Главные новости
Главная / Жамият / Зулҳижжа ойи аввалги 10 кунида қилинадиган амалларнинг фазилатлари
Место рекламы

Зулҳижжа ойи аввалги 10 кунида қилинадиган амалларнинг фазилатлари

Яқингинада Рамазон рўзасини тутиб, Рамазон ҳайитини ҳам байрам қилган, хайрли дуоларда бўлган эдик. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Ислом дунёсининг энг йирик байрами Қурбон ҳайити нишонланишига ҳам саноқли кунлар қолди.

Фото: islom.uz

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ учун ибодат қилинишга Зулҳижжанинг ўн кунидан севимлироқ кунлар йўқдир. Унинг ҳар кунлик рўзаси бир йиллик рўзага, ҳар тундаги ибодат Лайлатул қадрдаги ибодатга тенгдир”, — деганлар.

Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Байҳақий ривоятлари.

Юқоридаги муборак ҳадиси шариф биз ҳозирда истиқомат қилиб турганимиз ҳижрий-шамсий йилнинг 11-ойи бўлмиш Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги ҳақидадир.

Маълумот ўрнида 1441 ҳижрий-шамсий йилнинг Зулҳижжа ойининг 1-10-кунлари 2020 милодий йилнинг 22-31 июл кунларига тўғри келмоқда.

Қолаверса, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда баъзи нарсалар билан қасам ичган, муфассирларнинг айтишича, бу қасам ичилган нарсалар Аллоҳ таоло наздида қадри баландлигидан далолатдир. Хусусан, Қуръони Каримнинг Фажр сураси 1-2 оятларида “Қасамёд этаман тонг (вақти) билан, «ўн кеча» билан”, – дея эълон қилади.

Машҳур муфассир Ибн Касир раҳимаҳуллоҳ суранинг иккинчи оятидаги “ўн кеча”ни тафсир қилар эканлар, улуғ саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб, бу “ўн кун”дан мурод Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунидир, деганлар.

Зулҳижжа ойининг дастлабки ўн кунининг ва бу кунлардаги амалларнинг фазилатлари борасида Имом Бухорий ва бошқа муҳаддисларимиздан кўплаб саҳиҳ ҳадиси шарифлар ривоят қилинган. Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ таоло наздида бирор кун ва у (кун)лардаги амал ушбу ўн кун (ва уларда қилинган амал)дан афзал (ва) Аллоҳ азза ва жаллага суюкли эмас. Бас, у (кун)ларда таҳлил, такбир ва Аллоҳга ҳамдларни кўпайтиринглар” (Имом Аҳмад ривоят қилган).

Таҳлил — Лаа илааҳа иллаллоҳ;  

Такбир — Аллоҳу акбар;

Ҳамд — Алҳамдулиллаҳ, дейишликдир.

Тобеинлардан Саид ибн Жубайр раҳимаҳуллоҳ Зулҳижжанинг ўн куни кирганда солиҳ амаллар ва ибодатга шу даражада киришиб, амал қилганларки, ҳатто охирига бориб қодир бўлмай қолганлар. Азизлар, саҳобийлар ва уларга эргашганларнинг амали солиҳ ва ибодатлар масаласидаги ғам-ташвишлари, ҳар бир кунни ғанимат билишлари шундай бўлган.

Уламолар бу кундаги афзал амаллар ва фазилатли ибодатларни зикр қилишиб, уларнинг ичида қуйидагиларни алоҳида ажратиб кўрсатишган:

  • Намоз ўқишни кўпайтириш, хусусан фарз намозларни вақтида ўқишнинг янада фазилатли бўлиши;
  • Рўза тутиш, зеро рўза афзал солиҳ амаллардан биридир. Аммо, Зулҳижжанинг ўнинчи кунидан ўн учинчи кунигача, яъни тўрт кун рўза тутиш ҳаромдир. Шу боис дастлабки тўққиз кунда рўза тутиш фазилатли ҳисобланади;
  • Ҳадисда келганидек бу кунда Аллоҳ таолога таҳлил, такбир ва ҳамду-санони кўпайтириш. Имом Бухорийдан ривоят қилинадики, Ибн Умар ва Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳумолар Зулҳижжанинг ўн кунлигида бозорга чиқиб, такбир айтишарди ва мусулмонлар ҳам уларга эргашиб такбирни такрорлашарди.
  • Арафа куни рўза тутиш фазилати. Бу йил тақвимда 30 июл – пайшанба кунига тўғри келмоқда. Зеро, бу кундаги рўзанинг фазилати ҳадиси шарифда ўтган ва кейинги бир йилдаги кичик хато-камчиликларга каффорат бўлади, деб ривоят қилинган;
  • Қурбон ҳайити кунидаги қурбонлик қилиш фазилати. Моли нисобга етган ҳар бир мўминга қурбонлик қилиш вожибдир. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси 2020 йил учун нисоб миқдорини 21 250 000 сўм қилиб белгилаган эди;
  • Ҳайит кунлари қавму қариндошлар ва ёру дўстлар ўзаро хабарлашиши, муҳтожлар ҳолидан хабар олишлари ҳамда бир-бирларини хурсанд қилишлари фазилати. Бу йилги Қурбон ҳайити кунлари карантин кунларига тўғри келиши муносабати билан, эпидемиологик ҳолатни инобатга олган ҳолда ушбу қоидаларга қатъий равишда риоя қилиш муҳим ҳисобланади. Бу хусусда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Уламолар кенгашининг 2020 йилги Рамазон Ҳайити учун фатвоси ҳам эълон қилинганди.
  • Хайру эҳсонларни кўпайтириш фазилати.

Аллоҳ таоло юртимиз мусулмонларига ҳам бу йилги Зулҳижжа ойининг 10 кунлигини Ўзига гўзал ибодатда ўтказишликни, кейинги йил Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларини барча мўмин-мусулмонлар тан сиҳатликда, ваболар даф бўлган ҳолда кенгчиликда нишонлашни насиб этсин!

Мақола материали muslim.uz сайтидан олинди.

Место для рекламы.

Ҳаққимизда Akbar

Check Also

nf7zckqnei2fhbr3zxyqjtqlbyibxopq

Киевда банкни портлатиш билан таҳдид қилган шахс қўлга олинди. У ўзбекистонлик экани айтилмоқда

Банк биноси махсус топшириқли бўлинма томонидан қамал қилинди. 3 август кунининг иккинчи ярмида Украинадаги нашрлар …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари