Главные новости
Главная / Жамият / 2020 йил 1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?
Место рекламы

2020 йил 1 январдан қонунчиликда нималар ўзгаради?

Узоқ кутилган бодикамера, электрон меҳнат дафтарчаси, ваколатидан маҳрум бўлган ҳокимлар ҳамда импорт учун янги ставкалар.

Kun.uz сайти 2020 йил 1 январдан бошлаб кутилаётган айрим ўзгаришларни эътиборингизга ҳавола этади.

Боди-камераларга оид қарор кучга киради

2020 йил 1 январдан бошлаб, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сонли қарори билан тасдиқланган «Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида»ги низомнинг 18-банди тўртинчи хатбоши кучга киради.

Унга кўра, эндиликда йўл ҳаракати қатнашчилари (ҳайдовчи ва пиёдалар) ЙПХ ходимлари билан ўзаро муносабатларда хизматни мобиль видеокамерасиз олиб бораётган ЙПХ ходимига ҳужжатларни тақдим этмаслик ҳуқуқига эга бўлади.

Маълумот учун, ушбу қоида 2019 йил 1 июлидан бошлаб кучга кириши лозим эди. Бироқ, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан йўл қўйилган ортиқча сансалорлик ва бюрократизм сабаб соҳа ходимлари боди-камералар билан ўз вақтида таъминланмаган, Вазирлар Маҳкамасининг 3 июлдаги 556-сонли қарори билан бу тартибнинг кучга кириши кечиктирилган эди.

ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи ставкалари пасайтирилади

Президентнинг жорий йил 4 октябрдаги қарори билан, 2020 йил 1 январдан бошлаб:

– республика, вилоятлараро ННТни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ундириладиган давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 бараваридан 3 бараваригача, вилоят ННТ учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараваридан 1 бараваригача пасайтирилади.

– фаолиятини туман (шаҳар), шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ давлат рўйхатдан ўтказиш учун давлат божи ставкаси базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

– ННТ ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга давлат грантлари, субсидиялар ва ижтимоий буюртма шаклидаги маблағлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳар бюджети, шунингдек, туман ва шаҳарлар бюджетларининг харажатларига қўшилади.

Ҳокимларнинг айрим ваколатлари бекор бўлади

Президент Фармонига мувофиқ 2020 йил 1 январдан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларининг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш, жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган, улар фойдаланадиган ва мулки бўлган ер участкаларини жамоат ва давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ваколатлари тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилади.

Тадбиркорлик субъектларини тугатишнинг янги – соддалаштирилган тартиби жорий этилади

Президент Фармонига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни (кейинги ўринларда – корхоналар) ихтиёрий тугатишда:

  • бир ёки бир неча даврий босма нашрларда корхонанинг тугатилиши тўғрисида эълонлар бериш талаб этилмайди, бунда тегишли маълумотлар рўйхатдан ўтказувчи органнинг расмий сайтига жойлаштирилади;
  • давлат рўйхатидан ўтказилган вақтдан бошлаб молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаган ҳамда солиқ қарзи мавжуд бўлмаган корхоналарнинг молия-хўжалик фаолияти текширилмайди;
  • давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган, тугатиладиган корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини текширишнинг энг узоқ даврийлиги уч йилни ташкил этади;
  • молия-хўжалик фаолиятини текшириш учун ваколатли давлат органларидан корхона тўғрисидаги мавжуд маълумотларни олиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими орқали амалга оширилади;
  • корхонани ихтиёрий тугатишнинг умумий муддати рўйхатдан ўтказувчи орган ихтиёрий тугатиш тўғрисида хабардор қилинган кундан бошлаб олти ойдан ошмаслиги керак бўлади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари – жисмоний шахслар фаолиятини тўхтатишда ариза берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарзи йўқлиги тўғрисидаги хулосасини олиш талаб этилмайди.

Импорт бўйича ставкалар янгиланади

Norma.uz нашрининг ёзишича, импорт божхона божлари ва мамлакатга олиб кириладиган акциз солиғига тортиладиган товарларга акциз солиғи ставкалари қайта кўриб чиқилган ва ўзгартиришлар 2020 йил 1 январдан кучга киради.

Ўзгартиришлар миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш, инновацион ривожланиш ва экспортга йўналтирилган ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун шарт-шароитлар яратиш, қулай инвестиция муҳитини шакллантиришга қаратилган.

Акциз бўйича учта ўзгартириш назарда тутилмоқда:

  • импорт қилинадиган шакарга (оқ рангли, хушбўй таъм ёки ранг берувчи қўшимчалар қўшилмаган, ТИФ ТН коди 1701 99) 20 фоизлик ставка бўйича солиқ солинади). Ҳозир ушбу позицияда акциз тўланмайди;
  • импорт қилинадиган сув, муз ва қорга (ТИФ ТН коди 2201) ставка 50 фоизгача оширилади, бироқ бир литр учун 0,25 АҚШ долларидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади. 2019 йилда у божхона қийматининг 25 фоизини ташкил қилади;
  • импорт қилинадиган, ишлаб чиқарилганига 2 йил бўлган, эквивалентда 40 минг АҚШ доллари ва ундан ортиқ қийматга эга енгил автомобилларга (ТИФ ТН кодлари 8703 22, 8703 23, 8703 23 194 0, 8703 24, 8703 31, 8703 32, 8703 33) қўлланган божхона қийматининг 20 фоизи миқдоридаги имтиёзли ставка бекор қилинади.

Электрон меҳнат дафтари жорий этилади 

Президентнинг «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб янги меҳнат шартномаларини тузиш, амалдаги меҳнат шартномаларига ўзгартириш киритиш, шунингдек, уларни тугатиш ҳолатларини «ЯММТ» ИДАКда мажбурий рўйхатдан ўтказиш тартиби жорий этилади. Бунда 2020 йил 1 январга қадар тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябрдан кечиктирмасдан «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказилиши шарт. Меҳнат шартномаларини «ЯММТ» ИДАКда рўйхатдан ўтказиш белгиланган тартибда иш берувчи томонидан амалга оширилади.

Шунингдек, кириб келаётган йилдан бошлаб рўйхатдан ўтказиладиган меҳнат шартномаларидаги маълумотлар асосида «ЯММТ» ИДАКда автоматик тарзда шакллантириладиган ходимнинг меҳнат фаолияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи электрон меҳнат дафтари жорий этилади.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

_3pu5ztxgsswgtpk9ivv53lkhrkpniqh

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги карантиндаги фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш учун навбатдаги жанговар сменани юборди

Карантин ҳудудида қўриқловни амалга оширган бўлинмалар Самарқанд ҳарбий госпиталига 14 кунлик карантинга жойлаштирилади. Улар малакали …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари