Главные новости
Главная / Технологиялар / 21 июнь – илк хусусий космик парвоз амалга оширилган сана
Место рекламы

21 июнь – илк хусусий космик парвоз амалга оширилган сана

Яқиндагина, аниқроғи, 30 май санасида катта бир тарихий воқеа юз берди. Ихтирочи, муҳандис, миллиардер Илон Маскка тегишли SpaceX компанияси томонидан яратилган Crew Dragon космик кемаси илк бора учувчили парвозни амалга ошириб, астронавтларни ХКСга элтиб қўйди. Crew Dragon ХКС билан автомат режимда муваффақиятли туташди ва бу ҳодиса космик парвозлар соҳасида мутлақо янги эрани бошлаб берди. Эндиликда NASA одамларни космосга элтиш борасида хусусий компаниялар билан расман иш бошлади. Бу, шубҳасиз, улкан тарихий воқеадир.

Фото: Google Photos

Лекин, биласизми, қанчалик «тарихий», «улкан ҳодиса» бўлмасин, Crew Dragon ва Илон Маск бу борада ҳеч қанақасига биринчи эмас! Илон Маскнинг мазкур муваффақиятидан нақ 16 йил муқаддам, аниқроғи, 2004 йилнинг 21 июнида SpaceShipOne космик кемаси инсоният тарихида илк бора хусусий орбитал парвозни амалга оширган. Бу парвознинг асосий таъсисчиси ва молиялаштирувчиси эса Илон Маск сингари «таги бақувват» америкалик миллиардер эмас, балки эронлик аёл бўлган десам ишонасизми? Ишонаверинг, бу ҳақиқатан ҳам шундай!

SpaceShipOne космик парвоз лойиҳасини асосий молиялаштирувчиси ва титул ҳомийси 1966 йилда Машҳад шаҳрида туғилган Ануша Ансорий исмли аёл бўлган. Албатта, эронлик бу аёл ўша  пайтда аллақачон Америкада яшаб, ўрнашган, катта бизнес эгасига айланиб бўлган эди. Қолаверса, адолат юзасидан айтиш жоизки, лойиҳада ундан ташқари яна бошқа пулдорлар ҳам ҳисса қўшишган.

Лекин нима бўлганда ҳам, тарихда илк хусусий космик парвозга энг катта пул тиккан шахс – айнан Ансорий бўлади ва шу сабабли ҳам илк хусусий космик парвозни амалга ошириш лойиҳасининг молиявий қисмини «Ансорий Х мукофоти» (Ansari X prize) деб номланган. Унга кўра, хусусий компания ўзи ясаган, кўп марта фойдаланса бўладиган учувчили космик кемада икки ҳафта ичида икки маротаба суборбитал космик парвозни амалга ошириши керак эди (Карман чизиғидан тепага чиқиши керак бўлган). Ютуққа оз эмас, кўп эмас – 10 миллион доллар қўйилган. Бундан мақсад космик туризмни ривожлантириш ва космик парвозлар фақат давлат аҳамиятидаги иш эмаслиги, хусусий компаниялар ҳам бундай парвозларни амалга ошира олишини кўрсатиб бериш эди.

Ансорий мукофотини 1982 йилда ташкил қилинган Scaled Composites LLC фирмаси ютиб олган. Ушбу компания мутахассисларидан иборат «Tier One» гуруҳи лойиҳалаган ва ясаган SpaceShipOne космик кемаси илк бора 2003 йилнинг 29 июлида 14 км баландликка парвоз қилиш билан суборбитал парвозларга тайёрлана бошлаган. Конструкцияга кўра, атмосферанинг юқори қатламларигача SpaceShipOne космик кемасини бошқа бир самолёт – WK (White Kinght) «елкасида кўтариб» элтиб қўйган. Шунингдек, муҳандислар ушбу космик кема учун авваллари қўлланилмаган ўзига хос янгиликлар, мутлақо янги техник ечимларни ўйлаб топган. Масалан, SpaceShipOne полибутадиэн ва азот оксиди (N2O) газларида ишловчи гибрид двигатель билан жиҳозланган.

SpaceShipOne кемасини 14 км баландликкача юқорида айтилганидек, WK самолёти кўтариб чиққан. Режага кўра, ўша баландликда космик кема ва WK ўзаро ажралган ҳамда SpaceShipOne’нинг реактив двигателлари ишга туширилиши керак бўлган. Натижада, космик кема вертикал ҳолатга келиб, тахминан 3 500 метр тақсим секунд тезланиш билан яна 50 км юқорига учиб чиқиши кўзда тутилган.

«Карман чизиғи»гача бўлган кейинги 36 км масофани эса SpaceShipOne ўз инерсияси эвазига босиб ўтиши керак бўлган. Эслатиб ўтамиз, «Карман чизиғи» бу – Ер атмосфераси ва коинот ўртасидаги чегарани англатувчи шартли баландлик масофаси бўлиб, халқаро келишувларга кўра, денгиз сатҳидан 100 км юқоридаги баландлик Ер ва коинот чегараси ҳисобланади ва айнан шу чегарани «Карман чизиғи» дейилади. Кимки, ушбу баландликдан нарига учиб чиқа олса, коинотга парвоз қилган ҳисобланади.

Муҳандислар ва учувчилар барча зарурий тайёргарликни ва синовларни амалга ошириб, 2004 йилнинг 21 июнь санасида илк бора ўз космик кемаларини ҳақиқий космик парвозга олиб чиқишди. Учувчи Майк Мелвилл бошқарувидаги SpaceShipOne шу куни Тошкент вақти билан тахминан 20:00 да стартга чиқиб, 51 дақиқадан сўнг ўша 100 километр баландлик маррасини кесиб ўтди. У деярли 103 км баландликка учиб борди ва тахминан уч дақиқа мобайнида коинотда парвоз қилди. Кейин эса қайта атмосферага кириб, 17 км баландликкача «шўнғиш» режимида тушиб келди. Ушбу баландликда космик кема энди оддий самолёт сингари қанотлар кучидан фойдаланган ҳолда одатий парвоз қила бошлаб, аэродромга қайтиб қўнган.

Албатта, бу Ансорий мукофотини қўлга киритиш учун дастлабки уриниш, таъбир жоиз бўлса, синов тести бўлган. Кейинчалик, аниқроғи, 2004 йилнинг 29 сентябрь ва 4 октябрь саналарида SpaceShipOne яна икки бора шундай космик парвозларни амалга оширишни уддалади. Ҳатто 4 октябрдаги парвозда учувчи Брайан Бинни SpaceShipOne’ни 112 км баландликкача олиб чиқа олди. Парвозларнинг ҳаммаси тўлиқ штат режимида, мукаммал аниқликда амалга ошган. Бирор бир кутилмаган воқеалар бўлмаган. Бу орқали муҳандислар Ансорий мукофотини қўлга киритиш билан бирга, унгача 41 йил мобайнида амалда турган суборбитал парвоз баландлик рекордини ҳам янгилашган.

Шу тариқа, SpaceShipOne ва унинг учувчилар жамоаси ҳақли равишда инсоният тарихидаги илк хусусий космик парвозни амалга оширган қаҳрамонлар сифатида қайд этилади!

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

9e9ma6cmabhom1u5iymstn_ipsjpefjz

Android 11 операцион тизими тақдимоти санаси маълум қилинди

Фото: techfusion.ru Google компанияси дастурчилар учун Google I/O анжумани ўтказиладиган санани маълум қилди. Таъкидланишича, анжуман …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари