Главные новости
Главная / Жамият / 630 ёш оила Ёшлар иттифоқидан нега норози?
Место рекламы

630 ёш оила Ёшлар иттифоқидан нега норози?

Kun.uz таҳририятининг навбатдаги журналистик суриштируви объекти бир гуруҳ фаол ёшларнинг уй-жой билан таъминланишида юзага келаётган муаммолар ҳақидаги мурожаат бўлди. Фан, санъат, адабиёт, спорт соҳасида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётидаги хизматлари эвазига бир гуруҳ ёшларга имтиёзли асосда уйлар берилиши белгиланган эди. Ёш оилаларга бу имтиёзлар президентимизнинг 2018 йил 18 сентябрдаги ПҚ-3480-сонли қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 8 сентябрдаги 250-сонли қарорига асосан берилиши белгиланган. Мурожаатнинг мазмуни 630 та ёш оилага ана шу «Ёшлар уйи» берилиши пайсалга солинаётгани ҳақидадир.

Kun.uz ижодий гуруҳи ушбу мурожаат изидан бориб, ёш оилалар учун мўлжалланган уйлар қурилаётган Тошкент шаҳар, Сергели тумани “Чош-тепа” маҳалласида шу уйларнинг соҳибу- соҳибалари бўлиши кутилаётган ёшлар билан учрашди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

«2015 йил ариза берганман, мана 3 йилдан ошди, ҳали ҳам уй берилгани йўқ. 2017 йилда президентимизнинг қарори чиққан. 630 оилани уй билан таъминлаш тўғрисида. 2018 йил 26 октябрда президентимизнинг Юнусободга ташрифи чоғида ушбу ёш оилаларни уй билан таъминлаш бўйича Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоевга, Тошкент шаҳар ҳокимига ва Молия вазирига буйруқ берилган. Унга кўра, 2018 йил охирига қадар ёшларга бериладиган уйларни молиялаштириб, уйга киритиш тайинланган. Мана, ҳозир 2019 йил, ҳозирга қадар уй берилгани йўқ», дейди Адилов Муҳаммаджон.

«2018 йил 8 октябрь куни Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашида иқтидорли ёшлар йиғилди. Мен ҳам шу қаторда келдим. Йиғилиш мобайнида мутасадди ташкилотлардан келишди. Конституция байрами муносабати билан уйлар тақдим этилиши маълум қилинди. 8 декабрь куни ҳам келди. Вақт ўтиб кетди. 24-25 декабрь кунлари ёшларга уй тақдимот ҳафталиги бўлади, телевидениеларда ҳам кўрсатилади, дейилди. У кунлар ҳам ўтиб кетди. Аммо, ҳамон уйдан дарак йўқ. Қўлимизда тавсиянома бор. Бу тавсияномада Сергели туман Чош-тепа ҳудуди кўрсатилган. Лекин, у ерда қайси банк билан шартнома тузиш кераклиги, уй рақамлари ҳам, квартира рақамлари ҳам кўрсатилмаган. Биз шу тавсияномага ишонгандик. Уйда турган оддий қоғозга ўхшаб туюляпти. Ҳамма илғор ёшлар бу ерда. Масалан, мен «Навоий» стипендияси соҳибиман», дейди куюниб Фарҳод Абдусаломов.

«4 йилдан бери сарсонмиз. Ҳар сафар йиғилиш қилади, натижа йўқ. Йиғилишлар бизни босди-босди қилиш учун бўлмоқда. «Жим туринглар, жим туринглар. Эртага берамиз. Котлован қазилган», дейилади. Энди ҳозир айтишяптики, котлован бошқа жойдан қазилиши мумкин, ҳали биз билмаймиз, дейишади. Ўтган йили 30 августга «Ёшлар куни»га берамиз дейишганди. Ҳозир энди бу йилги 30 августга тақашяпти», дейди номзод Носир Тўйчиев.

«Ёшлар иттифоқи раиси 2019 йил 18 январь куни мажлис ўтказди. Шахсан мен қониқмадим. Савол-жавоб тарзида ўтказилди. Номзодлар томонидан аниқ саволлар берилди. Шахсан ўзингиз айтганингиздек, бизга 8 декабрь санасида ҳам, йил якунига қадар ҳам, ундан кейин ҳам берилмади. Ҳозирги кунда ҳар бир раҳбар ижро интизомига риоя қилиш керак. Агар раҳбар одам қўл қўяётган ҳужжатига нега қўл қўяётганини билмаса, ходимлари қилаётган ишларини билмаса, нима қилиб ўтирибди? Номзодларга берилган тавсияномаларда ўзининг имзоси бор, муҳр бор. Бизга бу масаладан хабари йўқлигини айтди. Қонунлар, баённомалар вақтида бажарилмаса, эртагалик ривожланиш бўлмайди-ку?», дейди улардан бири.

«Шикоят қилиб ҳуқуқларимизни талаб қилаётган вақтимизда Ёшлар Иттифоқининг бир вакили менга биз ҳақимизда тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қизиқаётгани ҳақида айтди. Мен бир жиноятчи бўлмасам. Қизиқса, менинг уй-жойим аниқ, номзодлигим аниқ. Президентимиз очиқ-ошкора айтяптилар. Улар бўлса шунақа йўл билан босим қилишмоқда. Биз худдики «фаол ёшлар» эканмиз. Ўзбекистон дунёга очиляпти, инвесторлар келмоқда. Президентимиз АҚШга ташрифи давомида ҳам хориждаги ёшларга мурожаат қилиб, «келинглар, биргаликда юртни ривожлантирайлик», деб айтиб ўтди. Агар биз бу ерда қулай яшаш шароити яратмасак, кучли кадрлар яхши шароит бор жойга интилади. Кадрларимиз руҳлантирилмаса, яна чет элга чиқиб кетишлар бошланади. Бир неча марта мурожаат қиляпмиз. Мурожаатларимиз бир неча инстанцияларда қолиб кетмоқда. Ҳаммаси бир-бирига ағдаради. Биз бировни танқид қилиш учун келмадик. Муаммони биргаликда ҳал қилиш учун йиғилдик. Ташаббус жазоланмаслиги керак. Ўзимизнинг камчилигимизни ўзимиз тўғрилашимиз керак. Фаол, етук ёшларга шароит қилиб бериш керак. Уй керак. Нима қилса ҳам «ўзимизники» деган сўз куч-ғайрат беради-да. Майли, мен кредит асосида олсам ҳам. Шуни ўзим олдим, давлатим берди менга деган фахр бўлади-да», деб эътироз билдирди Жайсанов Абдуваҳоб.

Фаол, иқтидорли ёшлардан иборат бўлган шикоятчиларимиз билан суҳбатдан сўнг, бевосита масъул ташкилот Ёшлар иттифоқининг Марказий Кенгаши томон равона бўлдик.

Давлат аҳамиятига молик ҳужжат нега шунча вақтлардан бери бажарилмаётгани учун тайинли сабаб борми?

Марказий Кенгашга борган вақтимизда мурожаатчилар билан учрашув ташкиллаштирилди ва савол-жавоблар бошланди. Марказий Кенгашнинг вакиллари сифатида раиснинг биринчи ўринбосари (тайинланганига кўп бўлмади) Алишер Саъдуллаев, ҳуқуқшунос Баҳром Илҳомжонов, ижро аппарати раҳбари Музаффар Акромов қатнашди.

«Бизнинг мақсадимиз мана бу ишларни қилдик, деб мақтаниш эмас. Сизларга мақтанишнинг бизга умуман қизиғи йўқ. Нима деб ўйлаш ўзингларга боғлиқ. Мақсадимиз эртага сизлар қийналиб қолмаслигингиз, уйли бўлиб қолишингиз. Қилинмаса айбдор бўламиз. Бу нарсани очиқчасига айтинглар. Эплай олмаяпсан деб айтаверинглар. Биз тарафимиздан ишлар қилинган, ҳозирда Молия вазирлигида иш тўхтаб қолган. Жавоби чиқса, сизларга айтилади. Мен ҳам сизларга ўхшаган ёшларданман. Биз бу ишга дахлдормасмиз дейишга ҳаққимиз йўқ. Дахлдормиз. Уй олгунингизча масъулмиз. Ҳозир шу молиявий масалани аниқлаш бўлиб турибди», дейди ёш ўринбосар.

«Телевидениедаги баъзи каналларда уй беряпти деб тантанали равишда кўрсатилди. Уй берилмаса нега керак бунақа ишлар? Берилган тавсиянома оддий бир қоғоз бўлиб қолади-ку?», дея эътироз билдиришди шикоятчилар.

«Биз тарафимиздан ишлар қилиниб бўлинган. Биз бир нодавлат нотижорат ташкилотмиз. 630та уйнинг бошланғич бадалини тўлаб бериш бизга бириктирилган вазифа. Қаҳрамон Қўчқорович бу масалани ҳал қилганлар. Уй бўлса бошланғич бадал тўлаб берилади. Лекин, уйни қуриш Ёшлар Иттифоқининг вазифаси эмас-ку? Тошкент шаҳар ҳокимияти ҳам уйни қуриб бўлган. Молия вазирлиги қўшимча ресурс ажратса бўлди. Кечаги йиғилишда қатнашган вазирликдаги қурилиш бўйича бошқарма бошлиғи айтиб ўтдики, жами 840та уй қурилмоқда, 1 августгача бўлади. Эртагача бу масалани ҳал қиламиз, дейишган. Биз ҳам сизларга ўхшаб жавоб олишни хоҳлаяпмиз. Биз ўзимиз тарафдан ижро қилиниши лозим бўлган ҳолатларни қилиб бўлдик», деб тушунтириб ўтди Ёшлар иттифоқи ижро аппарати раҳбари Музаффар Акромов.

Шундан сўнг Молия вазирлиги томон йўл олдик.

Молия вазирлиги мажлислар залида вазир ўринбосари Дилшод Султанов раҳбарлигида мутахассислари ва мурожаатчилар учрашуви ўтказилди.

«Мен ҳозир бюджетдан маблағ олиб берсам, бу маблағ олингани учун қайсидир одамлар ойликсиз қолиб кетади. Лекин, қарорларда Молия вазирлиги бюджетдан маблағ ажратсин деган жой йўқ. «Манбани аниқласин», дейилган. Менга энди рухсат берсангиз, раҳбарларни йиғиб, ўтириб бир хулоса қилайлик. Мисол учун, қанча пул керак? Қанча пул бугун жуда зарур? Ёшлар иттифоқидан ҳам сўрайман. Молия бўйича раҳбарини чақираман. Пул олишга мажбур бўламан. Тўй келганидан кейин ҳаммага баробар келиши лозим. Топганимизча топамиз. Тушунаман 630 одамнинг қўлига вексель берилган. Ҳозир шу маблағни топишимиз керак. Берилган ваъданинг устидан чиқишимиз керак», деб йиғилганларга маълумот берди вазир ўринбосари.

Суҳбат давомида биз ҳам вазиятни аниқлаштириш мақсадида нега бундай ҳолат юз берганига изоҳ сўрадик. У Ёшлар иттифоқидан заявка (буюртма хати маъносида) берилмаганини айтди.

Шундан сўнг, мурожаатчилар билан чиқаётган вақтимизда Ёшлар иттифоқи вакиллари «норматив-ҳужжатларда бу ҳақида келтирилмагани»ни айтиб эътироз билдиришди.

Эрта тонгдан кечгача кўплаб саволларга аниқ жавоблар ололмадик. Ёшлар иттифоқи Молия вазирлигини айблади, Молия вазирлиги эса иттифоқни. Айбдор қайси тарафлиги ноаниқ. Ўртада эса 630 ёш оила уйсиз, ижарама-ижара сарсон…

Ушбу суриштирувимиздан cўнг, яна бир бор иттифоқ раҳбариятига масала бўйича юзландик. Ёшлар Иттифоқи Маркази кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев қуйидагиларни маълум қилди: «Биринчи босқичда, Чоштепа мавзесида қурилаётган уйларнинг 150та хонадони 10 февралда фойдаланишга топширилади. Ҳамма – 630 нафар имтиёзли шартлар билан уй сотиб олишга сертификатга берилган ёшларга босқичма-босқич уйлар тақдим этилиши маълум қилинди. Масалан, кейинги босқич – апрель, май ва сўнгги – 30 июнь». Шунингдек, Ёшлар Иттифоқи вакиллари ёшлар учун уйларнинг қачон қурилиши тўғрисида аниқ маълумотга эга эмас. Улар бу жараён ташкилот ваколатида эмаслигини яна бир бор таъкидлашган.

Масала ҳамон очиқлигича қолмоқда…

Место для рекламы.

Ҳаққимизда anvarj63

Check Also

9ezguka3if_vtxzwwarvb41gddv6qkok

Дарсда мудраган болалар – нега мактабларда янги техник имкониятлардан фойдаланмаяпмиз?

Қўнғироқ чалинди. Эшикдан кириб келган ўқитувчи билан салом-аликдан сўнг болалар ўз ўриндиқларини эгаллашди. Биология дарси …