Главная / Жамият / Ресторанларга сотилган кинотеатрлар, ижтимоий тенгсизлик ва маддоҳ ижодкорлар. Бугунги Ўзбекистон Зулфиқор Мусоқов объективида

Ресторанларга сотилган кинотеатрлар, ижтимоий тенгсизлик ва маддоҳ ижодкорлар. Бугунги Ўзбекистон Зулфиқор Мусоқов объективида

Бугунги Ўзбекистон Зулфиқор Мусоқов объективида: «Мушакларни ривожлантириш шиддат билан кетяпти, мияни ривожлантириш оқсамоқда».

Ўзбекистон санъат арбоби, таниқли режиссёр Зулфиқор Мусоқов Kun.uz мухбири билан суҳбатда бугунги жамият, ўзбек киносанъати ва киносаноати тўғрисидаги фикрларини айтиб ўтди.


Зулфиқор Мусоқов

Режиссёр 2017 йил 3 августида президент Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ижодкор зиёлилари ўртасида ўтказилган учрашувга уни чақиришмагани тўғрисида сўзлайди: «Президентимиз билан ижодкорлар учрашуви бўлганди. Мени айтишмаган. Билишардики, мен шартта туриб президентимизга ўзимни ташвишлантираётган саволларни берардим. Маддоҳлик қилмасдим. Унақа одатим йўқ. Умуман бирор марта раҳбариятга дардимизни етказиш… Умрим «Ўзбекфильм»да ўтди.

Лекин буларнинг бари ким томонидан қилинаётганини биламан. Қўлдан келганича яқинлаштирмаслик ёки бир нарса деб юбормасин, сиримизни очиб ташламасин деб қўрқишади, чунки қўлимдан маддоҳлик келмайди».

Суҳбат давомида Зулфиқор Мусоқов республика туман ва қишлоқларида кинотеатрлар қолмаганини афсус билан тилга олди: «Ўзбекистондаги кинотеатрларнинг ярми вайронага айлантирилган. Ярми ҳар хил ресторанларга сотиб юборилган. 32 миллион одам аҳоли борлиги ҳолда кинотеатрлар сони жуда кам. Масалан, мен кўп давлатларда бўлганман. Алоҳида ҳашам билан жиҳозланмаган, майли катта бўлмасин, кичкина-кичкина, чиройли театрлар кўп. Шаҳарчаларда 10-12та кинотеатр бор. Бизда эса пойтахтнинг ўзида кинотеатр етишмайди-ку? Қишлоқларда, туман марказларида кинотеатрлар йўқ.

Президентимизнинг ўзи: «Кино соҳаси ёшларимизни тарбиялашда Мудофаа вазирлиги билан тенг. Халқнинг онгини, дидини пастга тушириб, заҳарлайдиган фильмлар бўлмайди» деганди. Афсуски, орадан деярли икки йил ўтди, лекин бари ўша-ўша. Амалда эса, кўпинча, ўша бевосита шу нарсага масъул, жавобгар одамлар унинг тескарисини қилишяпти.

Шахсан мен учун, Киночилар уйининг бузилиши катта фожиа бўлди. «Абдуллажон»дан бошлаб, («Берлин-Оққўрғон»дан бошқа – таҳр.) ҳамма фильмларим премьераси Киночилар уйида ўтган. Шундай мустаҳкам, МДҲдаги энг чиройли Киночилар уйини бир ой бузишди-ку!?

Умидворман, ишончим бор, президент «Мен сизларга янги Киночилар уйи қуриб бераман» деб айтган. Билмадим…».

Режиссёр ўтган асрнинг 90-йиллари бошидан Ўзбекистондаги оддий аҳолининг турмуши, дард-ташвишларидан ҳикоя қилувчи қатор фильмларни суратга олган. Улар орасида ўзбекистонлик ёшларнинг катта қисми севиб томоша қиладиган «Осмондаги болалар», «Осмондаги болалар-2» фильмлари ҳам бор.

Зулфиқор Мусоқов ўзбек ёшларининг бугунги куни, улар ҳақидаги фикрлари билан бўлишди:«Ички дунёси чиройли, билимларга жуда ташна, маданиятли ёшларимиз бор. Йўқ эмас, лекин улар камайиб кетаётганидан ташвишланяпман, афсуски. «Берлин-Оққўрғон» фильмидаги немис тилида гапирадиган образларнинг барчасига Гёте институти ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида немис тилини ўрганаётган, кўзлари чақноқ ёшлари овоз берди.

Диди бой ва билимга ташна ёшларимиз бор. Улар яхши фильм кўрмоқчи бўлади. Афсуски, кўпчилигида билим йўқ. Жангари, олди-қочди фильмларнинг таъсирида ваҳшийлик, зўравонлик улар учун бир одат бўлиб қоляпти.

Ҳар кун мисол келтириш мумкин. Ўзининг курсдошини бир неча бола дўппослаб ўлдириб кетди. Ўқитувчилар калтакланган ҳолатлар бор. Мен Самарқандда очиғини айтдим. Бу қанақа фашизм, бечора бир кампирнинг бошига чиқинди пақирини кийдириб, яна селфи қилиб олишадими? Бу даҳшат. Бунинг бари тарбиясизлик, булар кўчада ўсган болалар, кўчанинг тарбиясини топган болалар.

Кўп болалар «Мен кўчанинг тарбиясини кўрганман» ёки кап-катта одамлар ҳам «Мен кўчада ўсганман» деб мағрурланади. Гоҳида кўчада ўйнаб кеч қолиб кетсам, раҳматли дадам уйга кир дердилар. «Ҳамма кўчада юрибди-ку?» десам, «Ҳамма – ҳамма, эртанги келажагингни ўйла, ўғлим» деб айтардилар.

У ёшлар ўттиз ёшга етганида ҳам кўчада ўсганини айтадими? Кўча тарбияси ота-онанинг тарбиясини кўрмаган, бир ифлос, зўравон, йўлтўсар махлуқларнинг тарбияси бўлади. Бунинг бари менинг шахсий фикрларим.

Ёнимда бир коллеж бор. Кунора уруш чиқади. Жангари, бир тийинга қиммат фильмлар чиқарадиган давлатларнинг ўзида уларни эфирда узатиш қаттиқ назоратдан ўтади.

Мушакларни ривожлантириш катта қадамлар билан кетяпти, мияни ривожлантириш эса оқсаяпти».

Режиссёр «Кичкина табиб» фильмидаги Шуҳрат ака образи каби инсонлар жамиятимизда ҳам учраб туришини айтади: «Мен улардан жуда узоқман. Бизнесни тушунмасам, пул санашни ҳам билмайман. Бутун умр шу «ведомост»га қўл қўйиб, ойлик олиб юрган одамман. Шуҳрат ака образидек бўлишга ҳам иқтидор керак-да. Ҳар бир одам қўлидан келган, эплаган ишини қилади.

Ўйлаб қараганда, мени ташвишлантираётган нарса – бойлар билан камбағаллар ўртасидаги фарқ, олдин одамлар уяларди. Мен «бечоралар кўчаси» дейдиган кўчада дарвозасининг ўзи камида 5000 долларлик, миллион долларлик уйлар бор. Табиийки, савол туғилади. Бу бировнинг пулини санаш эмас, бизнинг энг кам ойлик иш ҳақимиз 202 минг сўм бўлган пайтда, шу одамлар миллион сўм, майли, бир ярим миллион сўм олсин… (номутаносиблик).

Буни очиқ-ойдин айтиш керак, икки хонали «каталак» уйларда олти кишилик оилалар бор. Ёши ўттизга кириб, уйланолмай юрган йигитлар қанча… Тўйларни қарзга ўтказиб, бутун умр қарзга ботиб юрганлар бор. Ажралишлар ҳам кўпайиб кетди».

Зулфиқор Мусоқов билан суҳбатнинг тўлиқ шаклини Kun.uz’нинг YouTube ва Mover’даги саҳифаларида томоша қилишингиз мумкин.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

Check Also

thumbnail-tw-20201105142056-6058

Шаҳар ҳаётига қарши соғлом ҳаётнинг 3 та асосий омили

Биз ҳаммамиз биламиз ва кўрамиз: шаҳар ҳаёти одамларга салбий таъсир кўрсатади, у ёки бу касалликларни …

Даре уз Янгиликлар – сӯнги Ӯзбекистон хабарлари