Главные новости
Главная / Сиёсат / Адлия вазири ўринбосари: Халққа хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш қонун даражасида таъминланиши зарур
Место рекламы

Адлия вазири ўринбосари: Халққа хизмат кўрсатиш сифатини кўтариш қонун даражасида таъминланиши зарур

Ҳар ишда қонун ва тартиб бўлиши керак. Шу маънода ижро ҳокимиятининг фуқаролар билан муомала-муносабати ҳам маълум тартиблар асосида амалга ошади. Бу бутун жаҳонда қўлланиладиган ва давлат хизматининг халқ учун фойдали ва қулайлигини таъминлайдиган омиллардан биридир.

Фото: minjust.uz

Ушбу тартибларни ва улар акс этган қонун ҳужжатларини ҳар бир давлат хизматчиси яхши билиши ва фаолияти давомида уларга амал қилиши ўта муҳим ҳисобланади.

Афсуски, муайян соҳада ислоҳотларнинг тамал тоши ҳисобланган актлар мазмунини билмаслик жойлардаги раҳбарларнинг жиддий камчилиги дейишимиз мумкин.

Яқинда секторлар вакиллари билан ўтказилган семинарда уларнинг қарийб аксарияти бевосита ўз фаолиятига тааллуқли президент ҳужжатларини билмаслиги маълум бўлди. Бу – чуқур мулоҳаза қилинадиган масала, сабаби ушбу ҳолат айни пайтда муҳим қарорларнинг ижро этилмаётганини англатади. Қолаверса, қоғозбозлик, кўзбўямачилик сингари иллатларнинг маҳаллий давлат бошқарувида тобора илдиз отиб боришига сабаб бўлади.

Қонунга нима учун эҳтиёж бор эди?

Жисмоний ва юридик шахслар билан ҳар куни мулоқот қиладиган давлат хизматчилари ва мансабдорлар яхши билиб олиши зарур бўлган муҳим қонунлардан бири «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги қонун ҳисобланади.

Ушбу муҳим ҳужжат кейинги йилларда устувор равишда амалга оширилаётган «халқ билан мулоқот», «халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойиллар асосида ишлаб чиқилган.

Мазкур қонун ижро ҳокимияти органлари фаолиятини замонавий тарзда ташкил қилиш, ички идоравий назорат механизмини кучайтириш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолликка чек қўйиш, тезкор ва асосли қарорлар қабул қилиш йўли билан давлат хизматлари кўрсатиш самарасини ошириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этишни кўзда тутади.

Қонун қай даражада ишлаяпти?

Қонун қабул қилинганига икки йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, унинг амалиётга тўлиқ татбиқ қилинишида қатор муаммолар мавжуд эди.

Хусусан, яқинда қонуннинг амалиётга нақадар фаол татбиқ этилгани ва ишлаш аҳволи «Ўзстандарт» ва «Ўзархив» агентликлари томонидан ўрганилди ва бу борада бир қатор тизимли камчиликлар аниқланди.

Асосий масала қонун ости ҳужжатларининг ушбу қонунга мувофиқлаштирилмагани билан боғлиқ. Натижада идораларда қонунда белгиланган нормаларни эмас, балки соҳавий (махсус) қонун ҳужжатларидаги қонунга мувофиқ бўлмаган талабларни қўллаган ҳолда маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш амалиёти шаклланган.

Мисол учун, «Ўзархив» агентлиги ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатилаётган 11та давлат хизматларидан 8таси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар (маъмурий регламентлар) билан эмас, балки идоранинг ички меъёрий ҳужжатига асосан тартибга солинмоқда.

Муаммога ечим

Ушбу муаммоларга чек қўйиш, маъмурий тартиб-таомилларни барча давлат ташкилотлари фаолиятига бир хилда тизимли равишда татбиқ этиш, умуман, маъмурий тартиб-таомиллар соҳасидаги муносабатларни янада такомиллаштириш заруриятидан келиб чиқиб давлат раҳбарининг «Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан Адлия вазирлигига маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида мунтазам равишда такомиллаштириб бориш вазифаси юклатилди.

Фармон билан вазирлик тизимида махсус Маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш ва мониторингини юритиш бошқармаси ташкил этилди ва Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлартасдиқланди.

Қўйилган вазифаларни амалга ошириш учун вазирлик томонидан яқин ва ўрта истиқболда кенг кўламли, комплекс чораларни кўриш режалаштирилган.

Хусусан, ушбу қонуннинг қўлланишини ўрганишда Парламент палаталари, Фуқаролик жамияти институтлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш бўйича ишлар олиб борилади.

Фармонга асосан, Адлия вазирлиги 2018–2019 йилларда янги (қайта) ташкил қилинган 8та вазирлик ва идоралар фаолиятини, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги, Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ўрганади.

Бу ўрганишларда ҳам қонун нормаларининг ижроси масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.

Қонуннинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунарли шаклда, оддий тилда етказишга қаратилган ахборот материалларни тарқатиш, шунингдек, тематик видеолар яратиш, босма материаллар (плакатлар, рисолалар, буклетлар) чоп этишни тайёрлаш ва тарқатиш бўйича тадбирлар бошлаб юборилди.

Қонун ижросини тизимли ташкил этиш мақсадида Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда қонун нормаларини қўллаш масалалари бўйича давлат хизматчиларининг малакасини ошириш юзасидан ўқув дастурлари, давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида маъмурий тартиб-таомилларни амалга ошириш бўйича ўқув-методик материаллар ва амалий қўлланмалар ишлаб чиқилди.

Хулоса

Ушбу қонунни бюрократия ва коррупцияга қарши курашдаги муҳим воситалардан бири деб биламиз. Зеро маъмурий тартиб-интизом ўрнатилмас, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларда қатъий қонунийликка амал қилиш ва юқори стандартларга жавоб берадиган маданият шакллантирилмас экан, халқнинг давлат ташкилотлари фаолияти сифатидан қаноат ҳосил қилиши савол остида қолаверади.

Вазирлик давлат хизмати сифатини кўтариш, давлат органлари ва фуқаролар ўртасидаги муносабатларни енгиллаштириш, соддалаштириш мақсадида ушбу Қонуннинг амалиётга тўлиқ татбиқ этилиши бўйича бор имкониятларини ишга солади.

Худоёр Мелиев,
Адлия вазири ўринбосари

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

o1972qf8_xtglnfjd4ym1pmsxaufx8st

Самарқанд шаҳрида карантин вақтида ҳам тунги клублар ишлаётгани маълум бўлди

Коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий қилинган карантинга қарамай, Самарқанд шаҳридаги тунги клублар ўз фаолиятини …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари