга?» – таъкидлади Тошкент шаҳри ҳокими.

«Агар ёдгорлик ўрнатилмаса, янги ҳоким бу ерга меҳмонхона қуриб юборади. Шуни хоҳлайсизларми?»

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларини унинг қурилишлар бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов қўллаб-қувватлади:

«Болаларга тарихни қолдирамиз. Ҳоким яхши аргумент келтирди: агар бу ерга стела қўйилмаса ва тарихий жойга айлантирилмаса, бошқа ҳоким келиб, меҳмонхона қуришга бериб юборади. Шуни хоҳлайсизларми?»

Йиғилиш бошланганидан бир соат ўтиб ҳам эътирозлар давом этаркан, Ортиқхўжаев қурилиш жараёнини кузатиб туриш учун камера ўрнатилишига ваъда берди.

«Камера қўйиб қўямиз, доимий кўриб туриш учун», – деди у.

Мажмуа макети 3 кунда муҳокама учун эълон қилинади

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг сўзларига кўра, мустақилликнинг 30 йиллигига бағишланган «Истиқлол» мажмуасининг тахминий макети уч кунда жамоатчилик муҳокамаси учун тақдим этилади.

Макетда стела боғнинг айнан қаерида жойлашиши, қанча майдонни эгаллаши каби тафсилотлар кўрсатилади.

Бирмунча шовқин остида давом этаётган учрашувда яна ғала-ғовур кўтарилгач, ҳоким қатъий дакки берди:

«Ўзингни босиб олларинг ҳамманг! Уч кун ичида макет қиламиз, кўрасанлар, кейин дардингни айтасанлар! Ким қарши, ким норози? Қўллайсанларми шуни?»

Бу саволдан сўнг қарсак янграб, йиғилганлар таклифга розилигини билдиргандек бўлди.

«Бўлди, бошқа гап йўқ! Учта-тўрттаси норози бўлса ўзига. Мен уч-тўрттасининг гапига кирсам, Тошкентга битта ғишт қўя олмайман!»

Ортиқхўжаев шу тариқа учрашувга якун ясади. Ҳокимлик уч кундан сўнг шу боғнинг ўзида янги мажмуа макетини тақдим этадиган бўлди.

Аммо таъкидлаш лозимки, ҳокимлик мажмуанинг концепция-лойиҳаси учун танлов эълон қилган эди. Танлов 3 феврал куни эълон қилиниб, унда қатнашмоқчи бўлганларга рўйхатдан ўтиш учун 4 кун вақт берилганди.

Ҳокимлик эълонига кўра, танловда қатнашмоқчи бўлганлар 7 февралгача рўйхатдан ўтиши, танлов 7 мартгача давом этиб, ғолиблар 10 мартгача аниқланиши белгиланганди.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

prepsho9m9cohrwkqy9hpk5h-nisoglh

«Биздагилар совға беришни яхши кўришади» – Русланбек Давлетов воз кечилиши керак бўлган миллий анъаналар ҳақида

Адлия вазири Русланбек Давлетов давлат ташкилотларидаги коррупцион ҳолатлар ва бунинг миллий менталитетга алоқадорлиги борасида фикр …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари