Главная / Маданият / Абдулла Арипов Ўзбекистонда раҳбар аёллар сонини оширишга йўналтирилган стратегияни ишлаб чиқиш вазифасини берди
Место рекламы

Абдулла Арипов Ўзбекистонда раҳбар аёллар сонини оширишга йўналтирилган стратегияни ишлаб чиқиш вазифасини берди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов 22 декабрь куни бўлиб ўтган Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобот конференцияси доирасида барча вазирлик ва идоралар раҳбарларига раҳбарлик лавозимларига аёлларни тайёрлаш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифасини топширди. Тадбирда қатнашган Kun.uz мухбири шу ҳақида хабар берди.

“Вазирликлар раҳбар лавозимларига номзодларни таклиф этади, бироқ рўйхатда 10 нафардан 1 тасигина аёл киши бўлади ёки умуман йўқ. Раҳбар кадрлар орасида хотин-қизлар улушининг ортиши ёш кадр сифатида етишиб келаётган қизларимизга ҳам яхши ўрнак вазифасини бажаради, раҳбар аёлларни кўргач, уларда ҳам шундай бўлишга хоҳиш ва иштиёқ пайдо бўлади. Албатта, оилада қиз бола туғилса, биринчи навбатда уни оилага тайёрлашга эътибор қаратамиз. Тўғри, у келин, она бўлиши, фарзанд тарбияси билан шуғулланиши керак, лекин биз унинг орзу-ҳавасларига етишишига, жамиятда ўз ўрнини топишига, етук кадр бўлиб етишишига кўмаклашишимиз керак эмасми?!“, – дейди Бош вазир.

Шу ўринда фаол аёллардан бирининг никоҳ ёшини қиз болалар учун ҳам, ўғил болалар учун ҳам 18 ёш этиб белгилашга оид таклифига эътибор қаратилди ва бунинг тўғри таклиф экани, бу масала тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилиши қайд этилди.

Ҳар бир вазирлик ва идоралар раҳбарларига тизимда ишлаётган ташаббускор хотин-қизларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлаш бўйича ўз стратегияларини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Бунда ҳар бир ташкилотда раҳбар лавозимларидаги хотин-қизларнинг улуши 30 фоиздан кам бўлмаслигини таъминлашга доир чораларни белгилаб олиш лозим.

“Халқаро тажрибага назар ташласак, Дания, Норвегия ва бошқа мамлакатларда раҳбарларнинг учдан бир қисми, Швецияда уларнинг ярмидан кўпини аёллар ташкил қилар экан. Ўзбекистон ҳозир раҳбар аёллар сони бўйича 130-ўринда, ваҳоланки Беларусь – 30, Қозоғистон – 59, Тожикистон – 106-ўринда. Бу Президентимиз юритаётган сиёсатга, уларнинг қўяётган талабларига умуман тўғри келмайди. Шунинг учун республикамизда аёллар фаоллигини ошириш бўйича олиб бораётган ишларни янада кучайтириш зарур“, – дея таъкидлади Абдулла Арипов.

Бундан аввал Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳам ўз ҳисоботида аёл раҳбарларнинг камлиги масаласига эътибор қаратган эди. Унинг сўзларига кўра, 2014 йилги Парламент сайловларида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига 24 нафар, Олий Мажлис Сенатига 10 нафар хотин-қизлар сайланган. Шу билан бирга, 1 400 нафарга яқин хотин-қиз турли соҳаларда раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда.

“Юртбошимизнинг ҳар йили Зулфия номидаги Давлат мукофотини ҳар бир ҳудуддан 2 нафардан иқтидорли қизларга бериш бўйича қабул қилган қарорлари уларнинг давлат ва жамият бошқарувида муносиб иштирок этишларида янги имкониятларни очиб берди. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қўмиталар қошида “Ҳуқуқшунос аёллар”, “Илм-фан ва аёл”, “Ижодкор аёллар”, “Ташаббускор аёллар”, “Аёл ва саломатлик”, “Фахрий аёллар” жамоатчилик уюшмалари ташкил этилди. Шундай бўлса-да, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш борасида амалга ошираётган ишларимиз ҳали бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермайди, ҳудудларда олиб борилаётган ишлар қониқарсиз аҳволда“, – деди Танзила Норбоева.

Бундан ташқари, тадбирда сиёсий партиялар билан ҳамкорлик меморандумлари ижросини таъминлашга етарли эътибор қаратилмаётгани қайд этилди. Вакиллик органлари ҳамда Парламент депутатлигига номзод кўрсатиш жараёнида хотин-қизлар учун белгиланган 30 фоизлик квота қамраб олинмаётгани маълум қилинди.

“Бугунги кунда вакиллик органлари ва парламент депутатлари орасидаги хотин-қизлар улуши 15 фоизни ҳам ташкил этмайди. Сабаби – кўрсатилаётган номзодларни тайёрлаш бўйича тизимли иш олиб борилмаяпти, айниқса, раҳбарлик лавозимларига хотин-қизлардан номзод сўралса, топиб ҳам бера олмаяпмиз. Ҳозирги кунда раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб бораётган аёллар сони 1 фоизни ҳам ташкил этмайди. Жойларда хотин-қизларнинг етакчилигини таъминлашда асосий бўғин бўлган бошланғич ташкилотлар фаолиятлари ҳам қониқарсиз аҳволда. Шундай экан, биз Хотин-қизлар қўмиталари бу борадаги фаолиятимизни тубдан қайта кўриб чиқишимиз шарт“, – дея таъкидлади Норбоева.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

Фото: Божхона қўмитаси матбуот хизмати

ОРЗУ ВА АРМОННИНГ САРҲАДЛАРИДА: АБДУРАУФ ФИТРАТ

XX аср узбек миллий тафаккури тараққиётида алоҳида мавқега эга бўлган олим ва адиб Абдурауф Абдураҳим …